26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистонда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланди

Туркистон вилоятида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кенг қамровли байрам тадбири ташкил этилди. Унда мингдан ортиқ бола иштирок этди.

Тантанали тадбирда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров болалар ва ота-оналарни байрам билан қутлаб, ўсиб келаётган авлоднинг порлоқ келажагини таъминлаш давлат ва жамиятнинг умумий вазифаси эканини таъкидлади.

– Болалар – бизнинг келажагимиз, ҳаётимизнинг мазмуни. Ҳар бир фарзанд тинч осмон остида, ота-она меҳри ва устозлар ғамхўрлигини ҳис этиб улғайиши лозим. Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан мамлакатимизда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган тизимли дастурлар амалга оширилмоқда. Бу борада Туркистон вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Болаларнинг сифатли таълим олиши, тиббий хизмат билан қамраб олиниши, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиши ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватланиши доимий назоратда.

Вилоятимиз истеъдод ва иқтидор соҳибларининг бешиги ҳисобланади. Ўқувчиларимиз халқаро олимпиадалар, илмий лойиҳалар, спорт ва санъат танловларида юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Жорий йилда халқаро билим мусобақаларида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган 21 нафар ўқувчи 14 та медални қўлга киритди. Умуман олганда, ўқув йили давомида Туркистон вилояти ўқувчилари халқаро ва республика миқёсида 169 та совринли ўринни эгаллади. Бу эса устозларнинг фидокорона меҳнати, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ва давлат ғамхўрлиги самарасидир.

Азиз болажонлар, орзу қилишдан қўрқманглар. Илм-фан, санъат, спорт ва технология соҳаларида янги марраларни забт этишга интилинглар. Биз ҳар бир ташаббусингизни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – деди Нуралхан Кўшеров.

Тадбир давомида халқаро ва республика олимпиадалари ғолиби бўлган 20 нафар иқтидорли ўқувчи тақдирланиб, уларга пул мукофотлари топширилди.

Шунингдек, тадбир доирасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Қозоғистон болалари» концепциясини Туркистон вилоятида амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси таништирилди. Мазкур режа болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли таълим олишлари учун шарт-шароит яратиш, саломатликларини мустаҳкамлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Байрам давомида «Ҳалол ота-она – хавфсиз болалик» концепцияси ҳам кенг тарғиб қилинди. Ушбу ташаббус оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ота-оналар масъулиятини ошириш ҳамда болаларнинг хавфсиз ва қулай муҳитда тарбияланишини таъминлашга хизмат қилади.

Болаларга эҳтиром кўрсатилган байрамона кечада вилоятнинг иқтидорли ўқувчилари ва ижодкор ёшлари концерт дастурларини намойиш этиб, ўз истеъдодлари ва ютуқларини кенг жамоатчиликка тақдим этдилар. Шунингдек, тадбирда иштирок этган 1000 нафар болага қозоқ адабиёти намуналаридан иборат китоблар совға қилинди.

Туркистон вилоятида болаларнинг сифатли таълим олиши, ижодий ва интеллектуал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

2026-06-02, 02:54 86
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.