26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Кенг кўламли ислоҳотлар даври

Давлат байроғини кўтариш маросимида сўзга чиққан Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев йиғилганларни Давлат рамзлари куни билан табриклади.

– Давлат рамзлари куни ҳар бир фуқаро учун алоҳида аҳамият касб этадиган қутлуғ байрамдир. Бугун биз мамлакатимиз байроғини кўтарамиз, улуғлаймиз. Шу орқали бутун дунёга ўз тақдири ва келажагини мустақил белгилаётган эгамен давлат эканимизни яна бир бор намоён этамиз. Муқаддас рамзларимиз халқимизнинг азалий қадриятлари ва миллий ўзлигининг ёрқин ифодасидир. Давлат герби давлатчилигимизнинг тимсоли бўлса, мадҳиямиз эркинлигимизнинг улуғвор садосидир. Мовий байроғимиз эса мустақиллигимизнинг ёрқин рамзи ҳисобланади, – деди Президент. – Давлат рамзлари мамлакат давлатчилигининг мустаҳкам устунлари ҳисобланади. Тарихда халқимиз ягона байроқ остида бирлашиб, ҳамжиҳатлик ва тотувликни асраб келган. Бугун ҳам мамлакатимиз жамият бирдамлигини мустаҳкамлаб, тараққиёт сари ишонч билан одимламоқда.

Президент шу йил март ойида мамлакат аҳолиси умумхалқ референдумида фаол иштирок этганини таъкидлади. Фуқаролар конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб овоз берди. Натижада мамлакат тарихида янги саҳифа очган янги Конституция қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Асосий қонунда халқнинг асрий орзу-интилишлари, мақсад ва идеаллари ўз ифодасини топган. Мамлакат ҳудудий яхлитлиги, эгаменлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланди.

Шунингдек, қонун ва интизомга риоя қилиш, таълим, илм-фан ва янги технологияларни ривожлантириш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш ҳамда кўнгиллилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш конституциявий мажбуриятлар сифатида белгиланди.

– Янгича мазмун ва моҳият касб этган Асосий қонунимиз Адолатли Қозоғистонни барпо этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворига айланди. Конституцияга кўра, ҳар бир фуқаро давлат рамзларини ҳурмат қилиши шарт. Шу боис уларга эҳтиром кўрсатиш ватанпарварликнинг энг юксак инъикосидир, – деди Президент.

– Фақат ҳақиқий ватанпарварларгина мамлакатни тараққиёт сари бошлайди ва унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлайди. Демак, ватанпарварлик юртимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг муҳим кафолатидир. Миллий рамзларимизнинг нуфузини мустаҳкамлаш давлат аҳамиятига эга вазифадир. Яқин кунларда Ҳукумат давлат рамзларидан фойдаланишни тартибга солувчи қарорга тегишли ўзгартиришлар киритади. Миллий рамзларимизни ардоқлаш – ҳар бир фуқаронинг муқаддас вазифаси. Бу, аввало, давлатга бўлган ҳурмат ифодасидир.

Жорий йил мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу тарихий сана босиб ўтилган йўлни чуқур таҳлил қилиш, эришилган натижаларни холис баҳолаш ва келгуси тараққиётнинг стратегик йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади. Бу қутлуғ санани муносиб меҳнат ва аниқ натижалар билан қарши олишимиз лозим.

Бугун мамлакатимиз ҳаёти кенг кўламли янгиланишлар даврини бошдан кечирмоқда. Қозоғистон ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга интилаётган, барқарор тараққиёт йўлидан қатъий бораётган давлат сифатида янги босқичга қадам қўйди.

Умумхалқ референдуми якунлари асосида қабул қилинган Конституция давлатимизнинг келгуси ўн йилликлар учун мўлжалланган Асосий қонуни ҳисобланади. Айнан шу Конституция халқимизни жаҳон тамаддунининг янги марралари сари бошлайди. Технологик тараққиёт, сиёсий ўзгаришлар ва турли дунёвий зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги даврда Асосий қонунимизнинг ҳаётий дастуриламал сифатидаги аҳамияти янада ортмоқда.

Конституция 1 июлдан кучга киради. Август ойида бир палатали Қурултой сайловлари ўтказилади, сентябрда эса Қозоғистон Халқ Кенгашининг янги таркиби шакллантирилади. Шу тариқа мамлакат катта ўзгаришлар даврига кириб бормоқда.

