Инсон умри давомида тўплаган илми ва тажрибаси билан қадрлидир. Ёши улуғ бўлишига қарамай, дунё янгиликларидан бохабар бўлишга интилиб яшайдиган, китоб ва газетани, умуман, илмни ўзига дўст тутган мўътабарларимиз, ёш авлод учун битмас-туганмас ибрат манбаидир.
Шундай нуронийлардан бири – ҳамюртимиз Муҳаммаджон Мамадалиев илмга чанқоқ, ҳаётий тажрибасини билими билан бойитиб, атрофидагиларга маърифат зиёсини улашадиган инсон тимсолидир. У киши ёш авлод учун ибрат манбаи, беназир қадриятларимизни улуғлаш йўлида фидойилик танитаётган нуронийларимиздан. Газетамиз 35 ёшни нишонлаётган бўлса, мана шунча йилдан буён унинг қадрдон дўсти. Қизиғи шундаки, таҳририятга ташриф буюриб, йил сайин ўзи ҳамда яқинлари, қўни-қўшниларига ҳам обунани расмийлаштириб, газетхонларимизнинг сафи кенгайишига ҳисса қўшмоқда. Баракали 90 ёшни қаршилаётган инсонпарвар, илмпарвар нуронийимизнинг ҳаёти ёшларга ибрат.
Ўтган ҳафтада отахон таҳририятга ташриф буюриб, газетамизнинг навқирон ёши билан қутлади, обунани уюшқоқли ўтказишда ёрдам беришга
тайёр эканликларини айтиб, жамоамиз фаолиятига барака тилаб, дуо қилди. Халқ минбари аталмиш газетамизнинг ўзига хос меҳригиёси улар. Жонкуярларимизнинг нуроний ёшда биз, ёшларга эзгулик илиниши, халқим, юртим, деб фидокорлик кўрсатишлари ҳам ўзига хос ибрат мактаби.
Муҳаммаджон ота Ўзбекистон Республикасининг Андижон вилояти Марҳамат туманида дунёга келган. Улуғ Ватан уруши тугаган йили мактабга борган. Оилада 9 нафар фарзанд дунёга келган бўлса, иқтисодий қийинчилик йилларида уч нафар синглиси оламдан ўтди. Мактабни тугатар-тугатмас М. Калинин номли жамоа хўжалигида меҳнат қилди. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, звено раҳбари этиб тайинланди. Кейин хўжаликка таниқли зиёли Ҳасанжон Махсум номи берилди. 1965 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлади. Сўнг Андижон Гидромелиорация техникумига ишга кирди. Соҳанинг сир-асрорларини, суғориш тизимининг такомиллашуви, унинг озиқ-овқат саноатига, умуман, инсониятга ижобий таъсирини талабаларга ўргата бошлади. 22 йил мобайнида ушбу соҳада талабаларга сабоқ берди. Мазкур давр мобайнида ўз соҳасининг етук мутахассислари етишиб чиқди, айни кунларда унинг шогирдлари олис хорижий давлатларда ҳам фаолият юритмоқда, таҳсил олган олий таълим муассасалари, устозларининг ишончини оқлашмоқда. 1987 йили тақдир Муҳаммаджон отани Шимкентга чорлади. Оила қурди, умр йўлдоши Саврихон опа билан биргаликда 3 нафар ўғил ҳамда 2 нафар қизни вояга етказишди. Шимкентдаги сут заводида экспедиторлик қилди. 1993 йилга қадар ушбу муассасада фаолият юритди, муассасанинг фаолиятини тугатиши даврига ҳам гувоҳ бўлди.
– Ушбу соҳада қарийб 30 йилга яқин фаолият юритдим, – дейди Муҳаммаджон ота. – Тошкентда таҳсил олиб, талабаларга таълим бердим. Шимкентга ўтиш даври босқичида келганлигим туфайлими, йирик заводнинг ўз фаолиятини тўхтатишини, ҳамкасбларимнинг ишсиз қолган даврларини кўриш менга жуда оғир ботди. Афсус, ўша даврда одамлар 1000 сўмлик дастгоҳларни 10 сўмга, 100 сўмлик ускуналарни 1 сўмга пуллашди, мулк эгасиз қолган йиллар бўлди. Барбод қилинган ишлаб чиқаришни тиклаш осон эмас. Нафақага чиқдим. Мирзаали бобомнинг мулла, бувимнинг отинбуви бўлганлиги, тоғаларим – Абдуллажон, Сотиболдиларнинг қори бўлганлигига ихлос қилдим. Она юртим – Андижон вилоятидаги таниқли илм пешвоси Ҳасанжон Махсум, унинг ўғли Абдулҳай Махсумга шогирд тушиб, Қуръон, ҳадис илмини ўргана бошладим. Инсон қанча ёшга келишидан қатъиназар, илм ўрганиши жоиз. Фарзандларимизга илм ўрганишда доим ибрат бўлишимиз керак. Шукр, айни кунларда ҳам кўзойнаксиз газета ва китобларни мутолаа қиламан, – дейди у.
