26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Илмим ватанимга хизмат қилсин!''

Хорижий мамлакатларда таҳсил олиб, халқаро тажриба тўплаган мутахассисларнинг ватанимизга қайтиб, билим ва кўникмаларини ёш авлодга улашиши алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, таълим соҳасида фаолият юритаётган бундай зиёлилар мамлакат келажагини белгилайдиган муҳим куч ҳисобланади. Суҳбатдошимиз Ғани Тлеуберди ҳам шундай устозлардан бири.

У 1999 йили Туркистон шаҳрида таваллуд топди. Шимкент шаҳридаги кимё-биология йўналишидаги Назарбаев заковат мактабини, Назарбаев университети математика факультетини грант асосида тамомлади. Сўнг Германиянинг Хоф шаҳридаги Амалий фанлар университетида таҳсил олди, DAAD стипендиати бўлди. 

– Нима учун айнан физика-математика ихтисослигини танладингиз? Аксарият ёшлар маркетинг, бизнес, менежмент соҳасини танлашади.

– Онам томонидан марҳум бобом Дарибай Алиев физика-математика фанлари доктори, бир неча йил мобайнида мактабда сабоқ берди, услубиятчи бўлиб ишлади, Туркистон шаҳар таълим бошқармасида фаолият юритди. Онам ҳисобчи, отам “Оңтүстік Жарық” корхонасида мутахассис. Ота-онам ва бобомнинг математикага қизиқиши менинг ҳаёт йўлимдаги аниқ йўналишни белгилаб берди. Назарбаев заковат мактабида таълим олиш, тугатгач эса, муносиб ОТМга кириш осон кечмади. Жуда кўп мисолларни ечиш, соатлаб 

тайёрланиш керак. Фарзандларимизни Заковат мактабига аввал руҳий жиҳатдан тайёрлашимиз керак, қолаверса, билимини пухталаш, махсус кўникмаларни шакллантириш билангина мақсадга эришиш мумкин. Аждодларим менга қувват берди. Математика мантиқий фикрлаш ва тўғри қарор қабул қилишни ўргатувчи муҳим фан. 2021 йили Германиядаги ОТМни тамомладим. Йиллар мобайнида инглиз тилини чуқур ўзлаштиришимга тўғри келди. Яна немис тилини ҳам ўзлаштирдим. IELTSдан 8 балл олган бўлсам, SATдан қўлга киритган кўрсаткичим – 1510га етди. Меҳнат фаолиятимни Шимкентдаги “Зияткер” хусусий мактабида бошладим. Мактабда ўқувчиларимни Назарбаев Заковат мактабига, Назарбаев университетига ва хорижий мамлакатлардаги нуфузли ОТМларга кириш имтиҳонларига тайёрлайман. Сўнг “Парасат” AJ мактабида ёшларга 3 йил мобайнида физика-математикадан сабоқ бериб, малакамни оширдим. Шимкентда таниқли Update курсларида шогирдлар тайёрладим. У ерда ҳам шогирдларим халқаро ОТМларда грант асосида таҳсил олишга имкон берадиган IELTS ва SAT имтиҳонларини муваффақиятли топширишди. Айни дамда Шимкент шаҳар ҳокимлигининг “Ёшлар маркази”даги “Community centre”да менежерман. Бундан ташқари, шогирдларимни онлайн имтиҳонларга тайёрлаяпман.

– Ёшлар марказига ташриф буюриб, ўз устида изланаётган ўсмирлар, талаба ёшлар ташаббуси билан ўтказиладиган тадбирларни бошқарасиз. Айни кунларда ёшларнинг муаммолари нимада деб ўйлайсиз?

