26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Юрт осойишталиги, ватан равнақи йўлида

Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилганлигининг 30 йиллиги билан ҳамоҳанг келган ҚР ўзбек ЭМБнинг “Дўстлик” ҳамжамияти ҳам навқирон 30 йиллик тўйини нишонлади. Ҳамжамият миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маънавий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш борасида салмоқли ишларни амалга оширди. Бугунги кунда Қозоғистон ўзбеклари маданий-маърифий соҳада, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок этмоқда. Самарали қўшничилик муносабатлари, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик янги босқичга кўтарилди. Бунда халқимиз фидойилари, оқсоқоллари, фаоллари билан аҳилликда ҳамжамиятни бошқараётган раҳбарнинг ҳам ҳиссаси беқиёс. Ҳамжамиятнинг яқинда ўтадиган қурултойи арафасида унинг раиси Икром Ҳошимжонов билан мулоқотда бўлиб, амалга оширилган ишлар, ютуқлар ва келгуси режалар ҳақида фикр алмашдик.

– ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси вазифасида энг узоқ муддат фаолият юритган раҳбарсиз, фаолиятингизга 9 йил тўлади. Сизнингча, унинг асосий мақсад ва вазифалари кўнгилдагидек амалга ошдими?

– Дарҳақиқат, 2016 йили 27 ноябрдан эътиборан бошқарувни зиммамизга олган эдик. Тўққиз йил мобайнида иш олиб боришга муваффақ бўлдик. Савол туғилиши табиий. Нима учун бошқарувда 5 йилдан зиёд фаолият юритдик? Аввало, таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг 6 июлида ташкилотимиз қайта рўйхатдан ўтиши учун адлия муассасасига ариза йўлладик. Мамлакатимиз шаҳар ва вилоятларидаги таъсисчиларнинг давлат бюджети олдидаги қарзлари туфайли тирковдан ўтказишмади. 2018 йили биз адлия муассасасига такрор мурожаат қилдик. Ўша йили ҚР Президентининг 702-сонли қарори чиқди. Унга кўра, ЖҚВ ўрнига маркази Туркистон шаҳри бўлган Туркистон вилояти ва мегополис Шимкент шаҳри ташкил этилди. Мазкур қарордан сўнг ҳужжатлаштиришга оид ишимиз бироз тўхтади. ЖҚВдаги иккита ўзбек этномаданият бирлашмалари Шимкент шаҳри ва Туркистон вилоятидаги бирлашма сифатида қайта рўйхатдан ўтиб, низомни олгунларича анча вақт ўтди. 2019 йили пандемия даври бўлди. Уч йил мобайнида ишлар умуман тўхтатилди, оммавий тадбирларга чек қўйилди. Пандемия даври тугагандан сўнг 2022 йили ишни давом эттириб, Астана шаҳрида ҚХА сессияси чоғида ҚР Адлия вазири ўринбосари билан учрашиб, вазиятни англатдик. Сўнг Шимкент шаҳрида барча ҳужжатлар, таъсисчилар шартномасини тайёрладик. 2023 йили апрель ойида Астана шаҳрида барча даражадаги ЎЭМБ раислари янги Низом билан танишиб, таъсисчилар шартномасини имзоладик. 2023 йилнинг 14 сентябрида янги Низомни қўлга киритдик. 2024 йил апрелнинг охирида сессияда ҚХА Раиси муовини Марат Алмасули билан учрашув чоғида ҳамжамиятимизга 30 йил тўлаётганлиги, қурултой ўтказишни режалаштираётганимизни маълум қилдик. У “Аввал ҚХАнинг 30 йиллигини ҳамкорликда ўтказайлик, сўнг, “Дўстлик” ҳамжамиятининг 30 йиллигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказайлик, ўша тадбирлардан сўнг қурултойга тайёргарлик кўрсанглар”, дея фикр билдирди. Жамоатчилик ишини юритиш – машаққатли юмуш. Шу боис, яна бироз муддат ҳамжамият раиси сифатида фаолият юритишимга тўғри келди. Ўйлайманки, халқимиз амалга оширилган тадбирлардан ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВ орқали воқиф бўлмоқда ва холисона баҳо бермоқда.

– Сўнгги йилларда ЎЭМБ фаолиятида қандай янгиликлар, ижобий ўзгаришлар кузатилди? Ёшлар билан ишлаш борасида ҳамжамият қандай лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этди? Миллий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда қайси ташаббуслар самара беряпти?

