Туркистон вилояти жамоатчилиги учун муҳим ахборот манбаи, халқнинг дарду ташвиши, ютуқ ва ташаббусларини мунтазам ёритиб келаётган “Жанубий Қозоғистон” ижтимоий-сиёсий газетаси 35 йиллик шарафли йўлни босиб ўтди. Ўтган давр мобайнида нашр минтақанинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида том маънода миллатлар минбарига айланди, турли этнос вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Айни пайтда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён – референдум арафасида турибмиз. Бундай масъулиятли паллада фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Абдулла Исматуллаев билан мулоқотда бўлдик. У билан ҳамжамиятнинг бугунги фаолияти, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлидаги ташаббуслар, шунингдек, янги Конституция лойиҳаси ва референдумнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр алмашдик.
– Абдулла Жаъфар ўғли, суҳбатимизни янги Конституция лойиҳаси ҳамда умумхалқ референдумига тайёргарлик борасида фикрларингизни тинглаш билан бошласак.
– Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг олиб бораётган оқилона сиёсати ва унинг доирасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар борасидаги фикрларим фақат ижобий. Бугун давр ўзгарган, халқ ўзгарган, кечаги шарт-шароитлар ҳозирги кунга тўғри келмаяпти. Ҳар бир соҳада кескин ўзгаришлар сезилмоқда. Шунинг учун қонунчиликни такомиллаштириш зарурати бўй кўрсатди. Қолаверса, икки палатали Парламентдан бир палатали тизимга ўтиш ҳам қонунчилик жараёнини ихчамлаштиради. Бундан ташқари, мамлакатда “Президент ўринбосари” лавозими янги тажриба сифатида иш бошлайди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, имкониятлари ва салоҳияти янада ривожланади, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади. Оила институти алоҳида мақомга эга бўлади. Янги лойиҳани учрашувларда, семинар-кенгашларда тарғибот қилдик. Янгиланаётган ҳужжатда илк бор қонун сифатида хизмат қиладиган асосларга кенг тўхталдик. Халқимиз доим ўзига тегишли янгиликларга диққат-эътибор қаратиб келган. Миллатдошларимиз мамлакатимизда юз бераётган бу сиёсий ўзгаришларга бефарқ эмас. Ёшу қари ҳаётимиздаги янгиликларга, расман қабул қилинаётган Асосий ҳужжатимизга масъулият билан ёндашмоқда. Бунга йил бошида ўтган учта йирик тадбиримизда гувоҳ бўлдик. Миллатдошларимиз юртимизда ўтадиган сайловлар ва референдумларда ҳамиша тартиб-интизом билан иштирок этишган. Бу сафар ҳам ўз иродасини ифода этиб, Қозоғистон Конституциясини қабул қилишда фаоллик кўрсатади, муҳим масалалар қабул қилинадиган тадбирда ўз овозини беради, деган умиддамиз.
– Сиз республика миқёсида муваффақиятли тадбиркор, сармоядор, нуфузли жамоат етакчиси, шу билан бирга саховатли ҳомий сифатида танилдингиз. Ушбу муваффақиятларга қандай эришдингиз?
– Бу саволга жавоб бериш учун таржимаи ҳолимга тўхталиш керак экан. Мен 1980 йилда Туркистон туманининг Қорачиқ қишлоғида таваллуд топганман. У пайтда “Победа” (ҳозир “Турон”) мактабида ўқиганман. Кейин Қозоқ-турк лицейини тамомладим. Муваффақият йўли шундан бошланган бўлса керак. Туркиянинг Измир шаҳридаги “Докуз-Ейлул” Университетида “Давлат ва маъмурий бошқарув” ихтисослигини ўзлаштирдим. Қозоғистон менежмент, иқтисодиёт ва прогноз институти – КИМЭПда бизнес бошқаруви магистри даражасига эга бўлдим. Тадбиркорлик фаолиятимни Германиядан машҳур “Aura” маиший техника компанияси буюмларини келтириш, яъни Марказий Осиё ва Россия бўйича дистрибьютерлик хизмати билан бошладим. 2001 йилда шу йўналишни кенгайтириб, “Aura Kazakhstan” МЧБ компаниясига асос солдим. 2002 йилда эса қурилиш соҳасида омадимни синашга қарор қилиб, матрас ишлаб чиқарадиган корхонани ишга туширдик. Айни пайтда “CORDIAL REAL ESTATE”, “Alatau Golf Residences» компаниялари (Алмати шаҳри) бош директориман. Булар кўчмас мулк ва бизнес тоифадаги кўп қаватли уй-жойлар қурилишига оид соҳалар. Фаолиятим моҳият ва мазмунини бизнес ва тижорат белгиласа-да, кенг жамоатчилик ишларига, айниқса, хайрия тадбирларига ҳеч эътиборсиз бўлмаганман. 2014 йилда Алмати шаҳридаги ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тўлқин Иброҳимов таклифи билан шу масъулиятли юкни зиммамга олдим ва шу кунга қадар шу соҳадаман, бошқача қилиб айтганда, жамоат арбобига ҳам айландим.
