26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўстлик қуёши порлайверади

Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган кўплаб тадбирлар орасида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ва эл севган анъанавий байрам бор. Бу – Шимкент шаҳри Марказий истироҳат боғида улкан шукуҳ билан нишонланган “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни”дир.

Ушбу тадбир ўзбек этносининг бой маданий меросини кенг намоён этиш баробарида Қозоғистонда миллатлар дўстлиги ва бирдамлигининг амалдаги ифодаси сифатида юксак аҳамият касб этади. Турли миллат вакиллари бир саҳна атрофида жамланиб, қалбларда ҳамжиҳатлик руҳини янада мустаҳкамлади.

Меҳмонлар боғ дарвозасидан кираверишда карнай-сурнай садолари билан кутиб олинди. Миллий либосдаги қизлар уларга пешвоз чиқиб, қадимий анъаналаримизга хос самимият билан иззат-икром кўрсатди. Боғ айланасида вилоятдаги таълим ва маданият муассасалари томонидан ташкил этилган кўргазмалар жой олган.

Даставвал, меҳмонлар, Шимкент шаҳри ҳамда вилоят аҳли муассасаларининг фаолиятини ўзида акс эттирган кўргазмалар, миллий қўшиқ ва рақслар, саҳна асарларини томоша қилишди. Сўнг байрамнинг асосий ва расмий қисми боғнинг марказида ўрнатилган катта саҳнага кўчди. Тадбир Шимкент шаҳар ўзбек драма театри ижодкорлари тайёрлаган махсус саҳна кўриниши билан бошланди. Саҳнада ҳаётга монанд қилиб тасвирланган Алишер Навоий ва Абай образлари намоён бўлди. Икки улуғ мутафаккирнинг айтган ибратли сўзлари, маърифат, маънавият ҳамда инсониятга доир фикрлари теран ўйга чорлади.

Байрамда сўзга чиққан ҚР Парламенти Сенати депутати Алишер Сотволдиев, Ўзбекистон Республикаси “Ватандошлар” фондининг раиси Одилжон Сатторов, Қозоғистон халқи Ассамблеяси Котибияти шўъба мудири Қайрат Баймўлдинов, Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов, Шимкент шаҳар ички сиёсат ва ёшлар билан ишлаш бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Нуркен Алимқулов, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳирбек Нишонбоевлар сўзга чиқиб, халқлар дўстлиги, ҳамжиҳатлик ва бирдамликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар, юртимизга тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик тиладилар.

Сўзга чиққанлар 130дан зиёд миллат вакиллари истиқомат қилаётган мамлакатда ҳар бир этноснинг анъаналари, тилини ривожлантириш учун давлат томонидан барча шароитлар яратилгани, ўзбекларнинг мамлакат иқтисодиёти тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, этнослараро тотувликни сақлашдаги хизматлари улканлигини таъкидлашди. Турли соҳаларда фидокорлик кўрсатган, юртининг равнақига ҳисса қўшган қарийб 70га яқин ҳамюртларимиз “Дўстлик” ҳамжамиятининг байрам медали, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.

Рўзақул ХОЛМУРОДОВ, жамоат арбоби, у ҳамюртларимизга шундай тилакларини изҳор қилди:

– Ушбу муқаддас заминда биз, ўзбеклар азалдан меҳмондўст қозоқ халқи билан бир булоқдан сув ичиб, қуда-анда бўлиб, қувончу ташвишларни баҳам кўриб, қон-қардошлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқдамиз. Мамлакатимиз “Адолатли Қозоғистон” ғояси асосида янгиланиш ва тараққиёт йўлидан бормоқда. Президентимиз 

