26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қалбларни яқинлаштирган анжуман

ҚХА ва ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Бу уйғунлик бежиз эмас. Ассамблея фаолияти шу йиллар давомида Миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш баробарида ҳар бир этноснинг миллий маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини асраб-авайлаш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Миллатлараро ҳамкорлик ва бирдамлик Қозоғистон тараққиётининг муҳим омили сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу муҳим сиёсий жараёнда ўзбек этноси вакиллари ҳам муносиб ўрин эгаллаб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. “Дўстлик” ҳамжамияти 30 йил давомида ўзбек миллатининг маданий ва маънавий ҳаётидаги салоҳиятли ташкилот сифатида ўзини кўрсатди. Умуммиллий ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Ташкилот турли маданий тадбирлар, адабий кечалар, икки мамлакат ўртасидаги юксак даражадаги учрашувлар орқали қардошлар билан дўстлик кўпригини янада мустаҳкамлаб келмоқда.

Ушбу санага бағишлаб ўтказилган Ж. Ташенев университетининг Мархабат Байғут номидаги талабалар уйида “Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ҚХАнинг роли” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманда ҳам йиллар мобайнида амалга оширилган залворли ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида фикр юритилди. Унда Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон давлатлари, мамлакатимизнинг турли вилоятларидан таниқли олимлар, сиёсатчилар ва зиёлилар иштирок этишди.

Тадбирни “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов очди. Шимкент шаҳри бўйича ҚХА котибияти мудираси Айгул Амзеева, Ж. Ташенев университети ректори, техника фанлари номзоди, профессор, ҚР МФА академиги Қанат Байбўлов сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлидаги йирик анжуманлардан бири эканлигини таъкидладилар. Ж. Ташенев номли университетда “Ўзбек тили ва адабиёти” бакалавр ҳамда “Ўзбек тили ва адабиёти” магистратура йўналишлари йўлга қўйилган, битирувчилар эса Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон дипломларига эга бўлаётгани таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим намунаси сифатида алоҳида қайд этилди. Анжуманда ҚХА Котибиятининг шўъба мудири Қайрат Баймўлдин, ҚР Парламенти Сенатининг депутати Алишер Сотволдиев ҳам иштирок этиб, миллатлараро сиёсат тарихидаги залворли аҳамиятини эътироф этдилар. Тадбир доирасида мазкур санага бағишлаб, “Дўстлик” ҳамжамияти вилоятлар ҳамда туманлардаги вакилларининг ушбу йиллар давомида олиб борган ишлари, Қозоғистон ўзбекларининг ҳаёти, маданияти, маънавияти акс эттирилган “Дўстлик карвонида – 30 йил” тарихий асарининг тақдимоти ўтди. Ҳамжамият раиси Икром Акром ўғлининг ғояси ҳамда таниқли олим, ҳамжамият қошидаги Илмий-жамоатчилик кенгаши раиси, педагогика фанлари доктори, профессор Неъматжон Алметов раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ аъзолари – китоб нашрида фаол иштирок этган ҳамюртларимизга, шу жумладан, йиллар мобайнида ташкилотга раислик қилган жамоат арбоблари – марҳум Озод Тошпўлатов, Ғофир Қосимов, нафақадаги ҳамюртимиз Бахтиёр Қодирбеков, Раҳматжон Абдусатторов, Қозоқ ССРда хизмат кўрсатган металлург, Иттифоқнинг фахрий металлурги, Қозоғистонни бошқарган Д. Қўнаев ҳамда мамлакатимизнинг Тўнғич Президенти Н. Назарбаев билан елкама-елка меҳнат қилган, бевосита топшириқларини бажарган нуронийларимиздан Турдали Усмонов, кўпгина тадбирларда фидойилик, саховатпешалик кўрсатиб келаётган “Дўстлик” ҳамжамияти хотин-қизлар кенгашининг фахрий раисаси Фароғат Ҳожиматова ҳамда барча фаолларга “Дўстлик” ҳамжамиятининг байрам медаллари тақдим этилди. 

– Бугунги тадбирда иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман, бу улкан масъулият, – деди ҚР Парламент Сенати депутати Алишер Сотволдиев. – ҚХАнинг 30 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонланаётган “Дўстлик” ҳамжамиятининг 30 йиллик тўйи муборак бўлсин. Ушбу вақт мобайнида мамлакатимизнинг тараққий этишида ташкилотимизнинг аҳамияти улкан эканлигидан фахрланаман. Тадбирни уюштиришда жонбозлик кўрсатган мутасаддиларга миннатдорчилик билдираман. Бугунги тўй – ўтганларга эҳтиром, эъзоз тимсоли ҳамда келгусида амалга ошириладиган залворли ишларга руҳлантириши аниқ. Миллатлараро тотувликка қўшган ҳиссангиз учун миннатдорчилик изҳор қиламан. ҚР Парламенти Сенати раиси 

М. Ашимбаевнинг тилак ва саломларини етказмоқчиман. ҚХАнинг фаолияти юртимизда ягона сиёсий институт сифатида давлат раҳбари шахсан ўзи раислик қиладиган ташкилот. 

