МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ ОРАСИДА “ЖАНУБИЙ ҚОЗОҒИСТОН” ВИЛОЯТ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ГАЗЕТАСИНИНГ 35 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ЭССЕЛАР ТАНЛОВИ ЎТДИ
Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаги Сабит Муқанов номли мактабда “35 йилликка – 35 тадбир” ташаббуси доирасида ҚР Мустақиллигининг ҳамда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг 35 йиллигига бағишлаб Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳридаги ўзбек тилида таълим берувчи мактабларнинг 10-11-синфлар ўқувчилари орасида “Мустақиллик – ифтихорим, келажагим” мавзуида эсселар танлови ўтди. Танловнинг мақсади – ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, Мустақиллик ғояларини кенг тарғиб этиш, ўқувчиларнинг ижодий фикрлаши ва ёзма нутқ маданиятини ривожлантириш эди.
Танловнинг дастлабки босқичи туманлар ва шаҳарларда ўтиб, иккинчи – якуний босқичга жами 16 нафар ўқувчи йўлланма олди. Улар: Саврон туманидаги 1-сонли мактаб ўқувчиси Фотима Алишерова, А. Мўлдағулова номли мактаб ўқувчиси Гулбону Амижонова, Кентов шаҳридаги М. Қошғарий номли мактаб ўқувчиси Самира Абдувоситова, Туркистон шаҳридаги Отатурк номли 17-сонли мактаб-гимназия ўқувчиси Ҳулкар Аминжонова, Ҳамза номли мактаб ўқувчиси Мадина Салоҳиддинова, Келес туманидаги Т. Бегманова номли мактаб ўқувчиси Ўктамжон Абдирамонов, Қазиғурт туманидаги Т. Тўла номли мактаб ўқувчиси Машҳура Йўлдошева, Тўлебий туманидаги “Жиланбузған” мактаби ўқувчиси Асал Икромова, Сайрам туманидаги М. Ауезов номли мактаб ўқувчиси Севинч Равшанбекова, А. Музрапов номли мактаб ўқувчиси Барчиной Жавлонова, “Қайнарбулоқ” мактаби ўқувчиси Нилуфар Алланурова, Тулкибош туманидаги А. Навоий номли мактаб ўқувчиси Отамурод Мирҳозиев, Шимкент шаҳридаги Ю. Сарёмий номли 107-сонли мактаб-гимназия ўқувчиси Ўғилжон Ҳавазматова, 111-сонли М. Маметова номли мактаб ўқувчиси Ҳусниябону Озодова, 113-сонли Ал Форобий номли мактаб ўқувчиси Шодиёр Шомаҳмудов, С. Муқанов номли мактаб ўқувчиси Солиҳа Мирқодировалар.
Шу ўринда, тадбирнинг С. Муқанов номли илм масканида ўтказилишини қўллаб-қувватлаган мактаб директори Ҳулкар Жамоловага самимий миннатдорчилик изҳор этамиз. Шунингдек, унинг ўринбосари Адҳам Йўлдошев ва жамоадаги барча устозларнинг жонбозлиги ва саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтгимиз келади.
Тадбирни “Жанубий Қозоғистон” газетаси ходими З. Мўминжонов очиб, танлов иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари билан таништирди. Шундан сўнг сўз олган “Жанубий Қозоғистон” газетасининг бош муҳаррири Р. Алибоев ушбу танловни уюштиришда яқиндан ёрдам берган ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси А. Исматуллаев, Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Б. Ирисметов, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Т. Нишонбоев, Туркистон шаҳри, Саврон, Сайрам, Қазиғурт, Келес, Тулкибош, Тўлебий туманлари, Қарноқ қишлоғи ЎЭМБ раисларига ҳомийлик ёрдами учун миннатдорчилик изҳор этиб, иштирокчиларга омад тилади. Таниқли сухандон, газетамизнинг жонкуяри Абубакир Хонхўжаев ҳам эзгу тилакларини билдириб, ушбу танлов ўқувчилар ҳаётида унутилмас воқеа эканини таъкидлади.
