Ҳар бир миллат маънавий қиёфаси унинг адабиёти, насри ва назмида яратилган бебаҳо асарлари орқали намоён бўлади. Шимкент шаҳридаги “Дўстлик уйи”да ўзининг самимийлиги, бетакрор оҳанги ва юксак ватанпарварлик руҳидаги мисралари билан ўзига хос ўринни тутган беназир шоир Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишлаб ўтказилган тадбир “Китобсеварлар клуби” саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилди.
Фаол ёшлар ташаббускор бўлган шеърият кечаси Шимкент шаҳар ЎЭМБ раиси Тоҳир Нишонбоев, “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси ўринбосари Шуҳрат Рўзиматов, ҳамжамият оқсоқоллар кенгашининг фахрий раиси, таниқли устоз Бегмат Турдиқулов, Шимкент ЎЭМБ қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Ўктам Иброҳимов очиб беришди. Сўзга чиққанлар шеъриятнинг инсон маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, Муҳаммад Юсуф шеърларининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Шоир шеърлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва эзгулик туйғуларини шакллантиришида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
– Афсуски, шеър ихлосмандлари бугун кўп эмас, – дейди Б. Турдиқулов. – Китобхонларнинг аксарияти шеър тўпламларини шунчаки варақлаб қўйишади, мисраларнинг маъносини чуқур англамайди. Шеърга муҳаббатни оилалардан, қолаверса, мактабдан уйғотишни бошлаб шакллантириш керак. Шундагина шеър инсон ҳаётининг бир қисмига айланади. М. Юсуф шеърлари орқали ёшларни шеъриятга қизиқтириш мумкин. Шогирдларимизга сабоқ берган даврларимизда ҳам ўқувчиларимиз кўпроқ хассос шоиримизнинг шеърларини севиб ўқирдилар. Шоир қисқа умр кўрган бўлса-да, ўзининг ёрқин ижоди билан халқ қалбидан жой олди. Унинг ижоди Ватанни куйлаш, уни улуғлаш, фидойилик кўрсатиш, миллатпарварлик руҳидаги шеърлар ёзган шоирлардан анча юксакда. Шоир туғилган гўшасига муҳаббатни “Парижнинг энг гўзал ресторанларини битта тандирингга алишмасман мен”, деган мисралари билан етказган. Юрагида миллатпарварлик руҳи кучли бўлган, ватанини чин дилдан севадиган инсонинг сўзлари бу. Она заминга садоқат борасида қаҳрамонимиз Бауржан Мўмишулининг иқтибосини келтиргим келади – “Ватан учун ўтга туш – куймайсан”. Фидойиликни шоиримиз Муҳаммад Юсуфчасига ифодалаб берган. Китобларни ўқинглар. Ў. Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асари қалбимда бетакрор ҳисларни уйғотади. Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиб, руҳан тўлқинланаман.
– У қадар шеъриятга қизиқмасам-да, Муҳаммад Юсуф шеърларининг содда тилда ёзилиб, қалб қўридан жой олишига ишонч ҳосил қилдим, – дейди Ўктам Иброҳимов. – Марҳум шоир таваллудининг 70 йиллиги Ўзбекистонда жуда катта байрамга айланди. Ғиёс Бойтоевнинг концертига оилавий ташриф буюрганимизда, хонанда қўшиқ яратишда, асосан, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларидан фойдаланишини айтиб, ўша пайтда хасталаниб қолган шоиримизни саҳнага таклиф қилди ва эҳтиром кўрсатди. Унинг ихлосмандлари кўплигига, шоир ҳақиқатан ҳам халқимизнинг севимли ижодкори эканлигига ишонч ҳосил қилганман.
Шимкентдаги ОТМларда таҳсил олаётган жамоат ишларида фаол, иқтидорли, шеърият шайдоси бўлган талабалардан – Сардорхон Назирхонов, Ҳаётилла Абдуллаев, Дилдора Отажонова, Рўза Абдуҳамидова, Дамира Абилова, Ҳилола Ўлжабоева, Нозима Эртаева, Фарангиз Муҳаммадамин шоирнинг ижодидан севимли шеърларини ифодали ўқишди. Улар ижросида тақдим этилган сержилва рақслар, саҳна кўринишлари тадбирга алоҳида файз бағишлади. Шоирлардан журналист Иброҳим Туркий, “Чимкент” ижодий уюшмаси раисаси, шоира Эркиной Султонова (Шамсиқамар), уюшма аъзолари Нурхон Аюб қизи, Феруза Олимжонова, Зарифа Рўзиматова, Моҳиниса Усмонова, Санобар Турсуметова М. Юсуф шеърларининг мухлиси Ҳавазмат Исаметов, истеъдодли муаллима Ақида Бегматова, ижодкор Валижон Азим сўзга чиқиб, шоир шеърларидан ўқишди. Унинг хотирасига бағишланган хотира китоблари, рисолаларини “Китобсеварлар клуби”га армуғон қилишди.
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қарашли “Дўрмон” ижод уйида ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлдим, – дейди И. Ҳуккиев. – Таассуротлар бой. Ҳаяжонларимни сўз билан ифодалаш мумкин эмас. Қачонлардир биз ҳавас қилган, орзу қилган инсонларнинг руҳини, уларни дунёга танитган асарлари ёзилган маскандаги ўзига хос ва бетакрор ижод муҳитини ҳис қилдим. Ўша ерда севимли шоир Муҳаммад Юсуфнинг хонадонини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилиш насиб этди.
– Бугунги тадбир адабиётимиз ихлосмандларини бир жойга жамлади, – дейди Ш. Рўзиматов. – Бу ижодий учрашувни “Китобсеварлар клуби”нинг рамзий тақдимоти, десак ҳам муболаға бўлмайди. Жамоат бирлашмасининг фаол тадбиркорлари мазкур кутубхонани ташкил этишда жонбозлик кўрсатишди. Китобхон дўстларимизни бу ерга келиб туришга тарғиб қиламан, китоб мутолаасига таклиф қиламан.
Самимий сўзлар, халқ дарди ва руҳияти тадбир иштирокчилари қалбига етиб борди. Ёшларимиз орасида шеър ихлосмандлари кўпайишига, илм ва китобга муҳаббатни кучайтиришга имкон яратиб беролсак, демак мақсадларимиз амалга ошган бўлади.