26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Барака топаётган аёл

Дилафрўз Мадиева. “Ленгер групп” компанияси ва “Балмұздақ” МЧБ таъсисчиларидан бири, “Woman’s day”, “Business class” хотин-қизлар клублари аъзоси, “Respublica” партияси минтақавий кенгашининг аъзоси, партиянинг Шимкент филиали ҳузуридаги “Re Women” хотин-қизлар ҳамжамияти раисининг ўринбосари, ҚР “Атамекен” Тадбиркорлар палатаси ҳузуридаги Ишбилармон хотин-қизлар кенгаши аъзоси, ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси ўринбосари, Ишбилармон хотин-қизлар клуби етакчиси. 

Дилафрўз Давлатбек қизи яқинда ҚР “Атамекен” Тадбиркорлар палатаси ҳузуридаги Ишбилармон хотин-қизлар кенгашининг 10 йиллиги медали билан тақдирланди.

 

Минглаб ходимлар ишлайдиган улкан корхонада раҳбарлик масъулияти билан ҳам оила-рўзғор ташвишларини, ҳам ўз шахсий қизиқишларини бирдек фаолиятга айлантириб келаётган бу муваффақиятли аёл билан таништиришни мақсад қилдик. Унинг феъл-атвори, ҳаётдаги қизиқишлари ва эришаётган ютуқлари ўзидан кўнгли тўлмай ўтаётган айрим фуқароларимиз учун илҳом ёки далда бўлиши, шубҳасиз.

– Газетхонларга ўзингизни таништирсангиз. 

– Ёшим 45да, Шимкент шаҳрининг, Ҳамза даҳасида истиқомат қилган Давлатбек ва Мавлуда Мадиевлар оиласининг тўнғичи фарзандиман. Падари бузрукворим автосервисда ишлаган, кейин автоқисмлар дўкони соҳиби бўлди. Онажоним олий маълумотли, Самарқанддаги университетда озиқ-овқат саноати технологи ихтисослигини эгаллаган. Болалигим ота-она меҳри ва эътибори оғушида ўтди. Ўзимни доимо маликалардек ҳис қилардим. Ниҳоятда меҳрибон, оилапарвар инсон эди падари бузрукворим. Ҳимоячим, маслаҳатчим, далда, ишонч берувчи, руҳимга қувват бағишловчим эди... 

Ёдимда, 1-синфга ўқиш-ёзишни билган ҳолда, тайёр бўлиб борганман. Бу эса онамнинг хизматлари, астойдил ҳаракатлари эди. Бадиий гимнастикадан 2-разряд соҳибаси, шахматдан шаҳар мусоқабалари ғолибаси эдим. Баскетбол, гандбол, дзюдо билан шуғулланардим. Спорт тўгаракларининг ашаддий мухлиси бўлишимга қарамай, ўқишни бир зум ташлаб қўйган эмасман. Ҳамза номидаги 42-сонли мактабни аъло баҳолар билан тамомладим. Отам ҳар қандай шароитда ҳам мени тўгаракларга, курсларга олиб борарди. Бунинг учун вақт ҳам, имконият ҳам топарди. Айниқса, отам менинг катта лавозим соҳибаси бўлиб, шахсий кабинетда фуқароларни қабул қилишимни орзу қиларди...

Н. А. Шайкенов номидаги Қозоқ Давлат ҳуқуқшунослик академиясига “Суд-прокуратура” факультетини тамомладим. (Ҳозир академия университетга айланган ва Алмати шаҳрида жойлашган). 

– Ҳуқуқшуносликни танлашингизга нима сабаб бўлди?