Қ. Тўқаев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад – ҳаммага тенг имкониятлар яратиш, қонун устуворлигини, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Сиёсий, иқтисодий соҳада ва маънавий-маданий ҳаётимизда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тақдир тақозоси туфайли Қозоғистонни макон тутган барча этнос вакиллари бағрикенг қозоқ халқи билан бирга жипслашиб, Қозоғистоннинг порлоқ келажаги, фаровонлиги учун қўлни қўлга бериб ҳамжиҳатликнинг қарор топишига эришишимиз лозим. Бу эса “Адолатли Қозоғистон”нинг мустаҳкам пойдеворидир. Шу жиҳатдан ҳам ўзбек тилини, бой маданий меросини, инсоний қадриятларини сингдирган урф-одат, анъаналаримизни ёш авлодга етказиш учун аввало, бирлигимизни, ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамлашимиз лозим. Ҳар бир халқ ўз она тилини маънавий ва ҳикмат манбаи сифатида қадрлайди. Ўзбек тили ҳам бундан мустасно эмас. Бугунги тадбир ҳам тилимизни ривожлантиришни мақсад қилган. Биз Қозоғистондаги барча этнос вакиллари, Қозоғистонимиз фаровонлиги йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилмоғимиз даркор.

Алишер СОТВОЛДИЕВ, ҚР Парламенти Сенатининг депутати:

– Қардошлар, миллатдошлар! Бугунги байрам сиёсий шодиёна бўлиш билан бирга қалблар сўзлайдиган, хотиралар тикланадиган байрам. Боболаримизга “Дўстлик” ҳамжамиятини барпо этиш илҳомини бағишлаган, ҳар бир оилада бўлган эзгу хотираларни тиклайдиган, газеталаримизда ёзилган минглаган саҳифаларни ёдга оладиган кўплаб тадбирларимиз акс этган минглаб жилдли китобларни, тасмаларга туширилаётган видеолавҳаларнинг минглаган соатлари, миллионлаб нусхалари сўзлайдиган тарихий онларни яна бир бор жонлантирди. Бугунги кун юртимиздаги фаровонлик ва турли жабҳаларда эришилаётган ютуқлар замирида дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари беқиёс қадриятлар ётганини яна бир бор англайдиган фурсатдир. Шу муносабат билан барчангизни ҚХАнинг 30 йиллиги ва “Дўстлик” ҳамжамиятининг 30 йиллиги билан муборак этаман. ҚР Парламент Сенати раиси М. Ашимбаевнинг табригини қабул олгайсизлар.

Ўзбекистон Республикаси “Ватандошлар” жамғармаси раиси Одилжон САТТОРОВ ҳам сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан самимий қутлаб, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжоновнинг кифтига тўн ёпди:

– Муҳтарам қардошлар, ватандошлар. Ўзбекистон делегацияси мана шундай улкан тадбирда иштирок этаётганидан фахрланамиз. ҚХА 30 йиллиги ҳамда “Дўстлик” ҳамжамиятининг 30 йиллиги барчамизга муборак бўлсин! Ўзбек этномаданият бирлашмасининг амалга оширган ишлари акс эттирилган китоби тақдимотида иштирок этдик. Ушбу давр мобайнида миллий қадриятларини сақлаш, ёш авлодга етказиш борасидаги ишлар билан бирма-бир танишиб, чин маънода қувондик. Сўлим гўшада туриб ёшларимиз, айнан тилимиз, урф-одатимизни қадрлаб, шеърлар айтаётганини эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлдик. Азалдан Абай ва Алишер Навоий орасидаги дўстлик халқларимиз учун маънавий таянч бўлиб келган. Бугун мана шу дўстликнинг янги босқичига гувоҳ бўляпмиз. Дўстлик туфайли қуда-андалигимиз, борди-келдиларимиз янада мустаҳкамланмоқда. Ёшларимизнинг юксак билим ҳамда савияга эга бўлишлари мақсадида 50та мактабга 2500дан зиёд ўзбек тилидаги бадиий адабиётларни туҳфа қиляпмиз. Мактабларда таълим олаётган ёшларимиз олган билимлари билан Қозоғистон тараққиётига ҳисса қўшишмоқда. Қозоғистонда туриб Ўзбекистон ютуқларида, Ўзбекистонда умргузаронлик қилиб, Қозоғистондаги ютуқларга қувонамиз. Дўстлигимиз бардавом бўлсин. Меҳр кўзда деганларидек, байрамимиз муборак бўлсин.

