Туманларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш, деҳқон хўжаликлари ва чорвачилик шўъбасини ривожлантириш учун самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги бошқармасининг Агросаноат мажмуаси субъектларини насиялаш бўлими бош мутахассиси Қайсар Панай билан мулоқотда бўлдик.
– Қишлоқ хўжалиги субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш (субсидиялаш) 2018 йилдан бошлаб тўлиқ автоматлаштирилган ҳамда Gosagro.kz ва subsidy.plem.kz электрон ахборот тизимлари орқали амалга оширилмоқда, – деди Қайсар Серикули. – Вилоятда 89,4 мингта агротузилма фаолият юритяпти. Бу республика кўрсаткичининг 31 фоизини ташкил этади. Шу жумладан, 78,6 мингта деҳқон хўжалиги, 6,9 минг хусусий тадбиркорлар, 3,9 мингта ҳуқуқий шахслар мавжуд. Ҳар йили тахминан 25 мингта агросаноат мажмуаси субъектлари давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган барча фуқароларга, (аризалари амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ келса) чекловсиз давлат кўмаги кўрсатилади.
– Ўтган йилги кўрсаткичлар қандай бўлди? Деҳқонлар қанча субсидия олишлари мумкин?
– 2025 йилда 9та бюджет дастури бўйича 47,6 миллиард тенге маблағ ажратилди ва 22,3 мингта агросаноат мажмуаси субъектларига молиявий ёрдам кўрсатилди.
Давлат қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида деҳқончиликда харид қилинган минерал ўғитлар ва гербицидлар қийматининг 50-60 фоизи субсидия тариқасида қайтарилмоқда.
Шунингдек, қайта ишлашга топширилган донли маккажўхори (тоннасига 30 минг тенге), маҳсари (тоннасига 25 минг тенге) учун субсидиялар ҳамда иссиқхоналарни иситиш харажатларини қоплаш кўзда тутилган (иссиқхоналар учун гектарига 4,8 миллион тенге, иссиқхоналар учун гектарига 8,1 миллион тенге) миқдорида субсидиялар белгиланган.
Чорвачилик соҳасида 24 йўналиш бўйича давлат ёрдами кўрсатилади. Уларнинг асосийлари қуйидагилар: сут нархини арзонлаштириш (50 бошгача сут йўналишидаги сигирга эга чорвадорлар ва қишлоқ хўжалиги ИЧШ учун килограммига 20 тенге, сигирлари 400 бошдан ошса, килограммига 30 тенгедан, 600 бошдан ошса, килограммига 45 тенге; наслдор мол харид қилиш (маҳаллий – ҳар бошига 260 минг тенгедан), МДҲ давлатларидан олиб келинган бўлса, ҳар бошга 390 минг тенгедан, Европа мамлакатларидан олиб келинган бўлса, ҳар бошга 700 минг тенгедан субсидия берилади.
Ҳокимнинг соҳавий ўринбосари ташаббуси билан, қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан ташкил этилган семинар ва тадбирларда туман ва шаҳар ҳокимликлари, молия муассасалари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар иштирок этмоқда.
– “Ауыл Аманаты” дастури ҳамда унинг асосида тақдим этиладиган кредит шартларига тўхталсангиз.
– Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ амалга оширилаётган мазкур лойиҳа қишлоқ иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва доимий иш билан таъминлашга янги суръат бағишлади. 2023-2025 йилларда лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан жами 30,2 миллиард тенге ажратилди. Шу жумладан, 2023 йилда – 3249та лойиҳа учун ажратилган 19,8 миллиард тенге ҳамда 2024 йилда 252та лойиҳа учун ажратилган 3 миллиард тенге тўлиқ ўзлаштирилди, 2025 йилда 7,4 миллиард тенге ажратилди (6,8 миллиард тенгеси 696 лойиҳага берилди). Қолган 600 миллион тенге март ойи охиригача тўлиқ ўзлаштирилади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан 6та йўналиш бўйича 4197та лойиҳага жами 29,6 миллиард тенге кредит тақдим этилди. Натижада, кичик тадбиркорлик субъектлари сони 4197тага етди. 29,3 гектар майдонда 593та иссиқхона мажмуаси барпо этилди. Чорва моллари сони 76 877 бошга кўпайди. 39та қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди. 45 63та янги иш ўрини яратилди. Манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар сони 441 нафарга (85 оила) камайди.
Умуман олганда, ушбу лойиҳалар эвазига ҳар йили тахминан 30 миллиард тенге миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. “Ауыл Аманаты” дастури доирасида шахсий томорқа хўжаликларни бирлаштириб, ширкатлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уч йил мобайнида 122та ширкатга 3,19 миллиард тенге кредит тақдим этилди. Хусусан, 50 нафар аъзодан иборат “МАЙТӨБЕ СҮТ” қишлоқ хўжалиги ИЧШ 184,9 миллион тенге маблағ билан молиялаштирилди. Сут йиғиш пункти ва қайта ишлаш цехи ташкил этилди ҳамда ўз маҳсулотларини маҳаллий болалар боғчаларига, тиклаш марказларига ва ижтимоий дўконларга етказиб бермоқда.
Шунингдек, “АЯТ-АГРО.СОМ” қишлоқ хўжалиги ширкати 29,5 миллион тенге маблағ билан молиялаштирилиб, мавжуд мева-сабзавот қайта ишлаш цехини кенгайтирди (ускуналар харид қилинди) ва консерваларни ички ва ташқи бозорларга, жумладан, Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистонга экспорт қилмоқда.
Келгусида ҳам ширкатлар сонини кўпайтириш режаланган. Асосий вазифа – шахсий томорқа хўжаликларини бирлаштириш орқали ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва қишлоқда барқарор бандликни кенгайтиришдир.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга имтиёзли насиялар ажратиш ва ширкатларга бириктириш орқали қишлоқларда барқарор даромад манбаларини шакллантириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар қишлоқларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаб, минтақанинг аграр салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу дастур орқали тақдим этиладиган насиянинг энг катта миқдори:
* Шахсий томорқа хўжиликлари ва хусусий тадбиркорлар учун 10 812 500 тенгегача (2,5 минг ойлик ҳисоб кўрсаткичи миқдорида).
* Қишлоқ хўжалиги ИЧШ учун 34 600 000 тенгегача (8 минг ОҲК миқдорида).
Насиянинг йиллик устама миқдори – 2,5 фоиз. Насия энг кўпи билан 60-84 ойгача (томонларнинг келишувига кўра белгиланади) тақдим этилади.
Насияни қайтариш бўйича имтиёзли давр – 12 ойгача (томонларнинг келишуви асосида белгиланади).
Ушбу дастур “AMANATNESIE.KZ” электрон дастури орқали амалга оширилмоқда. Ариза бериш, кўриб чиқиш ва бошқариш жараёнларининг автоматлаштирилиши молиялаштиришнинг шаффофлиги ва қулайлигини таъминламоқда. Электрон шаклнинг жорий этилиши инсон омилини камайтириб, қарор қабул қилишдаги субъективликни пасайтирди ҳамда уюшган жиноятчилик хавфларини сезиларли даражада қисқартирди.