26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Юрт ифтихорига айланган соҳир овоз соҳиби

“Браво”, “Браво”, “Браво!” – саҳнадаги меҳнатнинг энг олий мукофоти – олқишидир

Опера санъатининг ёш ва истеъдодли вакили Неъматулло Зикруллаев учун ҳам бу сўзлар меҳнатига берилган энг қадрли баҳодир. Унинг фикрича, “ҳақиқий санъаткор учун саҳна муқаддас, томошабин азиз, мухлисларнинг самимий олқиши эса энг катта мукофотдир”.

Опера санъатида истеъдодига таяниб, юксак саҳналардан томошабинларга хушкайфият бағишлашни мақсад қилган бу истарали йигит Шимкент шаҳрида туғилиб-ўсди. Неварасидаги мусиқага меҳр ва ихлосни, бетакрор овозни буваси қўллаб-қувватлади. Чунки қўшиқчилик уларнинг авлодида узвийликка айланган эди.  Неъматулло 10 ёшидаёқ  “Романсиада” танловида иштирок этди...

– Кейинчалик мен шаҳримиздаги 36-сонли мактабда, сўнгра 3-сонли болалар мусиқа мактабида таҳсил олдим. Устозларим Людмила Мавнукова, Татьяна Мажитовадан бағоят миннатдорман. Директоримиз Улуғбек Мажитов ҳам мактабимиз равнақи йўлида ҳеч иккиланмай, умрини фидо қилишга тайёр инсонлар сирасидан. Мусиқа коллежидан кейин Астанадаги Қозоқ Миллий санъат университетида таҳсил олдим. Мусиқа, театр, кинематография, тасвирий санъат, дизайн ва бошқа ихтисосликлар бўйича олий маълумотли мутахассисларни тайёрлайдиган ушбу даргоҳда ректоримиз, профессор, қозоқ операси юлдузи (баритон), ҚРда хизмат кўрсатган арбоб Азамат Жилтиркўзов истеъдодимни қўллаб-қувватлади. Университетдан сўнг Қозоғистон Миллий гвардияси дастасида солист сифатида ишга жойлашдим. 2015 йилда илк бор катта саҳнага чиқдим. Тўнғич Президент Нурсултан Назарбаевнинг шахсан ўзи олқишлагани ёдимда... 

Даста таркибида, 4 йил давомида бутун республика миқёсидаги гастролларда иштирок этдим, яқин ва олис хорижда танила бошладим.         

 Она шаҳримга қайтгач, “Шымкент-концерт” корхонаси ҳамда опера ва балет театрида фаолият юрита бошладим.  Ва айни дамда шу даргоҳларда хонандалик қилмоқдаман. 2 йил аввал пойтахтдаги “Астана опера” театри, Халқаро академиядаги фаолиятим эса ҳаётимдаги энг унутилмас дамлар бўлиб қолади. Италия, Россиядан келган устозлар билан машғулот ўтказиб, 20дан зиёд концерт бердик. Жорий йилда Астанада икки марта яккахон концертим ўтди. Энди эса Шимкент шаҳрида 10 октябрь куни “Қизғалдоқ саройи”да (Qyzgaldaq saraiy, TULIP HALL) ўтадиган катта концертга қизғин тайёргарлик кўряпман, – дейди қаҳрамонимиз.

– Келинг, мухлисларимизни опера оламига саёҳат қилдирайлик. Опера санъати Италияда пайдо бўлган. Сиз итальян тилини биласизми?

– Ҳа, опера тили – итальян тили. Мен “Любовный напиток”, “Золушка”, “Паяцы” каби машҳур асарларни ижро этганман.  Анъанавий опера асарлари (либеретто) итальян тилида яратилган. Ушбу тилни мукаммал билмасам ҳам, лекин асарлар мазмунини университетда ўргатишган. 

– Опeрa тарихига тўлтасангиз...

– Опера XVI-XVII асрларда, Италияда пайдо бўлган. Италиялик бастакор Клаудио Монтеверди операга мураккаб ариялар, вокал ансамбллари, хор ва оркестр ижросини киритган. Бу янги жанр учун театрлар барпо этилган. Опера вокал ва чолғу мусиқаси, драматургия, хореография (балет) ва тасвирий санъат (декорация, либослар) бирикмасидан туғилган театр асаридир. Ушбу мураккаб санъат йўналишининг ўзи ария, ариозо, каватина, монолог, баллада, речитатив каби кўплаб турларга бўлинади. Италияда Монтеверди, Скарлатти, Австрияда Моцарт, Бетховен, Россияда Глинка, Станиславский, Шаляпин, Ўзбекистонда Ашрафий каби таниқли намояндалар операни дунёга танитишди. Қозоғистонда эса машҳур опера асарлари “Қіз Жібек”, “Абай”, “Биржан-Сара”, “Айсулу” кабилар миллий хазинамиз ҳисобланади. Муқан Тўлебаев, Бибигул Тўлегенова, Ермек Серкебаев, Нуржамал Усенбаева, Алибек Днишев, Куляш ва Қанабек Байсеитовлар Қозоғистон опера санъатининг дарғаларидир. Ҳозир эса Майра Мухамедқизи (театримиз директори), Бибигул Жанузақ ва Азамат Жилтиркўзовни устоз-мураббийларим деб биламан. Афсонавий хонандалар Муслим Магомаев, Ботир Зокиров, Ескендир Хасенғалиевлар ижоди мен учун катта мактаб.