 Сўзга чиққан вилоят фахрийлар кенгаши раиси Женисбек МАУЛЕНҚУЛОВ байрам билан табриклар экан, дунёдаги таҳликали бир даврда мамлакатимизда ҳамжиҳатлик ва осойишталик ҳумкронлик қилиши Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли эканлигини таъкидлаб, Қозоғистондаги ўзбекларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшган ҳиссасига алоҳида таъриф бериб, таниқли фахрий металлург, Қозоқ ССР фахрий металлурги, жамоат арбоби Турдиали Усмонов, жамоат арбоби, кўп йиллардан буён халқига фидойи хизмат қилган Рўзақул Холмуродовнинг ҳалол ва кўп йиллик самарали меҳнатлари учун миннатдорчилик билдириб, ҳар бир қозоғистонлик шундай фуқаролардан ибрат олиб яшаши лозимлигини ифтихор билан таъкидладилар.

– Бугун қўшалоқ байрам, – деди “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икром ҲОШИМЖОНОВ. – ҚХАнинг 30 йиллик тўйи, ташкилотимиз ташкил этилганига ҳам шунча йил тўлди. Халқимиз анъаналари байрамини ўтказаётганимизга ҳам 30 йил тўлди. Айнан мазкур истироҳат боғида 30 йил муқаддам халқимизнинг тили ва анъаналари кунини нишонлаган эдик. Қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистондан ташриф буюрган меҳмонларимиз, вилоятдаги ўзбек этномаданият бирлашмалари раислари, халқимиз вакиллари билан ҳамжиҳатлик кунини нишонлаяпмиз. Бунинг барчаси Президентимизнинг оқилона сиёсати самарасидир. Миллатлараро тотувликни ривожлантиришга бағишланган шундай анжуманлар кўпаяверсин. Бу ерда миллий ҳунармандчилик намуналари, миллий таомларимиз кўргазмаларини намойиш этяпмиз. Бугунги тадбиримиздан асосий мақсад – миллатлараро муносабатларни яхшилаш. Сабаби – осойишта, фаровон элга дастурхон тузаб, меҳмоннавозлик кўрсатиш, қўшиқлар куйлаш ярашади. Қозоғистонда умргузаронлик қилаётган эканмиз, она ватанимизнинг қадрига етайлик. Бир чанғароқ остида аҳил яшаб, давлат равнақига муносиб ҳисса қўшайлик. 

Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси мазкур тадбирни уюштиришда жонбозлик кўрсатди. Унинг раиси Тоҳир Нишонбоевни мулоқотга чорладик: 

– Байрамни мазмунли ва тантанавор равишда ўтказишга ҳисса қўшган жамоаларга, барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.Сизлар Қозоғистондаги барча ўзбек этномаданият бирлашмалари вакилларининг фаол иштироки, бағрикенглиги ва ҳамжиҳатлигига асосланган фаолиятингиз халқлар дўстлиги ва бирдамлигини мустаҳкамламоқда. Шундай дўстлик байрамлари бардавом бўлсин.

Ҳулкар ҲАМРОЕВА, Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти, филология фанлари доктори (DSc), Қозоғистон халқи Ассамблеясининг Ўзбекистондаги дўстлик элчиси:

