Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси тармоқларини барқарор ривожлантириш вилоятимиз олдида турган устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алибек Плалов билан мулоқотда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилган замонавий технологиялар, бу йил кутилаётган ҳосилдорлик кўрсаткичлари ва сув таъминоти масалалари ҳақида суҳбатлашдик. Қуйида ушбу мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Хўжаликларнинг баҳорги дала ишларига умумий тайёргарлик даражаси қандай? Асосий захиралар бўйича тақчиллик ҳолатлари борми? Уруғлик, ёнилғи-мойлаш материаллари ва техника таъминотига тўхталсангиз.
– Вилоятимизда жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари майдони ўтган йилга нисбатан 8 минг гектарга ошиб, 919 минг гектарни ташкил этди (2025 йилда 911 минг гектар). Шу жумладан, баҳорги экинлар – 536 минг гектар, кузги экинлар – 208 минг гектар, бултурги беда – 175 минг гектарни ташкил этади. Вилоятнинг иқлим хусусиятларини инобатга олган ҳолда, баҳорги дала ишлари январь ойидан бошланди. Бугунги кунда вилоят бўйича ер ҳайдаш ва шўр ювиш ишлари тўлиқ якунланди. Дала ишлари учун ёнилғи-мойлаш материалларини ажратиш, кредит захиралари билан таъминлаш, минерал ўғитларни тақсимлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмоқда. Баҳорги дала ишлари учун жами 52,5 минг тонна имтиёзли ёнилғи ажратилди. Шу жумладан, февраль ойига – 6 минг тонна, март ойига – 19 минг тонна, апрель ойига – 3 минг тонна, май ойига – 13 минг тонна, июнь ойига – 11 минг тоннадан тақсимланди. Хўжаликларга ажратиладиган имтиёзли ёнилғини тарқатувчи ҳудудий операторлар туман ва шаҳар ҳокимликларининг таклифлари асосида белгиланиб, дизель ёнилғиси ҳажмлари тасдиқланди. Айни кунда улар томонидан ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш ишлари бошланди. Ёнилғи баҳоси бозор нархидан 15 фоизга арзонлаштирилган.
– Жорий йилда қайси экин турларини экиш режалаштирилган? Ўтган йилга нисбатан экинлар таркибида ўзгаришлар борми?
– Вилоятнинг жанубий туманларида эртапишар сабзавот ва картошка экинларини экиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар режалаштирилган 536 минг гектар майдоннинг 92 минг гектарига баҳорги экинлар экилди. Жумладан, 28 минг гектар ерга бошоқли донлари, 13 минг гектар – мойбоп экинлар, 24 минг гектар беда, 10 минг гектар – сабзавот, 4 минг гектар – картошка, 13 минг гектар – полиз экинлари экилди. Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, ялпи маҳсулот ҳажмини 2 баравар ошириш юзасидан “Йўл харитаси” доирасида вилоятда пахта 17 минг гектарга (162 минг гектар), маккажўхори 15 минг гектарга (55,2 минг гектар) маҳсари 16 минг гектарга (85,4 минг гектар) оширилади. Шу билан бирга, сув сарфини камайтириш мақсадида шоли экинлари 7 минг гектарга (3,5 минг гектар) қисқартирилди. Бу борада ўтган йили трансчегаравий дарёларда сув оқими тақчиллиги кузатилгани сабабли, шолини фақат Қизилқум канали бўйлаб экиш режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, ҳокимлик томонидан асосий қишлоқ хўжалиги экинлари – маккажўхори ва маҳсари майдонларини кенгайтиришга қаратилган қўллаб-қувватлаш дастаклари жорий этилган. Жумладан, “Асосий экинлар етиштиришни ривожлантиришни субсидиялаш” дастури доирасида субсидия миқдори ҳосилнинг ҳар тоннаси учун 10 минг тенгедан 30 минг тенгегача оширилди. Шунингдек, ушбу дастур доирасида маҳсари экинларини субсидиялаш ҳажми 10 минг тенгедан 25 минг тенгегача оширилди.
– Жорий мавсумда суғориш масаласи, хўжаликлар ўртасида сув тақсимоти муаммоси қандай ҳал қилинмоқда? Суғориш тизимларини замонавийлаштириш борасида қандай ишлар амалга ошмоқда?
