26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Пешқадам ёшлар – юрт таянчи

Тадбиркорлик билан бир қаторда жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатаётган, эзгу ташаббуслари билан атрофдагиларга ўрнак бўлаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. 

Нодиржон Ҳасантоев ана шундай изланувчан, ташаббускор ва илғор фикрли ёшлардан.

Нодиржон Ҳасантоев 1991 йили Сайрам тумани, Қорабулоқ қишлоғида таваллуд топган. Қишлоқдаги Д. Қўнаев номли 48-мактабни муваффақиятли тамомлаб, тадбиркорлик соҳасига қадам қўйди. Волидаи муҳтарамаси Феруза опа “Қорабулоқ” мактабида рус тили ва адабиёти муаллимаси бўлиб ишлайди. Оилада уч нафар фарзанднинг иккинчиси. Падари бузруквори Акмалжон Ҳасантоев йўл-қурилиш олий таълим масканини имтиёзли диплом билан тамомлаган, қурилиш соҳаси мутахассиси. Нодиржон болалигидан спортга ошно, кураш билан шуғулланмоқда. Айни дамда “Ассамблея жастары” РЖБнинг вилоят вакиллиги раиси.

– Мактабни тамомладиму, тадбиркорлик билан шуғуллана бошладим, – дейди Н. Ҳасантоев. – Бишкекдан мол олиб келишни йўлга қўйдим. Хусусий дўконимиздаги ишчимиз армия хизматига кетгач, оилавий бизнесни юритиш менга юкланди. Бу мен учун ҳаётий тажриба мактаби бўлди. Олий таълим масканига ўқишга кирмоқчи эканимни айтганимда, отам мендан: “Мақсадинг фақат оқ ёқалик кўйлак кийишми? Ҳозирчи, ҳозир нима қиляпсан?”, деб сўради. Ўйланиб қолдим. Фақат диплом учун олий маълумот олиш эҳтиёжи нотўғри эканлигини англадим. Айни кунда 50дан зиёд ходимларимиз корхонамизда фаолият юритяпти. Астана, Алматида ўқиб келган олий маълумотли ходимларимиз – менинг жамоам. Бизнесимизни бошқар­япман. Қўлимда бирон бир илм даргоҳини тамомлаганлигимни англатадиган дипломим бўлмаслигига қарамай, ўз устимда доим изланишдаман. Таниқли ишбилармон, бизнес-тренер, ёзувчи Саидмурод Давлатовдан таҳсил олдим. Дунёдаги таниқли бизнес-тренерлар мухлисиман, уларнинг китобларини доимий мутолаа қилиб бораман, махсус машғулотларда иштирок этаман. Фаолиятимизни тизимлаштиришни ўргандим. Хўжалик моллари дўконини бошқарардим. Айни пайтда фирмамиз бинокорлик соҳасида фаолият юритади, кўрсатиладиган хизматлар учун тендерларда иштирок этамиз.

– Бизнес–устозлар ҳар қандай муваффақият аниқ мақсад қўйишдан бошланишини таъкидлашади. Сиз ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?

– Ҳозирда бир нечта иншоотлар, кўчмас мулкларимиз бор. Олдимга 50 ёшга қадар корхонамиз учун 10та иншоотни барпо этиш мақсадини қўйганман. 50 ёшимда эса фаол бизнес бошқарувидан четланишни режалаштирганман. Нега айнан 50 ёш? Чунки шу вақтга келиб бизнес ғояларим шаклланган тизим менинг иштирокимсиз ҳам самара беришига ишончим комил. Бу Саидмурод Давлатовнинг бизнес таълимотидан олган сабоқларим. У киши каби устозларим жуда кўп, улардан амалий илм олиб келяпман, умуман, илм олишдан тўхтамаслигимиз керак. 

– Режалаштирган натижаларга эришиш учун яна неча йил бор?