– Ҳамжамият фаолиятида янгиликлар етарли, ижобий ўзгаришлар ундан-да бисёр. Масалан, ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилди. Қозоғистон халқи Ассамблеясининг XXXIII сессиясида Ассамблея Раиси – Президент Қ. Тўқаев топшириғига мувофиқ ҚР ЭМБ раислари ўзларига ўринбосар сифатида йигит-қизлардан ёшлар қаноти раҳбарини тайинлаб, фаолиятни жонлантириш зарурлиги таъкидланган. Биз ҳам ана шу имкониятдан фойдаланиб, Астана шаҳрида фаолият юритаётган “Астана Опера” театри ва “Шымкент концерт” ташкилотининг ва балет театрининг яккахон хонандаси Неъматилло Зикриллаев номзодини илгари сурдик. Санъаткор ўз фаолиятини Астана шаҳрида бошлаган. Шимкентда эса аввал М. Ауезов номидаги университетда таҳсил олиб, талабалар альянсини бошқарган Бердиёр Ҳошимжоновнинг ўрнига иқтидорли ёшлар вакили Шоҳбек Ирисбек турли тадбирларни уюштиришда кўнгилли сифатида турфа миллат талабаларига етакчилик қилмоқда. Маънавиятимиз, маданиятимизни юксалтиришга қаратилган ишлар, ташаббуслар қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси билан ҳамкорликда ўша давлатлардаги миллатдошларимиз онлайн, оффлайн ўтказилган анжуманларимизда иштирок этишди. Сўнгги йилларда кўплаб халқаро анжуманлар ўтказиш анъанага айланди. Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонлик меҳмонлар ушбу халқаро анжуманлар юксак савияда ўтганлигини таъкидлашяпти, биз бундан албатта, хурсандмиз. Хусусан, Қазиғурт тумани маслаҳати депутати, туман ЎЭМБ раҳбари Жавлон Собит халқаро миқёсда ҳар йили май ойида “Ошга марҳабо!” танловини ўтказиб келмоқда. Таниқли шоир, ҳамюртимиз Туроб Тўланинг 100 йиллиги ҳам кенг нишонланди. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида ўтган тадбирларда қазиғуртликлар фаол иштирок этишди. Бу – яхши қўшничилик алоқалари кун сайин мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Шимкент, Туркистон ва Тараз шаҳарларида ҳар бир тадбирнинг юксак савияда ўтказилиши ЎЭМБлар раҳбарларининг фаоллигидан далолат. Минтақалардаги ташкилотларимиз ҳамжамият билан тиғиз алоқада фаолият юритишмоқда. Ай​ниқса, ёшлар тарбияси кун тартибидаги муҳим масаладир. “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” доирасидаги тадбирларга ёшларни жалб этмоқдамиз.

Шунингдек, ҳамжамият раиси ўринбосари Ж. Ташенев номидаги университет Академик мобиллик бўлими раҳбари, педагогика фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори Шаҳло Норалиева ўтказган жорий йилдаги халқаро тадбирлар – буюк мутафаккирлар Алишер Навоий ўқувлари, Заҳириддин Бобур ҳамда Абай Қунанбаев таваллудига бағишланган анжуманлар икки эл ўртасидаги маънавий, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлади. Ўтган йили уюштирилган тадбирларда таниқли адиблар ҳамда шоирлардан – Сабит Муқанов, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, собиқ Иттифоқ даврида дўст тутинган икки эл оғалари Шароф Рашидов ҳамда Динмухаммед Қўнаев тимсолларини яратдик. Жорий йил май ойида Буюк Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб, ёшлар ўртасида қатор маданий, спорт тадбирларини уюштирдик. Ёшларимиздан умидимиз катта. Улар турли тадбирларда кўнгилли сифатида фаол иштирок этишмоқда. Таълим соҳасида эса 2005-2023 йилларда миллий мактабларда кўп тилли таълимга масъул ходимлар давлат сиёсатини амалга оширишда Марказий Осиё мамлакатларида давлат тилини пухта ўзлаштириш ва кўп миллатли жамиятга интеграциялашиш мақсадида халқаро “Минтақавий мактаб” фаолиятида фаол иштирок этиб, 6та тажриба мактабининг илғор тажрибасини оммалаштириш мақсадида, қарийб 80га яқин тадбирлар ташкил этилди. Бундан ташқари, таянч ва қалдирғоч лойиҳа сифатида мактаб ўқитувчилари Эстония, Латвия, Қирғизистон, Тожикистон, Грузия давлатларининг тажрибаси билан танишиб, ўз мактаб моделини яратмоқда, халқаро ва республика миқёсидаги тадбирларда иштирок этишмоқда. Сўнгги йилги мониторинг натижаларига кўра, таълим сифати яхшиланиб, ҳамюртларимиз орасида ОЎЮ давлат гранти ва “Алтын белгі” соҳиблари сафи кенгаймоқда.

