26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қўшиқларда яшайди ҳофиз

Сайрам туманининг Қорамурт қишлоғидаги Маданият уйида Ўзбекистон халқ ҳофизи, ўзбек миллий қўшиқчилигида ўзига хос лирика мактабини яратган, халқ меҳрига сазовор бўлган улуғ санъаткор Фахриддин Умаров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира концерти ўтди.

Маънавият ва санъат байрамига айланган ушбу тадбирда устоз санъаткорнинг шогирдлари, мухлислари, зиёлилар ҳамда қишлоқ фаоллари иштирок этишди. 

Кечани таниқли ҳофиз-сухандон Қосимбой Абдураимов ҳамда меҳнат фахрийси, устоз сухандон Ҳамроқул Давронбеков олиб боришди. Улар Фахриддин Умаровнинг бой ижодий мероси, халқ қалбидаги ўчмас ўрни ҳақида самимий фикрлар билдириб, Фахриддин Умаровнинг ҳаёти ва ижодига оид қизиқарли хотиралар билан ўртоқлашдилар.

Концерт дастурида устоз навосоз ҳофизнинг қозоғистонлик бир гуруҳ шогирдлари ва издошлари иштирок этишди. Жумладан, ўзбекистонлик Фарҳод Расулов, сайрамлик Толиббой Ниёзҳожиев ва Маматали Бегалиев, қарноқлик Расул Салоҳиддинов, қорамуртлик Ўткир Соатовлар ижро этган “Ўн саккизга кирмаган ким бор?”, “Эй муҳаббат”, “Она”, “Ҳаммамиз”, “Онам дерман” каби эл севган дилбар тароналар, маҳаллий шоир Қодирхон Акромнинг Фахриддин Умаровга бағишланган шеъри иштирокчиларга завқ-шавқ бағишлади.

Тизиб дурдан шода – беш юздан ортиқ,

Ижодни қилдингиз дунёга тортиқ,

Лек бўлди қўшиқнинг либоси йиртиқ,

Оҳ, Сиз кетган кундан бақога лекин,

Шодангиз ҳануз ҳам беради таскин...

Тадбир ташаббускори, таниқли жамоат арбоби, “Эл фарзанди, халқ ҳофизи” китоби муаллифи Фахриддин Қоратоев шундай деди:

– Фахриддин Умаров нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда тан олинган, қозоқ ва ўзбек халқларининг дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилган санъаткор эди. Дарҳақиқат, ҳофизнинг қўшиқлари халқ дарди, муҳаббати ва орзу-интилишларини ўзида мужассам этган. Бугунги концерт устоз хотирасига ҳурмат ва муҳаббат ифодасидир. Халқимиз орасида унинг ижодига қизиқиш борлиги бизни қувонтиради. Ушбу концерт хушовоз хонанда Анорой Жамолова илтимоси билан ташкил этилди. Келгусида бундай хотира тадбирлари кўпроқ ўтказилса, нур устига нур бўларди. Бу тадбир нуронийлар, фахрийларга кўрсатилган ўзига хос эҳтиром ва  эътибор деб биламан. Қорамуртлик элга таниқли санъаткорлар Акмалхон ва Бобохон Сўфихоновлар унинг устози эдилар. Бугунги кунда элга хизмат қилаётган Ўткир Соатовнинг падари бузруквори Абдукарим Соатовнинг ҳурмати юқори бўлган...

Шунингдек, у мазкур тадбирни ташкил этишда фаоллик кўрсатган Ўткир Соатов, Анорой Жамолова ва Носирхон Камоловларга самимий миннатдорчилик билдирди.

– Бугунги концерт, айниқса, нафақат қорамуртлик, шунингдек, қўшни қишлоқлардан ташриф буюрган отахон-онахонлар учун ҳам унутилмас тарихий тадбир бўлди, – дейди А. Жамолова. – Чунки уларнинг аксарияти Фахриддин Умаров қўшиқларини тинглаб улғайишган, унинг тароналари билан ҳаёт завқини ҳис қилган авлод вакилларидир. Устознинг қўшиқлари ҳануз халқ қалбида яшамоқда. 

Мен ўтиб кетарман, сен кейин қолиб,

Ҳақимда рост гапни куйлаб юр, куйим.

Дўстларим бағрига бошимни олиб,

Рақибга тош қаҳрим отиб тур, куйим. 

Ҳали сен неча уй, неча хонада,

Менингсиз бир ўзинг меҳмон бўласан.

Баъзилар талқинлаб неча маънода,

Ғашингга тегади, аччиқ куласан. 

Сен яхши биласан, қалбим сирини, 

Бир сенга айтганман бутун дардимни.

Гоҳида уфурдинг, чаман атрини,

Гоҳида мадҳ этдинг, ошиқ мардини. 

Ноҳақлик жонингдан ўтганда гоҳо, 

Ўкиниб, ўкиниб аччиқ йиғладинг. 

Гоҳ заррин қадрингга топмасдан баҳо, 

Хуш ҳол кунларга умид боғладинг.

Шуларнинг барига гувоҳсан, куйим, 

Барини садоси сенда мужассам.

Баъзида қаҳримсан, кўп маҳал меҳрим, 

Меҳримнинг нуридан жам бўлгансан, жам. 

Сен ҳалол туғилдинг, ҳалол яшадинг, 

Эй, менинг куйларим, кўнгил қушларим. 

Сен менинг қалбимдан ҳаёт бошладинг, 

Сен энди кетимда қолар ишларим. 

Қолурсан умиддек ёниб пориллаб, 

Қолурсан умримдан гувоҳлик бериб.

Замину замонлар не қилса талаб, 

Лаббай деб, қошига чиқ, кўксинг кериб.

Фахриддин Умаров ўзи яратган ушбу шеър ҳақида: “Мен яратган оҳанглар, куйлар кўп йиллар келажак авлодларга илҳом бағишлашига ишонаман”, деган эди.

Дарҳақиқат, эл севган ҳофиз Фахриддин Умаров жисман орамизда бўлмаса-да, унинг дилларга яқин қўшиқлари, юксак санъати ва бетакрор овози халқ хотирасида яшайверади.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2026-05-30, 02:29 12
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.