– Ҳозир 35 ёшдаман. Оилалиман ва уч фарзанднинг отасиман. Умр йўлдошим фарзандлар тарбияси билан банд. Мени бизнесда улкан чўққиларни забт этишга илҳомлантираётган инсон – рафиқам. Фаолиятимга аралашмаган ҳолда, мени улкан ишларга рағбатлантиради. “Қаердасиз, нимага уйга келмаяпсиз, қачон келасиз?” каби сўроқлар билан ҳуда-беҳуда тергов қилмайди. Афсуски, кўп эркаклар оиладаги нотўғри муносабат, ролларнинг алмашиб қолиши туфайли бизнесда юксак натижаларга эриша олмайди. Умр йўлдошим йирик давлатманд, сармоядор бўлишимизга ишонади ва мени руҳан илҳомлантириб келади. Бизнес одамининг нақд пули бўлмайди, банклардаги ҳисоб-рақамларидаги маблағи унинг салоҳиятини кўрсатади. Маблағ тўхтовсиз айланимда эканлиги яхши кўрсаткич. Ярим аср умр кўргач, жамғарилган маблағ ўз даромадини келтира бошлайди. Айни дамда фаолиятимзда фақат маблағ сарфланяпти, яъни сармоядор вазифасини ўтаяпмиз. 4та манзилдаги кўчмас мулкимиз бор, улар ҳам даромад келтиришади, хизмат кўрсатиш учун ижарага берилади. Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларимиз бор. Икки йил аввал 50 миллион тенгелик маҳсулотимиз яроқсиз ҳолга келиб, бир уюм темир-терсакка айланди ва 20 миллион тенге қарзимиз ҳам бор эди. Онам, энди нима бўларкин, деган хавотирда эдилар. Шукрки, айни кунда 100 миллион тенге маблағимиз айланимда. Янги техникаларни харид қилдик, ускуналар, дастгоҳларимизни янгиладик. Таниқли тадбиркор Бадриддин Нишонқулов курсларида шахсан иштирок этмасам ҳам, у кишининг фаолиятини кузатиб, уни ўзимга устоз, деб биламан ҳамда қилаётган ишларини кузатиб ҳам ўзимга етарлича сабоқ олаётган шогирдларданман. Мен ҳам у сингари бизнесимни таҳлил билан олиб бораман ва бу йўналишда илғорман. 

– Тадбиркорликдаги изланишларингиз жамоат ишларига халақит бермаяптими?

– Аксинча, жамоат ишларидаги фаолиятим ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган. Спорт беллашувларида иштирок этиб, турли тадбирларга ташаббускор бўлишим орқали жамоат ишларига кириб келдим. Дастлаб кураш мусобақасини ўтказиш ташаббуси билан ҳокимликка мурожаат қилган эдик. Таклифимиз қўллаб-қувватланди. Шу тариқа тадбирларимиз ҳар йили ўтказилиб, анъанага айланди. 2014 йилдан бошлаб, давлат идоралари раҳбарлари назарига туша бошладим. Сайрам туманининг 100 нафар энг фаол ёшлари рўйхатига кирдим. Мени ҳам спортчи, ҳам кўнгилли сифатида таний бошлашди. Арисдаги портлаш ҳамда Мақтааралдаги сув тошқини оқибатларини бартараф этишда туманимиз ёшлари билан турли хайрия тадбирларини ташкил этдик. Пандемия йилларида, карантин чоғида қишлоғимиз аҳолисига хизмат кўрсатдик. Туман миқёсида “Энг яхши кўнгилли” номинацияси билан тақдирландим. Ўтган йил вилоятимиз 100 нафар фаол ёшлари рўйхатига киритилиб, фаолиятим ҳақидаги маълумотлар китоб шаклида нашр этилди. ҚХАнинг 30 йиллигига бағишланган вилоят китобига ҳам мен ҳақимдаги маълумотлар киритилди. 2021 йили карантин даврида кўнгилли сифатида хизмат қилганимиз учун мамлакат Президенти Қ. Тўқаев илк бор медаль билан тақдирлади. Ўтган йили ҚХАнинг 30 йиллик юбилей медали билан тақдирландим. 2025 йилдан “Ассамблея жастары” РЖБнинг вилоят вакиллиги раисиман. Жорий йилда эса янги Конституция доирасидаги ислоҳотларни аҳолига етказиш, айниқса, ёшларга тушунтириш, уларнинг фаоллигини ошириш йўлида олиб борган ишларим эътиборга олиниб, ҚР Президенти Қ. Тўқаевнинг фахрий ёрлиғи ҳамда “Алтын барыс” кўкрак нишони билан тақдирландим. Туркистон шаҳрида ўтган Наврўз байрамида Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев билан мулоқотда бўлдим, унинг рухсати билан иккимиз ёнма-ён туриб, миллий либосларда суратга тушдик. Нафақат мен, балки Туркистон ёшлари учун унутилмас дақиқалар бўлди, деб ўйлайман. Жорий йилдан бошлаб “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ёшлар кенгаши” раиси сифатида фаолият юритяпман. Хизмат доирасида туманлардаги кенгаш раҳбарлари билан учрашиб, келгуси режалар ва мақсадларимизни белгилаб олдик. Бугунги кунда вилоят миқёсида ўтказилаётган қатор тадбирларда фаол иштирок этмоқдамиз. Хусусан,“Тоза Қозоғистон” тадбири доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. “Бирлик оромгоҳи” республика лойиҳаси ташкил этиляпти, шу билан бирга, туман ва шаҳарлардаги ташкилотимиз фаоллари сафини кенгайтиришни режаламоқдамиз. ”Ассамблея жастарына – 5 жыл” мавзуидаги тадбирлар доирасида “Қонун ва интизом” шиори билан ёшлар ва ўсмирлар орасида қўл курашидан Сайрам тумани ҳокимининг “Достық” кубогига бағишланган республика очиқ турнирини ўтказдик. Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб 