Отахоннинг фикрича, бу инсоннинг ақлий фаолиятини сақлаб туришнинг муҳим омилидир. Шу билан бирга, замонамиз ёшларининг телефонга кўп берилиб кетиши ҳақида ташвиш билдириб, уларни кўпроқ китоб ўқиш ва тафаккур қилишга чорлади.
– Ёшингиз улуғ, деб, мени тўй-маросимларни очишга таклиф қилишади. Маст қилувчи ичимликлар қўйилган маросимларнинг биронтасида қатнашмайман, руҳимни доим парҳезда ушлайман. Устозимнинг “дуоларингизнинг қабул бўлишини истасангиз, қатнашаётган маросимларингизга ва тановул қилаётган луқмангизга диққатли бўлинг”, деган гапларини ҳаётимнинг шиорига айлантирганман ва фарзандларимга ҳам, ёшларга ҳам шуни такрорлайман. Оилада чақалоқ туғилса, азон айтишга мени чақиришади. Ҳурматлари учун ҳамюртларимга раҳмат. Гўдакнинг исмини сўрасам, замонавий, ҳатто миллий одатларимизга ёт исмларни қўйишади, талаффузига қийналасан. Маъносини сўрасам, билишмайди. Фарзандларимизга миллатимизнинг ўзлигини намоён қиладиган, исмларни қўйсак бўлмайдими? – дейди куюниб отахон.
– Нуроний ёшга келдингиз. Шу ёшга келгунингизга қадар қандай тамойилларга амал қилиб яшадингиз?
– Ҳар йилнинг бошида шифохонага бориб, тиббий кўрикдан ўтаман. 25 йилдан буён “Біркөлік” оромгоҳида дам олиб келаман. Ижтимоий таъминот бўлими йўллаган шифо масканларида ҳордиқ чиқаришни канда қилмайман. Шифокорлар тавсия қилган дармондориларни мунтазам қабул қиламан. Далаҳовлимиздаги боғчада дарахтлар, экинларни парваришлайман. Умуман, доим ҳаракатда бўлишга, пиёда юришга ҳаракат қиламан. Саломатлик ва хотиржамлик Яратган бизга инъом этган энг катта неъмат, буларнинг қадрига етиш керак. Таниқли файласуфларимиз, ”ҳаёт ҳаракатдан иборат”, деб бежиз айтмаган. Маҳалладош, қариндошлар, улфатлар йиғинларга чорлаб туришади. Тўрт нафар синфдошим ҳаёт, улар билан гурунглар уюштириб турамиз, бу янада завқ-шавқ билан яшашимизга рағбат беради, илҳом сийлайди.
– Ёш газетхонларимизга қандай ниятлар билдирган бўлардингиз?
– Ажрашиш остонасида турган оилаларни яраштириш учун маслаҳат қилишимни сўраб келишади. Кейинги пайтда ёшларнинг турли миллат вакиллари билан никоҳдан ўтиш ҳолатлари кўпаймоқда. Менинг кўп йиллик тажрибам шуни кўрсатдики, қадрият ва анъаналари яқин бўлган оилаларнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Ёшлар ўз миллати ва қадриятларини унутмасликлари керак. Неварам Азизахон АҚШда таҳсил олаётган даврида ўша мамлакатнинг тақдир тақозоси билан унинг фуқаросига айланган Олимжон исмли ўзбек йигитга турмушга чиқди. Қадриятлар, урф-одатларимиз муштарак. Шукр, бахтли яшашяпти. Барчаларингизга чевара, эвара суйиш бахти насиб этсин, – дейди Муҳаммаджон ота.