26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мираҳмад Мирхолдоровнинг хотира кечасида...

Шимкент шаҳар ўзбек драма театрида ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамда А. Қуатбеков номидаги Халқлар Дўстлиги университети ташаббуси билан таниқли тарихчи олим, профессор, “Турон” Фанлар академиясининг академиги Мираҳмад Мирхолдоровнинг 90 йиллигига бағишланган хотира тадбири ўтди. Уни Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг фахрий раиси И. Ҳошимжонов олиб борди.

Тадбир аввалида меҳмонлар М. Мирхолдоров асос солган “Сайрам” тарихий-ўлкашунослик музейини кўздан кечирдилар. Шундан сўнг тарихчи олимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги видеофильм намойиш қилинди.

Дастлаб сўз олган М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори Ҳамидулла Тожиев ҚР Парламент Сенати депутатлари А. Сотволдиев ва Д. Қидиралиларнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик хатини ўқиб берди. 

Тадбирда, шунингдек, меҳнат фахрийси А. Абдазимов, ҚР Парламент Мажлисининг VI-VII чақириқлари депутати, жамоат арбоби Ф. Қоратоев, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси А. Пратов, ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг фахрий раиси, тадбиркор Р. Абдусатторов, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг “Қозоғистон тарихи” кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди 

С. Жунисбаев, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, тарих фанлари номзоди Г. Эргашхўжаева, Халқаро “Турон” фанлар академиясининг академиги, иқтисодиёт фанлари номзоди К. Шодиметов, Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган ижодкор И. Азимов, Шимкент шаҳар ЎЭМБ раиси ўринбосари Ш. Рўзиметов, таниқли сухандон А. Хонхўжаев, ижодкорлар И. Туркий, А. Абдуғаффоров, У. Каримовалар сўз олиб, М. Мирхолдоровнинг ўлка тарихини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасидаги хизматларини алоҳида таъкидладилар.  

Ўзбекистондан ташриф буюрган меҳмон, тарих фанлари доктори, профессор, “Турон” фанлар академияси президенти Ҳайдарбек Бобобеков ўз сўзида М. Мирхолдоровнинг ҳаёти ва фаолияти ёш авлод учун намуна эканини таъкидлаб, унга “Туронда хизмат кўрсатган тарихчи” унвони берилганини маълум қилди. 

Тадбир давомида яқинда нашрдан чиққан “Бебаҳо мерос” китобининг тақдимоти ўтди. Мазкур китоб ҳақида Мираҳмад Мирхолдор ўғлининг фарзанди Миролим Мирхолдоров сўзлаб, хайрли ишга камарбаста бўлган, шунингдек, нашрга маблағ ажратган барча ҳомийларга самимий миннатдорчилик билдирди.

Жумладан, тадбирнинг юксак савияда ташкил этилганини иштирокчиларнинг қуйидаги фикрлари ҳам тасдиқлайди:

Эркин АБДУНАҚИБОВ, жамоат фидойиси, фахрий темирйўлчи:

– Мираҳмад аканинг номини тилга олганимизда, кўз ўнгимизда ўзидан кўра бошқаларни кўпроқ ўйлаган, шахсий манфаатидан жамоат манфаатини устун қўйган, халқ ва ҳақ йўлида, миллий ифтихор ва қадрият, ўзликни англаш, миллий меросни асраш борасида тинмай изланган ва курашган олижаноб шахснинг ёрқин қиёфаси гавдаланади. У Сайрам диёрининг тарихини, халқимизнинг маънавий ва маданий меросини ўрганиш, тўплаш, авайлаб-асрашдек хайрли ишларда бош-қош бўлди. 

Иброҳим АЗИМОВ, ўзбекистонлик ижодкор: 

– Шахсан учрашиш насиб этмаса-да, бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги Иброҳим ота ва Сайрам қишлоқларининг тарихини ўрганиш борасидаги изланишларимга сабабчи бўлган улуғ инсон – Мираҳмад отани маънавий устозим деб биламан. Самарқандлик меҳмонлар таркибида ушбу тарбиявий аҳамияти улкан тадбирда иштирок этганимдан мамнунман. 

Турсунбой ЎРМОНОВ, фахрий устоз: 

– Мираҳмад ота юртдошларимизнинг назарида Сайрам тарихини бошқалардан кўра теранроқ биладиган билимдон шахс сифатида гавдаланарди. Бироқ мазкур хотира кечасида эшитган янги маълумотларимиз бу зотнинг нақадар улкан матонат соҳиби бўлганини кўрсатди. 

Мираҳмад Мирхолдор ўғлининг келажак авлодга қолдирган маънавий мероси нақадар беқиёс эканини, афсуски, ҳали тўлиқ англаб етганимиз йўқ. Бу камтарин зот умри мобайнида тиним билмай изланди, қадимий қўлёзмалар ва чанг босган архив саҳифаларини қайта-қайта ўрганди. Унинг 40дан зиёд асари тарихий манбаларни илмий муомалага киритиш учун сарфлаган заҳматли ва фидокорона меҳнатларининг маҳсулидир. 

М. Мирхолдоров Сайрам аҳлининг насабномалари ва шажараларини ўрганишга ўзининг бутун салоҳиятини бағишлади. У ҳар бир сулоланинг илдизини излади, унутилаёзган исмлар, йўқолиш арафасида турган оилавий тарихларни мисқоллаб йиғиб, яхлит бир тизимга келтирди. У киши учун шажара шунчаки исмлар рўйхати эмас, балки инсонни ўзлигига, аждодларига ва муқаддас тупроғига боғлаб турувчи маънавий занжир эди...

Анжуман якунида И. Ҳошимжоновнинг “Сайрам” тарихий-ўлкашунослик музейига Мираҳмад Мирхолдоров номини бериш тўғрисидаги таклифи иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Хотира кечаси “Сарвар” тўйхонасида давом этиб, эҳсон берилди.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2026-02-20, 22:21 118
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.