Аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш давлат сиёсатининг устувор тамойиллари. Айниқса, меҳнат бозори барқарорлигини таъминлаш, имкониятлари чекланган фуқароларга ижтимоий ёрдам тайинлаш, манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар нафақалари ва аҳолини қизиқтирадиган кўпгина масалалар кун тартибида. 2025 йилда аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ва жорий, “Рақамлаштириш йили” доирасидаги режалар ҳақида вилоят бандликни мувофиқлаштириш ва ижтимоий дастурлар бошқармаси раҳбари Мекенхан Қўзиханули билан суҳбатлашдик.
– Аҳоли бандлиги бўйича 2025 йилдаги кўрсаткичлар қанчалик қониқарли, жорий йилда туркистонликлар қандай янги ташаббусларнинг амалий натижаларини кўришлари мумкин?
– 2025 йилда минтақамизда аҳолини доимий ва муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, ишсизлик даражасини пасайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда “Минтақавий бандлик харитаси” тасдиқланиб, аниқ вазифа ва кўрсаткичлар белгиланди. Мазкур ҳужжат асосида вилоятда 130 769та янги иш ўрни яратиш режалаштирилди. Бу республика миқёсида яратиладиган 903 198та иш ўрнининг 14,5 фоизини ташкил этиб, энг юқори кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этилди.
Янги иш ўринлари бир неча йўналиш асосида таъминланди. Хусусан, 4074та иш ўрни миллий ва хусусий сармоя лойиҳалари доирасида яратилди. “10 минг аҳолига – 100та янги иш ўрни” дастури орқали 22595 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Субсидияланадиган иш ўринлари ҳисобида 45086 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, меҳнат бозоридаги мавжуд бўш иш ўринлари орқали 57 221 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 1793 нафар кишига давлат грантларини ажратиш кўзда тутилди. Сўнгги икки йилда меҳнат бозорида ижобий жўшқинлик кузатилмоқда.
Аҳоли сонининг ўсиши меҳнат бозорига талабни янада ошириб, янги иш ўринларини яратишни долзарб вазифага айлантирмоқда. Жумладан, 861 913 нафар иқтисодий фаол аҳоли рўйхатга олинди. Уларнинг 822 014 нафари банд аҳоли ҳисобланади. Шу жумладан, 442 211 нафар киши ёлланма ходимлар, 379 803 нафар киши ўзини-ўзи банд қилганлар. Ишсизлар сони 39 899 нафар кишини ташкил этди.
Шунингдек, иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли сони 510 307 нафар кишини ташкил этади. Улар – ўқувчилар ва талабалар, нафақадорлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқалардир. 15 ёшгача бўлган фуқаролар 775 987 кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси 4,6 фоизни ташкил этди. Ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси 1,8 фоиз, хотин-қизлар ўртасида эса 5,4 фоизни ташкил этди. “Минтақавий бандлик харитаси” ижроси бўйича 2025 йилда 147 719 нафар киши иш билан таъминланди, режа 113 фоизга бажарилди. Субсидияланадиган иш ўринларига 8282 нафар йигит-қизлар йўналтирилиб, режа 74,9 фоиз бажарилди. Ижтимоий иш ўринларига 4716 киши йўналтирилиб, режа 100,8 фоизга бажарилди. Жамоат ишларига 15 327 нафар киши жалб этилиб, ушбу йўналишдаги режа ҳам 109,8 фоиз бажарилди. “Кумуш ёш” лойиҳасига доир 2795 нафар киши ишга йўналтирилиб, режа 101,3 фоизга бажарилди.
– “Минтақавий бандлик харитаси” доирасидаги жорий йилдаги иш ўринлари режаси қандай?