Шу боис, муассаса фаолияти Президентимизнинг шахсий назоратида. Ушбу йиллар давомида халқимизнинг сиёсий ва маданий ҳаётини акс эттираётган “Дўстлик” ҳамжамиятининг ўзига хос ҳиссаси бор. Бу борада ўтказилган муҳим тадбирларга алоҳида тўхталмоқчиман. Август ойида қозоқ-ўзбек зиёлиларининг анжумани ўтди.  Қозоқ-қирғиз зиёлилари анжумани жорий йилда саккизинчи бор ўтказилса, бир отадан тараган қардош қозоқ-ўзбек иштирокидаги анжуман илк бора ўтказилаётганлиги танқид қилинди. Бундан ўзига хос хулосалар чиқарилди. Дунёвийлашув жараёнида икки томонлама ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бундай муносабатлар иқтисодий, сиёсий, маданий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлайди. 

Тадбирда сўзга чиққан Шимкент шаҳар ҚХА қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Ўринбай Рахманбердиев икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасида илиқ фикрларини изҳор қилди. 

– Ҳурматли ватандошлар, барчаларингизни байрам билан қутлайман, – деди “Ватандошлар” жамғармасининг раиси Одилжон Сатторов. – Йил давомида ўтказилаётган тадбирларни кузатиб боряпмиз. Уларнинг барчаси Қозоғистонда истиқомат қилаётган этносларни бирлаштиришга чорлайди. Биз мана шу тадбирларда ўзбекларни ҳам кўриб қувоняпмиз. Уларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатаётган Икром Ҳошимжоновга алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз. Албатта, таҳликали замонда Янги Қозоғистон, Янги Ўзбекистон деган сўзлар янграмоқда. Бу эса янги Марказий Осиё руҳини шакллантиришга олиб келмоқда. Интеграциялашув, яхши жараёнлар олиб бориляптики, бу Президентларимиз, уларнинг сиёсий иродалари билан амалга ошмоқда. Бугунги тадбирлар Марказий Осиё халқларини янада жипслаштириб, умумий келажак сари ҳамжиҳат қадам ташлаётганини намоён этмоқда.Бу жараёнлар халқимиз бир, келажагимиз ҳам умумий эканлигидан далолатдир. Анжуманда яқин қўшни мамлакатлардан этник ўзбеклар ҳам иштирок этаётгани ушбу анжуманнинг нуфузини юксалтириб эттириб, мазмунига мазмун қўшди. Маълумки, Ўзбекистонда 130дан зиёд миллат ва элатлар, 16та конфессия истиқомат қилади, 7та тилда: ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик ва рус тилларида таълим берилади. Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг амалдаги ифодасидир. Ватандошлар билан мулоқот қилиш бугунги кунда давлат сиёсатига чиқарилди. Анжуман юксак савияда ўтишига тилакдошман. 

Қирғизистон Республикаси, Ўш вилояти ўзбек маданият марказининг кенгаши аъзоси Пирмуҳаммад Мирзаҳмедов, Ўзбекистон Республикасидаги Қозоқ маданият марказининг раиси Серикбай Усенов, Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ўзбек маданият маркази раиси Илҳом Юсупов, Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиалининг профессори, Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени совриндори Гавҳар Матёқубова, Ўзбекистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори Раъно Сайфуллаева ва бошқалар сўзга чиқиб, миллатлараро ҳамжиҳатлик борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар хусусида фикр алмашишди ҳамда қозоғистонлик ҳамкасблари – “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Акром ўғлига совғаларини топшириб, кифтига чопон ёпишди.

– Ташкилотимизнинг барча раислари фаол ишлаши натижасида бугунги кунда “Дўстлик” ҳамжамиятининг 15та бўлими мавжуд, – дейди ҳамжамият раиси Икром Акром ўғли. – Ва уларнинг тарихи ушбу китобда акс этган. Китоб муқовасида акс эттирилган туялар карвонининг бир йўл узра кетиб бораётганида ҳам улкан сиёсий маъно мужассам. Ташкилотимиз қошидаги илмий-жамоатчилик кенгашини бошқараётган профессор Неъматжон Алметов бош-қошлигида фаолиятимиз ҳақидаги хотиралар, мақолалар, эсдаликлар жамланди. Олимларнинг фаолиятини ким юзага чиқаради? Уларнинг меҳнатини кенг жамоатчиликка халқимизнинг саховатпеша фарзандлари тақдим этишди. 13 нафар ишбилармон саъй-ҳаракати билан китоб нашрдан чиқди. Фидойиларимиз меҳнати тарих зарварақларида ўз аксини топди. 

Анжуман Қозоғистонда истиқомат қилаётган турли этнос вакиллари баробарида, бутун Марказий Осиё халқларини ўзаро дўстлик ва бирдамликка чорлади. Ушбу жараён халқларимиз орасида ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаб, бир-бирининг қадриятларига эҳтиром туйғусини кучайтирди. Натижада, маданий-маънавий ҳаётимизни янада бойитади, янги авлод учун эса тотувлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлайди. Шубҳасиз, улар инсонларни яқинлаштирди, қалбларни бирлаштирди. 

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2025-09-26, 21:49 356
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.