– Мендаги шижоат, ғайрат, ўзимга бўлган ишонч шу қадар кучли эди-ки, ўзимни доим судья, прокурор сифатида тасаввур қилардим. Факультетимизда ҳам фақат судья, прокурор, терговчиларнинг фарзандлари ўқишарди. Гуруҳимизда менгина бошқа “тоифа”дан эдим... Хуллас, талабалик бахти насиб этди, лекин муаммолар ҳам бошланди. Ўзбек мактабида ўқиганман, рус тилини ўрта даражада биламан. Европа гуруҳида эса фақат русча ўқиш керак, қолаверса, ҳуқуқшунослик мураккаб соҳа. Лекин... Ота-онамнинг ишончини оқлаш, ўзимга талабчанлик ҳисси мени кутубхоналарда соатлаб қолиб кетишга мажбур қиларди. Ҳам дарс тайёрлардим, ҳам бир вақтнинг ўзида рус тилидан қўшимча машқ олардим. Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш. Шундай кунларда ота-онам: “Қизим, қўлингдан ҳаммаси келади, ҳеч қўрқма, фақат олға!”, деб далда беришарди. Дарҳақиқат, мен оддий талаба бўлиб қолмадим, балки Талабалар деканатида декан ўринбосари, Парламентда етакчи, “Техасские Бездельники” номли ҚВЗ(КВН) жамоасининг фаол иштирокчиси эдим. Академиядаги анъаналарга кўра муҳтож, эҳтиёжманд одамлар, адвокат, ҳуқуқшуносларга ҳақ тўлашга қурби етмайдиган фуқаролар учун бепул маслаҳатлар бериларди. Мен шу ерда фаол маслаҳатчилардан бири эдим. Ўқишим тугаб, ишга жойлашадиган пайт келди. Унгача амалиётни суд-тиббий-экспертиза тизими, суд, прокуратура, адлия идораларида ўтадик. Менга Адлия департаментининг ФҲДЁ(ЗАГС) идорасида ишлаш ёқди. Ниятим ушалиб, вилоят фуқаролик ҳолатларини қайд этиш идораси раҳбари Рўза Шинжирбаева етакчилигида меҳнат фаолиятимни бошладим. Устозим Рўза Мирзабайқизининг қаттиққўллиги, талабчанлиги, муҳими, ўз соҳасининг ҳақиқий билимдони эканлиги мен учун кучли тажриба мактаби вазифасини ўтади. Кейин вилоят суди судьяси Шарипа Назарбекова каби ажойиб инсонга шогирд тушдим. Судья котибаси сифатида фаолият юритдим. Раҳбарим соҳада юксалишимни истади ва қўлидан келган ёрдамини аямади. ФҲДЁда ҳам, судда ҳам кўп ишлаш насиб этмади, шунга қарамай, бу давр ҳаётимдаги энг ёрқин саҳифалардан бўлиб қолади. 2004 йилда нотариус ёрдамчиси сифатида фаолиятимни давом эттираётганимда, бўлажак турмуш ўртоғим Элёр Турдиевни учратдим ва шу билан ҳуқуқшунос сифатидаги фаолиятим вақтинча тўхтади. 2009 йилда эса Астанада имтиҳон топшириб, нотариус лицензиясини олдим. Лекин фарзандлар парвариши билан банд бўлиб, ундан фойдалана олмадим.

– Шахсий ҳаётингиздан гапира оласизми?

– Албатта. Турмуш ўртоғим “Балмұздақ” МЧБ раҳбари Элёр Турдиев билан беш фарзанднинг ота-онасимиз. Тўнғичимиз Диана Сеулдаги (Корея) нуфузли университетда “Маъмурий бошқарув ва менежмент” соҳасини ўрганмоқда. Швециялик компания билан қўшма лойиҳани амалга ошириб, бизнесимиз ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпти. Ўғлимиз Нодиршоҳ Канадада мактабни тамомлаб (2 йил шу мактаб президенти бўлган), айни пайтда Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния университетида халқаро бизнес бўйича ўқимоқда. Мадина, Муҳаммад Юсуф ва Муҳаммад Мустафо “Farabi International School” халқаро мактаби ўқувчилари. Фарзандларимга ота-онам берган тарбия сабоқларини сингдиришга ҳаракат қиламан: “Ҳеч қачон тўсиқ-муаммолардан қўрқманг, кучли ва иродали бўлинг, фақат олға! Албатта, уддалайсизлар!”.

– “Балмұздақ”га қачон келдингиз?

– 2020 йилда. Корхона йилдан йилга кенгаймоқда, турмуш ўртоғимга суянчиқ бўлишим керак эди. Унинг асосий фаолияти сафарлар, учрашув, музокара, кўргазмалар билан боғлиқ. “Балмұздақ” МЧБ шунчаки бир завод эмас, у иш қайнаб ётган бутун бошли бир тизим. Халқаро бозорга чиқаётган корхона. Қозоғистон музқаймоқ бозорининг 40 фоизини эгаллаган, халқаро андазаларга эга улкан инновациявий саноат ва бизнес мажмуаси. Халқаро майдон, яъни Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Хитой каби мамлакатлардаги соҳавий кўргазмалардаги иштирокининг ўзи унинг мавқеини белгилайди. Яқинда Германия ва Дубайда ўтадиган жаҳон кўргазмаларига тайёргарлик кўряпмиз. 800 ходим заводнинг ўзида ишлайди. Қозоғистондан ташқари, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Россияга ҳам маҳсулотларимиз экспорт қилинмоқда, у ердаги вакилларимиз, савдо уйлари, транспорт-логистика нуқталари, харид бўлимлари, ускуна, реклама, тижорат, мижозларга хизмат кўрсатишда фаолият юритаётганлар сони 2000 нафардан ошиб кетади. Минтақадаги энг йирик солиқ тўловчилардан биримиз. Шундай улкан иншоотда замонга мос тизимли иш юритилмаса, бошқарув бўлмаса, мағлубиятга учраш ҳеч гапмас. 

– Сир бўлмаса, компанияни омадли қилаётган қайси жиҳатларни айта оласиз?

