26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Астанада бошланган эзгу анъана Самарқандда давом этди

Шарқнинг дурдонаси саналган қадимий Самарқанд шаҳрида қозоқ ва ўзбек илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми ўтди. Ўтган йили Қозоғистон томони ташаббуси билан Астанада бошланган ушбу муҳим майдон бу йил ўзининг мантиқий давомини Ўзбекистоннинг кўҳна шаҳри Самарқандда топди. Форумнинг бундай изчиллиги унинг тасодифий учрашув эмас, балки мазмуни теран, келажаги мустаҳкам, давлатлараро даражада қўллаб-қувватланаётган доимий мулоқот майдонига айланганини кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, илк анжуман ўтган йили Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев топшириғи билан Астанада ўтказилган эди.

Бу йилги тадбир Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ташаббуси билан ташкил этилди ва икки давлат раҳбарларининг қўллови асосида юқори даражада ўтди. 

Сенат Раиси Маулен Ашимбаев ўз нутқида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар анъанавий давлатлараро ҳамкорлик доирасидан чиқиб, мутлақо янги ва муҳим босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу сифат жиҳатидан янги силжиш Президентлар Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ҳамда ўзаро ишончига таянади. Форумнинг рамзий аҳамияти ҳам шунда: бугун икки мамлакат фақат қўшни давлат сифатида эмас, балки минтақанинг умумий келажагини биргаликда белгилаётган стратегик ҳамкорлар сифатида янги мазмундаги муносабатларни шакллантирмоқда.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳам анжуман ғояларини қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон томонига миннатдорлик билдирди. У қозоқ ва ўзбек халқлари ҳамкорлигининг бош мақсади маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро ҳамкорликнинг бошқа муҳим йўналишларини илгари суриш эканини таъкидлади. Шу жиҳатдан, икки палата раисларининг форумга алоҳида аҳамият бергани, уларнинг дастурий маърузалар билан қатнашгани ва якуний сўзларни ҳам шахсан айтгани ушбу учрашувнинг нуфузини янада юксалтирди. Анжуман дастурига мувофиқ, тадбирни Танзила Норбоева очиб берди, сўнгра Маулен Ашимбаев сўзга чиқди, якуний қисмда эса ҳар икки палата раиси форумга хулоса ясади.

Анжуман мазмуни фақат эзгу тилаклар ва дўстона эҳтиром билан чекланиб қолмади. Унда илм-фан ва технологик мустақиллик, таълим дастурларини кенгайтириш, академик сафарбарлик, етакчи олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик, ижодий индустрия ва санъат соҳасидаги қўшма лойиҳалар каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 Маулен Ашимбаев Қозоғистонда сунъий идрокни ривожлантиришга қаратилган экотизим шакллантирилаётганини, Alem AI халқаро маркази ишга туширилаётганини маълум қилиб, илмий жамоатчилик куч-ғайратини бирлаштириш икки давлатнинг жадал ва илғор тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга эканини айтди. Бу эса тадбирнинг фақат ўтмишни эслайдиган эмас, балки келажакни биргаликда қурадиган амалий майдон эканини кўрсатади.

Самарқанддаги учрашувнинг яна бир ўзига хос жиҳати – унда ҳар икки мамлакатнинг ҳақиқий заковатли ва ижодий зиёлилари иштирок этганидир. Қозоғистон томонидан халқ ёзувчиси Тўлен Абдик, Миллий фанлар академияси вице-президенти Асқар Жумадилдаев, ёзувчи Алибек Асқаров, Қарағанди университети ректори Нурлан Дулатбеков, «Целинный» замонавий маданият маркази директори Жамила Нурқалиева каби таниқли шахслар иштирок этган бўлса, Ўзбекистон томонидан Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов, Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, таниқли олимлар, шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат арбоблари жам бўлди. Бу анжуманнинг кўлами ва сифатини, шунингдек, унинг ҳақиқий заковат салмоғини янада яққол намоён этди.

Энг муҳими, бундай форумлар қардош халқларнинг тарихий яқинлигини бугунги замон талабларига мос янги мазмун билан бойитади. Умумий ўтмишдан умумий келажакка интилиш ғояси Самарқанд форумининг бош маънавий ўзагига айланди. 

Бугун қозоқ-ўзбек ҳамкорлиги сиёсат ва иқтисодиёт доирасидан чиқиб, илм-фан, таълим, адабиёт, санъат, медиа ва ёш авлод алоқаларини қамраб олган кенг гуманитар маконга айланиб бормоқда. Астанада бошланган ушбу эзгу ташаббуснинг Самарқандда давом этгани – шунинг яққол далилидир. 

Шундай мазмунли ва ибратли учрашувлар икки халқ ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаб, Марказий Осиёда ўзаро ишонч, маданий янгиланиш ва заковат борасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди.

Алишер СОТВОЛДИЕВ, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати., 2026-04-16, 02:36 57
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.