+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон халқига йўллаган МАКТУБИ
Ҳурматли депутатлар!
Ўтган ҳафтада Парламентнинг янги сессияси очилди. Фаолиятларингизга муваффақиятлар тилайман! Ишонч билан айтиш мумкинки, аввалги сессия самарали бўлди. Мамлакат учун зарур бўлган кўплаб қонунлар қабул қилинди. Халқни ўйлантираётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Депутатлар ёзги таътилда ҳудудларда бўлиб, фуқаролар билан учрашди. Эндиликда жамоатчилик томонидан кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш, уларни Ҳукумат билан биргаликда ишлаб чиқиб ва шу сессияда эътиборга олиш зарур.
Умуман олганда, мамлакатимизда туб ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда Парламент депутатлари муҳим ўрин тутади. Сизларга чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳурматли Парламент депутатлари ва Ҳукумат аъзолари!
Бугунги кунда дунё янги тарихий даврга қадам қўйди. Бу давр бутун инсоният учун осон кечмаслиги аниқ. Кучли давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги зиддиятлар кучаймоқда. Халқаро муносабатлардаги кескинлик ва зўравонлик натижасида низолар, урушлар кенг қулоч ёйди. Айрим давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатида кескин миллатчилик кучайди. Жаҳон иқтисодиётида номутаносибликлар ва қарама-қаршиликлар кучайди. Айрим давлатлар иқтисодий тараққиётдан орқада қолса, бошқалари сунъий идрок соҳасида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришмоқда. Халқаро ҳуқуқ ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса ўз мавқеи ва мақомига кўра, замонамизнинг асосий муаммоларини ҳал эта олмаётир.
Экологик ва техноген ҳалокатлар турли мамлакатлар иқтисодиётига катта зарар келтирмоқда. Ғарбда миллатлараро ва динлараро тотувлик ва маданий хилма-хиллик масаласи инқирозга юз тутмоқда. Дунёвий бузғунчи кучлар миллий маданият ва анъаналар пойдеворини яксон этмоқда. Қочқинлар сони ортмоқда, миграция инқирози юзага келди. Одам савдоси, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар савдоси ҳам авж олмоқда. Тарихда мисли кўрилмаган мутлақо янги таҳдидлар бутун инсониятга хавф солмоқда. Жумладан, сунъий идрок асосида ишлайдиган ўта хавфли қуроллар пайдо бўлмоқда. Геосиёсий вазият тубдан ўзгара бошлаганидан далолат берувчи бошқа кўплаб омиллар ҳам мавжуд.Бир сўз билан айтганда, дунёда янги геосиёсий тартиб шаклланмоқда.
Қозоғистон жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисмидир. Мамлакатимиз Евроосиё қитъасининг марказида жойлашган. Дунёвий беқарорликка қарамай оммавий рақамлаштириш ва сунъий идрок даврига дадил қадам қўйдик. Турли таҳдидлар мавжуд шундай даврда мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва хавфсизлигини таъминлаш асосий мақсадимдир. Ёш авлод бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши керак. Бунинг учун барчамиз ягона миллат сифатида ҳаракат қилишимиз керак. Бу барчамиз учун умумий бўлган жуда муҳим вазифа, ўта масъулиятли фуқаролик ва миллий бурчдир. Ишимиз қанчалик оғир бўлмасин, муваффақиятга эришишимиз керак. Бошқа йўл йўқ. Чунки бу мамлакатимиз келажаги, халқимиз тақдири.
Бинобарин, биз барча ислоҳотларга жиддий ёндашган ҳолда, пухта, ҳар томонлама ва сифатли амалга оширишимиз керак.
Барчангизга маълумки, кейинги йилларда Қозоғистонда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатимиз сиёсий тизими янада ривожланди ва шаффоф бўлди. Фуқароларимизнинг онги ва тафаккури ўзгармоқда. Бунинг натижасида халқимизнинг давлат институтларига, қонунга, адолатга, тартиб-қоидага ишончи ортиб бормоқда. Жамиятни замонавийлаштириш учун ҳали олдимизда улкан вазифалар турибди.
Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инфратузилмага, янги ишлаб чиқариш қувватларини очишга салмоқли сармоя жалб этилмоқда. Бу чора-тадбирларнинг барчаси халқ фаровонлиги, мамлакатимиз салоҳиятини юксалтириш учун қилинмоқда.
Сунъий идрокнинг жадал ривожланиши ҳозирнинг ўзида одамларнинг, айниқса, ёшларнинг хулқ-атвори ва ўзига хослигига кучли таъсир кўрсатмоқда. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки бу жараён бутун инсоният ҳаёти, жаҳон тартиби ва одамларнинг турмуш тарзини доимий равишда ўзгартирмоқда. Биз бунга тайёр бўлишимиз ва қатъий ҳаракат қилишимиз керак. Акс ҳолда, кечикиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун мен олдимизга жуда муҳим стратегик мақсадни қўйдим – Қозоғистон уч йил ичида тўлиқ рақамли давлатга айлантирилиши керак. Кенг қамровли рақамлаштириш ва сунъий идрок технологиясини жорий этиш асосида иқтисодиётни замонавийлаштиришимиз керак. Бунинг учун, биринчи навбатда, Рақамли Кодексни имкон қадар тезроқ қабул қилиш зарур. Ушбу қонун рақамлаштириш жараёнининг асосий йўналишларини, жумладан, сунъий идрок, дастурий иқтисодиёт, йирик маълумотлар базаларидан фойдаланиш ва бошқа устувор йўналишларни белгилаб беради.
Янги технологик меъёрнинг ажралмас қисмига айланиши учун давлат бошқарувининг бутун тизимини қайта қуриш, унинг шаффофлиги ва самарадорлигини инсон манфаатларига йўналтириб, бу жараённи сезиларли даражада кучайтириш зарур.
Шу боис, ҳозирги ваколатли вазирлик негизида Сунъий идрок ва рақамли тараққиёт вазирлигини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. Янги вазирликка Бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис раҳбарлик қилиши керак. Ҳукумат иқтисодиётнинг барча тармоқларини замонавийлаштириш учун оммавий сунъий идрокни жорий қилиши зарур.
Агар Қозоғистонни рақобатбардош давлат сифатида ривожлантирмоқчи бўлсак, ўз ишимизни янгича йўлга қўйишимиз керак.
Шу муносабат билан олдимизда турган қуйидаги муҳим вазифаларга тўхталмоқчиман.
Биринчидан. Мамлакатимизга йирик сармоя жалб этишимиз керак.
Ҳозир бутун дунёда сармоя киритиш учун рақобат кучаймоқда. Биз янги инвестиция даврини бошлашимиз керак. Ҳозирги сармоявий сиёсатни самарали, деб бўлмайди – маблағнинг асосий қисми хомашё шўъбасига йўналтирилмоқда. Умуман олганда, бу ёмон эмас, бизга бундай сармоялар керак. Аммо ҳозир олдимизда бошқа вазифа турибди – сармояларни қайта ишлаш саноатига йўналтириш.
Шунинг учун Ҳукумат сармоя сиёсатига бошқача ёндашиши зарур. Зарур ҳолларда юқори технологияларга сармоя киритиш учун имтиёзлар бериш мумкин. Шунингдек, давлат сармояси ва хусусий бизнеснинг кенг кўламли ташаббусларига ҳам бирдек эътибор қаратиш зарур.
Ўрта ва кичик сармоядорлар, шунингдек, йирик инвесторлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш зарур. Қайси йўналишда, қандай мақсадда ва қанча миқдорда маблағ зарурлигини аниқ белгилаб олиш керак. «Сармояга буюртма» ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ шакллантирилиши керак.
Мамлакатимизда сармоядорлар билан муносабатлар тизими мураккаб ва тарқоқ. Қоғозбозлик кўп, турли органларнинг ваколатлари такрорланади. Ҳозирги мураккаб шароитда эса сармоя жалб этиш долзарб масала, бизга янгича ёндашув керак. Ҳар ҳолда, инвестицияларни жалб қилиш бўйича барча мувофиқлаштириш ишлари бевосита Бош вазир зиммасига юклатилган. Янги вазирлик тузишга ҳожат йўқ. Лекин диққатга сазовор томони шундаки, мамлакатимизда бирон бир муассасанинг номланишида “инвестиция” сўзи учрамайди. Сармоя, худди етимдек, уч-тўртта муассасанинг умум масаласидек, аниқ ечимини топмаяпти.
Шунинг учун Бош вазир ўн кун ичида аниқ таклиф киритиши керак. Бундан ташқари, Ҳукуматга қисқа муддатда инвестицияларни жалб қилиш тизимини тўлиқ янгилаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни топшираман.
Менимча, Бош прокурор ҳузуридаги Ноқонуний мулкларни қайтариш қўмитаси номини Сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўзгартириш вақти келди. Айтиш жоизки, Бош прокуратура томонидан ноқонуний мулк эгалари билан самарали иш олиб борилди. Натижада 850 миллиард тенгега яқин маблағ хазинага қайтарилди. Бу маблағлар ўнта мактаб, тўртта спорт иншооти, 235та соғликни сақлаш ва 177та сув инфратузилмаси иншоотларини барпо этиш ва таъмирлашга йўналтирилди. Республика бюджетига ҳам қўшимча маблағлар тушади.
Бундан ташқари, сармоядорларга тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини пухта ўйлаб кўриш ва улардан фойдаланиш, муҳим ва мамлакат иқтисодиёти учун фойда келтирадиган лойиҳаларга устувор аҳамият қаратиш зарур. Умуман олганда, сармоя шартномасини тузиш усули ўз самарасини кўрсатди.
Миллий жамғарманинг барқарор ривожланиш воситаси сифатидаги ролини қайта кўриб чиқишимиз керак. Жамғарманинг маблағларидан қўшимча сармоя манбаи сифатида фойдаланиш учун уларни мамлакат ичида истиқболли ва бозор салоҳияти юқори бўлган лойиҳаларга йўналтириш мумкин. Энг муҳими, мaблағларни эҳтиёткорлик билан сарфлаш керак. Зарур ҳолларда бу ишга халқаро менежерлар ва сармоядорлар жалб этилиб, улар сифатли экспертиза ўтказиши мумкин.
Иқтисодиётимизнинг юқори технологияли тармоқларига бир миллиард долларгача сармоя жалб этиш дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ҳукумат уни Миллий банк билан ҳамкорликда тайёрлаши керак. Янги инвестиция даврини муваффақиятли бошлаш муҳимдир.
Иккинчи даражали банклар реал шўъбага фаол сармоя киритишлари керак. Бу масала узоқ вақтдан буён жамиятда қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу ишни кечиктирмасдан бажариш зарур.
Қозоғистондаги банкларнинг активлари ва маблағлари ривожланган мамлакатларга қараганда ўртача бир неча баравар кўп фойда келтиради. Чунки банкларимиз иқтисодиётни кредитлашдан кўра молиявий таваккалчилик даражаси паст бўлган соҳаларга сармоя киритишни афзал кўради. Бу масала депутатлар, экспертлар томонидан доимий равишда кўтариб келинмоқда.
Миллий банк ва Ҳукумат имкон қадар банкларнинг пул маблағларини иқтисодиётга жалб этишнинг самарали усулларини излаши зарур. Бу муаммони энди кечиктириб бўлмайди, зудлик билан ҳал қилиш керак.