– Афсуски, кўп ёшларимиз илмга қизиқишмайди. Хорижий давлатлар ОТМларида таҳсил олишни аксари йигит-қизларимиз ўйлаб ҳам кўришмайди. Ахир, дунё фақат Қозоғистон ҳамда қўл телефонларимиз бизга тақдим этаётган оламдангина иборат эмас-ку. Осон даромад топиш истагида тез бойиб кетиш орзуси уларни чалғитмоқда. Аслида ҳаёт қонунлари умуман бошқача. Нуфузли ОТМларда таҳсил олиб, ўз касбингнинг етук мутахассиси бўлиш ҳам мумкин. Лекин катта маошли иш дарров топила қолмайди. Бундай даражага йиллар ва тажриба орқали эришилади. “Агар ҳаёт сенга лимон тақдим этса, ундан лимонад тайёрла”, деган эски ва ҳозирги давримизга мос келмайдиган тамойилга асосланиб яшашади. Лимондан шарбат тайёрлаш учун тажриба, уни қабул қилишга эса инсоннинг тобланган руҳий қуввати, кенг дунёқараши керак. Ушбу тамойилнинг сўзма-сўз эмас, мажозий маъносини англаш учун руҳий қувват, бардош ва изланиш керак. Масалан, Назарбаев заковат мактабида дарслар 7:45да бошланиб, кечаси соат 18, баъзида 20га қадар давом этади. Хусусий мактаблар, курслардаги сабоқлар борасида ижтимоий тармоқларда бериб бориладиган реклама хабарларга ҳам диққатли бўлишимиз керак. Хусусий мактаблардаги курсларда 5-6 ой ичида инглиз тилидан халқаро тест топширадиган даражага етказиш ваъда қилинади. Бу жисмоний жиҳатдан имконсиз-ку, ахир? Рекламаларга алданманг. Яхши натижалар, ҳақиқий ютуқлар йиллаб, баъзида бир неча ўн йиллик меҳнатни талаб қилади. Қисқа муддат ичида катта натижага эришиш амри маҳол. Бу ерда жуда кўп тадбирлар талабалар ташаббуси билан уюштириляпти. Оммавий тадбирбозлик билан чекланиб қолмаслик керак. Илм йўли – машаққат йўли. Йигит-қизларимиз изланишларга, китоб мутолаасига аниқ соатларни ажратиши керак. “Бўш вақтимда китоб ўқийман эмас, балки китоб мутолаасига кунига фалон соат ажратаман”, қабилида фикрлайдиган ёшларимиз илмда, тараққий этаётган соҳаларда пешқадам, илғор бўлиши мумкин. Бу ерга келаётган ёшларнинг кўзларидаги учқунни кўриб, уларнинг илмда тенгдошларидан анча илгарилаб кетишларини тилайман. 

– Келгуси режаларингиз қандай?

– Илм йўлидаги изланишларимни давом эттираман. Магистратура йўналишида таҳсил олиш ниятидаман. Германиянинг 2та, АҚШнинг 3та ҳамда Италиянинг 1 университетидан магистратура йўналишида грант асосида таҳсил олиш таклифларини олдим. Назарбаев университети бизни жаҳон ОТМларида таҳсил олишга йиллар мобайнида тайёрлади. Масалан, у ерда бизга қарийб 60та давлатдан таклиф қилинган профессорлар сабоқ беришди. Ричард Фейнман, Пётр Капица, Лев Ландау сингари таниқли физиклар, Нобель мукофоти лауреатлари ўзимиздан ҳам чиқишига тилакдошман. Ўримбек Жаутиков (марҳум), Асқар Жумадилдаев сингари физика-математика олимларимиз издошлари кўпайсин. Хусусий математика мактабини ташкил этиш режам бор. Грант асосида юртимизнинг энг нуфузли университетида таҳсил олдим, Германияда иккинчи ихтисосликни эгалладим. Энди навбат магистратура босқичини қайси мамлакатда давом эттириш масаласи ҳал бўлмоқда. Олган билимларимни Қозоғистон ёшларига етказишни мақсад қилганман. Ҳозирги кунга қадар 50дан зиёд ўқувчиларим Назарбаев заковат мактабига ўқишга киришди, 60 нафар талаба Назарбаев университетида таҳсил оляпти. Қарийб 50 нафар шогирдларим хорижий давлатларда билим олишаётганида менинг ҳам ҳиссам борлигидан фахрланаман. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

2026-05-18, 21:08 57
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.