– Ҳозирги кунда вилоятда умумий ҳажми 8,8 миллиард м³ бўлган 42та сув омбори мавжуд. Жумладан, 16таси республика тасарруфида (8293 миллион м³), 22таси коммунал мулк (485,5 миллион м³), 4таси хусусий мулк (98,6 миллион м³). Айни пайтда сув омборларидаги сув ҳажми меъёрида ва ўрта ҳисобда 7,5 миллиард м³ ёки 85 фоизни ташкил этади (бултурги – 6,5 миллиард м³ ёки 74 фоиз). Шу жумладан, асосий иншоотлар бўйича Чордара сув омборининг тўлдирилиш даражаси 5153 миллион м³ ёки 99 фоиз (кирим – 304 м³/с, чиқим – 285 м³/с) бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 563 миллион м³га кўп (2025 йилда 4590 миллион м³). Кўксарой сув тақсимлагичи ҳажми 1815,20 миллион м³ ёки 60 фоиз бўлиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 379,96 миллион м³га кўп (1435,24 миллион м³). Бўген сув омборида (лойиҳавий ҳажми 370 миллион м³) ҳозирги кунда 367,17 миллион м³ сув тўпланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 12,23 миллион м³га кўп (ўтган йилда 354,94 миллион м³). Тўлдирилиш даражаси – 99,24 фоиз (кирим – 42,60 м³/с, чиқим – 50,50 м³/с)ни ташкил этган. Ушбу иншоотларга тинимсиз навбатчилик йўлга қўйилган ва доимий мониторинг олиб борилмоқда. Жорий йилда сув омборларида ўтган йилга нисбатан 1 миллиард м³ га кўпроқ сув тўпланиши кутилмоқда. Агар 2025 йилда суғориш суви лимити 4,6 миллион м³ бўлган бўлса, жорий йилда сув камайиши мўлжали инобатга олиниб, лимит 3,8 миллион м³ ҳажмида (2025 йилда амалда 3,5 миллион м³ ёки 46 фоиз фойдаланилган) тасдиқланди. Жумладан, Сирдарё бўйича – 2065 миллион м³, Келес дарёси бўйича – 667 миллион м³, Арис дарёси бўйича – 801 миллион м³ сув лимити тасдиқланган.
Вилоятимизда жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари майдони 8 минг гектарга оширилиб, 919 минг гектарни ташкил этади (2025 йилда – 911 минг гектар). Оқар сув танқислигини бартараф этиш ва трансчегаравий каналларга қарамликни камайтириш мақсадида жорий йилдан эътиборан, ҳар йили 50 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган.
Натижада, уларнинг умумий майдони 164 минг гектарга етиб, 280,6 миллион м³ сув тежалади.
Таъкидлаш жоизки, вилоят йиллик сув лимитининг 63 фоизи қўшни давлатлардан келади. Трансчегаравий дарёлар орқали 314 минг гектар обикор майдонлар сув билан таъминланади. Суғориш мавсумини барқарор ўтказиш учун Ҳукумат даражасида назоратни кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган “Дўстлик” магистрал канали ва Сирдарё орқали белгиланган лимитларга мувофиқ, сувни ўз вақтида олишни таъминлаш зарур. 2026 йили сув камайиши эҳтимоли эътиборга олиниб, 3,8 миллион м³ сув лимити тасдиқланган (2025 йил амалда 3,5 миллион м³ ёки 76 фоиз). Ҳозирги кунда сув тақсимловчи ташкилотлар томонидан хўжаликлар билан оқар сув бўйича шартномалар тузиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда электрон тизим орқали 7100та шартнома тузилган.
Вилоятда жами 4096та канал (умумий узунлиги 12 462 чақирим) мавжуд бўлиб, шундан 9,4 минг чақирим ёки 76 фоизи эскирган. Шунингдек, 1256та коллектор-дренаж тизими ва 1794та қудуқ бор.
Ҳар йили вилоят бюджети имкониятларидан келиб чиқиб, сув хўжалигини ривожлантириш учун 5-7 миллиард тенге ажратилади. Бундай молиялаштиришда, ҳатто эскиришни ҳисобга олганда, инфратузилмани тўлиқ тиклаш учун 45-50 йил талаб этилади.
2025 йилда 533,4 чақирим канал механик тозаланди, натижада, 69,8 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Жорий йил учун “Қазсушар” корхонаси томонидан 335та канал (944,95 чақирим)ни механик тозалаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар унинг 304,572 чақирими тозаланган.