“Банклар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу борада муҳим қадам бўлади. Ушбу қонун иқтисодиётнинг эҳтиёжлари ва технологик ўзгаришларни инобатга олиши керак. Ҳужжатда рақобатни кучайтириш, бозорга янги иштирокчиларни жалб этиш, молиявий тизимда технологияларни илгари суриш ва рақамли активлар муомаласини либераллаштириш масалалари киритилиши керак.
Ҳукумат Молия бозорини созлаш агентлиги билан бирга қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши зарур. Депутатлардан ушбу қонунни йил охиригача қабул қилишни сўрайман.
Рақамли активларни тўлиқ шакллантириш жараёнини жадаллаштириш керак. Бу йўналишда миллий жамғарма ҳисобидан лойиҳаларни молиялашда қўлланилаётган рақамли тенге муҳим омил бўлмоқда. Энди унинг қамровини янада кенгайтириш зарур. Рақамли тенгедан республика ва маҳаллий бюджетларда, шунингдек, давлат холдинглари бюджетларида фойдаланиш мумкин. Замонавий давр талабларини ҳисобга олган ҳолда, крипто-активларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Миллий банк инвестиция корпорацияси асосида Рақамли активлар давлат жамғармасини ташкил этиш зарур. Ушбу тузилма янги рақамли молия тизимида истиқболли активлардан иборат стратегик крипто захирани тўплайди.
Оммавий рақамлаштириш, жумладан, банк шўъбасини рақамлаштиришнинг афзалликлари кўп эканига шубҳа йўқ. Аммо унинг хавфи ҳам юқори. Сўнгги йилларда интернетдаги фирибгарлик давлат ва фуқароларнинг молиявий хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. Шу боис, кибержиноятларга қарши курашиш учун антифрод маркази ташкил этилди. Биометрик идентификация тизими жорий этилди. Банклар, микромолия ташкилотлари, телекоммуникация операторларининг масъулияти оширилди. Лекин, бу масала доимий эътибор ва ваколатли органлар фаолиятини мунтазам такомиллаштиришни талаб қилади. Кибержиноятларнинг олдини олиш имконини берадиган янада ақлли тизим яратиш зарур. Зарур ҳолларда тегишли қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятига ўзгартишлар киритиш зарур.
Кўпгина жадал ривожланаётган мамлакатларда ривожланишда биринчи ўринда турган шаҳарлар сармоялар ва технологияларни жалб қилувчи қутбларга айланди. “Алатау Сити” мамлакатнинг янги бизнес ва инновация марказига айланиши керак. Давлат аҳамиятига молик мазкур лойиҳани амалга ошириш учун махсус ер майдони ажратилиб, дастлабки режалаштириш ишлари якунланди, асосий инфратузилма тармоқлари уланди. Яқинда Хитойга қилган ташрифим давомида жаҳоннинг етакчи компаниялари билан миллиардлаб долларлик шартномалар имзоланди. Шинжон дунёвий технополисини қуришда иштирок этган компаниялардан бири энди “Алатау Сити” лойиҳасини амалга оширишда бевосита иштирок этади.
Кейинги қадам – “Алатау Сити” учун кучли институционал асос яратиш. Шаҳарга бевосита ҳукуматга бўйсинувчи алоҳида мақом бериш тўғрисидаги қарор ўн кун муддатда ишлаб чиқилиши керак. Кейин, олти ойдан кечиктирмай, алоҳида қонун қабул қилиниши зарур. Ҳужжатда шаҳарни бошқариш тартиби, унинг молиявий шакли ва бошқа муҳим масалалар бўлиши керак. Айтиш жоизки, алоҳида ҳуқуқий мақом шаҳарга берилган имтиёз эмас, балки лойиҳанинг қоғозда қолмаслиги, ҳаётга татбиқ этилиши учун зарур бўлган чора ёки воситадир.
Алатау шаҳри минтақадаги биринчи тўлиқ рақамлаштирилган шаҳарга айланиши керак. У “Smart City” технологияларидан фойдаланишдан тортиб криптовалюта билан товар ва хизматлар учун тўловларгача бўлган барча янгиликларни жорий қилиши керак. Бу шаҳар Қозоғистон келажагининг қиёфасидир. У технологиялар тараққиёти ва ҳаёт учун энг қулай шароитларни бирлаштирган макон.
Яна бир масала. Ҳудудларга сармоя жалб этишда махсус иқтисодий минтақалар алоҳида ўрин тутади. Бироқ, уларнинг кўпчилиги яхши ишламаяпти. Бу масала кўп марта муҳокама қилинган. Ҳукумат ҳар томонлама таҳлил қилиб, махсус иқтисодий минтақалар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича кескин чоралар кўришга тайёр бўлиши зарур. Уларни бошқаришга хусусий корхоналар, зарур ҳолларда эса хорижий компаниялар жалб этилиши мумкин.
Ижтимоий-тадбиркорлик корпорациялари минтақаларнинг иқтисодий тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши керак. Бироқ, кўпчилик коммунал мулкни бошқариш ва муҳим бўлмаган лойиҳаларни амалга ошириш билан чекланади. Уларнинг минтақа иқтисодиётига таъсири унчалик катта эмас. Ҳукумат бундай корпорацияларни тўлақонли ривожланиш институтларига айлантириши зарур.
Сармоя жалб қилиш фақат марказий ижро идораларининг вазифаси эмас. Бу муҳим ишда маҳаллий ҳокимият идоралари ҳам иштирок этиши, барча бирдек ҳаракат қилиши керак. Шу мақсадда барча ҳокимларнинг бевосита жавобгарлигини таъминлаш учун масъулият белгилаш зарур. Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида сармоявий жозибадорлик индексини жорий этиш лозим. Эҳтимол, бу ишга мустақил экспертлар жалб этилар.
Сармоялар учун қулай муҳитни шакллантиришга бевосита таъсир этувчи асосий масала – макроиқтисодий барқарорликдир. Бугунги энг катта муаммо – пулнинг қадрсизланиши иқтисодий кўрсаткичлар ва аҳоли даромадлари масаласини ҳал қилишни пучга чиқармоқда. Буни тайёр ечими йўқ, кўплаб давлатлар дуч келаётган муаммо. Муаммо ҳамма учун умумий бўлса-да, айниқса, бизнинг ҳолатимизда яққол сезилади. Биз бу макроиқтисодий “ҳалқа”дан чиқишимиз керак.
Қийинчиликлар яқинда пайдо бўлиб қолмади. Уни ҳал қилиш учун жаҳоннинг илғор тажрибасини ҳисобга олиш, одамларга ёқмайдиган қарорлар қабул қилиш ва улар учун жавобгарликни ўз зиммасига ола билиш зарур. Ҳукумат ва Миллий банк ҳозирги шароитдаги қийинчиликларни инобатга олган ҳолда ўз олдига қўйилган умумдавлат вазифасини ягона жамоа бўлиб бажариши керак. Ҳозир ҳар ким кўрпани ўзига тортадиган пайт эмас.
Иккинчи. Қайта ишлаш саноати ривожига янги туртки бериш вақти келди.
Сўнгги беш йилда бу йўналишда сезиларли натижаларга эришилди. Ишлаб чиқариш саноатининг умумий қўшилган қиймати икки бараварга ошиб, 17 трлн. тенгега етди. Унинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши эса 12,4 фоизга етди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 163та янги ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Натижада 12,5 минг доимий иш ўрни яратилди.
Масалан, Алмати, Қўстанай, Қарағанди, Атиров вилоятларида машинасозлик ва металлургия соҳасида йирик корхоналар очилди. Жорий йилда Алмати шаҳрида турли русумли автомобилларни ишлаб чиқарадиган энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Лекин бу, албатта, етарли эмас. Иқтисодиётни ранг-баранглаштиришни янги суръатларда давом эттириш керак. Юқори даражада қайта ишланган, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият қаратиш лозим.
Ҳозирда бу ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Кўп ҳолларда қўллаб-қувватлаш чоралари турли институтлар орқали мутасадди муассасалар томонидан амалга оширилади. Бу ҳолат тадбиркорлар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Бу соҳани тартибга келтириш ва мувофиқлаштириш вазифасини эътиборга олиш зарур.
Тоғ-кон металлургияси доим янги саноат моделининг таянчи бўлиб келган. Унинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 8 фоизни ташкил этади. Бироқ, саноат улкан тараққиёт салоҳиятига эга. Хусусан, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Дунёвий жараёнларга мос равишда ноёб металлар ва бошқа алоҳида эҳтиёжли материалларнинг аҳамияти ошди. Қозоғистонда ушбу соҳадаги янги жаҳон ишлаб чиқариш ва савдо тармоғида ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун барча имкониятлар мавжуд.
Келгуси уч йил ичида кончилик соҳасида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган камида учта корхона ишга туширилиши керак. Ҳукумат углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича қатор илғор лойиҳаларни ҳам амалга ошириши зарур Атировда йирик газ-кимё мажмуаси қурилиши бошланди. Павлодарда суюлтирилган газни чуқур қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилди. Бу корхоналарнинг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш зарур.
Қўшимча газ ва суюлтирилган нефть газидан эҳтиёжлар учун фойдаланиш масаласини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Уни тўлақонли иқтисодий захирага айлантириш керак. Сармоядорлар лойиҳаларни амалга оширишда газ хомашёси танқислигини бошдан кечирмоқда. Шунинг учун биз бу муаммони ҳал қилиш йўлларини излашимиз, сармояларга узоқ муддатли газ таъминотининг ҳақиқий кафолатини берадиган янги дастакларни ўйлаб кўришимиз зарур.
Барча лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва иқтисодиётни рақамли янгилаш учун электр энергияси етарли бўлиши керак. Биз ҳозирда энергия манбаларини мажмуавий равишда янгиламоқдамиз. Хорижий сармоядорлар иштирокида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, яқин беш йилда 6,3 гигаватт қувватга эга “яшил” энергетика иншоотларини ишга тушириш режалаштирилган. Бу қадам мамлакатда яшил энергия улушини сезиларли даражада оширади.
Аммо Қозоғистон учун энергия манбаларини янгилаш мақсад эмас, бу, биринчи навбатда, мамлакатимиз энергетика тизимининг реал салоҳияти ва давлатимизнинг узоқ муддатли манфаатларига асосланган барқарор тараққиёт йўлидир. Бу борада, айниқса, атом энергетикасини ривожлантиришга эътибор қаратганимиз аҳамиятлидир.
Бир ой аввал Алмати вилоятида “Росатом” билан биргаликда Қозоғистондаги биринчи атом электр станцияси лойиҳаси амалга оширила бошлади. Аммо бу иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун етарли эмас. Биз ҳозирдан иккинчи, ҳатто учинчи атом электр станциясини қуришни режалаштиришни бошлашимиз керак. Яқинда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатларимиз ўртасида ядровий соҳада стратегик ҳамкорлик бўйича келишувга эришдик.
