26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити ўтди

Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити рақамли тараққиёт ва сунъий идрок масалаларига бағишланди. Учрашувда туркий давлатлар рақамли ислоҳотларни самарали амалга ошириш, бу орқали минтақа давлатлари ва халқлари манфаатларига хизмат қилиш йўллари муҳокама қилинди.

Саммитда ташкилотга аъзо барча давлатлар раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев, ҳозирда Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилаётган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Шунингдек, йиғилишда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев ҳам қатнашди.

Қозоғистон Президенти йиғилишда иштирок этган ҳамкасбларига миннатдорчилик билдириб, тадбир ўтказилаётган жойнинг алоҳида тарихий ва маънавий аҳамиятини таъкидлади.

– Туркистон азал-азалдан аждодларимизга йўл кўрсатган маънавий машъал бўлиб келган. Бу қадимий шаҳар “икки дунё дарвозаси”, туркий халқлар бешиги сифатида эътироф этилади. Муқаддас Туркистон туркий оламни бирлаштирувчи маънавий марказдир. Бу ердаги Ҳазрати Султон мақбараси руҳоний бирлик ва тарихий ворислик рамзи ҳисобланади. Хожа Аҳмад Яссавий инсонпарварлик, эзгулик ва маънавий қадриятларни тарғиб қилиб, туркий халқлар дунёқарашининг бойишига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир. Туркий оламда буюк алломалар томонидан улуғланган қадриятлар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳолда миллий сиёсатда ўз аксини топмоқда, – деди Қ. Тўқаев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қозоғистонда “Адолатпарвар фуқаро”, “Адолатли Қозоғистон” ва “Тоза Қозоғистон” каби муҳим ташаббуслар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу дастурлар халқ фаровонлигини юксалтириш ва давлатчиликни мустаҳкамлашга қаратилган. Президент бу ғояларнинг тарихий асослари улуғ аллома Хожа Аҳмад Яссавийнинг фалсафий меросига бориб тақалишини қайд этди.

Шунингдек, Президент Яссавий меросини кенг тарғиб қилиш туркий олам халқлари ўртасидаги биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Қозоғистон бу йўналишда кенг кўламли ишлар олиб бораётгани, жумладан, жорий йилда Президент ташаббуси билан Хожа Аҳмад Яссавий ордени таъсис этилгани айтилди. Ушбу орденнинг илк соҳибларидан бири Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бўлди.

– Ушбу саммитнинг асосий мақсади – барча туркий давлатлар раҳбарлари билан учрашиш ҳамда янгиланган Туркистонни жаҳон ҳамжамиятига намойиш этишдир, – деди Давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, Туркистоннинг келажаги унинг буюк тарихига муносиб бўлиши керак. Шунингдек, Ўзбекистон томонига Туркистонда очилган янги масжид учун миннатдорлик билдирилди. Шавкат Мирзиёев ва бутун ўзбек халқига самимий эътироф изҳор этилди.

Президент бу иншоотни “Миромон ота” деб номлаш таклифини илгари суриб, ушбу қарорни икки халқ ҳам қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, мазкур муқаддас маскан икки халқ ўртасидаги абадий дўстлик рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Саммитда сўзга чиққан Қасим-Жўмарт Тўқаев ҳозирги даврнинг мураккаб ва беқарор геосиёсий вазиятига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, дунёвий таназзул шароитида туркий давлатлар ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатлик янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ҳозирги шароитда туркий давлатлар иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кучайтириши, умумий тараққиёт йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириши зарур, – деди Давлат раҳбари. – Бугун дунё мисли кўрилмаган ўзгаришлар ва янги даъватларга дуч келмоқда. Технологик рақобат кучайган шароитда кўплаб давлатлар инновацион етакчи бўлишни мақсад қилмоқда. Технологик тараққиёт барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омилига айланди. Рақамли технологияларни ўз вақтида жорий этган давлатлар дунёвий тараққиётдан ортда қолмайди. Шу боис Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар технологик замонавийлашув жараёнларида ортда қолмаслик учун кучларни бирлаштириши лозим.

Президент Қозоғистон учун рақамли давлатга айланиш стратегик устувор йўналиш эканини таъкидлади. Шу билан бирга, рақамли ислоҳотлар ва сунъий идрок туркий оламнинг умумий тараққиётига хизмат қилишига ишонч билдирди. Давлат раҳбари Қозоғистонда бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳам тўхталди. Жорий йил мамлакатда “Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили” деб эълон қилингани, Рақамли кодекс қабул қилингани ва “Сунъий идрок тўғрисида”ги қонун кучга киргани қайд этилди.

