26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Халқаро танлов таассуротлари

Шимкент шаҳар ўзбек драма театрида Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси, “Жанубий Қозоғистон” ижтимоий-сиёсий газетаси ва Ж. Ташенев номидаги университети ташкилотчилигида ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган “Навоийхонлик – 2026” ҳалқаро кўрик-танловининг якуний босқичи юксак савияда ўтди. Вилоят ва шаҳар босқичи ғолиблари ва Ўзбекистон Республикасидан ташриф буюрган иштирокчилар уч шарт – А. Навоий ғазалларини ифодали ёддан ўқиш, “Ҳамса” асари асосида саҳна кўринишини намойиш этиш ҳамда буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди бўйича саволларга жавоб бериш орқали ўз билим ва истеъдодларини намойиш этдилар. Ҳакамлар ҳайъати раисаси PhD доктори Шаҳло Норалиева, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳулкар Ҳамроева, Ж. Ташенев университетининг катта ўқитувчиси Озода Мусаева танлов иштирокчиларининг чиқишларини холисона баҳолаб бордилар.

– Бугунги тадбир нафақат шарқнинг, балки бутун дунёга машҳур мутафаккир, шоир Мир Алишер Навоийнинг 585 йиллигига бағишланган. Халқаро танловнинг финал босқичига Туркистон вилояти, Шимкент шаҳри ўқувчиларидан ташқари Ўзбекистондан ҳам иштирокчилар қатнашмоқда. Умуман олганда, Алишер Навоий ўз ижоди билан бутун дунёга мурожаат қилган, десак муболаға бўлмайди. Ёш авлод Абай, Навоий ҳикматларини ўқиб улғайса, албатта, бу маънавий камолотга хизмат қилади. Ҳозир икки қардош мамлакат – Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари янги босқичда. Ушбу тадбир ёш авлоднинг маданий ва маънавий юксалишига, икки қардош давлатнинг муносабатларига ижобий таъсир кўрсатишига ишончимиз комил, – деди Абдулла Исматуллаев.

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги Оқсоқоллар кенгаши раиси Орифжон Холназаров жумладан, шундай деди:

– Буюк мутафаккир, шоир Алишер Навоий тилимизнинг ривожига улкан ҳисса қўшган, дунё ҳамжамияти тан олган бобомиздир. Фарзандларимиз унинг ижод намуналарини ўқиб, улғайса, аминманки, улар етук инсон бўлиб етишадилар. Москва, Токио, Астана шаҳарларида Навоий ҳайкали ўрнатилгани бобомизга бўлган катта ҳурмат белгисидир.

Театр актёрлари ижросида “Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий” спектаклидан парча, санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбирга янада файз киритди. 

Тадбир якунида “Дўстлик” ҳамжмияти раиси Абдулла Исматуллаев, Шимкент шаҳар ЎЭМБ раиси Тоҳир Нишонбоев, жорий йилда 35 йиллигини нишонлаётган “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррири Райимжон Алибоев кўрик-танлов ғолиб ва совриндорларини сертификат, диплом, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. “Ватандошлар” жамоат жамғармаси вакиллари мактабларга китоблар, миллий либослар, миллий чолғу асбобларини ҳадя қилдилар. 

– Ҳазрат Навоий форс тили устун бўлиб турган бир пайтда туркий тилда ижод қилиб, адабий тилимизга асос солди. Қозоғистонда ташкил этилган “Она тилим – жону дилим”, айниқса, “Навоий ўқишлари” танлови жаҳонда ягона. Бу билан Қозоғистон ўзбеклари ҳар қанча фахрланса, арзийди. Бунга бошқа давлатлар ҳавас қиладилар. Танлов иштирокчилари ва уларнинг устозларига, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирамиз, – деди Ҳулкар Ҳамроева.

Кўрик-танлов якунига кўра, ўқувчилар орасида бош совринни Сайрам туманидаги Алишер Навоий номли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Маҳлиё Муҳиддинова (ўқитувчиси – Сайёра Турдиқулова) қўлга киритди. 1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, 17-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Бинафша Бозорова (ўқитувчиси – Юлдуз Қўлдошева), 2-ўрин Ҳамза номли 108-сонли мактаб ўқувчиси Зилола Абдураззоқова (ўқитувчиси – Наргиза Йўлдошева), Муқимий номли 13-сонли мактаб ўқувчиси Жасмина Содиқова (ўқитувчиси – Фаррух Абдалиев) ва Тўлебий тумани Хонариқ мактаби ўқувчиси Гулёра Жаҳонгирова (ўқитувчиси – Зулфира Дўмбоқова)га насиб этди. 3-ўринни 111-сонли М. Маметова номли мактаб ўқувчиси Ҳусниябону Озодова (ўқитувчиси – Лобар Мирҳошимова), Сайрам туманидан Одина Эшимова (ўқитувчиси – Ҳурматой Қўчқорова), 89-сонли Қайнарбулоқ мактаби ўқувчиси Нилуфар Алданурова (ўқитувчиси – Гурчеҳра Арслонбекова), 100-сонли мактаб ўқувчиси Дурдона Сайдикаримова (ўқитувчиси – Севара Турсунқулова), Қазиғурт туманидаги Ш. Қалдаяқов номли мактаб ўқувчиси Робия Баҳодирова (ўқитувчиси – Зиёда Тўлаганова), Келес туманидаги Т. Бегманов номли мактаб ўқувчиси Руҳшона Нормаматова (ўқитувчиси – Робия Дўстонова), Саврон туманидаги Жалил Абдуллаев номли мактаб ўқувчиси Гулбону Гулматова (ўқитувчиси – Гуллола Алимова) қўлга киритди.

Талабалар орасида бош совринга Ташенев университетининг 1-босқич талабаси Маржона Рафиқова (ўқитувчиси – Шаҳло Норалиева) сазовор бўлди. 1-ўрин Ўзбекистон Давлат миллий хореография академияси 4-босқич талабаси Жамшид Мирсолиев (ўқитувчиси – Ҳулкар Ҳамроева) насиб қилди. 2-ўрин Ж. Ташенев университетининг 1-босқич талабаси Нигора Шодиқуловага (ўқитувчиси – Шаҳло Норалиева) насиб этса, 3-ўринни шу университетнинг 2-босқич талабаси Мавлуда Асадуллаева (ўқитувчиси – Озода Мусаева) қўлга киритди.

Танловнинг яна бир муҳим жиҳати шунда бўлдики, унда Ўзбекистондан ҳам икки нафар иштирокчи қатнашди. Улар – Жамшидбек Мирсолиев – Ўзбекистон Давлат Хореография академияси санъатшунослик таълими йўналиши 4-босқич талабаси ва Бинафша Бозорова – Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 17-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканалининг муҳаррири Иқбол Қирғизбоева ва оператор Жавоҳир Ҳасанбоевлар тадбирни тарих зарварақларига муҳрлашди. 

Маънавият байрамига айланган танлов иштирокчиларга руҳий кўтаринкилик бағишлади, Навоий сўзи эса яна бир бор қалбларни бирлаштирди. 

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ. Собиржон ИСАМАТОВ суратга олган, 2026-02-17, 02:21 131
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.