Одамлар ортингдан эргашишини истасанг, уларнинг ортидан юр!
Буюк ишлар, албатта, майда ишлардан бошланади.
Элимиз маънавий-маърифий муҳити қудратини юксалтириш, устоз-муаллимлар қадрини улуғлаш ва ҳаётий тажрибаларни ёш авлод ҳамда жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилаётган учрашувлар, мулоқотлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай мазмунли тадбирлардан бири Қорабулоқ қишлоғидаги 4-сонли мактаб-гимназия жамоаси ташкиллаштирган “Қалблар билан юзма-юз” мавзусидаги самимий суҳбат, мулоқот эди.
Тадбир меҳмони, ҳам қаҳрамони Сайрам тумани таълим соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, ҳудудда кўплаб мактаблар қурилиши ва очилишига ташаббускор бўлган, туман маслаҳати депутати, жонкуяр раҳбар Муҳиддин Сиддиқов эди.
Тадбирда Қорабулоқ қишлоғининг кўзга кўринган, нафақа гаштини сураётган устозлари, маориф соҳаси фидоийлари, мактаб раҳбарлари ва ёш авлодга таълим бераётган устоз-мураббийлар иштирок этиб, самимий давра суҳбати ўтди. Суҳбат давомида қаҳрамонимиз ўзининг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, таълим соҳасида амалга оширган ишлари ҳамда инсон ҳаётида таълим-тарбия ва ҳалол меҳнатнинг ҳамда оиланинг жамиятимиздаги муқаддас ўрни ҳақида таъсирли ва асосли фикрлар билдирди.
Айниқса, қишлоқларда янги мактаблар қурилиши, таълим сифатини яхшилаш ва ёшлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар хусусидаги хотира ва мулоҳазалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Нафақадор мураббийлар Абдураҳмон Нишонбоев, Турсунқул Режаметов, Жабборқул Серғалиев, Баҳодир Сидиғалиев ва Қорабулоқ қишлоқ фахрийлар кенгаши раиси Маҳкам Убаев жамоат арбоби Муҳиддин Сиддиқовнинг фидокорона меҳнатларига юксак баҳо бериб, унинг камтаринлигини, меҳнатсевар, ҳақиқий дўст эканлигини кўпчиликка намуна сифатида кўрсатиб, шахсий фикр-мулоҳазалари, ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашдилар, таълим соҳасининг кечаси ва бугуни ҳақида самимий ва атрофлича суҳбат юритдилар. 4-сонли мактаб-гимназия раҳбари Улуғбек Боялиев сўзга чиқиб, Муҳиддин Сиддиқовга ҳақиқий маърифат чироғи, фидокорлик посбони дея таъриф берди. Шунингдек, ушбу мактаб-гимназия жамоаси номидан миннатдорчилик билдирди.
Тадбир давомида устозлик машаққатли ва шарафли касблиги, инсон ҳаётида устознинг ўрни беқиёслиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, миллат келажаги илмли, маърифатли ва ватанпарвар авлод қўлида эканлиги хусусидаги фикрлар барча иштирокчилар қалбидан жой олди.
Бундай маънавий кечалар нафақат тажриба алмашиш, балки қалбларни яқинлаштириш, инсонларни эзгулик ва яхшиликка чорлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаётлигида қилган меҳнатларини қадрлаш, маънавиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Қалблар билан юзма-юз” мулоқот кечаси ҳаёт сабоқлари, устозлар ҳикмати ила инсон қадри улуғланган, қалбларга илиқлик улашган унутилмас тадбирга айлангани ҳақиқат.
Инсон... Шу сўз замирида олам-олам маъно, меҳр, садоқат ва улуғворлик мужассам. Ҳаёт аталмиш буюк мусаввир ҳар кимга турлича тақдир йўлини чизади. Аммо шундай инсонлар бўладики, умри оқар дарё каби халқ хизмати, савоб ишлар ва эзгулик йўлида жўшиб ўтаверади. Улар қалби билан эл дардини ҳис этади, қувончини бўлишади, яхшилик қилишдан асло чарчашмайди. Ана шундай фидокорларнинг меҳнатини одилона баҳолай олиш, камтаринлиги, саховатпешалигини жамиятга ўрнак этиб кўрсата олиш инсоний бурч.
Суҳбат жараёнида фидокорлик ҳақида сўз юритилиб, бу – оддий сўз эмас, балки бу ўз тунларини қисқартириб, бошқаларнинг кунини ёритиш, ўзни унутиб, бошқаларни топиш демакдир.
Демак, ҳақиқий бахт – ўзига олишда эмас, балки бошқаларга улашишда яширинлигини ҳис қилган ҳолда, жамоат арбобининг шу кунгача аҳоли учун амалга оширган меҳнатлари яна бир карра сарҳисоб қилинди.
Қаҳрамонимиз 1984 йили Сайрам туманидаги Маяковский номли мактабда бошланғич синф ва жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлади.
1984-1986 йиллар Смоленск шаҳрида Совет Армия сафида йигитлик бурчини ўтади. 1987-1990 йиллари 77-сонли Ҳамза номли мактабда рус тили ўқитувчиси сифатида ёш авлодга таълим берди.
1989 йили 89-сонли “Қайнарбулоқ” мактаби фаолиятини йўлга қўйди. Ўзи шу мактаб мудири вазифасини бажарди.
2003-2004 йилларда 100-сонли мактабнинг ҳашар йўли билан барпо этилишига эришди. 17-сонли мактаб қурилишига бош-қош бўлди, очилишига асос солди.