Қозоғистон барча дунёвий компаниялар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга тайёр. Бу нуқтаи назар мамлакатнинг энергетика мустақиллигини таъминлаш мақсадига мос келади. Қозоғистонда юқори сифатли кўмирнинг катта захиралари мавжуд. Шу боис атроф-муҳитни ифлослантирмаслигини кафолатлайдиган илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда кўмир энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Биз табиий неъматларимиздан юрт манфаати йўлида тўғри фойдалана билишимиз керак. Яна бир муҳим вазифа — геология-қидирув ишларини фаоллаштиришдир. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли аэрогеофизик тадқиқотлар бутунлай эскирган. Рақамли воситалар ёрдамида ер қаърининг замонавий харитасини яратиш вақти келди. Бундай қадам конлар салоҳиятини янги сифат нуқтаи назаридан баҳолаш имконини беради. Бу ишга халқаро экспертларни ҳам жалб қилиш мумкин.
Албатта, илмий асоссиз қидирув ишларини муваффақиятли олиб бориш мумкин эмас. Келгуси йилнинг ўрталарига қадар илғор халқаро андазаларга мувофиқ сертификатга эга лаборатория очилиши керак. Уни Миллий геология хизмати негизида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Ер ости бойликлари билан боғлиқ барча маълумотларни, биринчи навбатда, сунъий идрокни жорий этиш орқали тизимлаштириш ва рақамлаштириш зарур.
Геологик ва ер қаърини ўзлаштириш соҳасидаги ислоҳотларнинг қонуний ва амалий жиҳатлари йил охиригача якунланиши керак.
Учинчи. Қишлоқ хўжалиги соҳаси янги босқичга кўтарилиши лозим.
Бу соҳага жўшқинлик бериш мақсадида кейинги йилларда давлат томонидан катта маблағ ажратилиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда аграр соҳани қўллаб-қувватлаш учун бир триллион тенге ажратилди. Субсидиялар вақтида тақдим этилди. Бундай кенг кўламли қўллаб-қувватлаш тадбирлари мамлакатимизда илгари кузатилмаган.
Бироқ, бу чора-тадбирлар агросаноатнинг ҳозирги имкониятини тўлиқ ишга тушириш учун ҳали етарли эмас. Масала маблағ миқдорида эмас, энг муҳими, улардан самарали фойдаланишда. Ҳукуматнинг илғор агроиқтисодиётга ўтиш бўйича аниқ режаси бўлиши керак. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга оид қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларда маҳаллий ва хорижий сармоядорлар иштирок этмоқда. Умумий сармоялар ҳажми 2 миллиард доллардан ошади. Уч мингдан зиёд иш ўрини яратилмоқда. Маҳсулотлар дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинади. Бундай лойиҳалар кўламини кенгайтириш керак. Ҳар бир қишлоқда тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан дўкон пештахтасига етказиб берадиган ягона тармоқ шаклланиши керак.
Кўплаб минтақаларда ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини қамраб олган илғор ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Уларни жамоатчилик яхши билади. Ушбу корхоналар рақамлаштириш усулларини оммавий жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқариш самарадорлигини сезиларли даражада оширмоқда.
Етакчи агросаноат корхоналари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашгача бўлган бутун ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ йўлга қўйган ва катта даромад олган. Шу боис, бундай агрохолдинглар тажрибасини оммалаштириш учун шароит яратиш зарур. Бу – мутасадди вазирликнинг ҳамда жамоат ташкилотларининг вазифаси. Бундай қадам қишлоқ хўжалигида инновациялар ва илмий янгиликларни кенг қўллаш имконини беради. Ҳозирги кунда энг долзарб вазифалардан бири – агрохаблар ва логистика марказларини ривожлантириш. Айниқса, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш зарур. Аммо, бу ерда бир жиҳатни инобатга олиш керак: агар маҳаллий тадбиркорлар замонавий талабни тўғри тушунмаса, яъни сунъий идрокдан самарали фойдаланишни билмаса, улар сармоявий ҳамкорликни йўлга қўя олмайди.
Вазирлик чорвачилик соҳасида агробизнесни қўллаб-қувватлаш режасини ишлаб чиқиш ва аниқ молиялаштириш чораларини кўриши керак.
Мақсад – нафақат ички бозорни гўшт билан тўлиқ таъминлаш, шу билан бирга, мазкур тармоқнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш.
Мамлакатдаги озиқ-овқат бозорининг импортга қарамлигини имкон қадар камайтириш – Ҳукуматнинг стратегик вазифасидир. Албатта, ўзимизни ўзимиз юз фоиз таъминлай олмаймиз ва эҳтимол, бунга зарурат ҳам йўқ. Аммо бозордаги мавжуд вазият ҳақида гапириш уятли ҳолат. Қолаверса, анъанавий миллий маҳсулотларимизни ташқи бозорларга ҳам фаол равишда чиқаришимиз зарур.
Шунинг учун аграр экспортнинг аниқ режаси ишлаб чиқилиши зарур. Унда логистика, ветеринария ва фитосанитария андазалари, оқилона маркетинг стратегияси инобатга олиниши керак.
Бу – фақат Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг эмас, балки қатор давлат идораларининг ҳам умумий вазифасидир. Шунинг учун иш-ҳаракатлар Ҳукумат раҳбарияти даражасида мувофиқлаштирилиши керак. Ҳукумат Евроосиё ҳудудида савдо-сотиқнинг адолатли шароитларда олиб борилаётганини аниқ далиллар билан талаб қилиши шарт. Депутатлар эса қонунчилик ташаббуслари орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бошқа давлатларнинг корхоналарига нисбатан тадбиркорларимиз зарур миқдорда давлат томонидан қўллаб-қувватланмаётгани маълум бўлди. Шу боис, улар ноқулай шароитларга тушиб қолишади ва ҳатто, ички бозорда ҳам рақобатчиларга ўрнини бой беришади. Бу хусусан сут ишлаб чиқарувчиларга тааллуқлидир.
Ер – стратегик захира. Унинг барча неъматлари мамлакат тараққиёти, халқ турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши керак.
Мен ўзлаштирилмаган ва ноқонуний эгалланган қишлоқ хўжалиги ерларини қайтариш ва қайта тақсимлаш юзасидан топшириқ бердим. Ер эгасиз қолмаслиги керак, фақат қадрини ва аҳамиятини англаган фуқароларга берилиши керак.
2022 йилдан буён умумий майдони 13,5 миллион гектардан зиёд ер қайтарилди, лекин ҳокимлар уларнинг атиги 6 миллион гектарини янги фойдаланувчиларга тақсимлаб берган. Эгасини топган ер ишлаб чиқариш марказига, сармоя манбаига, гавжум меҳнат майдонига айланиши керак. Бу ҳаётий талаб.
Шу боис, ҳокимлар келгуси йилнинг ўрталарига қадар барча қайтарилган ерларни мунтазам равишда айланмага киритишлари керак. Бу чора яйлов тақчиллиги муаммосини ҳам ҳал қилиши керак.
Умуман, ер муносабатларидаги қонунбузарлик ва қоғозбозлик бартараф этилиши зарур. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш дастаклари тубдан ўзгартирилиши керак. Ер тақсимлаш бўйича қарорлар рақамли шаклда, электрон танловлар орқали қабул қилиниши лозим. Ҳукумат йил охиригача қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиши керак.
Бу соҳада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Айни пайтда космомониторинг ва геотаҳлил тизими фойдаланилмаётган ерларни аниқлаб, унинг барчасини қайтаришга ёрдам бермоқда. Шу ишни давом эттириш зарур.
Сунъий идрок ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерларининг сунъий йўлдош мониторинги самарадорлигини ошириш зарур. Шу асосда ернинг сифати, ҳосилдорлиги, экинларнинг ҳолати, қаерга қандай экинлар экилганини чуқур таҳлил қилиш лозим.
Бу – ўрмон хўжалигига ҳам тегишли масала. Яқинда Шимолий Қозоғистон вилоятида 9 минг гектар ўрмон эгасиз эканлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, ер захираларининг ягона рақамли харитаси ишлаб чиқилиши керак. У кадастр маълумотларини, инфратузилма ва ер қаъридан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.
Амалдаги қишлоқ хўжалиги фанини жадал ривожлантирмай туриб, агросаноат мажмуасини узоқ муддатда тараққий эттириш мумкин эмас. Бироқ, бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратилишига қарамай, аграр фанининг қайтарими сезилмаяпти.
Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш даражаси 17 фоиздан ошмайди. Тегишли таълим муассасалари битирувчиларининг атиги 40 фоизигина шу соҳага ишга боради. Агрофан билан “ердаги ҳаёт” ўртасида масофа катта.
Мен аввалроқ Миллий аграр илмий-таълим марказини агротехнологиялар хаби сифатида қайта қуриш юзасидан топшириқ берган эдим.
Энди қишлоқ хўжалиги фанини ривожлантиришнинг аниқ режаси зарур. Ушбу ҳужжат рақамли технологиялардан фойдаланиш ва ушбу соҳанинг самарадорлигини сезиларли даражада ошириш режаси бўлиши керак.
Айниқса, ветеринария ва фитопатологиянинг ривожланмаганлиги агросаноат мажмуасининг рақобатбардошлигини сезиларли даражада чеклайди. Бу масалага алоҳида эътибор қаратиш керак.
Тщртинчи. Транспорт-логистикани янада ривожлантириш керак.
Мамлакатимиз Европа ва Осиёни боғловчи жуда муҳим кўприк экани барчага маълум. Ўтган йили ҳудудимиз орқали ташилган юклар ҳажми 1 миллиард тоннадан ошди.
Шу билан бирга элимизнинг транзит салоҳиятини ошириш учун ҳали катта имкониятлар мавжуд. “Шимол – Жануб” транспорт даҳлизи Форс кўрфази ва Жанубий Осиё мамлакатларининг бозорларига бевосита йўл очади. “Шарқ – Ғарб” даҳлизи ва Хитойнинг “Бир белбоғ, бир йўл” дунёвий ташаббуси Қозоғистоннинг Евроосиёдаги асосий қуруқлик йўли сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди. Шунингдек, Транскаспий транспорт йўналишини ривожлантириш биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Бу йўналишларнинг барчаси ягона тизим сифатида ишлаши ва мамлакатимизга салмоқли даромад келтириши, инфратузилмани яхшилаш, юқори сифатли иш ўринларини яратиш, янги сармоялар жалб қилиш имконини беради. Шу муносабат билан рақамли усулларни кенг миқёсда қўллаш мақсадга мувофиқдир, чунки бусиз самарадорликка эришиб бўлмайди.
Ҳудудларнинг транспорт алоқаси масаласи билан жиддий шуғулланишимиз керак. Бу ҳозир, жумладан, халқаро анжуманларда ҳам кўп муҳокама қилинмоқда.
Бу йўналиш йирик транзит ҳудуд ҳисобланган Қозоғистон учун алоҳида аҳамият касб этади.
Биз яқинда Вьетнамга Хитойнинг Ляньюньган порти орқали буғдойнинг дастлабки партиясини жўнатдик. Афғонистондан Покистон бозорига чиқиш имконини берувчи “Тургунди – Герат” темир йўлини қуриш режалаштирилган.
Бироқ, янги транспорт йўналишлари ва янги бозорлар учун имкониятлар бу билан чекланмайди. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.
Умуман олганда, дунёда транзит учун рақобат кучаймоқда. Бошқа арзонроқ муқобил йўналишлар таклиф қилинмоқда.
Агар биз транзит ташиш ҳажмини оширмоқчи бўлсак, фаол ҳаракат қилишимиз ва доимо бир қадам олдинда бўлишимиз керак.
