26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистонда Ибрай Алтинсарин номидаги болалар кутубхонасининг замонавий биноси очилди

Туркистон шаҳрида Ибрай Алтинсарин номидаги вилоят болалар кутубхонасининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Тантанали очилиш маросимида Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров иштирок этиб, йиғилганларни ушбу қувончли воқеа билан табриклади.

Вилоят раҳбари ўз нутқида жорий йилда кутубхона ташкил этилганига 65 йил тўлаётганини таъкидлаб, юбилей арафасида янги бинодан фойдаланишга топширилиши вилоят маънавий ҳаётидаги муҳим воқеа эканини қайд этди. Шунингдек, мазкур иншоотнинг Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида очилгани ҳудуд болалари учун муносиб туҳфа бўлганини билдирди.

– Кутубхона – фақат китоб сақланадиган жой эмас. У миллатнинг маънавий хазинаси, ёш авлод тарбиясининг муҳим маскани ҳисобланади. Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Миллий қурултой йиғилишида: «Фақат китобхон миллатгина ҳақиқий интеллектуал жамиятни барпо эта олади», дея таъкидлаган эди. Ёшларни китоб мутолаасига жалб қилиш ва уларни маърифат руҳида тарбиялаш келажакка қаратилган энг муҳим сармоядир, – деди Нуралхан Кўшеров.

Ҳокимнинг таъкидлашича, аввалги кутубхона биносининг ҳолати билан танишилгандан сўнг уни замон талаблари асосида янгилаш ва болалар учун замонавий интеллектуал марказга айлантириш ташаббуси илгари сурилган. Лойиҳани қўллаб-қувватлаган вилоят маслиҳати депутатлари ҳамда барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирилди.

Тадбир доирасида вилоят ҳокими ва зиёлилар янги кутубхона фаолияти билан танишиб, китобхонлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирдилар.

Янги кутубхона болалар ва ўсмирларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг билимга бўлган қизиқишини ошириш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда миллий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 481,3 миллион тенгени ташкил этади. Бинонинг умумий майдони 1065,3 квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 100 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу ерда 50 нафардан ортиқ мутахассис меҳнат қилади.

Бугунги кунда Туркистон вилоятида 390та кутубхона фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий китоб фонди 6 миллион нусхадан ошади. Янги болалар кутубхонаси фондида эса 226 мингдан зиёд китоб жамланган. Китобхонларга жаҳон классик адабиёти, замонавий болалар адабиёти ҳамда турли электрон ресурслардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Вилоятда маданият ва маънавият соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ўтган йили бир нечта маданият муассасалари фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда яна 10та маданий объект қурилиши олиб борилмоқда. Уларни йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган.

Янги кутубхонанинг очилиши ёш авлоднинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда ҳудуднинг маданий инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

2026-06-02, 19:43 100
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.