Шунингдек, Астана шаҳрида “Alem.ai” халқаро маркази очилгани, иккита суперкомпьютер ишга туширилгани ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини барпо этиш ишлари олиб борилаётгани айтилди. Таълим тизимига рақамли инфратузилмани жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент яқин вақтда “Digital Qazaqstan” стратегияси қабул қилиниши режалаштирилганини маълум қилди.

Шунингдек, Қозоғистонни минтақавий рақамли марказга айлантириш мақсадида миграция тартиблари соддалаштирилмоқда. Тадбиркорлар ва мутахассислар учун янги “Altyn Visa” визаси жорий этилган бўлиб, унга эга бўлганлар давлат ва молиявий хизматлардан фойдаланишда Қозоғистон фуқаролари билан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Қасим-Жўмарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилоти доирасида рақамли тараққиёт ва киберхавфсизлик соҳаларида илгари сурилган ташаббусларга тўхталди.

Хусусан, ўтган йили Габала шаҳрида ўтган саммитда рақамли мониторинг ва рақамли инновациялар марказларини ташкил этиш таклиф этилгани қайд этилди. Шунингдек, ТДТ мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик ва тезкор ахборот алмашинувини таъминлашга қаратилган “Киберхавфсизлик кенгаши”ни тузиш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Ушбу дастак орқали рақамли тизимлардаги хавфсизликка таҳдидлар аниқланиб, инфратузилмани ҳимоя қилиш имконияти кенгайиши таъкидланди.

Президентнинг маълум қилишича, Қозоғистон мазкур ташаббуслар юзасидан ҳужжатлар пакетини тайёрлаб, аъзо давлатларга тасдиқлаш учун йўллаган. Бу чоралар мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Туркистонда ўтган саммитда Президент ТДТ доирасида амалга оширилиши лозим бўлган қатор янги таклифларни ҳам илгари сурди.

Жумладан, савдо-иқтисодий соҳада аъзо давлатлар ўртасида электрон ҳужжатлар ва рақамли имзоларни ўзаро тан олиш юзасидан биргаликда иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, космик соҳа туркий давлатлар рақобатбардошлигини оширишда муҳим йўналиш сифатида қайд этилди. Президентнинг фикрича, мамлакатлар бу соҳада етарли илмий, технологик ва молиявий салоҳиятга эга. Шу боис сунъий йўлдош алоқаси, навигация ва мониторинг йўналишларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу ҳамкорлик натижасида технологик мустақилликни мустаҳкамлаш ва инновацион салоҳиятни ошириш имконияти пайдо бўлиши таъкидланди. Шу муносабат билан “CubeSat-12U” туридаги илмий сунъий йўлдошни ишга тушириш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Бундан ташқари, таълим ва илм-фан соҳаси учун мутахассислар тайёрлайдиган ўқув марказлари ва илмий муассасаларни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Кадрлар тайёрлашда тажриба алмашиш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва илғор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, Қасим-Жўмарт Тўқаев туркий давлатлар учун сунъий идрок марказлари тармоғини ташкил этишни таклиф қилди.

– Қозоғистонда сунъий идрок соҳасида янги шаклдаги олий таълим муассасаси – Сунъий идрок университетини очиш режалаштирилмоқда. Биз туркий давлатлар фуқаролари учун ушбу олий ўқув юртида таълим олишга махсус грантлар ажратишга тайёрмиз. Шунингдек, туркий мамлакатлар ёшлари ўртасида дастурлаш, сунъий идрок ва илғор рақамли технологиялар бўйича ҳар йили илмий-технологик олимпиада ўтказиш мақсадга мувофиқ, – деди Давлат раҳбари.

Президент ушбу ташаббусларни амалга оширишда Туркий сармоявий жамғарма молиявий кўмак кўрсатиши мумкинлигини ҳам қайд этди. Унинг таъкидлашича, мазкур жамғарма ҳозирда янги лойиҳалар асосида ишлаш тизимига ўтган бўлиб, низом капитали 600 миллион АҚШ долларига етган ва уни янада ошириш имконияти мавжуд.

– Бу стратегик захира ҳисобланади. Шу боис жамғарма истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши ва инфратузилмавий лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этиши керак. У тўлиқ қувватда фаолият юритиши лозим. Аъзо давлатларни бу вазифани тезкор амалга оширишга чақираман, – деди Президент.