қиляпмиз. Унда 100дан зиёд спортчилар иштирок этиб, ғолиблар мукофотлар билан тақдирланди. Миллий китоб кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда талабалар ва ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб этиш юзасидан тарғибот ишларини олиб бордик. Ўтган йили ҚХА раиси ўринбосари М. Азилханов билан учрашувимиз чоғида фаолиятимизга юксак баҳо берилди. Дастлаб жамоат ташкилотида бир йил ишлашим режаланган эди. М. Азилханов 2026 йилда ҳам бу ташкилот фаолияти бошқарувини менга топширди. Бизнесдаги услубимни жамоат ишлари фаолиятига ҳам жорий этдим. Ўринбосарлар тайинладик, ижтимоий тармоқларда фаолиятимиз ҳақида маълумотларни бериб боряпмиз. Ҳар бир туманга раислар тайинладик. Хуллас, вилоятда иш жадал суръатларда олиб бориляпти. Бу ишлар самара бермоқда. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифамизнинг 60 мингдан зиёд обуначилари бор, демак, шундай катта оммага кириб боряпмиз. Масалан, бир тадбир ўтказиб, бир видеолавҳа жойладик, 80 минг киши томоша қилган, улар минглаб изоҳлар қолдиришибди. Қўшни мамлакатлар ҳам буни томоша қилиб, ишимизни қўллаб-қувватляшяпти. 

– “Дўстлик” ҳамжамиятидаги фаолиятингиз қандай бошланди? Тадбиркорлик ва жамоат ишларини қандай уйғунлаштиряпсиз? 

– Ташкилотимиздаги ишимизни энди бошлаяпмиз. Албатта, бу жараёнда қийинчиликлар ҳам учрамоқда. Масалан, ўзбек ёшлари орасидаги фаоллар ОТМларда таҳсил олишяпти, бошқалари иш билан банд. Шу боис, уларнинг аксарияти жамоат ишларида анча суст. Шунга қарамай, ташкилотимизнинг вилоят ва шаҳарлардаги вакилларини тайинлаб, иш олиб боряпмиз. Улар орасида етакчиларни саралаб оляпмиз. Фикримча, жамоат ишларидаги фаоллик инсоннинг келажагига кенг йўл очади. Бу ҳаёт йўлини белгилашида ҳам яхши самара беради. Айрим ёшлар “ҳақ тўланмайдиган ишга борсам, ўзимни ишим четда қолади”, деган қарашда. Аслида эса жамоат ишларида фаол инсоннинг дунёқараши кенгаяди. Изланувчан, ташаббускор инсонлар билан мулоқот инсонга катта куч ва тажриба беради. Энг муҳими, вақтдан унумли фойдаланишни ўрганиш керак. Шундагина, барча режаланган ишларга улгуришимиз аниқ. Эрта ухлаб, барвақт уйғониш – бараканинг муҳим омилларидан бири, деб ҳисоблайман.

Билимли, зиёли ёшларимиз кўп. Улар турли соҳаларда фаолият юритмоқда, замонавий дунёқарашга эга. Бироқ айримларида етакчилик салоҳияти етарли даражада шаклланмаганлиги сезилади. Турли миллатлар вакилларини бирлаштирадиган, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, биродарлик туйғуларини мустаҳкамлайдиган тадбирлар, айнан ўша салоҳиятни ривожлантиришда энг самарали воситалардан бири. Йигит-қизларимиз билимларини амалда қўллашни ўрганишади, жамоа билан ишлаш, масъулиятни ҳис қилиш, ташаббус кўрсатиш ва қарор қабул қилишни ўрганадилар. 

Шимкент шаҳрида ўтган “Китобсеварлар клуби”нинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиб, бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшлар билан танишдим. Бизга шундай фаол ёшлар керак. Шу сабаб режаларимизни янада аниқлаштириб олдик. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

2026-05-18, 21:04 95
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.