– Бугун тамаддун бешикларидан бири бўлган Шимкент шаҳрида ўтказилаётган байрам бутун минтақамизнинг байрами, бутун дунёдаги туркий халқларнинг шодиёнаси деб биламан. ҚХА 30 йиллиги, унга ҳамоҳанг ўтаётган ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти 30 йиллиги барчамизга муборак бўлсин. Ушбу байрамни қозоғистонликлар билан бирга, биз, ўзбекистонликлар ҳам орзиқиб кутдик. 1917 йилда Туркистон жадидларининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий “Қозоқ биродарларимга очиқ хат” деб мақола ёзган ва унда “чироқларим, бирлашинг, чироқларим бирлашинг”, дегандилар. Бугунги байрам ҳам ўзбек, ҳам қозоқ халқларининг ниҳоятда яқин эканликларини, ҳамиша бирдам эканлигини, тарихимиз, тақдиримиз ягона халқлар катта байрамимизни нишонлаётганимизни кўрсатиб туради. ҚХА ҳамда “Дўстлик” ҳамжамияти Ўзбекистонда ҳам ниҳоятда машҳур. Улар амалга ошираётган ишларга ҳаммамиз ҳавас қиламиз. Бугунги байрамда Ўзбекистон Давлат хореография академияси Урганч филиали профессори, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Матёқубова бошчилигидаги санъаткорлар, Гавҳар опанинг шогирдлари, Мукаррама Турғунбоева номидаги халқаро рақс танлови ғолибаси Дилноза Мавлонова, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати Рисолат Сапаевалар иштирок этяпти. Ўзбекистон Миллий университети профессори Раънохоним Сайфуллаева, шунингдек, Андижон Давлат педагогига институтидан, Андижон давлат чет тиллар институтидан олимларимиз иштирок этяпти. Ўзбекча дастурхон атрофида туркий халқлар яна бирлашмоқдалар. Бундай байрамлар ёшларимизнинг маънавияти ва дунёқарашига таъсир қилади. Миллатнинг ўз тарихини ўргангани сари маънавияти юксалиб бораверади. Мана шу байрам ҳам элларни яқинлаштиради. Эллар яқинлашган жойда, диллар яқинлашади. Эл байрами, дил байрами муборак бўлсин. Бу байрамни ташкил этишда Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳирбек Нишонбоев ҳамда унинг фидойи жамоасининг хизмати кўриниб турибди. Бугун қадим Шимкент қўли кўксида меҳмонларни қарши олди. Дўстона байрамлар бардавом бўлсин. 

Бауржан АЛТЕЕВ, Шимкент шаҳар касаба уюшмалари маркази раиси:

– Миллатлар орасида ўзбек халқининг ўрни ўзгача. Бизга қардош, қўшни мамлакат бўлсада, ота-боболари шу ерда истиқомат қилишган ўзбек халқининг 200 мингдан зиёд вакили Шимкентда умргузаронлик қилишади. Биз ягона оиланинг фарзандларидек аҳил яшаймиз. Миллатга ажратмаймиз, чунки инсон қаерда яшашидан қатъийназар, ўз тили, маданиятини билмоғи ва қадрламоғи лозим. Бугунги байрам ана шу ҳақиқатнинг ёрқин ифодаси бўлди. Мана, Шимкент шаҳрига қўшни мамлакатлардан ҳам ўзбек этноси вакиллари келиб, байрамда фаол иштирок этишмоқда. Динимизни, анъаналаримизни, урф-одатларимизни ёшларимизга бугун ўргатишимиз керак. Ушбу анъана барчамизга ўрнак бўлсин. Ўзбек қардошларимиз йил сайин палов фестивалини ўтказишади. Тасанно, паловнинг турфа хилларини кўриб, лол қоламиз. Қадриятлар байрами барчамизга муборак бўлсин!

***

Байрам муносабати билан уюштирилган концерт дастурида Бухоро вилояти давлат филармонияси, вилоятимиздаги таниқли санъаткорлару хонандалар, Шимкент шаҳар ўзбек драма театри артистларининг саҳна асарлари тадбирга алоҳида файз бағишлади. 

