26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адабий дўстлик – абадий дўстлик

Адабиёт – олтин кўприк. Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда, адабиётнинг ўрни беқиёсдир. Забардаст адибимиз Абдулла Қаҳҳор “Адабиётсиз ҳаёт ваҳшийликдир”, деб бежиз айтмаган. Адабиёт инсонларга маънавий ва маданий тарбия берибгина қолмай, унинг тафаккурини, дунёқарашини кенгайтиради.

Адабиётдан хабари, билими бор одам одоб-ахлоқ доирасидан чиқмасликка, ҳар бир ишга ақлан ёндашишга ҳаракат қилади. Шунинг учун у ҳаётда кам қоқилади ва кўп яхши натижаларга эриша олади. 

Шимкент шаҳридаги А. Қуатбеков номли Халқлар дўстлиги университетида “Халқлар дўстлигини ривожлантиришда адабиётнинг роли” мавзуида халқаро семинар ўтди. Тадбир ушбу олий ўқув юртининг устоз-талабалари, маҳаллий шоир-ёзувчилар ҳамда қўшни давлатлардан ташриф буюрган таниқли ижодкорлар билан учрашув-мушоира тариқасида, қизиқарли ва мазмунли ташкил этилди.

Тошкент шаҳридан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси – беназир ижодкор Назира Ас-салом – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг умр йўлдоши ва таниқли шоира Нурхон Аюб қизи, Тожикистон Республикасидан Тожикистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сухандон ва иқтидорли шоира Солиҳа Алимовалар тантананинг қадрли меҳмонлари бўлишди. Улар билан бирга Эркиной Султонова бошқараётган “Чимкент” ижодий уюшмаси аъзолари Тошбуви Йўлдошева, Моҳинисо Усмонова, Феруза Олимжонова, Раҳима Бўронова, Моҳида Йўлдошева, Элдор Татиев, вилоят “Чашма” ижодий уюшмаси аъзоси шоира Гули Осиё, “Илҳом булоғи” ижодий уюшмаси аъзоси Шоҳбек Ирисмат ва бошқалар кечанинг файзли ўтишига ҳисса қўшди. 

Тадбирда сўз олган “Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қўш қанот” ижод жамғармаси раиси, Ўзбекистон “Жадидлар” илмий марказининг Қозоғистондаги вакили Элдорбек Татиев халқлар дўстлиги ҳақида тўлқинланиб сўзлади. 

– Биз туркий халқлар тилимиз-динимиз бир, бизга таржимоннинг кераги йўқ. Адабиёт соҳасида эса, А. Навоийни ўқимаган қозоқ, Абайнинг “Насиҳатлари”ни ёд олмаган ўзбек йўқ. Адабий дўстлик – абадий дўстликдир. Бизнинг вазифамиз адабиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мана шундай тадбирлар орқали таниқли ижодкорларнинг ҳаёт ва ижод йўллари билан ёшларни таништириш, бадиий адабиётга қизиқишни оширишга эришишдир.

– Биз Назира Ас-салом билан азалдан икки давлат ўртасида воситачимиз. Неча марта Ўзбекистонда, Қозоғистонда тадбирларда бирга бўлдик, бирга китоблар чиқардик, бунинг натижасида адабиёт олтин кўпригига озми-кўпми улуш қўша олдик, – деди Қозоғистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, ўндан ортиқ наср ва назм бўйича китоблар муаллифи, таниқли шоира Эркиной Султонова.

– 2024 йили Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфга бағишланган Қозоғистон ўзбек ижодкорларининг шеърларини тўплаб, Тошкентда “Муҳаммад Юсуфни хотирлаб...” номли китоб чиқариб, 70 йиллик юбилейига тақдим қилдик. Ўзбекча-қозоқча таржималарни ҳам бошлаб юборганмиз. Насиб этса, яна ҳам ҳамкорликни кучайтириб, улкан ишларни амалга ошириш ниятимиз бор. 

Ўз навбатида Назира Ас-салом сўзга чиқиб, кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Умр йўлдоши Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотираларини меҳмонлар билан ўртоқлашди.

Тожикистонлик шоира Солиҳа Олимова ҳам ўз навбатида, самимий изҳорларини тақдим этди.

– Мен Қозоғистонга келаётиб бепоён далаларга, кенг яйловларга қараб, ўлканинг бетакрор табиатидан завқландим. Қиш бўлишига қарамай, бу диёрдан илиқлик ҳис этдим. Қор қоплаган кенгликлардан кўзимга нур, дилимга шуур олдим. Албатта, битта чиройли шеър битишга мавзу топилди. Сизлар билан дийдорлашиб турганимдан беҳад мамнунман. 

Шоира яна оналар ҳақида ёзган шеърини ўқиб берди.

Таниқли ижодкорлардан Тошбуви Йўлдошева, Нурхон Аюб қизи, Гули Осиё ва бошқалар ёшларга ҳаёт сабоқлари, ибратларидан ўгит-насиҳатлар айтиб, сўнгра шеърларидан намуналар ўқишди. Элдор Татиев “Ҳайратларим” номли янги чиққан насрий китобини мухлисларига тақдим этди.

Ўз навбатида, ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти медиатори Аббос Шомирзаев тадбир ҳақида илиқ фикрларини билдириб, меҳмонлар, тадбир иштирокчилари ва ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди. 

Мушоира якунида ижодкор ёшлардан Майсара Сафарова Муҳаммад Юсуфнинг “Лолақизғалдоқ” шеърини қозоқ тилида ўқиди. 

Мазмунли тадбир учун Халқлар дўстлиги университети ректори, профессор Рабиға Қуатбекова раҳбарлигидаги жамоа аъзоларига ҳамда асосий ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, келгуси эзгу ишларига ривож тилаймиз. 

Гулиосиё ҲАСАНОВА, “Ижодкор” адабий бирлашмаси аъзоси, 2026-02-07, 03:45 3
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.