Такрор айтаман, бу борада етакчи давлатга айланиш учун инфратузилмани янгилаш ишини давом эттириш, рақамлаштириш ва сунъий идрокдан кенг миқёсда фойдаланиш зарур.
Жорий йилда 836 чақирим узунликдаги “Достық – Мойынты” темир йўлининг иккинчи тармоғи ишга туширилади. Лойиҳани ўз кучимиз билан жуда қисқа муддатда амалга оширдик. Бу йўл “Шарқ – Ғарб” йўналиши бўйича юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада ошириши билан алоҳида аҳамиятга эга. Аммо биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Ҳукумат “Бақты – Аягөз”, “Қызылжар – Мойынты” лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириши керак. Чунки бу йўналишлар мамлакатимиз темир йўл тизимининг тўлиқ асосини ташкил этади. Шунингдек, асосий даҳлизлар доирасидаги автомобиль йўлларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Айни пайтда мамлакатимизда 13 минг чақирим автомобиль йўллари қурилиб, таъмирланмоқда. Йўлларни қуришда транзит даҳлизларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиш лозим. “Сексеуіл – Бейнеу” йўли қурилишини тезлаштириш керак. Ушбу йўл туфайли Хитойдан Европага Қозоғистон ҳудуди орқали юк ташиш вақти учдан бир қисмга қисқаради.
Шунингдек, транспорт тизимини бошқаришнинг янги усулини яратиш зарур. Чунки давлат сармояларининг иқтисодий қайтарими яққол бўлиши керак. Контейнер билан юк ташишга янги туртки бериш керак.
Дунёда қуруқликдаги юкларнинг 16 фоиздан ортиғи контейнерлар орқали ташилади. Аммо бизнинг мамлакатимизда унинг улуши ҳали ҳам паст, атиги 7 фоизга яқин.
Ҳукумат контейнерларда юк ташишни жонлантириш учун махсус дастур қабул қилиши керак. Унда мультимодаль йўналишларини ривожлантиришга қаратилган самарали чора-тадбирларни кўриб чиқиши керак.
Ички юк ташиш ҳажми ва рақобатбардошлигини оширишда транспорт соҳасида самарали ва оқилона тариф сиёсати алоҳида аҳамият касб этади.
Амалдаги тарифларни шакллантириш тизими мос келмайди ва бозорга мослаштирилмаган.
Ҳукумат йил охиригача барча транспорт турларини инобатга олган ҳолда рақобатбардош тариф сиёсатини ишлаб чиқиши керак.
Юк ташувчилар кўпинча расмийлаштириш ишлари узоқ давом этишидан шикоят қиладилар. Улар ҳар бир хизматни турли рақамли тизимлар орқали қайта ишлашга мажбур. Ҳатто, аввалгидек, қоғозлар тўлдириш, вақт йўқотишларга тўғри келади. Айрим чегара ва божхона бекатларида сифатли интернет йўқ. Бу ҳам аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бундай салбий ҳолатларни тезда бартараф этишимиз керак.
Бундан ташқари, биз сунъий идрокдан фойдаланган ҳолда транспортни бошқариш учун мажмуавий, кўп қиррали рақамли платформани жорий этишимиз керак. Бу ишни имкон қадар тезроқ якунлашимиз керак.
Октябрь ойигача божхона ва логистика хизматларининг ягона рақамли тизими Smart Cargoни ишга тушириш зарур. Ушбу тизим автоматик равишда инфратузилмадан хусусий компаниялар учун тенг даражада фойдаланиш имконини беради.
Чегарадаги ўтказиш бекатлари янгиланмоқда. Жорий йилда 8та назорат-ўтказиш бекати ишга туширилади. Кейинги уч йилда яна 34та бекат янгиланади. Бу жуда кенг кўламли вазифа. Сабаби, айрим бекатларнинг сифати талаб даражасида эмас, мамлакатимиз нуфузига доғ туширади.
Ҳукумат ва ҳокимликларга автомобилларда юк ташиш бўйича чегара хизматлари сифатини яхшилашни топшираман. Мамлакат бўйлаб тўсиқсиз транспорт тизимини яратиш жуда муҳим вазифадир. “Яшил йўлак” тамойили бўйича транзит юклар тўсиқсиз ўтиши учун шароит яратиш зарур.
Вагонларнинг ҳолатидан жамоатчилик норози.
Астанада вагонларни йиғиш заводи фойдаланишга топширилди. Бу соҳадаги долзарб масалаларни ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлди. Хорижий сармоядорлар иштирокида илғор халқаро андазалар асосида жиҳозланган замонавий йўловчи вагонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Кейинги йилларда авиация инфратузилмасини янгилаш учун кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Ўтган йили Алмати, Шимкент, Қизилўрда шаҳарларида янги терминаллар очилди. Яқинда Зайсан, Қатўнқарағай ҳамда Кендирлида аэропортлар фойдаланишга топширилди. Арқалиқ аэропорти қайта тикланмоқда.
Бу лойиҳалар ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, бошқа қатор тармоқларни ривожлантиришга туртки бўлади. Шунинг учун бу ишлар давом этади.
Умуман олганда, Тўрғай ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига Ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилиши зарур.
Яна бир муҳим масала – ҳаво юкларини ташишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу соҳадаги вазият яхшиланмоқда. Аммо, бизда унинг ҳажмини ошириш учун ажойиб имконият мавжуд.
Мен аввалроқ ҳавода юк ташиш ҳажмини икки баравар ошириш бўйича топшириқ бергандим. Бунга, биринчи навбатда хорижий сармоядорларни жалб этган ҳолда, Миллий юк ташиш компаниясини ташкил этиш орқали эришиш мумкин.
Электрон савдо-сотиқ ва юқори технологияли маҳсулотлар савдоси жадал ривожланаётган даврда ҳаво юкларини ташиш юқори талабга эга ва даромадли транспорт тури ҳисобланади. Шундай экан, биз ҳаво хабларини фаол ривожлантиришимиз ва уларнинг глобал логистика занжирига интеграциялашувини таъминлашимиз керак.
Шунингдек, тезкор-юк ташиш соҳасини созлаш зарур. Ушбу қадам истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун лозим.
Ҳозирда бутун дунёда юкларни учувчисиз ташиш учун махсус транспорт воситалари ва дронлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳукумат бундай технологияларни тез жорий этиш учун имкон қадар шароит яратиши керак. Шу жумладан, тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиши зарур.
Умуман олганда, мен аввал ҳам бир неча бор айтганман: Қозоғистон Евроосиёдаги транспорт хабига айланиши керак. Бу – стратегик аҳамиятга эга вазифа.
Бу ишга шу соҳада муваффақиятга эришган энг яхши мутахассис ва тадбиркорларни жалб этиш зарур. Лекин асосий масъулият Ҳукумат зиммасига тушади.
Топшириқнинг ижросини Ҳукуматнинг йиллик ҳисоботидан сўнг йил бошида ўтказиладиган навбатдан ташқари йиғилишда кўриб чиқамиз.
Яна бир муҳим масала, бу – сайёҳлик. Умуман, бу соҳада бир қатор мураккаб муаммолар мавжуд. Очиғини айтганда, касбий кадрлар етишмайди. Бу соҳадаги рақобатбардошлигимиз ҳозир паст.
Июль ойида барча сайёҳлик йўналишларини тартибга келтириш бўйича топшириқ бердим. Бу иш менинг шахсий назоратим остида. Одамлар тез-тез ташриф буюрадиган дам олиш масканлари билан бир қаторда, бошқа истиқболли йўналишлар салоҳиятини ошириш ҳам муҳим. Вазифаларнинг фарқини ажратиш керак. Маҳаллий ижро органлари сайёҳлик инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги тадбирлар учун масъул бўлади. Хориждан сайёҳларни жалб этиш, ички сайёҳлик сиёсатининг қонунийлигини таъминлаш эса марказий идораларнинг диққат марказида бўлади. Бу борада, Алмати шаҳри ва Алмати вилоятидаги тоғ-чанғи туризмига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Айни пайтда бу йўналишдаги энг долзарб масала – замонавий инфратузилмани барпо этишдир. Бу вазифани муваффақиятли адо этсак, мамлакатимиз курортлари жаҳон миқёсида танилиб, Қозоғистонни машҳур қиладиган миллий брендга айланади.
Бешинчи. Уй-жой коммунал хўжалиги ва сув инфратузилмасини янгилаш – барқарор тараққиётнинг асосий омили.
Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимият идораларининг ҳаракатсизлиги туфайли элимизнинг уй-жой коммунал хўжалиги ўнлаб йиллар давомида эътибордан четда қолиб, уларнинг аҳволи аста-секин ёмонлашди.
Эндиликда бу ҳолатни ўзгартириш ва инфратузилмани яхшилаш учун тегишли чоралар кўрилмоқда. Тарифларни либераллаштириш, энергетика ва уй-жой коммунал инфртузилмасини бошқаришнинг янги усулини шакллантириш каби чора-тадбирлар шулар жумласидандир.
Бундай усулга кўра, тарифлар оширилиши туфайли аҳолига сифатли хизматлар кўрсатилиши керак.
Мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этилиши лозим бўлган бу масалада “Ақлли шаҳар”ни яратиш концепцияси ёрдам бериши шубҳасиз.
Илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш, малакали менежерларни, жумладан, чет эллик мутахассисларни жалб этиш зарур.
Ҳозирги шароитда давлат ва тадбиркорлик муносабатларини ўрнатмасдан туриб, уй-жой коммунал хўжалигини янгилашнинг иложи йўқ. Бу – аксиома.
Уй-жой коммунал хўжалигининг айрим иншоотларини ҳокимликлар тасарруфида сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқлиги қайта кўриб чиқилиши керак.
Хусусий коммунал хизматларни давлат тасарруфига ўтказиш – мунозарали масала. Уларнинг барчаси эртами-кечми яна хусусийлаштирилади.
Шунинг учун давлат бу соҳани назорат қилиши ва тартибга келтириши керак. Унинг инфратузилмасини янгилаш ҳамда янги технологияларни жорий этиш эса хусусий шўъбанинг иши.
Ҳукумат тузилмалари асосан рақамли усуллардан фойдаланган ҳолда инфратузилма лойиҳалари шаффофлигини таъминлаши шарт. Шунда фуқароларнинг Ҳукумат ва ҳокимликларга ишончи мустаҳкамланади.
Коммунал хизматларни янгилаш инфратузилмалар ва уй-жой жамғармасини энергия тежашга ўтказиш чора-тадбирлари билан бирга олиб бориш керак.
Уй-жой коммунал хўжалигини янада тежамкорликка ундайдиган янги экологик ва санитария-гигиена қоидаларини жорий этиш зарур. Табиий захираларни, айниқса, сувни тежаш маданиятига келсак, бу борада жуда катта камчилик бор эканлигини тан олишимиз керак. Яна бажариладиган ишлар жуда кўп.
Бу – фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш тадбирлари, ҳатто, мафкуравий ишларнинг алоҳида йўналиши. Биз сув танқислигини бошдан кечирмоқдамиз. Уни истеъмол қилиш маданияти эса паст. Сув масаласига кейинроқ тўхталаман.
Сўнгги йилларда жадал ривожланаётган уй-жой қурилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ўтган йили 19 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди.
Шу билан бирга, қурилиш сифатини ошириш учун сунъий идрок технологиялари (Builing Information Modeling, BIM) ёрдамида ахборотни моделлаштириш усулидан кенг фойдаланиш керак.