А. Навоий бобомиз айтганидек, “Яхши киши ёр бўлса, йўлда жон топарсан, ёмон киши ёр бўлса, йўлда жондан айрилурсан”. Бу фикр дўст ва ҳамжиҳат халқнинг бир-бирига қадрдон эканлигини англатади. Абай бобомиз эса “Барака – бирликда”, деб, халқнинг бақувватлиги ва юксалиши фақат бирдамликда эканлигига бежиз урғу бермаган. Мутафаккир боболаримиз сўзлари байрамга келган ҳар бир инсон қалбида ҳамжиҳатлик ва дўстликнинг чин моҳиятини жонлантирди. Зеро, миллатлар тотувлиги – юртимиз тинчлиги, келажак тараққиёти ва фаровон ҳаётнинг энг асосий гаровидир.

Байрам муносабати билан миллий таом ва пишириқлар кўргазмасида иштирок этган  Шимкент шаҳар 37-сонли умумий ўрта мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Мухтабар Ориповани суҳбатга чорладик:

– Мактабимиз номидан “Миллий таомлар: нон – ризқу рўзимиз” мавзуида миллий таомлар кўргазмасини ташкил этдик. Унда халқимиз азалдан қадрлаб келаётган мазали таомлар ва анъанавий пишириқлар ўрин олди. Ҳар бир дастурхон безагига айланган сомса ва қовурма чучваралар, тансиқ варақилару ҳолвайтарлар, Наврўз байрамининг асосий таоми бўлган ҳалим ва албатта, миллий ифтихоримиз – палов ҳам кўргазмадан ўрин олди. Бу таомлар халқимизнинг меҳри, ҳамжиҳатлиги ҳамда қалбдаги самимий туйғуларини ифода этади. Шу орқали биз фарзандларимизни миллий қадриятларга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаймиз. Ушбу қутлуғ кунда барча ҳамюртларимизни байрам билан чин дилдан муборакбод этаман! Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 30 йиллиги барчамиз учун ҳамжиҳатлик ва бирлик тимсолидир. Мактабимиз директори Волида Кабир қизи ҳамда бутун жамоамиз номидан юртимизга тинчлик, фаровонлик тилаймиз.

Тадбирда Ислом Ниёзалиев бошчилигидаги “Адабиёт ва санъат” газетаси жамоаси ҳам иштирок этди. Маънавият минбарига айланган мазкур нашр саҳифаларида юртимиз ижодкорларининг илғор фикрлари, таниқли шоир ва ёзувчилар асарлари чоп этилиб, миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримиз кенг ёритилади.

Байрам саҳнасида юртимизнинг маънавий қудратини намоён этувчи саҳна кўринишлари ҳам ўрин олди.

Олисдан йирик мутафаккир шоир ва алломаларимиз қиёфасини акс эттирган ўқувчиларга кўзим тушди. Ушбу саҳна кўринишини Шимкент шаҳридаги М. Горький номидаги 12-сонли мактаб жамоаси тайёрлаб келган эди. Гулжан Ўмарова раҳбарлик қилаётган мактаб директорининг ўринбосари Мақсуда Турсунқул қизи етакчилигида тайёрланган кўргазма ва саҳна кўринишлари байрамнинг ёрқин воқеаси сифатида иштирокчилар хотирасида муҳрланди.

– “Алишер Навоий – туркий халқларнинг ифтихори” мавзуида шоирнинг бебаҳо меросини ўқувчиларга яқинлаштиришни мақсад қилдик, – дейди Мақсуда Турсунқул қизи. – Навоийнинг энг таъсирли ибораларидан иборат кўргазмалар тайёрладик. Унинг достонлари, форсийда битилган  шеърлари, илмий ва насрий асарлари акс эттирилган китоблар мажмуасини намойиш этдик. Мактаб кутубхонаси ва устозларимиз шахсий кутубхоналаридан ҳам кўплаб асарларни олиб келдик. Фарзандларимизга она тилини, тарихини ўргатиш – бурчимиз.  Ёшлар илдизларимиз мустаҳкам ва барқарор эканлигини англаб етишлари керак. Миллатнинг келажаги шу маърифатли, ўз илдизларига содиқ авлод қўлида. Навоийдек улуғ зотлар меросидан руҳланиш – улар учун энг қимматли сабоқ, ҳаёт мактабидир. 