Сув хўжалиги иншоотларини тиклаш мақсадида жорий йилда Ислом тараққиёт банки маблағлари эвазига кенг кўламли қурилиш ишлари бошланди. Биринчи босқичда “Қазсушар” орқали 63,2 миллиард тенгелик 11та лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада, 130 чақирим канал бетон билан қопланиб, 10,1 минг гектар ерда сув таъминоти яхшиланади. Айни пайтда 11та лойиҳа тўлиқ молиялаштирилди, улардан 10таси бўйича пудратчилар аниқланди. Қурилиш ишлари январдан бошланди. Лойиҳалар якунлангач, 140 чақирим канал бетонланиб, 11,9 минг гектар ерда сув таъминоти яхшиланади. Шунингдек, сув тақчиллигини камайтириш мақсадида янги гидротехник иншоотлар барпо этиш бўйича “Байдибек ата”, “Боралдай”, “Қарақуыс”, “Иқан су” лойиҳалари ишлаб чиқилган. Улар тўлиқ амалга ошса, Бўген сув омборига қўшимча 120 миллион м³ сув келиб тушади ва Туркистон шаҳри атрофидаги аҳоли манзилларида сув таъминоти муаммоси ҳал этилади. Жорий йилда “Байдибек ата” ва “Қарақуыс” сув омборларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
– Ҳосилдорлик бўйича қандай кўрсаткичларга эришиш режалаштирилган? Ушбу мавсумда бошқарма олдида қандай асосий вазифалар турибди?
– Вилоятда деҳқончиликни ривожлантириш мақсадида илғор технологиялар жорий этилмоқда. Биринчидан, ўтган йили янги усулда 50 минг гектар майдонга пахта экилиб, ҳосилдорлик икки бараварга ошди (гектарига 50-60 центнер) . Анъанавий усулда бир гектарга ўртача 5 минг м³ сув сарфланган бўлса, жорий этилган янги технологиялар натижасида сув сарфи 2 баравар камайди.
Пахта ҳосилини йиғиб олиш бўйича сўнгги 18 йилда рекорд натижа қайд этилди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 32 центнерни ташкил этиб, жами 466 минг тонна уруғли пахта терилди. Айрим хўжаликларда ҳосилдорлик гектарига 60 центнергача етди. Жорий йилда ҳам пахта майдонини янги усул асосида кенгайтириш режалаштирилган. Иккинчидан. Сифатли уруғлар етказиб беришни таъминлаш мақсадида субсидия меъёрлари 1,5-2 баравар оширилди.
Шу муносабат билан, “Инновацион тажрибани тарқатиш ва жорий этиш хизматлари” бюджет дастури доирасида 50 миллион тенге ажратилиб, “Янги “Мақтаарал–5027” навининг уруғчилик тизимини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида ушбу корхонанинг тажриба майдонидаги 20 гектарга, Чордара бўлимида эса 55 гектар ерга “Мақтаарал – 5027” навининг элита уруғлари экилди. Лойиҳага кўра, 22,5 тонна суперэлита ва 240 тонна элита уруғлик чигит тайёрланиб (9,6 минг гектарга етарли), бошқа уруғчилик хўжаликларига тарқатилади. Учинчидан. Сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қуввати 163 минг гектарни қамраб оладиган 4та корхона ишга туширилди. Бундан ташқари, 2026 йилда қуввати 30 минг гектарни қамраб оладиган яна 2та корхонани ишга тушириш режалаштирилган. Келгусида ушбу корхоналар ҳисобига қўшни ҳудудларнинг эҳтиёжи ҳам таъминланади.
– Чорвачилик соҳасида кўрсаткичлар қандай?
– Вилоятимиз чорвачилик соҳасини ривожлантиришда республикада етакчи ўринда. Ўтган йили 1 январь ҳолатига кўра, вилоятда қарийб 6 миллион бош жонивор рўйхатга олинган. Жумладан, қорамоллар сони 1,78 миллион бошга етиб, 135,3 фоизга, қўй-эчкилар 4 миллион 368 минг бошга етиб, 101,3 фоиз, йилқи сони 475,3 минг бошга етиб, 115,6 фоиз, туялар 39,5 минг бошга етиб, 103, 8 фоиз ошган.
Ушбу жониворларни 2025-2026 йиллардаги қишлов мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида вазирлик томонидан 5,2 миллион тонна чорва озуқасини тайёрлаш режаси тасдиқланган.