– Ҳамжамият фаолиятида хотин-қизларнинг иштироки қай даражада? Уларнинг ташаббусларига қандай имкониятлар яратилди?

– ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти тараққиётида хотин-қизларнинг хизмати беқиёс. Анвар Исмоилов номидаги касбий коллеж директори Гулчеҳра Исмоилова ҳамжамият қошидаги хотин-қизлар кенгашини бошқаради. Кенгаш аъзоларининг фаоллигидан жуда мамнун бўлдик. Туркистон, Жамбил, қолаверса, қўшни вилоятлардан иштирок этган вакиллар долзарб масалаларни муҳокама қилишди. Ўзбек тўйларидаги иллатлар маънавиятимиз тараққиётидаги салбий кўринишлардан бири эканлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Бу – ҳақиқат! Урф-одатларимизга ёт иллат ва салбий одатларга барҳам бериш ҳамда исрофгарчиликка чек қўйиш бош мақсадимиз. Марҳума, фидойи устоз Нурхон Дўсметова хотин-қизлар кенгаши фаолиятини тўкис йўлга қўйган эди. Ушбу йўналишда ташаббус кўрсатаётган онахонларимиз, опа-сингилларимиз, талаба қизларимиз сафи тобора кенгайиб бораётганидан мамнунмиз. Оилаларни мустаҳкамлаш, унинг аъзолари ўртасида аҳилликни, меҳрибонликни шакллантириш, фарзандларимизни мустақил ҳаётга тайёрлаш орқали жамиятда ўз ўрнини эгаллашига замин яратамиз. Фаолиятимизда энг муҳим йўналиш – миллатлараро муносабатларни яхшилаш, қардошлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш. Бунга эришаётганимиз ҳам сизу бизнинг ютуғимиз. ҚХА кенгаши аъзоси бўлганлигим боис, ватанимизда истиқомат қилаётган 130дан зиёд этнос вакиллари ўртасида бирдамликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни амалга оширишимиз муҳим. 9 йиллик фаолиятимиз мобайнида масжидларда намозларда иштирок этаётган халқимиз вакиллари билан бирга, тотувлик ҳамда аҳиллик борасида маърузалар уюштирдик. Айни дамда миллатлараро муносабатлар кунимизнинг долзарб масаласига айланган. Ваҳоланки, тинчлиги йўқолган мамлакатнинг порлоқ келажагини тасаввур қилиш мушкул. Нотинч, таҳликали даврини бошдан кечираётган мамлакатлардаги сиёсий, иқтисодий, маънавий вазиятнинг қандайлигига ўзимиз гувоҳмиз.

– Қозоғистондаги ўзбек этноси вакилларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги қай даражада йўлга қўйилди? Келгуси йил учун ҳамжамият қандай устувор вазифаларни белгилади?

– Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасида ҳамжамиятимизнинг ўрни ҳамда мавқеи юксаклигини ҳис қилиш биз учун фахр. Ўзбекистондаги “Халқаро Амир Темур жамғармаси”, Маънавият ва маърифат маркази, Тошкент Давлат Хореография академияси, А. Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Шарқшунослик университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Қуролли кучлар Академияси ҳамда бошқа муассасалар билан ҳамкорлигимиз ҳамжиҳатлик йўлидаги улкан маънавий фаолият. Маънавий ютуқ. “Ватандошлар” жамоат жамғармаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик фаолиятимизнинг алоҳида нурли саҳифасини очди. Ушбу жамғарма ҳамжамиятимизга 15 мингдан зиёд ўзбек тилида (кирилл ҳамда лотин ёзувидаги) бадиий адабиёт, миллий мусиқа асбоблари ва миллий либослар тақдим этди. Бунинг учун жамғарма раиси Одилжон Сатторовга миннатдорчилик билдирамиз. Мазкур совғаларни ўзбек тилида таълим берадиган мактабларга тарқатдик. Шоир ва ёзувчиларимизнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ижодий мулоқот олиб боришлари икки давлат ўртасидаги гўзал дўстликнинг рамзи ва андазасига айланиб улгурди. Биз беғубор ва самимий дўстликнинг қозоғистонча шаклини яратдик ва уни янада такомиллаштириш йўлидамиз. Ҳар йили ноябрь ойида ҚХА доирасидаги тадбирлар билан бирга ҳамжамиятимизнинг ҳам алоҳида иш режаси тузилади. Келгуси йил учун иш режамиз тайёр. Шулардан бири – Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон шоир ва адибларининг Дўрмонда ижодий учрашувини ўтказишни режалаштирганмиз. “Халқаро Амир Темур жамғармаси” Соҳибқироннинг 690 йиллигини юксак даражада нишонлаш учун ҳозирдан тайёргарликни бошлаб юборган. Ушбу тадбирдан воқифсизлар, у Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида ўтди. Навбатдаги анжуман Қирғиз Республикасида, буюк мутафаккир Алихонтўра Соғуний таваллуд топган Тўқмоқ шаҳрида ўтказилиши режаланган. Мазкур минтақа тарихи залворли шаҳар бўлганлиги боис жорий йил сўнггига қадар анжуман ўтказилади. Келгуси йилнинг 20-30 март кунлари Қозоғистонда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

– Қурултой олдидан ҳамжамият аъзоларига, ҳамюртларимизга қандай ниятлар ва тилаклар билдирган бўлардингиз?

– Қурултойга ҳам саноқли кунлар қолди. Муҳим анжуман арафасида биз аввало, мен билан ҳамнафас бўлган ҳамжамият кенгаши аъзолари, фаоллари ва тадбиркорларга, шунингдек, ишимизга холисона ва одил баҳо бериб келаётган халқимизга улкан миннатдорчилик билдираман. Қайси мамлакатга бормай, қандай тадбирда иштирок этмай, мени ҳамиша қўллаб-қувватлашди, зиммамга юкланган вазифалар ижросини бир ёқадан бош чиқарган ҳолда таъминлашга ҳисса қўшишди. Шу боис, халқимиз олдида таъзимдаман. ЎЭМБга келишимга хизмат кўрсатган маориф соҳаси ходими, таниқли устоз Бегмат Турдиқулов сабабчи бўлганди. У 1998 йили Қ. Мунайтпасов номидаги марказий ўйингоҳ раҳбари муовини лавозимида фаолият юритаётганимда келиб, “Ўзбек маданияти марказини бошқар, сенда бошқарувчанлик салоҳияти бор, бирга ишлаймиз”, дея маслаҳат берган эди. Жамоатчилик ишининг машаққатли, кенг қамровли ва масъулияти жуда залворли эканлигини тасаввур қилолмасдим. Ваҳоланки, давлат хизматида, ҳар бир лавозимнинг аниқ мақсад ва вазифалари мавжуд. Табиийки, сизни рағбатлантириб турадиган маоши ҳам тайин. Лекин жамоат ишида-чи?..

Ёзилмаган, бироқ қатъий амалга оширилиши жоиз юксак вазифа зиммамга юкланди. Тўзимлилик, миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, жамоат ташкилотлари билан фаол ва дўстона муносабатларни йўлга қўйиш вазифалари топширилди. Атрофимда дастлаб, зиёли инсонлар жамланди. Таниқли устоз-мураббийлардан, Т. Исмоилова, Р. Муҳаммаджонова, марҳума Нурхон Жамол қизи, М. Мусаева, олимлардан Н. Алметов, Ш. Норалиева, С. Ғаниев, О. Мусаева ва бошқалар, шунингдек, тадбиркорлар Ф. Ҳожиметова, 