Шунингдек, Қозоғистон раҳбари ТДТга аъзо давлатларнинг қўшма “IT-хаб” марказини ташкил этиш таклифини ҳам илгари сурди.

– Марказга “Turkic AI” номи берилиши мумкин. Ушбу қўшма марказни “Alem.ai” маркази ҳудудида жойлаштириш мақсадга мувофиқ, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президент шу билан бирга сунъий идрок ва илғор технологиялар даврида маънавий ва маданий қадриятларга ҳам эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, туркий тамаддун меросини сақлаш ва ўрганиш нафақат тарихий хотирани тиклаш, балки туркий олам давлатларининг ўзига хос бирлиги ва ҳамжиҳатлигини намоён этувчи муҳим омил ҳисобланади. 

Қасим-Жўмарт Тўқаев туркий тамаддун меросини сақлаш ва уни кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Унинг таъкидлашича, туркий халқлар тарихий-маданий меросини ҳимоя қилиш ва уни ривожлантириш юзасидан Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу ҳужжат туркий халқларнинг тарихий-маданий бойлигини ҳимоя қилиш ва тарғиб этишда ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади ҳамда ЮНЕСКО фаолиятини бу йўналишда янада кенгайтиришга ёрдам беради.

Президент, шунингдек, сунъий идрок имкониятларидан фойдаланган ҳолда туркий халқлар тарихи ва маданиятига оид маълумотларни бирлаштирадиган махсус рақамли дастур яратиш муҳимлигини қайд этди. Ушбу лойиҳа кўп тилли шаклда амалга оширилиши керак бўлиб, ҳар бир тармоқ фойдаланувчиси онлайн тарзда туркий тамаддуннинг бой мероси билан танишиш имкониятига эга бўлади. Қозоғистон бу ташаббуслар юзасидан кенг қамровли рақамли ечимлар таклиф қилишга тайёр эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, Туркистон шаҳрининг туркий давлатлар учун маънавий аҳамиятини инобатга олган ҳолда, бу ерда “Туркий тамаддун” маркази ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилингани таъкидланди. Марказга тамал тоши қўйиш маросимида саммитда иштирок этган барча давлат раҳбарлари иштирок этди.

Қасим-Жўмарт Тўқаев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун қардош давлатлар раҳбарларига миннатдорчилик билдирди. Унинг таъкидлашича, марказ қардош давлатлар ўртасида қўшма илмий тадқиқотлар, маданий лойиҳалар ва таълим дастурларини амалга ошириш учун қулай имкониятлар яратади ҳамда гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Шу муносабат билан Марказ фаолиятини самарали ташкил этишда Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг илмий салоҳиятидан фойдаланиш таклиф этилди. Ушбу олий ўқув юртига зарур молиявий ва ташкилий кўмак кўрсатилиши ҳам таъкидланди.

Бундан ташқари, Астанада Буюк Дашт тамаддунига бағишланган махсус марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда. У ерда Буюк Дашт халқларининг тарихи ва маданияти кенг тарғиб қилинади.

Президент яна бир муҳим масалага тўхталиб, замонавий технологиялар ва гуманитар интеграция шароитида туркий тиллар учун умумий терминологик база яратиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда “Туркий Академия” томонидан инглиз, рус ва туркий тилларда саккиз жилдли терминологик луғат нашр этилгани қайд этилди.

Ушбу ишлар терминларни умумлаштириш ва умумий илмий маконни мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтилди. Шу муносабат билан туркий давлатлар мутахассислари ва илмий экспертларидан иборат Давлатлараро терминологик комиссия тузиш таклифи илгари сурилди.

УСТУВОРЛИК – БИРЛИК ВА ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШГА

Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)ни ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

– Бугун ташкилотимиз халқаро ҳамжамиятда юксак ишончга эга бўлиб, унинг нуфузи тобора ошиб бормоқда, – деди Президент.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Қозоғистон Россия томонидан илгари сурилган “Алтай – туркий тамаддуннинг бешиги” лойиҳасини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, “Алтай – мулоқот майдони” анжуманини ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилган. Туркия ташаббуси билан таклиф этилган “Туркий давлатлар ташкилоти+” формати қўллаб-қувватланди. Бу шаклни кенгайтиришда аниқ мезонлар ишлаб чиқилиши зарурлиги қайд этилди.

Президентнинг фикрича, янги шакл ташкилотнинг аниқ мақсад ва вазифаларига мос бўлиши, унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.