Байрам саҳнасида миллий руҳни юксалтирган яна бир ёрқин иштирокчилар – Қорабулоқ қишлоғидан келган Победа Абдазимова бошчилигида “Оналар мактаби”.

– Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни – бу бизнинг ўзлигимиз, тарихимиз ва меросимизнинг рамзи. Ҳар йили ушбу кунни алоҳида интиқлик билан қарши оламиз. Бугун ҳам “Оналар мактаби” номидан ўз қўлларимиз билан нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаб, юртимизнинг бой дастурхон анъанасига ҳисса қўшдик. Қорабулоқча патирлар, тўй патирлар, қовурма чучвара, қовоқ, гўшт ва картошка сомсалари, манти, хонум, норин, қатлама, пиёзли нон ва лочира нонлар – буларнинг барчаси меҳр билан пиширилган. Юртимизда тинчлик, эл-юртда барака бўлсин, фарзандларимизнинг йўли очиқ ва нурли бўлсин, – деди шоира Гулиосиё Ҳасанова самимий тилаклар билан.

Дид билан безатилган дастурхон атрофида ўтирган онахонлар, уларга самимий эҳтиром кўрсатаётган 21-сонли А. Чехов номидаги мактаб директори ва унинг жамоаси диққатимизни ўзига жалб қилди.

– Биз мактабимизда уч тилда – рус, қозоқ ва ўзбек тилларида таълим берамиз. Жамоамиз тотувлиги, дўстона муносабати билан ажралиб туради. Бугунги байрамга “Қарияларга эҳтиром” шиори остида ташриф буюрдик. Шу муносабат билан биз 40 йилдан зиёд умрини таълимга бағишлаган, бугунги кунда нафақада бўлган устозларимиз ҳар йили иззат-икром билан таклиф этамиз. Улар бизнинг бой тажриба манбаимиз, ҳаётий мактабимиз, – дейди мактаб директори Қатира Жумағулқизи самимийлик билан.

Қатира Жумағулқизининг таъкидлашича, мактаб жамоаси билан бир қаторда ота-оналар ва қизалоқлар дастаси ҳам байрам тадбирларида қатнашиб, шодиёнага ўзига хос файз бағишламоқда. “Қозоғистонда яшовчи ҳар бир миллатнинг тили, тарихи ва анъаналарини ҳурмат қилишимиз шарт. Ана шундагина биз чин маънода тотув ва бирдам эл бўламиз, деб қўшимча қилди у.

Дарҳақиқат, Қатира Жумағулқизи бир чанғароқ остида турли миллат вакилларини бирлаштира олган, уларни ўзаро ҳурмат, дўстлик ва бирликка ўргатаётган раҳбар сифатида бу байрамга ўзгача руҳ бағишлади. Унинг меҳр ва эътибори, миллатлараро ҳамжиҳатликка қаратилган ибратли иши қалбимизда чексиз миннатдорчилик туйғусини уйғотди.

Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси қошидаги ижодкорлар кенгаши раисаси, ”Чимкент” ижодий уюшмаси аъзоси, шоира Эркиной Султонова ва Моҳида Йўлдошева кўргазма олдида меҳмонлар билан фикр алмашар экан, Эркиной опа байрам таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Бугунги байрам биз учун алоҳида аҳамиятга эга. “Дўстлик” ҳамжамиятининг 30 йиллиги ҳамда “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” куни муносабати билан биз, ижодкорлар уюшмаси томонидан тўртта баннер-кўргазма тайёрлаб, 60дан зиёд китоблар олиб чиқдик. Уларда Шимкентдаги тўрт ижодий уюшма – “Чимкент”, “Сайрам”, “Исфижоб” ва “Илҳом булоғи”нинг ижодий ҳаёти, китоблари ва фаолияти акс эттирилди. “Чимкент – ижод гулшани” баннерида элликка яқин ижодкорнинг сурати, “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори остида тайёрланган баннерда эса Ўзбекистон ва Қозоғистон шоирларининг самимий учрашувларидан лавҳалар, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган китоб тақдимотидан суратлар ҳам жой олган. Шу жумладан, кўргазмада Нурхон Аюб қизи, Иброҳим Туркий совға қилган китоблар, хорижда нашр этилган антологиялар тақдимотидан тасвирлар акс эттирилган.