Ҳукумат қурилишнинг барча босқичларини тўлиқ инобатга олиш, режалаштириш ва мониторингини таъминлайдиган миллий рақамли дастакни ишга тушириши зарур.
Янги Қурилиш кодекси ушбу соҳанинг хавфсиз, шаффоф ва барқарор ривожланишига йўл очадиган мустаҳкам қонунчилик асосига айланиши керак.
Ҳужжат йил охиригача қабул қилиниши керак. Депутатларни бу ишда иштирок этишларини сўранаман.
Сув муаммосини ҳал қилиш – ижтимоий барқарорликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш гаровидир. Бу – миллий хавфсизликни таъминловчи асосий омиллардан бири.
Биз сўнгги икки йил давомида ушбу соҳанинг институционал асосини шакллантирдик.
Хусусан, Сув кодекси қабул қилинди, махсус вазирлик ташкил этилди.
Ушбу муассаса олдида кенг кўламли вазифалар турибди. Бунга енгил қарашга бўлмайди. Бу иш билан тизимли ва ҳар томонлама шуғулланиш зарур.
Бу борада касбий кадрларни тайёрлаш, сув дипломатияси билан шуғулланадиган мутахассисларни етиштириш зарур.
Ҳозирда ваколатли идоралар элимиздаги мавжуд сув захиралари ҳажми ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.
Баъзи каналдаги сувнинг 50-60 фоизи очиқ майдонга оқади.
Сувни ҳисобга олиш технологияси бутунлай эскирган. Сув тақсимлаш пунктларида замонавий қурилмалар йўқ.
Дарҳақиқат, сув – стратегик аҳамиятга эга захира, сувсиз ҳаёт йўқ. Бинобарин, ушбу соҳа миллий рақамли янгиланишнинг асосий йўналишларидан бири бўлиши керак.
Сув захираларининг ягона рақамли дастурини яратиш зарур.
У сунъий идрок асосида ер усти ва ер ости ҳақида маълумот тўплайди.
Лойиҳа ишга туширилгач, гидрогеологик мониторинг, яъни назорат ишлари масаласи тўлиқ ҳал бўлади.
Бу иш Миллий сув балансини шакллантириш билан бирга олиб борилади. Бу – узоқ муддатли сув сиёсатини режалаштиришнинг жуда муҳим усули.
Бусиз соҳада тўғри назорат ўрнатиш ва сармоя жалб этиш мумкин эмас.
Сувни тежовчи технологияни жорий этиш суст кетмоқда, ҳозирча аниқ натижа йўқ.
Бу тадбирга таниқли хорижий компанияларни жалб қилган маъқул. Шунингдек, Хитойда ишлаб чиқарилган дунёдаги энг илғор технологияларни харид қилиш мумкин.
Сув танқислиги муаммолари ҳақида олдиндан огоҳлантириш тизими мавжуд. Шунга қарамай, деҳқонлар кўп сув талаб қиладиган экинлар етиштиришни камайтирмаяпти. Ҳатто, суғориш учун зарур бўлган сув рухсатсиз ва шарт-шароитсиз бошқа жойга йўналтирилган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Яна бир нохуш ҳолат, бу – “қора бозор”даги сувнинг ноқонуний савдоси ёки сотиб олиниши. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу масала билан шуғулланиши керак.
Бироқ, Орол денгизига тегишли яхши мисол бор. Албатта, денгизнинг тортилиши Қозоғистон учун улкан офат бўлди. Аммо ундан хулоса чиқарилди ва денгизни тиклашга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу мажмуавий тадбир 20 йилдан зиёд вақт давом этмоқда. Бунинг шарофати билан биз Шимолий Орол денгизини сақлаб қолдик. Унинг майдони 36 фоизга, сув ҳажми икки бараварга ошди. Сувдаги туз миқдори икки бараварга камайди. Аммо Оролни тўлдириш ишлари жадал суръатда давом этиши керак.
Каспий денгизида сув сатҳининг пасайиб бораётгани барчани ташвишга солмоқда. Тегишли чоралар кўрилмаса, бу катта экологик ҳалокатга айланиши мумкин. Шу боис, яқинда Хитойда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг кенгайтирилган йиғилишида ушбу муҳим масалага тўхталиб, ташкилот таркибида Сув масалалари марказини ташкил этиш таклифини илгари сурдим.
Каспий денгизи – нафақат бир давлат, балки бутун минтақа тақдирига дахлдор масала. Шунинг учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳукумат Каспийнинг сув захираларини сақлаш бўйича давлатлараро дастурни ишлаб чиқиши керак. Буни ҳамкор давлатлар билан мувофиқлаштириш зарур.
Сув масаласига бугун тўғри ечим топсак, эртага биздан кейинги авлод ҳам ундан баҳраманд бўлади. Фарзандларимиз, набираларимиз тақдири бевосита бизнинг ҳаракатларимизга боғлиқ.
Атроф-муҳитга улкан масъулият ва чинакам эътиборли муносабатда бўлиш миллий мафкуранинг асоси бўлиши керак.
“Тоза Қозоғистон” умуммиллий лойиҳаси ўтган йилдан бошлаб амалга оширилмоқда, бу барчамизга маълум. Умумдавлат ҳашарида миллионлаб фуқароларимиз иштирок этмоқда.
Халқнинг сафарбарлиги туфайли 860 минг гектардан зиёд майдон тозаланди, тўрт миллиондан ортиқ кўчат ўтқазилди. Бундай фаол ишларни давом эттирсак, эзгу орзуларимизга эришамиз ва Қозоғистон чинакам яшил мамлакатга айланади. Бу эса, албатта, келажак авлодлар учун ажойиб ибрат ва омонатдир.
Бу ишда фаол иштирок этаётган фуқароларга, айниқса, ёшларга миннатдорчилик билдираман.
Жамиятда ободончилик маданиятини мустаҳкам қарор топтириш – энг муҳим вазифадир. Ушбу йўналишда Ҳукумат экологик маърифат тадбирларининг ягона намунасини жорий этиши лозим. Бу жараён мактабдан бошлаб, олий таълим муассасаларигача барча даражадаги таълим муассасаларини қамраб олиши керак.
Олтинчи. Тадбиркорлар мамлакатимиз рақамли тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши керак.
Кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 40 фоизга, бандликдаги улуши эса 50 фоизга яқинлашди. Бу – муайян ютуқ. Бироқ, ушбу соҳани тизимли равишда такомиллаштирмасак, иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳолининг турмуш сифатини яхшилашда янги суръатга эриша олмаймиз.
Икки миллиондан зиёд кичик бизнес субъектлари мавжуд бўлса, маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорлар сони олти фоизга ҳам етмагани сир эмас. Ўрта бизнесда натижа юқорироқ, лекин барибир қониқарли деб бўлмайди.
Ўтган йили мен “Иқтисодиётни эркинлаштириш тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзоладим. Мазкур ҳужжат бизнес манфаатларини инобатга олган ҳолда, очиқ ва адолатли тартибга ўтиш учун мустаҳкам асос бўлди. Афсуски, унинг ижроси тўлиқ таъминланмаяпти.
Фаол тадбиркорларнинг салоҳиятини тўлиқ очиш масаласи ҳам кун тартибидан тушгани йўқ. Шу боис, тегишли ҳуқуқий базани янгилаш зарур.
Ҳозир мамлакатимизда 21та кодекс, 300дан зиёд қонун мавжуд. Уларга ҳаддан зиёд ўзгартишлар киритилган. Айрим меъёрлар бир-бирига зид. Оқибатда, буларнинг барчаси бизнеснинг тараққиётига тўсиқ бўлмоқда.
Қонунчиликни тўлиқ таҳлил ва тадқиқ қилиш лозим.
Сунъий идрок технологияси буни тез ва самарали амалга ошириш имконини беради.
Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги қошида Идрок орқали созлаш маркази ташкил этилади. Ушбу марказ қонунларни тизимлаштириш, аниқ ва самарали таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Қонунни мураккаблаштиришнинг ҳожати йўқ. Аксинча, уларни тадбиркорлар эҳтиёжига мослаштириб, вазирлар ва ҳокимларнинг натижадорлик учун шахсий масъулиятини кучайтириш лозим.
Ҳали ҳануз мамлакатдаги давлат идоралари бизнес вакилларини огоҳлантириш ўрнига жуда қатъий маъмурий чоралар кўраётгани ҳақидаги маълумотлар менга ҳам келмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди.
Мажбурий талаблар тизими бизнесни ортиқча текширувлардан муҳофаза қиладиган муҳим воситалардан бирига айланиши керак.
Амалдаги меъёрларнинг Тадбиркорлик кодексига мувофиқлигини қўшимча текшириб, тизимни тезроқ амалга жорий этиш зарур.
Давлат хизматларини рақамлаштиришда сезиларли натижага эришдик, бироқ бюрократик жараёнлар ҳануз бизнесга тўсиқ бўлиб турибди. Рақамлаштириш ўз мақсадини тўлиқ бажара олмаяпти.
Бу ҳолатни шошилинч тарзда ўзгартириш даркор. Энг аввало, солиқ маъмурчилиги соҳасида.
Давлат даромадлари қўмитаси рақамлаштиришда етакчи идорага айланиши, сунъий идрок ва бошқа илғор технологияларнинг салоҳиятини солиқ тўловчилар манфаати йўлида самарали фойдаланиши лозим.
Бу тизимли қадамларнинг барчаси давлат ва бизнес ўртасида мутлақо янги сервис хизматига йўналтирилган муносабатлар намунасини яратишга қаратилган.
Янги Солиқ кодекси ҳозирги меъёрлар ва тартибларни ўзгартириш билан чекланиб қолмай, солиқ тўловчиларда шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларига асосланган янги тафаккур ва муносабатни шакллантириши керак.
Давлат виждонли солиқ тўловчилар манфаатини ҳимоя қилади, уларнинг тўлаган солиқлари мамлакат тараққиётига йўналтирилади.
Солиқдан тушган ҳар бир тенге – фуқароларга сифатли давлат хизматлари, инфратузилма ва давлат қўллаб-қувватлаш чоралари шаклида қайтиши лозим.
Тадбиркорлар фаоллигини ошириш муҳим ўрин тутади. Бироқ улар фаолиятида анча камчиликлар бор. Шу боис уларнинг ишлаш тизимини тубдан янгилаш зарур.
Бу тузилмалар аниқ соҳаларга йўналтирилган, чуқур таҳлил юритадиган ва сармоя киритиш ваколатига эга тўлақонли тараққиёт институти сифатида фаолият юритиши лозим.
Яна бир жуда муҳим масала. Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш вазифаси йиллар давомида кун тартибидан тушмаяпти. Давлат ташкилотлари ҳамда компаниялари асоссиз кўпайиб, хусусий шўъбаларнинг тўлақонли ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Мамлакатимизда давлат иштирокидаги ташкилотлар сони 25 мингга яқин. Кўпчилигининг вазифалари ва тузилмаси мантиққа зид. Бу ҳолат тижорат шаклларини нотижорат вазифаларда ортиқча қўллаш амалиётини юзага келтирмоқда. Натижада, корпоратив идоралар кўпайиб кетди. Аниқ натижа эътибордан четда қолмоқда.