– Баъзи доиралар ташкилотимизни ҳарбий иттифоқ сифатида талқин қилишга уринаётгани кузатилмоқда. Бундай фикрларнинг асл мақсади бирликка раҳна солишдир. Қозоғистон бу каби ёндашувларни қатъий рад этади. Биз учун туркий олам бирлигини мустаҳкамлаш энг устувор вазифадир. ТДТ – бу ҳарбий тузилма эмас, балки савдо-иқтисодий, юқори технологияли, рақамли ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантирувчи майдондир, – деди Давлат раҳбари.

Президент ТДТ фаолияти йилдан-йилга жадаллашиб бораётганини қайд этиб, ташкилотни умумий ташаббуслар илгари суриладиган ва қўллаб-қувватланадиган муҳим мулоқот майдони сифатида баҳолади. У саммитда иштирок этган барча давлат раҳбарларига миннатдорчилик билдириб, қабул қилинган қарорлар туркий давлатлар тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.

Саммитда шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари ҳам кун тартиби бўйича ўз таклифларини билдирди.

ТДТ Бош котиби ташкилот доирасида амалга оширилаётган ишлар ва рақамли ислоҳотларга оид лойиҳалар ҳақида ҳисобот тақдим этди.

Саммит якунида аъзо давлатлар раҳбарлари Туркистон декларациясини имзоладилар.

ЯССАВИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИГА ЭҲТИРОМ

Саммитдан сўнг Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари Туркистондаги, туркий оламнинг энг улуғ маънавий ва тарихий обидаларидан бири – Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдилар.

Давлат раҳбарлари буюк мутафаккир ва маънавий устоз Хожа Аҳмад Яссавий ҳамда мазкур мақбарада дафн этилган тарихий шахслар хотирасини ёд этдилар.

Меҳмонларга маълум қилинишича, XIV асрда Амир Темур фармони билан бунёд этилган ушбу мажмуа 35 хонадан иборат. Бинонинг ички баландлиги 39 метрни, ташқи баландлиги эса 41 метрни ташкил этади.

Шунингдек, уларга туркий-ислом оламига мансуб машҳур мутафаккир ва шоирларнинг 45та ноёб асарини ўз ичига олган экспозиция тақдим этилди. Улар қаторида Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Дивони Ҳикмат”, Низомийнинг “Хамса”си, Навоий ғазаллари, Бақирғоний асарлари, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” достони ҳамда “Манас” эпосидан парчалар бор.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мақбарага усмонийлар даври хаттоти Аҳмад Шамсуддин Қораҳисорий томонидан кўчирилган қўлёзма Қуръони каримни совға қилди.

Шунингдек, ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари Туркистон ташриф марказига кириб, мақбара билан боғлиқ маънавий мерос ва ноёб тарихий осори-атиқалар билан танишдилар.

ТУРКИЙ ТАМАДДУН МАРКАЗИГА АСОС СОЛИНДИ

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари Туркистонда бўлажак Туркий тамаддун маркази қурилишига бағишланган тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этдилар. Ушбу рамзий тадбир янги йирик лойиҳани расман бошлаб берди.

Марказнинг асосий ғояси туркий халқларни жаҳон тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган буюк тамаддун яратувчилари сифатида намоён этишдан иборат. Унда давлатчилик анъаналари, бой фалсафа ва кўп асрлик маданий мерос мажмуавий тарзда акс эттирилади.

Лойиҳа доирасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, умумий тарихий меросни тизимлаштириш, маданий сайёҳликни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Марказ экспозициялари турли мавзуларга бағишланган ҳудудлардан ташкил топади.

Шунингдек, замонавий технологияларни кенг қўллаш режалаштирилган. VR ва AR технологиялари, голография, сунъий идрок ҳамда ёруғлик тизимлари ташриф буюрувчиларга тарихий воқеаларни гўё уларнинг иштирокчиси сифатида ҳис қилиш имконини беради.

ТЎЛИҚ РАҚАМЛИ ЭКОТИЗИМ ВА ТЕХНОЛОГИК ҲАМКОРЛИК

Қасим-Жўмарт Тўқаев Туркистонда ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити иштирокчиларига Қозоғистоннинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва минтақавий технологик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган асосий ташаббуслари ҳақида маълумот берилганини қайд этди.

Қозоғистон Бош вазир ўринбосари – Сунъий идрок ва рақамли тараққиёт вазири Жаслан Мадиев давлат раҳбарларига мамлакатда сунъий идрок стратегик устувор йўналиш сифатида қаралаётганини, шу асосда тўлиқ рақамли экотизим шакллантирилаётганини маълум қилди.

Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари ўртасида космик соҳада ҳам амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон билан ҳамкорликда илмий “CubeSat “сунъий йўлдоши ишлаб чиқилмоқда ва уни келгуси йилда учириш режалаштирилган.

Сунъий идрок давлат бошқарувига ҳам фаол жорий этилмоқда. “eGov AI” ассистенти ва “Alem GPT” дастури давлат хизматларини янада ақлли ва тезкор шаклга олиб чиқмоқда.

Қозоғистонда узлуксиз таълим тизими ҳам шакллантирилмоқда.

Халқаро “Alem.ai” маркази лойиҳалар ва мутахассислар учун асосий майдон бўлиб, у тадқиқотдан тайёр маҳсулотни жорий этишгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олади.

Шунингдек, транспорт-логистика соҳасини рақамлаштириш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Сунъий идрокни жорий этиш орқали жараёнларни соддалаштириш, харажатларни камайтириш ва транзит салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.

Саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқининг аввалида Буюк ипак йўлининг муҳим савдо ва маданият маркази ҳисобланган Туркистон шаҳрида норасмий саммит юксак даражада ташкил этилгани учун Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевга ташаккур изҳор этди.

Шунингдек, ТДТдаги самарали раислиги ҳамда тузилманинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга миннатдорчилик билдирди.

Туркий олам интеграцияси қардош халқларимиз тақдирига бевосита дахлдор бўлган узоқ муддатли стратегик масалага айланаётгани таъкидланди.

– Бугунги учрашувимиз жаҳонда турли зиддиятлар авж олаётган даврга тўғри келмоқда. Халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, дунёвий институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашмоқда. Бу муаммолар биздан ўзаро мулоқотларни фаоллаштириб, муҳим масалалар юзасидан уйғун ёндашувларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда, – деди Ўзбекистон Президенти.

Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти барқарор тараққиёт суръатларини намойиш этаётган нуфузли тузилмага айланди. Жумладан, 2025 йилда давлатларимиз умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди ва унинг суръати дунёвий юксалишдан икки баравар юқори бўлди.

Жорий йилдан “Туркий сармоя жамғармаси” фаолиятини бошлади. Марказий банклар кенгаши, “Яшил” молиялаштириш бўйича Туркий кенгаш” фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон раҳбари олдинда кўп қиррали муносабатларга тизимли тус бериш юзасидан долзарб вазифалар турганини қайд этди. Қолаверса, саммитнинг сунъий идрок ва рақамли тараққиёт мавзусига бағишлангани ҳам бежиз эмас.

Ш. Мирзиёев ўз нутқида ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш учун бир қатор аниқ ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон раҳбари дунёвий технологик жараёнларни инобатга олган ҳолда ташкилот доирасида сунъий идрок соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш лозимлигини таъкидлади.

 – Мазкур ташаббус квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш орқали иқтисодий юксалишнинг янги нуқталарини белгилашга хизмат қилади. Шунингдек, минтақавий маълумотлар алмашинувини таъминловчи “Рақамли туркий даҳлиз концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрида ТДТ аъзо давлатларининг Технологиялар анжуманини ўтказишни таклиф қиламан. Илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш ва тарғиб этиш учун Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ислом тамаддуни маркази” минтақавий йирик илмий-маърифий масканга айланмоқда. Шу кунларда мажмуада ТУРКСОЙнинг офиси очилди. Ушбу марказ ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан тарихий-маданий манбаларимизни ягона “Вig data” – катта маълумотлар базасига жамласа, халқларимиз учун фойдали иш бўларди, – деди у.

Юк ташиш жараёнларини соддалаштириш мақсадида аъзо давлатлар ўртасида “E-Permit” электрон рухсатномалар тизими тўлиқ йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Стратегик аҳамиятга эга бўлган ўрта даҳлизни айни пайтда қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш ва божхона маълумотлари алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш юзасидан амалий вазифалар белгиланди.

Иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатларни ташкил этиш мақсадида 2027 йилни туркий дунёда “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқи якунида таъкидлаганидек, заковат салоҳияти ва бирлик уйғунлиги Туркий оламни барқарор тараққиёт ва илғор ечимлар маконига айлантиради.

Тадбир якунида ТДТ мамлакатлари Қозоғистон ташаббуси билан “Осиё-Тинч океани минтақавий рақамли ечимлар маркази”ни ташкил таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлагани таъкидланди. Қозоғистонуш бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳамкорларга миннатдорчилик билдирди.

Akorda.kz маълумотлари асосида, 2026-05-18, 22:42 12
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.