– Суҳбатимизни энди шу ҳақда давом эттирсак.
– 2016 йилдан эътиборан, Алмати шаҳрида ЎЭМБ раиси, Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзоси, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси ўринбосари, Алмати шаҳар ҚХА ҳузуридаги “Жамоат тотувлиги” кенгаши раиси сифатида фаолият юритдим. Ўтган йилнинг ноябрида “Дўстлик” ҳамжамияти раислигига сайландим. 800 мингга яқин миллатдошларим учун имконим етгунча, қўлдан келганча хизмат қилсам, деган ниятдаман.
– Қарийб 20 йил шу тизимда экансиз, соҳанинг диққатга сазовор қайси жиҳатларини ёки қайси таркибий қисмларини алоҳида таъкидлай оласиз?
– Қувонарлиси, бугунги ўзбек ёшлари орасида спорт, илм-фан бобида кенг танилаётганлари бор. Туркистон ва Сайрам заминидан етишиб чиққан оддий қишлоқ болаларининг АҚШ, Германия каби ривожланган мамлакатларда ўқиб, фаолият юритаётгани, яна энг мураккаб соҳаларни, масалан “кардиожарроҳлик”ни забт этаётганидан мамнунман. Назарбаев университети, КИМЭПда ҳам талаба ёшларимиз бор. “Дўстлик”да 8 йил муовин сифатида фаолият юритган бўлсам, бу давр ичида Қозоғистоннинг турли минтақаларидаги миллатдошларимиз ҳаёти билан яқиндан танишдим, кўп учрашдим, тажриба тўпладим. Бугунги ёшларнинг аксарияти ишёқмас, танбал деган гап-сўзлар қулоғимга чалинади, кўпинча давраларда муҳокама мавзуси бўлиб кетади. Бу фикрга қўшилмайман. Ёшлар замонга мос ҳаракат қилишмоқда. Аниқ мақсадлари ва уларга эришиш йўллари бор. Ишдан қочмайди, керак бўлса, Кореянинг оғир шароитли заводларида, АҚШнинг олис йўлларида, Россиянинг Амур каби совуқ ўлкаларида ҳам ишлаб, тер тўкишмоқда. Фақат яхши ҳақ тўлашса, бас. Масалан, ойига 500-600 минг тенге даромад тўланмайдиган жойларга боришмаяпти. Бу ҳам мустақил фикрловчи ёшларнинг меҳнатда ҳақ тўлашнинг адолатли бўлиши, муносиб турмуш даражасини таъминлаш заруратини ҳисобга ола билишидир.
Кейин юрт оралаб, хорижда кўп бўламан. Қозоғистондаги шароитлар, ҳаттоки, энг ривожланган мамлакатларда ҳам учрайвермайди. Дейлик, болалар учун турли тўгараклар очиб, давлат ўз ҳисобидан келажак авлод салоҳияти учун ғамхўрлик қилмоқда. Европанинг шимол тарафларида бир-иккита давлатдагина шундай шароит, имкониятларни кўрдим, холос. Бой-бадавлат Бирлашган Араб Амирликларида ҳам болалар учун бепул тўгарак ёки марказлар кам. Бунда нафақат болалар, балки қарияларимиз учун ҳам шундай махсус марказлар бор.
