Янги ўқув йили арафасида Туркистон шаҳрида “Билим келажаги: адолатли фуқаро, касбий маҳоратга эга мутахассис” мавзуида вилоят муаллимларининг анъанавий август анжумани ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров ҳамда турли соҳа раҳбарлари иштирок этди. Тадбир аввалида улар инновацион лойиҳалар кўргазмаси билан танишдилар.
Кўргазмада турли илмий дарсликлар, мактаблар учун интеграциялашган рақамли экотизим, ўқувчилар учун яратилган илк сунъий идрок репетитори, касбий йўналиш бериш ва руҳий ёрдам кўрсатишга қаратилган лойиҳалар намойиш этилди. Шунингдек, ишчи мутахассисларни тайёрлайдиган техник ва касбий, ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳам ўз лойиҳаларини тақдим этди.
Анжуманда ҚР Маориф вазирининг ўринбосари Майра Мелдебекова, “НЗМ” Педагогик маҳорат маркази директори Тўлқин Айдўсова, вилоят прокурорининг ўринбосари Даулет Тлемисов ҳамда “Самұрық-Қазына” жамғармасининг “KAP Logistics” компанияси директори Айдўс Туралиев қатнашди.
Пленар мажлисда 1000га яқин ўқитувчи иштирок этди, яна 20 мингдан ортиқ муаллимлар онлайн тарзда кузатишди. Йиғилишни вилоят таълим бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ғалимжан Ўринов олиб борди.
Вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров тадбирда иштирок этиб, педагогларни янги ўқув йили билан табриклади. У ўз нутқида давлат томонидан таълим соҳасига кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш ва жамият олдидаги масъулият ҳақидаги фикрларни илгари сурди. Шунингдек, вилоятда эришилган ютуқлар ва галдаги режаларга тўхталди.
Хусусан, Туркистонда жаҳонга машҳур Жанубий Кореянинг «Woosong Kazakhstan» IT университети очилди. Вилоят ҳокимлиги ушбу университетга 100та таълим гранти ажратди.
– Август кенгашининг мавзуси бежиз танланмаган. У замонавий жамият ва таълим тизимининг энг долзарб масалаларидан келиб чиққан. ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг: Таълим – миллий хавфсизликнинг асосий устуни, ўқитувчи эса уни мустаҳкамлаб турган энг катта куч, – дея таъкидлади Н. Кўшеров. – Бугун бизга нафақат билимли, балки ватанпарвар, адолатли ва масъулиятли авлод керак. Шу боис, ўқитувчи меҳнати миллат келажагига қаратилган энг муҳим залворли хизматдир.
2024 йилда таълим соҳасига 747,7 миллиард тенге ажратилди. Бу умумий вилоят бюджети харажатларининг 55 фоизини ташкил этади. Минтақа раҳбари таъкидлаганидек, бу маблағ – келажак авлод учун йўналтирилган аниқ сармоя.
Вилоятда 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 99 фоизга етди. Бу Қозоғистон миқёсида энг юқори натижа. Вилоят бюджети ҳисобидан 17та янги таълим иншооти барпо этилмоқда. Болаларнинг ёзги таътили ҳам эътибордан четда қолмади. 5та давлат оромгоҳи таъмирланди, яна 5та лагерга қўшимча модулли бинолар ўрнатилди. Бундан ташқари, илк бор йил давомида ишлайдиган “Алатау” ўқув-саёҳат маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бу катта ютуқ.
Эндиги асосий вазифа – сифатни ошириш. Шаффофликни таъминлаш ва молиявий интизомни мустаҳкамлаш.
– Янги ўқув йили – таълим соҳасидаги янги ташаббуслар ва улкан масъулиятлар даври. Болаларимиз ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш – умумий вазифамиз. Ўқитувчилар эса шу йўлдаги асосий таянчдир. Янги ўқув йили барчамиз учун омадли бўлсин! – деди вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров.
Туркистон вилоятида “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси доирасида 29та янги бадастир мактаб қурилиши якунланмоқда. Бу орқали уч навбатли ва авария ҳолатидаги мактаблар муаммосини ҳал қилиш, шунингдек, қишлоқ ва шаҳар болалари учун тенг имконият яратилади.
2023 йилда 13та янги мактаб фойдаланишга топширилди. 2024 йил охирига қадар яна 16та мактаб ишга туширилади.
ҚР Президентни Қ. Тўқаевнинг “Мактабларни янгилаш” (реновация) топшириғига кўра, уч йилда 115та мактаб янгиланади. Бу йил вилоятда 100та таълим муассасаси таъмирланмоқда.
2024 йилдан бошлаб амалиётга киритилган ваучерли молиялаштириш синов лойиҳаси таълим соҳасида шаффофлик ва сифатни оширди. Энди барча болалар боғчаларида маблағлар самарали ҳамда шаффоф равишда тақсимланмоқда. Ўқувчилар хавфсизлиги доимий эътиборда. Шу боис, барча мактабларда видеокузатув камералари, турникетлар, хавфсизлик тугмалари, қўриқлаш тизимлари ўрнатилди.
Бу мақсадларга 2023-2024 йилларда 3 миллиард тенге ажратилди.
Президент топшириғига мувофиқ, вилоятда 6та янги ишчи касб йўналиши очилди. 35та коллеж – 654та ишлаб чиқариш корхонаси билан шартнома тузилди ва дуал таълим тизимини жорий этди. Жорий йилда коллежларга ажратилган 15 500 грантнинг 9500таси ишчи касблари учун.
Йиғилиш якунида таълим соҳасида алоҳида хизмат кўрсатган ўқитувчилар ва мутахассислар давлат ва вилоят мукофотлари билан тақдирланди. Бир гуруҳ муаллимлар ҚР “Ерен еңбегі үшін” медали, вилоят ҳокимининг ташаккурномаси, “Таълим соҳасининг фахрий ходими” кўкрак нишони, ҚР Маориф вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.