– Аввало, ҳалоллик. Бизда истеъмолчи ҳаққига хиёнат қилиш, сохталик, ғирромлик йўқ. Тўлебий туманининг 1 Мамир қишлоғида жойлашган бу корхонага 1987 йилда қайнотам Адахон Турдиев асос солган. “Эскимо”нинг 2та тури, 8 ходим билан иш бошлаган эди. Узоқ йиллар давомида, “Ленгерское” маҳсулотини замонларнинг бетизгин тўлқинларидан омон-эсон олиб чиқиб, ишончли қўлларга топширди. Мана энди уни малакали қадрдон жамоа ва раҳбари республика музқаймоқ ишлаб чиқариш соҳаси етакчиларидан бирига айлантирмоқда. Музқаймоқнинг 300га яқин тури, шоколад конфетининг 9 тури, ярим тайёр маҳсулотларнинг (чучвара ва хамирли таомлар) 23 турини ишлаб чиқарамиз. Бу мавсумда 19та янги ассортиментни бозорга чиқармоқчимиз. 2 йил аввал австрияликлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, “Сальера” музқаймоғини яратдик. Табиий шарбатлар қўшилган бу маҳсулот ўта нозик, ихтисослашган ускуна, масаллиқ ва алоҳида эътиборни талаб этади. Бу йилги мавсумда ушбу нодир таъмга эга музқаймоқ нозиктаъб истеъмолчига тақдим этилади. Агар Қозоғистондаги музқаймоқ бозори таҳлилига эътибор берсак, 2005 йилда 12 тонна музқаймоқ экспорт, 12 тоннаси импорт қилинган, 10 йил ичида эса тармоқ кенгайиб, экспорт 14 000 тоннадан ошди, импорт ҳажми сезиларли қисқарди. Бу ижобий кўрсаткични мутахассислар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссаси сифатида, деб баҳолашмоқда. Ҳа, маҳаллий бренд “Балмұздақ” ҳам кенгайди, ўнлаб мамлакатларга экспорт қилиш, халқаро бозорларни эгаллаш имкониятини қўлга киритди, рақобатбардош бўлди. Бу натижага аввало, замонавий ускуналар, илғор технологиялардан фойдаланиш, шунингдек, юқори сифатли соф экологик маҳсулот турлари туфайли эришдик. Вилоят бўйича “Энг яхши сут маҳсулотлари”, “Энг яхши маҳсулотлар”, “Аҳоли учун энг яхши маҳсулотлар” номинациялари ғолиби,  СТРК ИСО: 9001:-2001 халқаро сифат сертификатига эга. “Халал Даму”, “QMDB HALAL” сертификати эса хорижга эркин экспорт имконини бермоқда. Дарвоқе, чучварамиз таркибини текширган халқаро вакиллар уни бутун Марказий Осиё бўйича энг тоза гўштли ва мазали деб баҳолашди. 

– Хайрия ишларига тўхталсангиз.

– Бу ҳақда, одатда айтмаганимиз маъқул, риёкорлик, деб ҳисоблаймиз. Лекин бир имом ибрат тариқасида хайрия ишларимизни овоза қилишимизни маслаҳат берди. Оилавий бизнесимиз равнақидан ташқари, бутун ҳаётимизни ҳам хайр-эҳсонсиз тасаввур қила олмаймиз. Барча байрам, тадбирларда бу йўналишга мўмай маблағ сарфлаймиз. Тўлебий туманида масжидлар, мадраса, кўприк, йўллар қурилишида, мактаблар таъмирида ҳиссамиз бор.“Бизнеснинг ижтимоий масъулияти” доирасида 1 Мамир қишлоқ округи ҳокимлик биносини қуриб берганмиз. 200 нафар камхарж оила фарзандлари таъминотини зиммамизга олганмиз. Ногирон болаларни парвариш қилаётган муассасаларнинг бош ҳомийсимиз. Етим болалар дам олаётган лагерларга мунтазам равишда музқаймоқ етказиб турамиз. Бундан ташқари, ўз ишчи-ходимларимизнинг уй-жой, саломатлик масалалари, молиявий муаммолари доим диққат-эътиборимизда. Ягона оиладек, жамулжам ишлаб, жамоа ички муҳитини барқарор сақлаш учун энг аввало, ходимлар эҳтиёжларини қондириш, манфаатларини инобатга олиш керак. Бу бошқарувдаги асосий қоидаларимиздан бири. Ҳар куни камида 20-30 одам қабулимга кириб, муаммосини айтади. Мен эса, бир вақтлар отажоним орзу қилганидек, имконим етгунча, уларнинг дардини тинглашга ва масаласини ижобий ҳал қилишга киришаман...

– Раҳбарлик фаолиятингизда, жамоа бошқаришда кимнинг ёрдамига таянасиз?

– Турмуш ўртоғим – энг яхши устозим, беминнат маслаҳатчим. Қолаверса, қайнота-қайнонам. Уларни улуғ ва мўътабар инсонлар деб биламан. Улар ҳаётда босиб ўтган йўлни ҳозир менга берсалар, ўта олмасам керак. Қайнонам Қутбинисо ая ҳеч танбеҳ бермаган, аксинча, доимо алқаб, қадрлаб, асраб-авайлаб келган, менга меҳри ўзгача. Улар билан фахрланаман, соғ-саломат бўлишсин, илойим...

– Ишларингизга омад, мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Н. МАВЛОНОВА., 2026-03-14, 02:49 62
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.