101-, 81-сонли Улуғбек номли, Музрапов номли, “Далабозор” мактабларининг хужжатларини шахсан Астана шаҳрига олиб бориб, янги бинолар қад ростлашига асос солди.
2013-2014 йилларда туман ҳокимига махсус таклиф билан чиқиб, 4-сонли спорт мактаби очилишига эришди.
2012-2013 йилларда 77-сонли “Турон” мактаби қурилиши туман бюджети ҳисобидан амалга оширилиб, 200 ўринли янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди.
Орис қишлоғидаги 62-сонли Анортоев номли мактаб ҳужжатларини ҳам Астанага олиб бориб, 600 ўринли мактабнинг очилишига имкон яратди. 92-“Ақсу” мактабининг янги биносининг қад ростлашига бош-қош бўлди.
Туман ҳокимлигига махсус таклиф билан чиқиб, 200 ўринли 75-сонли мактаб, 4-сонли мактаб-гимназия очилиши ташаббусини илгари сурди, фаолиятига ўзи бош-қош бўлди.
Бу мактаблар – оддий бинолар эмас. Бу – юзлаб, минглаб ёшлар тақдирини ўзгартирувчи билим масканларидир. Шу билан бирга, у кишининг қатор инсонларнинг тақдир йўли ўзгаришида залворли меҳнати мужассам. Масалан, шогирдларидан марҳум Равшанбек Шожалилов 104-сонли мактабда фаолият юритиб, ҳамкасблари қалбида ўчмас из қолдирган. Улуғбек Боялиев, Элмурод Аҳмедов, Баҳодир Қўчкортоев, Баҳодир Сидиғалиев айни пайтда ўз фаолиятларини юксак савияда юритмоқдалар.
У қишлоғимиз ҳудудида халқимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл бўйига иккита светофор ўрнатилишига муваффақ бўлди, баъзи кўчалар кечалари ёритила бошлади, йўлларнинг таъмирланишига ҳамда йўл чеккасига пиёда юрувчилар учун йўлакчалар солинишига депутат сифатида ҳисса қўшди.
Қишлоқ ёшлари билан кўплаб анжуманлар ўтказди, волейбол, футбол, бокс турнирларини ташкиллаштириб, кам таъминланган оилаларга мунтазам ёрдам бериб келяпти.
М. Сиддиқов 2017-2022 йиллар оралиғида Қорабулоқ қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси лавозимида ишлашга ҳам улгурди. Шу билан бирга, 4 карра туман маслаҳатининг депутати бўлиб сайланди. Мана шу қишлоқ аҳли учун қилинган саъй-ҳаракатлари, тинимсиз меҳнатлари юксак баҳоланиб, вилоят маслаҳати томонидан “Энг намунали депутат” унвонига сазовор бўлган.
ҚХА, ҚР Президентининг “Алғыс хат”лари билан мукофотланган.
2012 йили эса “Халқаро руҳшунослар Академиясининг Фахрий аъзоси” унвонини олди.
2022 йили 100-сонли мактаб базасида барчага тенг билимни талаб этадиган болалар учун “Ресурс маркази” фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда ушбу марказда 15та ассистент, логопед, дефектологлар ёшларга таълим-тарбия беришмоқда.
Москва, Сочи, Санкт-Петербург шаҳарларида 2018-2019 йилларда малака оширган. Шунингдек, “Русский язык”. “Учебное пособие для школьников национальных школ”, “Русский язык. Учебно – методическое пособие для школьников и абитуриентов” китоблари муаллифи ҳамдир.
Муҳиддин Эгамберди ўғли – жамиятимизда кам учрайдиган, иши билан сўзи бир инсонлардан. Унинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлар экансиз, бу инсон фитратида меҳнатсеварлик, сабр ва юксак масъулият мавжудлигини англайсиз.
Суҳбатдошимиз маориф ва таълим соҳасида сидқидилдан меҳнат қилиб, ҳақиқий устоз-мураббий сифатида кўплаб шогирдларни камолга етказди. У кишининг тарбияси ва ҳаётий ўгитлари сабаб талай инсонларнинг тақдир йўли ўзгарди, орзу-мақсадлари рўёбга чиқди. Бугун унинг шогирдлари сафида мактаб раҳбарлари, мактаб мудирлари, эл ҳурматини қозонган зиёли инсонлар мавжудлиги – устоз меҳнатининг энг юксак инъикосидир. Ушбу мулоқотдан кўзланган асосий мақсад – замондошимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, маориф ва таълим соҳасидаги фидокорона меҳнати, юксак сабр-матонати ҳамда тинимсиз изланишлари орқали эришган ютуқларини халқимизга ибрат сифатида кўрсатишдир. Шунингдек, устознинг ҳаётий тажрибаси, инсоний фазилатлари ва шогирдлар тақдирида тутган ўрни ҳақида фикр юритиб, ҳақиқий меҳнат ва садоқат инсонни улуғвор даражаларга олиб чиқишини англашдан иборатдир.
Баъзан бир жумла – бир умрлик саёҳатнинг хулосаси бўлади…
Ҳаёт – бу узун йўл… Кимдир из қолдиради, кимдир эса шунчаки ўтиб кетади…
Эътиборингизга ҳавола этилаётган инсон Муҳиддин Эгамберди ўғли жамиятимизда муносиб из қолдириб, эл-юрт равнақи учун сидқидилдан хизмат қилиб, жонажон Қозоғистонимизнинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган жамоат арбобидир, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Унинг ҳаёти – ибрат, сўзлари сабоқ, йўли эса кўпчилик учун ўзига хос маёқдир.