Шоира сўзини давом этар экан, кўзлари ифтихор билан порларди:

– Биз фақат Қозоғистонда эмас, балки хорижда нашр этилган антологияларда ҳам иштирок этдик. Озарбайжон, Туркия, Ҳиндистон, ҳатто Америкада чоп этилган тўпламларда ижодкорларимизнинг шеърлари, шахсан каминанинг “Сайрамим” шеъри жой олгани юксак шараф. – Халқимизнинг адабий меросини асраб-авайлаш ва ёшларга етказишни энг масъулиятли вазифамиз деб биламиз. Ижодкор, маънавиятли, зиёли ёшларимиз сафи кўпаяверсин, – дея қўшимча қилди.

Сайрам тиббиёт коллежининг саҳна кўринишлари байрамнинг энг тантанали дақиқаларидан бири бўлди. Жанара Баймағамбетова  бошчилигидаги жамоага айнан “Келин салом” ва “Тушовкесди” мавзуси тушган эди. Улар бу миллий маросимларни юксак маҳорат билан олиб чиқдилар. Хонанда Фарида Тўйметованинг ширали овози эса саҳнани янада гўзал кайфиятга буркади.

– Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари байрамида биз халқимизга хос урф-одатларни саҳналаштириш орқали ёш авлодга ота-мерос қадриятларимизни етказишни мақсад қилдик. Чунки биз миллатларга бўлинмаймиз, барчамиз бир бутун халқмиз, бир-биримизни ҳурмат қиламиз ва ардоқлаймиз, – деди коллеж директорининг ўринбосари Салтанат Баратқизи.

Яна эътиборли жиҳати – саҳнадаги барча устоз ва талабаларнинг кўксини безаб турган ўзбек миллий нақшли атлас тасмалари ҳам байрам руҳини янада ёрқин ифода этди.

“Тил – маънавият чашмаси” мавзуида тайёрланган кўргазма ҳам байрамга алоҳида руҳ бағишлади. Сайрам даҳасидаги Дилдора Сотволдиева раҳбарлик қилаётган 111-сонли мактаб жамоаси бу гал ўзига хос ғоя билан саҳнада намоён бўлди. Ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси Лобар Мирҳошимова етакчилигида ўқувчилар она тилини ардоқловчи шеърлар ўқиб, қўшиқлар ижро этдилар. 

– Она тили – миллатнинг юраги, қалб руҳи, маънавиятимизнинг гултожи. Биз ўқувчиларимизга шу ҳақиқатни сингдиришга интиламиз. Чунки тилини қадрлаган ёш – ўз халқи келажагига беғараз муҳаббат билан хизмат қилади, – дейди Лобар Мирҳошимова. 

Тўлебий туманидаги “Тоғойна” мактаби номидан тайёрланган кулолчилик ва миллий чолғу асбоблари кўргазмаси байрамнинг алоҳида диққат марказига айланди. Чунки кулолчилик санъати ҳозирги кунда кўп мактабларда учрамайди. Аммо бу мактабда ана шу қадимий ҳунарга эътибор қаратилиши, унинг ўқувчиларга ўргатилиши – ҳақиқий маънавий бойликдир.