Ў. Иброҳимов, Г. Норова ва бошқалар 9 йил мобайнида ҳамжамият ишларида фидойилик кўрсатишди. Тадбиркорларни ҳам жамоат ишига фаол жалб этишга ҳаракат қилдик. Шимкент шаҳридаги таниқли ишбилармон, “Құрмет” ордени соҳиби, саховатпеша инсон Неъматжон Холметов ажойиб ташаббус билан чиқиб, “Сиз зиёлилар билан маънавий тадбирларга бош-қош бўлаверинг, ҳамжамиятнинг моддий харажатларини биз қоплаймиз”, дея жамоат ишларини фаол ўтказишга тарғиб қилганида қалби кенг ҳамюртларимиз борлигидан хурсанд бўлдим. Ҳақиқатан ҳам, таниқли тадбиркорлар Ғ. Эрматов, Ш. Рўзиматов, А. Файзаҳмедов, И. Ҳожиматов, К. Анорбоев, Ш. Усмонов ва бошқа фидокорлар Қозоғистон ўзбекларининг маънавияти, маданияти юксалишига йиллар мобайнида салмоқли ҳисса қўшиб келишди. Пандемия давридаги синовлар, Арисдаги портлашлар, чегарадош ҳудудларда юз берган сув тошқинида ҳам ишбилармонларимиз, ҳамюртларимиз қўлидан келган ёрдамларини аяшмади. Ҳамжамиятимиз бошқа жамоат ташкилотлари орасида кўламли ёрдам берганлигини ҚХА Раиси муовини Марат Алмасули юксак минбарларда алоҳида таъкидлаши кўплаб савоб ишларни бажаришимизда куч-ғайрат, илҳом бахшида этади. Қўли очиқ инсонларни номма-ном санаб ўтишнинг имкони йўқ. Улар орасида йиллар мобайнида меҳр-мурувват кўрсатаётган биродарларимиз бор. Юртимизнинг шижоатли, журъатли фарзандларининг номи қалбимизга муҳрланган. Улар ҳақида ҳамжамиятимизнинг 30 йиллигига бағишлаб нашр этилган “Дўстлик карвонида 30 йил” китобида батафсил ёритилган. Лекин яна бир ташаббусни алоҳида таъкидламоқчиман. Жамоат арбоби Заутбек Турисбеков раҳбарлигида қардош халқлар ҳамжиҳатлигига бағишланган “Бауырлас ел” фильмининг тасвирга олиниши учун 10 млн тенге ҳомийлик қилинган бўлса, унинг 7 млн. тенгесини ишбилармон Ғ. Эрматов, 2 млн. тенгени Б. Нишонқулов ва қолганини А. Файзаҳмедов тақдим этганди. Ажойиб фильм тақдимоти юксак даражада, олий мартабали меҳмонлар иштирокида ҚХА биносида ўтди. Ушбу йиллар мобайнида тиғиз алоқада фаолият юритган ОАВларга ҳам алоҳида миннатдорчилик изҳор қиламиз. Ўзим 7 йил мобайнида фаолият юритган, ижод мактаби вазифасини ўтаган “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти, марҳума Зебохон Бекметова бошқарган “Юртимиз жамоли” телекўрсатуви, Саида Санжарова фаолият юритаётган “Отырар”, “Рабат” газетаси, Д. Абиш бошқараётган “Айғақ” телекомпанияси, “Южный Казахстан”, “Оңтүстік Қазақстан” ва бошқа ОАВ билан тиғиз ҳамкорликда фаолият юритдик. Улар тадбирларимизни беминнат ёритиб туришди ва уларнинг ахборий қўлловлари учун миннатдормиз. Қурултой улкан маънавий тадбир. Ўтган кунларимизни, эришган ютуқларимизни сарҳисоб қиладиган маънавий ҳисобот. Йиллар мобайнида амалга оширилган вазифаларни юксак масъулият туйғуси ҳамда шараф билан адо этишга эришдик. Ваҳоланки, ўтган давр мобайнида уддаланган вазифалар, бажарилган ишларнинг рўйхати ҳам залворли. Жамоатчилик ишида кутилмаган тадбирлар беҳисоб. Қозоғистонлик делегация Ўзбекистонга сафари чоғида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик борасида қатор ҳужжатларни имзолаб қайтишди. Ўзбекистонлик тадбиркорларни кутиб олишга тайёргарлик кўряпмиз. Юртимизга қўшни мамлакатдан келаётган сармоядорлар вилоятимиз тараққиётига маблағ ажратишган. Бундай ташаббуслар, саъй-ҳаракатларнинг барчаси халқимиз фаровонлиги учун, албатта. Демак, янги корхоналар, ширкатлар очилади, янги иш ўринлари яратилади. Ҳамюртларимизга тилагим – осмонимиз мусаффо, хонадонларимиз осойишта ва хотиржам бўлсин. Фарзандларининг келажаги порлоқ, тўйлар кўп бўлсин, аҳиллигимизга кўз тегмасин.

– Мусоҳаба учун ташаккур!

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2025-11-17, 21:01 248
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.