Жамият ҳаёти янгиланмоқда, қадриятлар тизими, дунёқараш ва фуқароларнинг ҳаёт тарзи ўзгармоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти қонун устуворлиги ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш сиёсатини қўллаб-қувватлаб, «Тоза Қозоғистон» тадбирида фаол иштирок этмоқда.

Бироқ эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Доимо олдинга интилишимиз, юксак мақсадларни ўз олдимизга қўйишимиз зарур. Ана шундагина Қозоғистонни ҳақиқатан ҳам тараққий этган давлатга айлантира оламиз, – деди Президент. 

– Бугун мамлакатимизда бунёдкорликка асосланган янги тараққиёт кун тартиби шаклланмоқда. Жамиятимизда янги ғоялар, янги шахслар ва ватанпарварларнинг янги авлоди майдонга чиқмоқда. Давлат раҳбари сифатида мен бу ижобий жараённи тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бевосита самарасидир.

Халқ бирлигини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади. Зеро, мамлакатнинг барқарор ва муваффақиятли тараққиётини таъминлайдиган энг муҳим омил ҳам айнан шу бирликдир. Ислоҳотларнинг янги босқичида барча соғлом ва тараққийпарвар ижтимоий-сиёсий кучлар умуммиллий қадриятлар ва умумий мақсадлар атрофида жипслашиши зарур. Фақат шу йўл билангина Адолатли Қозоғистонни барпо этиш ва давлатчилигимизни янада мустаҳкамлаш вазифаларини муваффақиятли амалга ошира оламиз.

Давлат учун қисқа муддатли манфаатлар эмас, балки узоқ истиқболга қаратилган устувор вазифалар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Абайнинг ҳаётий ўгитларига амал қилган ҳолда, биз ҳар бир қарорни пухта ўйлаб қабул қилмоқдамиз, бироқ мақсадларимиз сари ишонч билан илгариламоқдамиз. Бу жараёнда миллий манфаатлар доимо устувор аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

Яқинда Астанада ЮНЕСКО кўмагида Олтин Ўрда меросини ўрганишга бағишланган халқаро симпозиум ўтказдик. Шубҳасиз, бу каби ташаббуслар давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Олтин Ўрда ўз даврида мукаммал бошқарув тизими, дипломатик хизмати, алоқа ва божхона тизими, халқаро миқёсда тан олинган пул муомаласи ҳамда илғор технологияларига эга бўлган қудратли ўрта асрлар давлати сифатида тарихда муҳим ўрин тутган.

Бугун Қозоғистонда мустаҳкам қарор топган президентлик бошқаруви модели ҳам ўз илдизлари билан Олтин Ўрда даврида шаклланган сиёсий тизимга бориб тақалади. Олтин Ўрданинг энг муҳим мероси эса унинг мустаҳкам қадриятлар тизимидир. Ана шу қадриятлар улкан давлат ҳудудида турли дин, тил, маданият ва урф-одатларга мансуб халқларни бирлаштириб турган.

Аждодларимизнинг шарафли тарихи биз учун ҳамиша ибрат мактаби ва стратегик йўл-йўриқ бўлиб қолади. Олтин Ўрданинг тарихий мероси бугун Евроосиёда яшаб келаётган кўплаб халқларнинг умумий бойлигидир. Шу боис биз мазкур меросга мурожаат этар эканмиз, барча мамлакатлар тинч-тотув яшайдиган, умумий хавфсизликни таъминлайдиган ва халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорлик қиладиган ягона ва тараққий этган Евроосиё ғоясини қўллаб-қувватлаймиз.

Ватандошларимиз Адолатли, Маданиятли, Тоза ва Хавфсиз мамлакатда яшашга интилаётгани бежиз эмас. Шу боис жамиятимизда ҳар қандай қонунбузарлик ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланмоқда.

Олдимизда ҳали кўп вазифалар турибди. Бироқ барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, қўйилган мақсадларга албатта эришамиз.

Мовий байроғимиз ҳамиша юксакларда мағрур ҳилпирайверсин! Давлатимиз мангу яшасин!

Маъруза жузъий қисқартиришлар билан тақдим этилди. Тўлиқ матнини akorda.kz сайтида ўқий оласиз, 2026-06-05, 21:24 13
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.