26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Фарзанд тарбияси: ҳуқуқ, бурч ва масъулият

Бугунги кунда Қозоғистонда тахминан 7 миллион бола истиқомат қилади. Бу мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмидан зиёдини ташкил этади. Болаларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш бугунги кунда давлат имижининг устувор йўналишига айланди. 

Шу мақсадда Қозоғистон ҳукумати Президент топшириғига биноан, 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Қозоғистон болалари” концепциясини тасдиқлади. Лойиҳа болалар ҳуқуқи ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Ҳужжат доирасида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида “ОИТСдан болаларни муҳофаза қилиш” хайрия жамоат жамғармаси президенти, Шимкент шаҳар бола ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича 2022-2024 йиллардаги омбудсмани Жанетта Жазиқбаева ҳикоя қилади:

– “Қозоғистон болалари” концепциясида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари болалар ва болали оилаларни тизимли қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ чоралар ва дастаклар белгиланган. Лойиҳа қатор муҳим вазифаларни ўз олдига қўяди. Шу жумладан: болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг жисмоний ва руҳий хавфсизлигини таъминлаш, сифатли таълим ва соғликни сақлаш хизматларига тенг кириш имкониятини яратиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда болали оилаларга ижтимоий ёрдамни кучайтириш, болаларнинг интернет тармоғидаги рақамли хавфсизлигини таъминлаш, зўравонлик ва таҳқирлашдан ҳимоя қилиш, имконияти чекланган ва ижтимоий заиф гуруҳларга мансуб болаларни қўшган ҳолда, барча болалар учун тараққиёт шароитларини таъминлаш кўзланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, концепция белгиланган тўрт устувор йўналишни қамраб олади: хавфсизлик, таълим, соғликни сақлаш, шунингдек, оилавий ҳаёт ва ижтимоий муҳофазаланиш ҳуқуқи. Унинг амалга оширилиши ва дастакларига эътибор қаратинг – унда қонунчиликни такомиллаштиришдан тортиб, жойлардаги амалга ошириладиган дастурларгача бўлган 158та чора-тадбир белгиланган. Самарадорлик 10та асосий кўрсаткич орқали баҳоланади. Умумий молиялаштириш ҳажми 1,3 триллион тенгени ташкил этади.

– Амалга ошириладиган ишларга тўхталсангиз.

– Лойиҳа доирасида қуйидаги асосий чора-тадбирлар назарда тутилган. Мактабларда болаларнинг ҳиссий ва хулқ-атвор муаммоларини эрта аниқлаш мақсадида педагог-руҳшунос соатини жорий этиш, айниқса, қишлоқларда болалар учун қўшимча таълим, тўгараклар ва ўзини намоён қилиш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, зўравонликдан жабр кўрган болалар учун ёрдам хоналарини очиш, ягона рақамли муҳит ташхиси дастурини яратиш, AI технологиялари орқали видеокузатув тизимларида зўравонлик ҳолатларини аниқлаш назарда тутилган.

– Оиладаги, жамиятдаги ижтимоий муҳофаза борасида болаларга қандай амалий ёрдам кўрсатилади?

– Кадрлар салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Руҳшунос ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, кўп болали оилаларга манзилли ижтимоий ёрдамни кучайтириш, ижтимоий ва тиббий тиклаш чораларининг кенгайтирилишига алоҳида аҳамият қаратилади. Жумладан, болалар саломатлигини тиклаш хизматларини ҳам қамраб олади. Ҳужжат концепциявий соҳавий вазирликлар, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу эса барча бошқарув даражаларида идоралараро мувофиқлашувни таъминлаб, чора-тадбирларни изчил амалга ошириш имконини беради.

– Ушбу ҳужжатнинг халқаро нуфузи қандай?

– Концепция ҳалқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланган. ЮНИСЕФ ушбу дастурни Қозоғистондаги миллионлаб болалар фаровонлигини яхшилашга қаратилган мажмуавий стратегия сифатида эътироф этди. БМТнинг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили ҳужжатни бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида баҳолаб, давлатнинг бола ҳуқуқларини муҳофаза қилишга содиқлигини акс эттиришини таъкидлади. 

– Унинг юксак аҳамияти нимада акс этмоқда?

– Мамлакатимизнинг 34 фоиз аҳолисини болалар ташкил этади. Уларнинг яшаш шароити эса давлатимиз келажагини белгилайди. “Қозоғистон болалари” ҳар бир боланинг хавфсиз, қўллаб-қувватловчи ва тараққиётига хизмат қиладиган муҳитда улғайишини, тенг имкониятларга эга бўлишини ҳамда ҳуқуқларнинг сифатли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Мамлакатимизда болани тарбиялаш ва ривожлантиришда ота-онанинг ўрни қонунчилик даражасида мустаҳкамланган. Ушбу мажбуриятлар ҚР Конституцияси, Никоҳ ва оила кодекси ҳамда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган. Ота-оналар мажбуриятлари ҳам аниқ кўрсатиб берилган: улар болаларни тарбиялаши ва моддий жиҳатдан таъминлаши, боланинг соғлиги ва хавфсизлиги ҳақида ғамхўрлик қилиши, жисмоний, руҳий ва маънавий-ахлоқий ривожланиши учун зарур шароит яратиб бериши жоиз. Ота-оналар боланинг мажбурий ўрта таълим олишини таъминлайди, шунингдек, унинг хулқ-атвори ва қаердалигини назорат қилиб боради. Қонунчилигимизда ота-оналик мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун маъмурий ва фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик назарда тутилган. Мактаб низоми, хулқ-атвор қоидалари ҳамда мактаб либоси талабларига риоя қилиш таълим жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Хуллас, оила ҳамда мактаб болалар тарбиясида ҳамкорларга айланишади. Энди ота-оналар фарзандларининг саломатлиги, хулқ-атвори учун масъулиятни мактаб зиммасига ортиб қўя олмайди. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали биз масъулиятли ва муваффақиятли авлодни тарбиялай оламиз.

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2026-02-05, 22:47 73
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.