Ҳозирги кунда минтақадаги агротузилмаларни озуқабоп буғдой билан таъминлаш вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва «ALTYN NAN» МЧБ ўртасида тузилган шартнома асосида давом этмоқда. Жамият томонидан озуқабоп буғдой бозор нархидан 20-30 фоиз арзонлаштирилиб, 1 кг 90 тенгедан бевосита етказиб берилмоқда.
Режага кўра, озуқабоп буғдой Тулкибош темирйўл станциясига етказилиб, у ердан «ALTYN NAN» орқали туман ва шаҳарларга тақсимланди. Жумладан, Сўзоқ туманига – 221 тонна, Байдибек туманига – 251,7 тонна, Тўлебий туманига – 259,2 тонна, Тулкибош туманига –124,6 тонна, Арис шаҳрига – 23,5 тонна ва Ўтрор туманига –30 тонна озуқабоп буғдой тарқатилди.
Бугунги кунга қадар минтақа бўйича жами 225та деҳқон хўжалиги 910 тонна озуқавий буғдой билан таъминланди.
Агротузилмалар озуқабоп экинлар экиш ва чорвачиликни ривожлантириш учун давлат томонидан мунтазам қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилмоқда. Хусусан, беда ва маккажўхори учун харид қилинган уруғлик, минерал ўғитлар ҳамда зараркунандаларга қарши қўлланиладиган пестицидлар харажатларининг 50-60 фоизи субсидия қилиб берилади. Шунингдек, агротузилмалар эҳтиёжига мувофиқ имтиёзли ёқилғи-мойлаш материаллари ажратилмоқда.
– Чорвачиликни ривожлантириш, гўшт етиштириш, унинг экспорти, ҳамда «Игілік» насиялаш дастурининг ижроси борасида қандай тадбирлар амалга оширилиб, қандай натижалар кутилмоқда?
– Вилоят чорвачилик соҳасида республикада етакчи. Минтақада умумий қуввати 157 мингта бошга мўлжалланган, 1000 бошдан зиёд қорамол сиғимига эга 90та йирик бўрдоқилаш майдонлари мавжуд.
Жорий йилнинг 12 ойи давомида 158 минг тонна гўшт етиштирилди. Унинг 87 минг тоннаси мол гўшти.
Республика бўйича экспорт қилинадиган мол гўштининг 80 фоизи, қўй гўштининг 75 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади.
Ўтган йили 29,5 минг тонна мол гўшти, 32,1 минг тонна қўй гўшти экспорт қилинди. Наслдор чорва молларини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш режалаштирилмоқда. Бунинг учун жами 300 миллиард тенге маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Чорвачилик соҳасининг айланма маблағларини тўлдириш учун йиллик фоиз ставкаси 5 фоиздан ошмайдиган кредитлаш дастури (республика бўйича) қабул қилинган. Бунинг учун 225 миллиард тенге маблағ ажратилган.
Чорвачилик соҳасини мажмуавий ривожлантириш доирасида 2030 йилга қадар қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилмоқда: қорамоллар сони 1,5 бараварга, қўй-эчки 1,4 бараварга, йилқилар 1,5 бараварга, туялар 1,3 бараварга оширилади. Гўшт етиштириш ҳажми 130,4 минг тоннадан 206,7 минг тоннагача, сут эса 128,7 минг тоннадан 161 минг тоннагача оширилиши режалаштирилган.
Гўшт экспорти ҳажмини 62 минг тоннадан 132 минг тоннагача, яъни 2 баравар ошириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига киритилган мол гўшти нархини барқарорлаштириш мақсадида “Магнум” савдо тармоғи ва вилоятдаги 22та хўжалик ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди. Унга кўра, ҳар ҳафта 5 тонна мол гўшти белгиланган нархда (3200 тенге) сотувга чиқарилмоқда.
Шунингдек, ҳар жума кунлари шаҳарда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ярмаркаси ташкил этилиб, аҳолига нисбатан арзон нархларда мол гўшти сотилмоқда.
Ўтган йили ҚР Бош вазирининг ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири С. Жуманғарин раислигида ўтган йиғилишда 2025 йил 31 декабрга қадар мол гўшти экспортига вақтинча чеклов жорий этилди. Ушбу чора ички бозорни барқарорлаштириш ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида амалга оширилди. Мол гўштини экспорт қилишга рухсат бериш учун камида 5000 бош қорамолга мўлжалланган бўрдоқилаш майдонига, гўштни қайта ишлаш хусусий корхонаси (гўшт комбинати)га эга бўлиб, тегишли ташқи иқтисодий шартномалар мавжуд бўлиши керак.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!