Мен Стратегик режалаш ва ислоҳотлар агентлигига Ҳукумат билан ҳамкорликда давлат шўъбасини ислоҳ қилиш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлашни топшираман, зарурат туғилса, махсус Фармон қабул қилинади.
Бундан ташқари, Ҳукумат “Давлат мулки тўғрисида”ги қонунни янгилаб, иқтисодиётда давлат иштирокининг чегаралари аниқ белгиланиши ва бошқарувга оид ҳуқуқий талабларни мустаҳкамлаш зарур.
Еттинчидан. Иқтисодиётни тубдан янгилаш инсон капиталини ривожлантиришга оид янги талабларни қўймоқда.
Бу жараёнда таълим соҳаси алоҳида аҳамият касб этади.
“Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган 217та мактабнинг 150таси айни кунда фаолият юритмоқда. Қолганлари уч ой ичида ишга туширилиши шарт.
Рақамли технологиялар меҳнат бозорини шиддат билан ўзгартирмоқда. Айниқса, сунъий идрок бўйича билим ва кўникмаларга эга мутахассисларга талаб ортмоқда.
Шу боис, менинг ташаббусим билан 100 мингга яқин талабани технологик лойиҳаларга жалб этиш имкони берилди. Al-Sana дастури амалга оширилмоқда. Бироқ сунъий идрок билан ишлаш кўникмасини шакллантириш анча илгарироқ ёшдан, яъни мактаб босқичида бошланиши лозим.
Шу муносабат билан, қатор ташаббуслар амалга оширилади. Дастлаб, мактаб ўқувчилари учун сунъий идрок асослари хусусида дастур ва ўқув материаллари тайёрланади.
Ўқитувчиларнинг сунъий идрок технологиясини ўзлаштириш кўникмасини шакллантириш жараёни йўлга қўйилади.
Масофадан таълим бериш усули ва сунъий идрок технологияси асосида “Qazaq Digital Mektebi” номли кам ўқувчили мактаб намунасини ишлаб чиқишимиз керак.
Ушбу дастур қишлоқ мактабларига юқори таълим захираларини тақдим этади.
Пойтахтимизда болаларни ривожлантириш марказларини хусусий маблағлар ҳисобига барпо этиш тажрибаси мавжуд. Кўплаб тадбиркорлар айнан шу масалада ёрдам кўрсатишга тайёр.
Ҳокимлар уларни фаол жалб этиши зарур.
Мамлакатимиз билимга асосланган иқтисодиётга ўтмоқда. Шу боис, фан, таълим ва инновация соҳаларини бошқариш усулларини ўзаро уйғунлаштириш муҳим.
Фан соҳасида ҳали ҳам давлатнинг улуши юқори. Лекин бюджет маблағларининг қайтарими кутилган даражада эмас. Янги патентлар, технологиялар ва ишлаб чиқариш каби кўзга кўринадиган аниқ натижалар етарли эмас. Шу сабабли инновацион сиёсатни Фан ва олий таълим вазирлиги ваколатига бериш мақсадга мувофиқ.
Вазирлик Фанлар академияси билан ҳамкорликда илмий институтлар ва олий ўқув юртларини мувофиқлаштириш билан жиддий шуғулланиши лозим.
Сунъий идрокни кенг жорий этадиган университетларга кўпроқ эркинлик бериш лозим.
Шу билан бирга, иқтидорли тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтирилади.
Хориждаги малакали мутахассисларимизни мамлакатга қайтаришнинг самарали дастаклари ишлаб чиқилади.
Миграция сиёсати ҳам кадрлар эҳтиёжини таъминлашга мослаштирилади.
Миллатидан қатъиназар, хориждан мамлакатимизни ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган кучли мутахассисларни жалб этиш – муҳим. Уларни Қозоғистонда муқим қолиши учун шароит яратиб бериш керак. Чунки бизга техник мутахассисликларни эгаллаган, ўз ишининг ҳақиқий усталари керак. Яъни, “юқори сифатли инсон захираси” зарур. Чунки улар – миллий иқтисодиётнинг таянчи, мамлакат келажагини белгилайди.
2025 йил “Ишчи касблари йили”. Бу қарор тасодифий эмас. Ҳозир мамлакатимизда минглаб иш ўринлари бўш турибди. Турли соҳаларда, ҳатто, маоши анча юқори бўлган иш ўринлари ҳам мавжуд. Ўринларни эса чет элдан келган одамлар тўлдиришмоқда.
Ҳар йили давлат катта маблағ ажратиб, минглаб муҳандислар, қурувчилар ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини тайёрлайди.
Бироқ уларнинг кўпчилиги мутахассислиги бўйича ишламайди, асосан, махсус билим талаб этмайдиган, тез даромад келтирадиган ишларни танлашади.
Албатта, меҳнатнинг ёмони йўқ, ҳалол меҳнатнинг барчаси муҳим.
Бироқ бу жараён на бир инсонга, на бутун мамлакатга фойда келтиради. Фуқароларнинг ишлаб чиқаришга боргани маъқул.
Давлат шундай шароит яратиши лозимки, дипломли мутахассислар иқтисодиётнинг аниқ соҳаларида ишлашга интилишсин. Ишчи касблари обрўсини, уларни муносиб меҳнат ҳақи билан таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири.
Меҳнат бозорини тартибга солиш, айниқса, миграция соҳасида марказлашган ҳисоб тизими йўқ. Бу ҳолат ушбу соҳадаги бошқарувнинг сифати ва қарорларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳукуматга мамлакат ичидаги ва хориждан кириб келаётган миграция жараёнларини назорат қилиши учун ягона рақамли ҳисоб тизимини жорий этиш вазифаси юкланади.
Назоратсиз ички ва ташқи миграция йирик шаҳарларимизнинг инфратузилмасига улкан босим ўтказмоқда.
Астана – бунга яққол мисол.
Сўнгги уч йилда пойтахт аҳолиси 250 мингга кўпайди, ўтган йили 100 мингга ўсди. Жорий йилда бу кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин.
Пойтахтда аҳоли сони расман 1,5 миллион киши бўлса-да, унинг инфратузилмаси амалда ҳар куни 1,9 миллион аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Аниқроқ айтганда, Астана 400 мингдан зиёд одамга, яъни аҳоли сонига кўра, ўрта ҳажмдаги яна бир шаҳарга тенг одамлар учун ҳеч қандай лойиҳа ва режасиз хизмат кўрсатяпти.
Бу эса сув ва иссиқлик таъминоти тизимларининг барқарор ишлашини хавф остига қўймоқда.
Астанада 2022 йилдан буён эҳтиёжманд аҳолига қарийб 7 мингта квартира, жумладан, кўп болали оилаларга 1380, етимларга 835 ва алоҳида эҳтиёжли инсонларга 665та уй-жой берилди.
Айрим вилоят ҳокимлари эса корпоратив солиқдан тушган маблағларни самарасиз лойиҳаларга – масалан, йўл бўйларига қопламалар ўрнатишга, сарфлашдан нарига ўтмаяпти. Табиийки, шундан кейин одамлар ижтимоий хизматлар ва имтиёзлар кўпроқ тақдим этиладиган Астана томон интилмоқда.
Натижада, жиддий муаммолар келиб чиқмоқда. Шаҳарда ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож аҳоли сони бир неча баравар ўсган, ижтимоий ёрдам учун сарфланадиган харажатлар эса бюджет даромадидан ҳам тез ўсмоқда. Ижтимоий мажбуриятларнинг улуши ортиб бормоқда.
Мактаб инфратузилмаси ҳозирнинг ўзида ортиқча юклама билан ишламоқда. Ҳар йили 15тагача янги мактаб барпо этиш талаб қилинмоқда.
Шифохоналарда ўринлар етишмайди, навбатлар кўпаймоқда.
Ҳокимлик шаҳарни ривожлантириш ўрнига бюджет маблағларининг 60 фоизини ижтимоий харажатларга сарфлашга мажбур бўлмоқда. Ушбу ҳолатни бартараф этиш учун қатъий чоралар кўриш зарур.
Энг аввало, миграциянинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва ижтимоий ҳамда иқтисодий жиҳатдан жозибадор бошқа марказларни барпо этиш учун мажмуавий чоралар қабул қилиш керак.
Шу билан бирга, ижтимоий харажатлар маблағларини минтақалар ўртасида қайта тақсимлаш зарур.
Ижтимоий нафақаларни ҳам ягона андазага келтириш зарур.
Кўп йиллар давомида кўзбўямачилик асосида юритилган ижтимоий сиёсат туфайли юздан зиёд турли имтиёзлар пайдо бўлди. Мазкур имтиёзларни олиб бераман, деб “ёрдам қўлини” чўзаётган фирибгарлар ҳам кўпайди.
Биз ҳанузгача собиқ Иттифоқ ҳудуди ва ундан ташқаридаги бошқа минтақалардаги можароларда қатнашган фуқароларга махсус тўловлар тўлаб, тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдамиз. Иттифоқ парчаланганига 35 йил бўлса-да, фахрийларимиз камайиш ўрнига тобора “ёшариб”, кўпайиб бормоқда.
Албатта, давлат ўзининг асосий вазифаларидан воз кечмайди. Бироқ ижтимоий имтиёзларни сунъий равишда кўпайтириш – мамлакат тараққиётига – касалхона, транспорт инфратузилмалари ва бошқа иншоотлар қурилиши учун сарфланиши зарур бўлган улкан маблағларни исроф қилиш демакдир.
Ўз вақтида “ижтимоийчилик” тизими янги тоифаларни ўйлаб топди, яъни тўлиқ бўлмаган оилалар. Бу эса ажралишлар сонини кескин ошириб, мамлакатни дунёдаги “аксилетакчи” давлатларнинг қаторига киритди. Бундай мисоллар талайгина.
Шундай қилиб, биз ўз қўлимиз билан танбаллик ва қарамликни қўллаб-қувватлаяпмиз. Агар оила аъзоларининг деярли барчаси мақсадли ижтимоий ёрдам ва нафақа оладиган бўлса, унда ишлашнинг нима кераги бор?
Сўнгги 15 йилда Ҳукумат ижтимоий соҳада оқилона қарор қабул қилиш ўрнига ижтимоий қарамлик ва ижтимоий фирибгарликни рағбатлантириб келди.
Демографик жараёнларни чуқур ўрганиб, кўп йилларга мўлжалланган қарорлар қабул қилиш ўта муҳим масала.
Аммо бу соҳада ҳам тўлиқ ҳисобот ва таҳлил тизими йўлга қўйилмаганлиги боис, меҳнат бозорини аниқ башорат қилиш, инфратузилмани ривожлантириш режаларини тузиш ва бошқа вазифаларни режалаштириш қийинлашмоқда.
Шу мақсадда Стратегик режалаш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида катта маълумотлар ҳамда сунъий идрок технологияларига асосланган Демографик жараёнларни таҳлил қилиш ва башорат марказини ташкил этиш зарур.
Демография ва меҳнат бозоридаги жараёнлар пенсия тизимига оид янги ёндашувларни тақозо этмоқда.
Фуқароларнинг, айниқса, ўзини-ўзи банд қилиб келаётган аҳолининг пенсия жамғармаси кам экани кўзга ташланмоқда.
Ҳукумат Миллий банк ҳамда Стратегик режалаш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, пенсия тўловларини узоқ муддат давомида барқарор ва муносиб даражада таъминлаш чораларини кўриши зарур.
Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Шу муносабат билан “AMANAT” партияси таклиф этган “Қарзсиз жамият” лойиҳасини давом эттириш керак.
Ўтган йилнинг ўзида ушбу лойиҳа доирасида 845 минг киши саводини ошириб, ҳуқуқий маслаҳат олди.
Асосий мақсад – халқимиз зиммасидаги қарзини камайтириш билан бирга, фуқаролар учун барқарор даромад манбаларини яратишдир.
Давлат соғликни сақлаш тизимини ривожлантириш йўналишида тизимли чоралар кўрмоқда.
Юртимизда қишлоқлар фельдшерлик-акушерлик пунктларидан тортиб, ихтисослашган касалхоналаргача янгиланмоқда.
“Қишлоқда соғликни сақлаш соҳасини янгилаш” миллий лойиҳаси доирасида 540та иншоот барпо этилди, шу йилнинг охиригача 115таси фойдаланишга топширилади. Шаҳарларда эса йирик тиббиёт иншоотлари ишга туширилди. Масалан, Астанада онкология маркази, Алматида юқумли касалликлар илмий маркази очилди.
Бироқ қурилиши якунланган кўп тармоқли касалхоналарни бюрократик тўсиқларсиз ишга тушириш керак. Шунингдек, бундай янги иншоотларнинг қурилишини давом эттириш лозим. Бу жараёнга давлат-хусусий шериклик дастаклари орқали хусусий сармояларни ҳам жалб этиш мақсадга мувофиқ. Шунда фуқаролар Астанага кўчиб келавермайди.
Шунингдек, фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоғи керак. Дори-дармон турлари ва ҳажмини ошириш – стратегик вазифа. Бу, айниқса, пандемия даврида яққол намоён бўлди.
Соғликни сақлаш тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва тиббий хизматларга мониторинг самарадорлигини ошириш масаласи ҳам мавжуд.
Бюджет маблағлари чекланган бир пайтда Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси амалда бюджетни тартибга солувчи дастак сифатида аҳамият касб этмоқда.
Шунинг учун Ҳукумат сунъий идрок технологиясидан фойдаланиб, тиббий хизматлар сифатини ва ҳажмини кузатиб борадиган янги тизимни йўлга қўйиши керак.
Шу боис, шифокорларнинг мақомини юксалтириш ва ижтимоий шароитини яхшилаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Халқимизнинг ҳаёти ва соғлигига бевосита таъсир кўрсатадиган масалалардан бири – йўл хавфсизлигидир.
Бу масалага мен ўтган йилги Мактубимда алоҳида эътибор қаратган эдим. Кўрилаётган чораларга қарамай, йўл транспорт ҳодисалари сони ҳали ҳам камаймаяпти. Йил бошидан буён мамлакатимизда 22 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Аслида, йўл хавфсизлиги ҳайдовчиларнинг ўзига боғлиқ, чунки қоида бузувчилар оз эмас.
Тезликни оширмаслик, қоидаларга риоя қилиш – энг асосий ва муҳим талабдир.
Ҳар бир фуқаро ўз ҳаёти ва атрофдагилар хавфсизлиги учун масъулиятни англаши керак. Жамият сифатида йўл ҳаракати маданиятини шакллантиришимиз зарур.
Электросамокатлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу мавзу жамиятда қизғин муҳокама қилинмоқда.
Икки йил аввал пиёдалар йўлакларида ҳаракатланишни чеклайдиган ўзгартиришлар қонунчиликка киритилган эди.
Аммо жамоат жойларидаги вазият сезиларли даражада ўзгармади, фуқаролар ҳаётига хавф-хатар ҳануз сақланиб турибди.
Ҳозир бу соҳани созловчи қонунга тузатишлар лойиҳаси тайёрланди. Уни тезроқ қабул қилиш лозим. Чунки ҳар бир фуқаро, ҳар бир боланинг ҳаёти беқиёс қимматга эга. Бу масалада эътиборсизликка йўл қўйилмайди. Буларнинг барчаси – Хавфсиз Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги муҳим чоралардир.
Келгусидаги масала – сунъий идрок даврида маданият ва санъатни ривожлантириш. Бу соҳаларни аввалгидек, юксак қадрлаймиз, зарур инфратузилмаларни барпо этамиз, керак бўлса таъмирлаб, тиклаймиз.
Санъат аҳли мамлакатимизнинг анъаналари ва маданиятини хорижда тарғиб қилмоқда ва бу эътирофга лойиқ. Шу боис, маданият арбобларига зарур ёрдам кўрсатилади. Бироқ улар ҳам янги давр талабларига мос иш услубини йўлга қўйишлари зарур.
Маълумки, мен оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман. Минтақаларда спорт иншоотлари барпо этилмоқда. Тўгараклар болалар учун тобора ҳамёнбоп бўлмоқда.
Алоҳида эҳтиёжли фуқаролар ҳамда кекса авлод учун спорт клублари очилмоқда. Шунингдек, касбий спортда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Мен аввалроқ хориждан жалб этилган спортчиларга давлат бюджетидан маблағ ажратишни чеклаш тўғрисида топшириқ берган эдим. Бу ташаббус депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, махсус қонун қабул қилинди.
Бироқ шу билан тўхтаб қолмаслик керак, олдинда муҳим вазифалар турибди. Хусусан, футбол клубларини хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш лозим.
Ҳозир мамлакатимизнинг тўртта футбол клуби ўз эгасини топди. Улар хусусий мулкка ўтмоқда. Ушбу ташаббусга ҳисса қўшган тадбиркорларга миннатдорчилик билдираман.
Шу билан бирга, футболни тижоратлаштириш ишларини қатъият билан давом эттириш зарур. Жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, бундай қадамларсиз Қозоғистонда футболни ривожлантириб бўлмайди.
Бугунги кунда касбий спортни улкан даромад келтирадиган бизнес-индустрия сифатида ривожлантириш керак.
***
Мен белгилаб берган вазифалар юртимизни барқарор ривожлантиришга қаратилган.
Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотлар билан узвий боғлиқ.
Сунъий идрокни жорий этиш ва рақамлаштиришни кенг йўлга қўйиш мамлакатимиз имкониятларини барча соҳаларда бир неча баравар оширувчи омилдир. Шунинг учун бу масала стратегик йўналишимизда етакчи ўрин эгаллаши шарт.
Албатта, мамлакатимизда суперкомпьютернинг ишга туширилиши – катта ютуқ. Буни Ҳукумат ҳам, бутун жамият ҳам Қозоғистонни ҳақиқий рақамли давлатга айлантирадиган изчил ишларнинг бошланиши сифатида қабул қилиши керак.
Шу мақсадда Ҳукумат рақамлаштириш ва сунъий идрокни ривожлантиришга қаратилган “Digital Qazaqstan” номли ягона концепция ишлаб чиқди. Унда барча ташаббус ва лойиҳалар умуммиллий дастур доирасида бирлаштирилади.
Шу билан бирга, рақамли ислоҳотлар – халқнинг турмуш сифатини ошириш йўлидир.
Давлатнинг барча ҳаракатлари ягона мақсадга йўналтирилган.
Халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини ошириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимизнинг туб мазмуни ҳам мана шунда.
Шунингдек, ташқи сиёсатда ҳам мувозанатли ва оқилона йўл тутиш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлаймиз. Бугун кўпгина давлатлар юртимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётгани мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир.
Биз халқаро масалаларда ўз нуқтаи-назаримизни қатъий билдиришда давом этамиз. Қўшни ва ҳамкор давлатлар билан ўзаро ишончга асосланган муносабатларни янада ривожлантирамиз. Бу йўналишдаги ташрифлар ва музокаралар юртимиз манфаатлари йўлида хизмат қилади.
Яқинда мен Хитойга расмий ташриф билан бордим. У ерда стратегик асосида ривожланаётган икки томонлама муносабатлар масалалари юзасидан самарали музокаралар ўтказилди.
Менинг Туркия ва Қирғизистонга ташрифларим ҳам самарали ўтди. Шу йилнинг якунига қадар мен Россия ва Ўзбекистонга давлат ташрифи билан боришни режалаштирганман. Ҳозирда пойтахтимиз Астанада Озарбайжон, Арманистон, Туркманистон раҳбарларини қарши олишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шунингдек, Осиё, Европа ва Африканинг қатор давлат раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.
Қозоғистон-Америка мулоқоти ҳам изчил давом этмоқда. Европа Иттифоқи билан кўп қиррали ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланмоқда.
Жорий йил тарихий саналар йили бўлди. Энг муҳими – Иккинчи жаҳон уруши якунланганига 80 йил тўлди.
Москва ва Пекинда ўтган тантанали тадбирлар инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушнинг ўн миллионлаб қурбонлари жаҳон халқлари хотирасидан ҳеч қачон ўчмаслигини англатди. Бу фожиавий тарихдан барчамиз сабоқ чиқариб, тинчликни асрашга ҳисса қўшишимиз лозим.
Чунки тараққиётнинг асосий шартларидан бири – тинчлик ва ўзаро тотувликдир.
Шу муносабат билан Қозоғистон Аляскада ўтган Россия ва Америка саммитида эришилган натижаларни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Вашингтон шаҳрида Президент Трамп иштирокида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида имзоланган тинчлик декларациясига юксак баҳо бердик.
Иккинчи муҳим сана – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80 йиллиги.
Бугунга қадар БМТнинг ўрнини босадиган бирор бир муқобил ташкилот мавжуд эмас. Қозоғистоннинг фикрига кўра, БМТни барча долзарб халқаро муаммоларни адолатли ҳал этишда асосий музокара майдони сифатида сақлаб қолиш керак.
Бироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотини, айниқса, унинг асосий идораси бўлмиш Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қиладиган вақт келди.
Яқин кунларда Нью-Йорк шаҳрида ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясида Қозоғистоннинг халқаро вазиятга доир қарашлари, жумладан, БМТни ислоҳ қилиш масалалари юзасидан таклифларини тақдим этаман.
Муҳтарам ватандошлар!
“Қонун ва тартиб” – давлатимизнинг дахлсиз таянчидир.
Ушбу тамойил жамиятда қарор топиши учун барча соҳавий идоралар ягона қараш ва умумий нуқтаи назар бўлиши зарур. Энг асосий масала, ҳар қандай ҳуқуқбузарликка ва қонунбузарликка нисбатан мутлоқ тоқатсизлик тамойилига амал қилинади.
Шу боис, давлат идораларининг мазкур йўналишдаги ишларининг барчасини қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Фақат шундагина жамиятимизда ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва тажовузкорликка қарши тоқатсизлик шаклланади, ҳар қандай жамиятда бундай ҳолатларга қарши иммунитет пайдо бўлади.
Афсуски, бугунги кунда одамлар орасида ҳурматсизлик, қўполлик, ҳатто кўчада жанжал чиқариб, жисмоний тўқнашувга бориш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бундай ҳолатлар жамоат жойларида, йўлларда кўп кузатилади.
Бу – маданий ва тараққий этган жамиятга тўғри келмайдиган хaтти-ҳаракат, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Маърифатли миллат бўлиш учун бу каби иллатлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Буюк Абай “Бир-бирингни дўстдек кўрмасанг, қилган ишингнинг барчаси беҳуда” деб бежиз айтмаган.