– Харита доирасида жами 74 516 нафар кишини иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Шу жумладан, 54 483 иш ўрини доимий, 20033таси эса мавсумий иш ўринларидир. Йўналишлар кесимида қуйидагилар белгиланган: 40595 киши меҳнат бозоридаги бўш иш ўринларига йўналтирилади, 2465 киши Миллий лойиҳалар доирасида яратиладиган иш ўринлари орқали иш билан таъминланади (шу жумладан, 962таси доимий, 1503таси мавсумий). 11476 нафар киши “10 минг аҳолига – 100 янги иш ўрни” дастури орқали банд қилинади. 18530 киши субсидияланадиган иш ўринларига йўналтирилади (шу жумладан, ёшлар амалиёти – 6415 киши, жамоат ишлари – 7515 киши, ижтимоий иш ўринлари 3500 киши, “Кумуш ёш” лойиҳаси –1100 киши) 1450 кишига грант ажратиш режаланган. 2026 йилдан амалга ошириладиган сармоявий лойиҳалар орқали яратиладиган иш ўринлари доирасида 284та инфратузилмавий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улар орқали жами 2465та иш ўрини яратилади.
– Кам таъминланган оилаларга қандай моддий ёрдам кўрсатилмоқда?
– 2025 йилда 12 ой мобайнида 62 244 кишига (10048та оилага) 6,1 миллиард тенге миқдорида манзилли ижтимоий ёрдам тайинланиб, тўланди. Қашшоқлик даражаси 2,9 фоизни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 1,5 фоизга камайди. Шунингдек, МИЁ олувчилар сони 32 506 кишига ёки 34,3 фоизга қисқарди.
Барча туман ва шаҳарларда МИЁ олувчилар сони камайиб, белгиланган режа ижроси таъминланмоқда. Бироқ, республика миқёсида вилоятимиз ҳали ҳам сўнгги учлик қаторида қолмоқда.
2026 йилда қашшоқликни янада камайтириш мақсадида 59,1 минг нафар фуқарони (9,5 минг оилани) МИЁ билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, ушбу мақсадга 6,5 миллиард тенге маблағ ажратилди.
Натижада, 2026 йил якунига қадар МИЁ олувчилар сонини 59 062 нафаргача тушириш, қашшоқлик даражасини эса 2,7 фоизгача пасайтириш режалаштирилган.
– Давлат раҳбарининг “Оилани қўллаб-қувватлаш” марказини очиш топшириғи қандай амалга оширилмоқда?
– Мазкур топшириққа мувофиқ, бугунги кунда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 17та марказ фаолият юритяпти. Уларда жами 295,5та штат бирлиги тасдиқланган бўлиб, тегишли мутахассислар иш олиб бормоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, марказларни молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағи ҳамда ҚР қонунчилигида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 2025 йилда уларни сақлаш учун маҳаллий бюджетдан 1198,1 миллион тенге маблағ ажратилган бўлиб, 126та ётоқ ўринларини ташкил этиш мўлжалланган. Минтақадаги 17та марказнинг 9таси давлат тасарруфидаги биноларда, 8таси ижарага олинган биноларда жойлаштирилган.
– Ногиронлиги бор шахсларга кўрсатиладиган хизматларга тўхталсангиз.
– Бугунги кунда республика миқёсида 737,4 минг нафар ногирон шахслар рўйхатда турса, вилоятимизда 102 401 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро ҳисобга олинган. Бу вилоят аҳолисининг 4,6 фоизи. Жорий йилда 65 994 нафар ногирон шахсларни ижтимоий тиклаш тадбирлари билан қамраш учун республика ва вилоят бюджетларидан 13,5 миллиард тенге маблағ ажратилди. Келгусида ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун назоратни кучайтириш ва доимий назорат ишларини олиб бориш зарур. Бошқармамиз тасарруфида 12та коммунал давлат муассасаси, шу жумладан, 5та стационар, ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари фаолият юритмоқда.
– Этник қозоқлар масаласига тўхталсангиз...
– Ўтган йили 900 нафар этник қозоқ кўчиб келиб, уларга “Қандас” мақоми берилди. ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг буйруғига кўра, вилоятимиз бўйича 2025 йил хорижий ишчи кучини жалб этишга 1107та квота тасдиқланиб, унга кўра, 1137 нафар хорижий фуқарога рухсатнома берилди. 2026 йилда Шимолий ҳудудларни кўчириш сиёсатини амалга ошириш мақсадида вилоятга келаётган қондошлар сонини қисқартириш ва йил якунига қадар 900 нафар этник қозоққа мазкур мақомни бериш режалаштириляпти.