– Опера – бу фақат овоз эмас, балки образ ҳам муҳим, тўғрими?

– Албатта, опера ижрочидан актёрлик маҳоратини ҳам талаб қилади. Масалан, улуғ француз бастакори Шарль Азнавурнинг асарини ижро этаркансиз, худди моноспектакль каби жонлантирилган ҳаракат қиласиз. Томошабин саҳнага қараб, қўшиқ билан бир қаторда асар қаҳрамони тақдирини ҳам ҳис қила олади. 

– Битта қўшиққа қанча тайёргарлик керак бўлади?

 – Кам деганда бир неча ой. Масалан, “Ромео ва Жульетта”га 4 ой кетди. Бу асар француз тилида яратилган. Ушбу тил талаффузи ниҳоятда мураккаб. Устозлар ёрдамига таяниб, уни муваффақиятли ижро эта олдим, деб ўйлайман. Умуман ҳар бир қўшиқ ижроси мен учун улкан масъулиятдир. Шундай масъулият ҳисси билан 2 ойдан буён концертимга қизғин тайёргарлик кўряпман.

– Нуфузли танловларда иштирок этгансиз. Улардан қай бири сиз учун унутилмас бўлиб қолди?

– “Қозоқ романсиадаси” мен учун санъатга кенг йўл очди. Шунингдек, Опера санъати фестивали (Тошкент, Фарғона), “Фанфары Казани” фестивали (Татаристан) ва бошқаларда ғолиб бўлдим. Россия,  Қирғизистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия каби мамлакатлардаги соҳавий танловларда омад кулиб боқди.

– Таниқли санъаткорлар билан дуэт куйлаганмисиз?

– Рўза Римбаева, Бибигул Жанузақ, Салтанат Ахметова, Incanto квартети. Аввалги концертларимда симфоник оркестр ҳамроҳлик қилган бўлса, энди “Tulip hall” саройидаги концертимда илк бор Қозоқ халқ оркестри бўлади.

– Сиз доим изланишдасиз, қайси китобларни мутолаа қиласиз?

– Пауло Коэльонинг “Алхимик” романи, Габриэль Маркеснинг “Сто лет одиночества (Юз йил танҳоликда)”, Жек Лондоннинг  “Белый клык (Оқ тиш)”, “Мартин Иден”и, Эрих Ремаркнинг “Жизнь взаймы” ва бошқаларни ўқиганман. Китоб ўқиган сайин фикрлашим янгиланади, қалбимга эзгу ва фойдали ҳис-туйғулар келади. Энди Чингиз Айтматовга мурожаат қилмоқчиман. Ҳар бир қўшиғимни ижро этишдан олдин унинг муаллифини ўрганиш – одатим. Пушкинни билмай туриб, “Евгений Онегин”ни, Шекспирни танимасдан “Ромео ва Жульетта” ҳақида айта олмайман.

– Ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз билан ҳамкорлик қиласизми?

– Албатта, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри бош директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов билан яқин муносабатдаман, “Қозоқ Романсиада”сидан (2008й.) танишмиз, жаҳондаги энг нуфузли La Scala опера театри солисти Ақилбек Пиязов (Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязовнинг укаси) дўстим, таниқли опера хонандаси Ширин Маматова, Ўзбекистон халқ артисти Аваз Ражабов билан ҳам дўстлигимиз бор. “Астана опера”да эса баритон Темур Умаров  қадрдоним. У қозоғистонлик ўзбек дўстим.

– Орзуларингиз ҳақида айта оласизми?

– Мухлислар муҳаббатини қозониш. Унвон, мартаба ёки мол-дунё эмас, балки томошабиннинг чин ихлоси, санъаткорга, унинг қўшиғига бўлган эҳтиромига муҳтожман. Ижро этган қўшиқларим ардоқланса ва доим “Браво, браво, браво”ларга кўмилиб турса...

Ҳа, эл-юрт ичида ҳурматга сазовор бўлиш осон эмас. Соҳир овоз, истеъдод, машаққатли меҳнат, тинимсиз тайёргарликлар, омад кабилар билан катта саҳнага умид-ла чиқаётган Неъматулло Зикруллаевга мухлислар ҳурмати ва садоқати ҳамроҳ бўлсин.  Самимий ва заковатли ёш санъаткорга ниятлари ижобати, меҳнатлари эса муносиб самара топишини тилаймиз.

Н. МАВЛОНОВА., 2025-10-07, 01:12 279
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.