– Ёш авлод равнақи учун қандай тадбирларни амалга оширишни иш режангизга киритгансиз?
– 2026 йилдаги иш режамиз ҚР Мустақиллигининг 35 йиллиги доирасида, Қозоғистон халқи Ассамблеяси дастурлари асосида ишлаб чиқилди. 35та тадбир ичидан айнан ёшларга аталгани – баҳорда ўтади, насиб этса, Республика ёшлар форумини ўтказамиз. Астана, Алмати, Туркистон, Шимкент, Тараз шаҳарлари йигит-қизларининг давлат, партия ва жамоат ишларида фаол иштирок этишларини рағбатлантириш мақсадида тадбирлар уюштирамиз. Жамоамиздаги Шерзод Пўлатов, Саид Турсунматов, Нодир Ҳасантоев, Шоҳбек Ирисмат каби фаолларимиз саъй-ҳаракатлари билан бу вазифалар амалга ошади, албатта. Умуман бугунги жамоадаги Тоҳирбек Нишонбоев, Абдуҳалил Ўролбоев, Орифжон Холназаров, Фароғат Ҳожиметова, Баҳодир Ирисметов, Райимжон Қўчқоров, Шаҳло Норалиева, Дилафрўз Мадиева, Гулчеҳра Исмоилова каби аъзоларимизнинг меҳнати беқиёс. Фахрий маслаҳатчиларимиз Икром Ҳошимжонов, Рўзақул Ҳолмуродов, Фахриддин Қоратоев ҳамда тарозлик фаолларимиз фаолиятидан мамнунман. Умуман “Дўстлик” ҳамжамиятининг таълим, илм- фан, маданият, санъат, спорт, сайёҳлик, тадбиркорлик каби соҳалари, ёшлар, оналар, оқсоқоллар кенгашларида фаолият юритаётган, зиммамиздаги вазифаларни бажаришга енг шимариб киришган барча аъзоларимиздан бениҳоя мамнунман.
– 2026 йил Қозоғистонда Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили деб эълон қилинди. Уч йил давомида Қозоғистон тўлиқ рақамлаштирилади. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
– Аввало, буни ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор деб ҳисоблайман. Чунки, замон ўзгарди. Кечаги технологиялару ходимлар билан бугунги замонавий марраларни забт эта олмаймиз. Замонавий корхоналар, саноатда, муҳандислик, технолог, конструкторлик каби мураккаб тармоқларда роботлар хизмати йўлга қўйилмоқда. Жаҳондаги ривожланган мамлакатлар ушбу ақлли ускуналар меҳнатидан кенг фойдаланишга ўтмоқда. Агар шундай суръатда давом этса, 20 йил ичида юқори рақобатбардошлик даврида, ишчи кучига қарамлик ҳам йўқолади. Кўп мақсадли роботлар барча юмушларни бажаришни бошлайди. АҚШ ва Хитойда бу ишга дастлабкилардан бўлиб киришилди. Ёппасига ишсизлик даври бошланмасин десак, бугунги ёшлар робототехникани, сунъий идрокни яхши ўзлаштиришса, мақсадга мувофиқ бўлади. Биз баҳорда ўтказадиган ёшлар анжуманида ёш авлоднинг бу борадаги инновацион ғоя, ташаббусларини, махсус дастурларини, сайтларини қўллаб-қувватлаймиз, танлаб олинганларини тақдирлаймиз, грантлар ажратамиз. Яна баҳорда илк бор ўзбекзабон журналистлар ва блогерлар анжуманини ўтказамиз. “Дўстлик” ҳамжамиятининг расмий ютуб каналлари – “Do’stlik TV” ва “Do’stlik Media”; расмий “YURTIMIZ JAMOLI” теле ва ютуб канали; “Madaniy Meros KZ” ютуб канали; “Қазақ радиоси”даги “Дўстлик” дастури имкониятларидан фойдаланган ҳолда бу йўналишдаги фаолларимизни ҳам рағбатлантириб борамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, “Жанубий Қозоғистон” газетасининг 35 йиллиги доирасидаги тадбирларимиз ҳам (челленж, учрашувлар, обуна тарғиботи) йил давомида ўтишини ҳам маълум қиламан.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!