Таркибида Кентов шаҳридаги М. Қошғарий номли мактаб ўқитувчиси Ўринбосар Бобошев, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Муроджон Абубакиров ва газета мухбири Мухтабар Усмоновалардан иборат ҳакамлар ҳайъатининг қарорига мувофиқ, 1-ўрин ва 100 минг тенгелик сертификатга Кентов шаҳридаги М. Қошғарий номли мактаб-лицей ўқувчиси Самира Абдувоситова сазовор бўлди, 2-ўрин ва 50 минг тенгелик сертификатга Келес туманидаги
Т. Бегманова номли мактаб ўқувчиси Ўктамжон Абдирамоновга насиб этди, 3-ўрин ҳамда 30 минг тенгелик сертификатни эса Туркистон шаҳридаги Ҳамза номли мактаб ўқувчиси Мадина Салоҳиддинова қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорларга таҳририят томонидан пул мукофотлари, эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Тадбирда, шунингдек, эсселар танловида иштирок этган барча ўқувчиларнинг муаллимлари, шунингдек, мазкур тадбирни юқори савияда ташкил этишда жонбозлик кўрсатган С. Муқанов номли мактаб директори Ҳулкар Жамоловалар “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррири Р. Алибоев номидан ташаккурномалар ва совғалар билан тақдирландилар.
Робия ДЎСТОНОВА,
Келес туманидаги Т. Бегманова номли мактаб муаллимаси:
– Гўзал Шимкент шаҳрида Қозоғистон Республикаси Мустақиллигининг ва севимли рўзномамиз “Жанубий Қозоғистон”нинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Мустақиллик – фахримиз ва келажагимиз” мавзуидаги эсселар танловининг вилоят босқичида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдик. Танловда истеъдодли шогирдим, мактабимизнинг 11-“В” синф ўқувчиси Ўктамжон Абдирамонов иштирок этди. У ўзининг эссесида Ватан, истиқлол, она тилимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақида фикрларини ифода этди.
Ўктамжон каби ёшлар – ватанимиз келажаги. Ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, миллий ифтихор, мустақил юртимизга садоқат каби туйғуларни шакллантиришга қаратилган бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши, айни муддао. Танлов жуда юксак даражада ўтди. Ғолиблар сафида тақдирланган, рағбатлантирилган барча ўқувчилар ва устозларининг қувончи чексиз. Таассуротлари бир олам!
Долимжон САЙФУЛЛАЕВ,
Кентов шаҳридаги М. Қошғарий номли мактаб-лицей ўқитувчиси:
– Бугунги танлов ўқувчи ёшларимиз онгу шуурида, тафаккурида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ўқувчилар Ватан, Мустақиллик, тил, истиқбол тўғрисида шахсий мулоҳазалари орқали ўз дунёқарашини намойиш этдилар ва Ватанга муҳаббатини изҳор этдилар.
Самира АБДУВОСИТОВА,
Кентов шаҳридаги М. Қошғарий номли мактаб-лицей ўқувчиси, “Мустақиллик – ифтихорим,
келажагим!” эсселар танловининг 1-ўрин соҳибаси:
– Ҳар бир инсон қайси касб соҳиби бўлишидан қатъиназар, ўз она тилида эркин сўзлаши, фикрини аниқ баён этиши ва саводли ёза билиши керак. Бугунги танлов мана шу талаблар бўйича имтиҳон бўлди.
Танловга деярли бир ой тайёрландим. Эссе ёзиш қоидаларини яхши билганим учун юқори натижа кўрсата олдим, деб ўйлайман. Бизга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бераётган устозимдан миннатдорман. Бугунги танлов юксак савияда ташкил этилди. Берилган мукофотлар ўқувчиларнинг тилимизни ўрганишга бўлган интилишларини кучайтиришга ажойиб илҳом манбаи бўлгани ҳақиқат.
“Жанубий Қозоғистон” газетаси халқимизнинг севимли рўзномаси бўлиб қолаверади.
Моҳира РИХСИМБЕТОВА,
Қазиғурт туманидаги Туроб Тўла номли мактаб муаллимаси:
– Мазкур танлов ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва ижодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, танловнинг Қозоғистон Республикаси Мустақиллиги каби улуғ ва шарафли санага бағишлангани, шунингдек, “Жанубий Қозоғистон” газетасининг 35 йиллиги билан уйғун ҳолда ташкил этилиши тадбирга алоҳида мазмун бахш этади.
Бундай танловлар ўқувчиларни фақат билим олишга эмас, балки ўз юртига бўлган муҳаббатини ҳис этишга, келажак учун масъулият билан яшашга ундайди. Шу билан бирга, ёш қаламкашларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлашда ҳам тадбирларнинг ўрни беқиёс.
Келгусида маънавий-маърифий аҳамиятга эга танловлар сони ортаверишига умид билдирамиз. Чунки Мустақиллик – бу фақат тарихий неъмат эмас, балки ҳар биримиз асраб-авайлашимиз лозим бўлган буюк қадриятдир.