Кўргазма давомида кулолчилик бўйича бадиий меҳнат ўқитувчиси Санжар Хидиров шогирди, 8-синф ўқувчиси Асилбек Сайфуллаев билан бирга саҳнада буюм ясаш жараёнига бағишланган маҳорат сабоғини намойиш этди. Бу меҳмонларни лол қолдирди, санъатнинг гўзал қирраларини ифода этди.

Сарвар Хидиров акаси, машҳур кулол Зафар Хидиров ва Сайрамдаги машҳур уста Бахтиёр Раҳимшиқовнинг шогирди эканлигини фахр ва ғурур билан таъкидлади.

Шу билан бирга, мусиқа фани ўқитувчиси Комилжон Ирисбеков раҳбарлигидаги ўқувчилар миллий чолғу асбобларида куй ижро этишди.

Шундай шароитларни яратиб, ўқитувчи ва ўқувчиларга ҳунарни ривожлантириш имкониятини яратиб келаётган мактаб директори Жамолбек Ўсмонали ўғлининг меҳнати ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Ана шундай ташаббуслар орқали ёшларимиз ҳунар эгаллаб, миллий меросимизга муносиб ворис сифатида вояга етади.

Жанна Абдуллақизи раҳбарлик қилаётган “Абай” хусусий ўрта мактаби жамоаси ҳам байрамга юксак тайёргарлик билан ташриф буюрди. Қозоқ тили ва адабиёти ўқитувчиси Шўлпан Алим қизи ҳамда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари Шаҳодат Болташиқова ва Маъмура Рашидовалар раҳбарлигида тайёрланган кўргазмада “Абайнинг 180 йиллиги” мавзуида буюк шоирлар образида саҳна кўринишини намоён қилишди.

– Бугунги байрам доирасида ташкил этилган маданий кўргазмага биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшдик. Миллатлараро ҳамжиҳатлик, тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида 9-“Д” синф ўқувчилари – Бахтиёр Билолхон ва Муҳаммадзокир Убайдуллаевлар саҳнада икки буюк шоир – Алишер Навоий ва Абай Қунанбаев ҳаётини намоён этди. Улар буюк мутафаккирлар шеърларидан парчалар ўқишди. Улар фақат билимли ва зукко эмас, балки Қуръонни ҳам ёд олган маънавиятли ёшларимиз, – дея фахр билан тилга олди устоз.

Сайрам даҳасида жойлашган Шокир Умаров раҳбарлик қилаётган 4-мусиқа мактабининг санъатсевар ёшлари саҳнада миллий меросни юксалтирди. Миллий чолғу асбоблари ва куй-қўшиқлари билан халқимизга санъат намунасини тақдим этди. Шогирдлар  рубоб, доира, ғижжак, дутор каби чолғу асбобларида ижро этиб, халқ қўшиқларини куйлашди. Уларнинг чиқишлари йиғилган санъатсеварларнинг қалбини завққа тўлдирди.

Тадбирда театр жамоаси, мактаблар, ўқув марказлари, “Star bakery” ва “Sofiya” қандолатчилик корхоналари, “Фурқат”, “Samruk” мебель ишлаб чиқариш корхоналари, “Сайрам нан”, “Дони LTD” МЧБ ва “Baraka qurt” МЧБ каби тадбиркорларининг кўргазма ва маҳсулотлари меҳмонларга байрамона кайфият улашди.

Албатта, бундай тадбирлар аввало, ёшлар қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади. Тилимиз, маданиятимиз ва маънавий меросимизнинг нақадар бойлигини кўз билан кўриб, қалб билан ҳис қилиш – уларнинг она юрти ва халқига бўлган меҳрини янада мустаҳкамлайди. Миллатнинг руҳи, маданияти ва урф-одатлари қудратли тарбиявий мактабдир. Шу боис, бу каби байрамлар ёш авлодни маърифат, эзгулик ва илоҳий сўз қудратига йўналтиради.

Мунира ЖАМОЛИДДИН қизи, Малика МАЪМУРЖОН қизи., 2025-09-26, 21:54 208
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.