Маданият ва одоб, тарбия ва ахлоқ ҳар бир инсондан, ҳар бир оиладан бошланиши шарт.
Ҳозирги долғали замонда энг муҳим вазифа – юртимизнинг мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш. Бунинг учун бирдамлик зарур. Халқимиз тинчликни асрай олса, ички барқарорлик таъминланса, барча қийинчиликларни енгиб, ҳар қандай тўсиқдан ўта оламиз.
Шунинг учун, юртдошларимизни тинчлик ва осойишталикни қадрлашга ва асраб-авайлашга чақираман.
Ҳар бир фуқаро юртга содиқ ва ватанпарвар бўлиши шарт.
Бугун ватанпарвар сўзинининг мазмуни янгича талқин этилмоқда. Илгари бу тушунча асосан анъанавий қадриятлар билан ўлчанар, тил, маданият, маънавият миллий манфаатнинг ўзаги сифатида қаралар эди. Бу албатта, тўғри, улар миллатнинг пойдеворидир. Бу бойликни биздан ҳеч ким тортиб ололмайди.
Ҳозирги ёшлар ватанпарварликни янгича англамоқда. Ёшларнинг кўпчилиги диний экстремизмни ҳам, кескин миллатчиликни ҳам қўлламайди. Улар учун ватанпарварликнинг асосий мезони – бунёдкорлик ва янгиликка интилишдир.
Ёшлар “Юртни севиш – халққа манфаатли янгилик яратиш, янги иш бошлаш” деб ҳисоблайди.
Улар юртимизни ривожланган, замонавий давлат сифатида кўришни истайди. Илғор технологияларни ўзлаштириб, халқимизни тараққийпарвар миллатлар қаторига қўшишни истайди.
Ёш авлод онгидаги ватанпарварлик – келажакка чин дилдан интилишдир. Бу – жамият онгида кечаётган ўзгаришнинг яққол ифодаси. Мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ёшларнинг салоҳиятига, ақлу-заковатига ишонаман.
Биз кечаги кунимизни унутмаймиз. Тарихимизга ҳурмат билан қараймиз. Келажакда қандай бўлишимиз фақат ўз қўлимизда эканини яхши англаймиз.
Шу боис илм-маърифатга интилаётган, юртини обод қилиш орзусидаги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларнинг ёрқин келажагини кўзлаб қилинмоқда. Эртанги авлод унинг самарасидан баҳраманд бўлади ва уни муносиб давом эттиради.
Дунёда кечаётган улкан ўзгаришларга ёшлар тез мослашмоқда. Айниқса, сунъий идрок даврида уларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Буюк мутафаккир Абай: “Инсоннинг инсонийлиги ақл ва илм, яхши ота-она, яхши дўст ва яхши устоз туфайлидир”, деб бежиз айтмаган.
Бу ҳикматни Давлат раҳбари сифатида янада тўлдириб: “Ривожланаётган ва илғор давлатнинг қонуни – адолатли, ҳукумати – етук, фуқаролари эса онгли ва фаол бўлиши шарт”, деган бўлардим.
Давлат даражасида қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг мазмуни, халқ манфаати йўлидаги кенг қамровли ишлар билан ўлчаниши керак. Шунда биз янги қиёфадаги қудратли давлатга айланамиз.
Қозоғистон кенг кўламли, туб ислоҳотлар туфайли тараққиётнинг йўлига чиқди. Олдимизда улкан вазифалар турибди. Биз йўлимиздан қайтмаймиз, фақат олға интилишимиз лозим.
Ҳурматли юртдошлар!
Бугун мен сизлар билан мамлакатимизда сунъий идрок асосидаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ижобий таъсир кўрсатадиган муҳим сиёсий ислоҳот ҳақида фикрларимни илгари сурмоқчиман.
Гап Парламент ислоҳоти ҳақида.
Юқори вакиллик ҳокимиятига оид ислоҳотлар бунга қадар амалга оширилган барча ўзгаришларнинг, жумладан, Президент ваколатига оид ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Адолатли Қозоғистонни барпо этишга киришдик. “Халқ овозини тинглайдиган давлат” тамойили асосида ҳокимият ва халқ ўртасида очиқ ва самимий мулоқотни йўлга қўймоқдамиз.
2022 йил июнь ойида мамлакатимизда умумхалқ референдуми ўтказилди. Унда фуқароларимизнинг аксарияти “Кучли Президент – Нуфузли Парламент – Ҳисоб берувчи Ҳукумат” тамойили асосида тараққий этаётган давлатимиз тараққиёти стратегиясини қўллаб-қувватлади. Сўнгги йилларда Қозоғистонда, ҳатто хорижда рўй бераётган воқеалар биз танлаган йўл тўғри эканлигини кўрсатиб берди. Бироқ бир ерда туриб қолиш керак эмас.
Биз юртимиз ва келгуси авлод тақдири ҳақида ўйлашимиз лозим. Йил бошида “Ана тілі” газетасига берган кенг қамровли мусоҳабамда: “Ислоҳот – доимий жараён, агар жамиятда аниқ талаб бўлса, янги ислоҳотлар ишлаб чиқилади”, деган эдим.
Мамлакатимизда Парламент ислоҳоти масаласи камида йигирма йилдан буён кўтарилиб келмоқда. Ушбу мавзулар очиқ ҳам, ёпиқ ҳам муҳокама қилиниб келаётгани сир эмас. Масала ҳануз долзарблигини йўқотмади. Шу боис давлат тизими ривожланаётган, фуқароларимизнинг сиёсий маданияти ўсиб бораётганини инобатга олган ҳолда, бу масалани халқ муҳокамасига қўйишни муҳим, деб биламан.
Сенат 1995 йилда мамлакатимизда сиёсий вазият мураккаб ва беқарор бўлган пайтда Парламентнинг юқори палатаси сифатида тузилган. Ўша пайтда давлатчилигимиз пойдевори эндигина шаклланаётган оғир йўлнинг бошида эдик. Сенатни барпо этишда барқарорликни таъминлаш тарихий вазифаси юклатилди. Ўтган 30 йилда Сенат шу муҳим вазифани шараф билан адо этди.
Маълумки, мен ўн йил Сенатга раҳбарлик қилдим. Бу ишни ҳар доим юксак шараф ва катта масъулият деб билдим. Шу сабабли менга бу минбардан Парламент ислоҳоти ҳақида сўзлаш осон эмас. Шунга қарамай, бугун мамлакатимизда яқин орада бир палатали Парламент тузиш ташаббусини илгари сурмоқдаман. Бу жуда муҳим масала, уни шошилинч тарзда амалга ошириб бўлмайди. Ислоҳот фуқаролик шўъбасида, экспертлар орасида ва албатта, амалдаги Парламентда ҳам атрофлича муҳокама қилиниши шарт.
Ислоҳотнинг аҳамиятини инобатга олиб, уни муҳокама қилиш учун бир йил вақт талаб этилади, деб ўйлайман. 2027 йилда умумхалқ референдумини ўтказиш мумкин. Шундан кейин Конституцияга тегишли ўзгартишлар киритилади.
Мен давлат тақдирини ҳал қиладиган барча масалалар халқ розилиги билан ҳал этилиши кераклигини доим айтиб келаман. Агар бир палатали Парламент тузиш ҳақида бир умумий қарорга келсак, бундай Парламентни фақат партиявий рўйхат асосида сайлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Бу – дунёда амалиётда кенг тарқалган Парламент тизими.
Шу тариқа, Мажлиснинг амалдаги таркиби барча ҳуқуқий жараёнлар тугагунига қадар ўз ишини давом эттиради. Сенат эса умумхалқ референдумининг натижаси чиқиб, янги Парламент сайлангунига қадар фаолият юритади. Сиёсий партиялар эса рақобатга пухталанишга тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлади. Депутатларимиз ҳақиқий юртпарвар фуқаролар сифатида бу масалага улкан масъулият билан ёндашиб, тўғри баҳолайди, бунга ишончим комил.
Охир-оқибат, сиёсий ислоҳотларнинг барчаси мамлакатимиз институционал тизимининг ажралмас қисмига айланади.
Албатта, қонуний савол туғилиши мумкин: нима сабабдан Президент Парламент ислоҳоти зарурлиги ҳақида олдиндан гапиряпти? Ахир сиёсий технология қоидасига кўра, бундай ташаббуслар кутилмаган ҳолда амалга оширилиши лозим эмасми?
Мен аввал ҳам айтганман, яна такрорлайман: мамлакатимиз ва халқимиз тақдирига оид ҳар қандай масалада очиқ сиёсат юритиш зарур, бундай йирик ислоҳотни жамиятдан сир тутиш мумкин эмас.
Шунинг учун мен ушбу масала юзасидан халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш тарафдориман. Фақат шундагина биз бирлашиб, Адолатли ва Қудратли Қозоғистонни барпо этиш йўлида яна бир муҳим қадам қўямиз.
Барчангизга соғлик ва омад тилайман.
Қозоғистонимиз абадий бўлсин!
-
2025-11-12, 20:48
''ЖЕР АМАНАТЫ'' комиссиясининг сайёр йиғилиши ўтди 10
-
2025-11-11, 02:20
БАРЧА ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР ФИДОЙИ ОЛИМДАН АЙРИЛДИ 217
-
2025-11-11, 02:18
Президент Елена Рибакинани III даражали ''Барыс'' ордени билан тақдирлади 60
-
2025-11-11, 02:17
Буюк Ипак йўли: тарихдан – замонавий ҳамкорликка 33
-
2025-11-11, 02:15
''Қишлоқ қутқарувчилари'' фаолияти йўлга қўйилди 65
-
2025-11-11, 02:13
Шопўлат Бойменов – янги раис 88
-
2025-11-07, 22:40
Президент – Вашингтонда 78
-
2025-11-07, 22:35
Туркистон вилояти ҳокими Ўзбекистон Бош вазири билан учрашди 61
-
2025-11-07, 22:33
Сайёҳлик кўприги мустаҳкамланмоқда 81
-
2025-11-07, 22:32
Спорт иншоотлари сони ортмоқда 104
-
2025-11-07, 22:31
Янги мажмуа фойдаланишга топширилди 55
-
2025-11-07, 22:30
Оналар кенгаши мажлиси ўтди 56
-
2025-11-07, 22:29
Қондошлик донорлик маданияти ривожланмоқда 54
-
2025-11-06, 20:27
Хотин-қизлар шижоати жамиятни ўзгартираётган куч 64
-
2025-11-06, 20:25
Экин майдонлари кенгайиб, ҳосилдорлик ошди 66
-
2025-11-12, 20:49
Бошланғич ташкилот – партиянинг таянчи 10
-
2025-11-12, 20:48
''ЖЕР АМАНАТЫ'' комиссиясининг сайёр йиғилиши ўтди 10
-
2025-11-11, 02:17
Буюк Ипак йўли: тарихдан – замонавий ҳамкорликка 33
-
2025-11-11, 02:15
''Қишлоқ қутқарувчилари'' фаолияти йўлга қўйилди 65
-
2025-11-07, 22:40
Президент – Вашингтонда 78
-
2025-11-07, 22:35
Туркистон вилояти ҳокими Ўзбекистон Бош вазири билан учрашди 61
-
2025-11-07, 22:33
Сайёҳлик кўприги мустаҳкамланмоқда 81
-
2025-11-07, 22:32
Спорт иншоотлари сони ортмоқда 104
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.

