Ҳар қандай анъанавий ахборот воситаси, хусусан матбуот, инсон тафаккурини ривожлантиришда ва жамият маданиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Ёзилган сўзнинг аҳамияти беқиёслигини фан исботлаган. Афсуски, ҳозирги кунда газета сўзи ўз кучи ва таъсирини йўқотаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ачинарли ва хавфли ҳолдир.
Бунинг сабаби, тадқиқотчиларнинг фикрича, мамлакатимизда бу касбга рақобатбардош кадрлар тайёрлашда лоқайдлик ўрин олмоқда. Журналистларнинг илғорлик мавқеидан четлатилиши, кўплаб газетхонлар газетанинг фойдали эканлигини ҳис қила туриб, ундан воз кечиши, турли сабабларга кўра обуна ва ададнинг камайиши, ҳокимият ва мансабдор шахсларнинг мослашувчан ижтимоий тармоқларидан кенг фойдаланиши, тезкор ахборот тарқатаётган блогерларга қарамлиги – бу муаммонинг асосий сабабларини кўрсатади. Чунончи, қоғоз ва бошқа хизматларнинг қимматлашиши, почта хизматидаги муаммолар, қалам ҳақининг камлиги, давлат буюртмаси ижросига оид масалалар юқоридаги ҳолатлар натижасидир.
Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситалари бундан ҳам оғирроқ даврларда муаммолар исканжасидан чиқа олган. Ҳарқалай, халқнинг онгни янгилаш, уни мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлаш учун, аввало, болалар, ёшлар ва соҳавий махсус давлат нашрларига алоҳида ғамхўрлик, вилоят, шаҳар, туман газеталари ва уларнинг таҳририят ходимларига эса давлат томонидан алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу ҳақда анчадан буён айтилмоқда.
Масалан, жамиятда одамларни матбуотга обуна бўлишга мажбурлашдан кўра, бошқа йўлларини биргаликда топиш керак эмасми?
– Ҳозир бизда газетага обуна пайтида унга қарши тарғибот ишлари юритилаётгандай. Мутасадди идоралар хорижга ўтиб кетган активларни қайтариш билан шуғулланиш ўрнига газета-журналларга мажбурий бўлмаган обунадан уюшган жиноятчилик излаб овора бўлишмоқда. Бундай ҳаракатларни етакчи давлатлар тушунолмай ҳайратга тушиши ҳам мумкин. Ҳуқуқий давлатда фуқаронинг қонуний ахборот олиши, уни тарқатиш ҳуқуқини ҳеч ким чекламаслиги керак, – дейди давлат ва жамоат арбоби, ҚР Парламент Мажлиси депутати Дархан Минбай.
Фикримизча, янги ва Адолатли Қозоғистонни барпо этишга киришган ягона халқнинг овози, фуқаролик жамият фаолиятини кенг жамоатчиликка ҳар томонлама теран ва содда тилда етказишда маҳаллий газета ва журналларнинг ўрнини босадиган куч йўқ.
Бундай мойиллик бутун жаҳон мамлакатларига хосдир, яъни маҳаллий нашрларга алоҳида ишонч билдирилиб, қўллаб-қувватланади. Бизда эса жуда зарарли анъана мавжуд – маҳаллий аҳолига ижтимоий ҳамда ахборий қўллов кўрсатадиган туман газеталари хусусийлаштирилди. Бу маҳаллий нашрлар, уларда фаолият юритадиган журналистлардан иборат жамоат институтининг йўқолишига олиб келиши мумкин.
Энди ўйлаб кўринг, мамлакатимизда бошланган сиёсий ислоҳотлар, сайлов маданиятини шакллантириш қандай амалга ошади? Айнан шу жиҳатдан анъанавий матбуотнинг афзалликларини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, тараққий этган мамлакатларнинг жиддий, нуфузли нашрлари ўз интернет нусхаларини илова сифатида тарқатади. Бунинг учун, албатта, давлат бюджетидан қўшимча маблағ кўзланади.
Шунингдек, касбий журналистларга қўйиладиган малакавий талаблар ҳам, тўланадиган қалам ҳақи ҳам тегишли даражада бўлиши шарт. Шундагина газетадаги мақолаларнинг зарби ҳам яққол сезилади. Умуман, ҳар қандай замонда ҳам таъсир кучига эга бўлган газеталар оммавийлашиб, улкан ададга эга бўлган. Газетадаги танқиддан сўнг тегишли жойларнинг жавобини мажбурий эълон қилиш усулини жонлантириш – давр талаби. Бу – икки томоннинг ҳам масъулиятини оширади. Бундан ташқари тирикчилик ғами, жамиятдаги янгиликлар ва ўзгаришлар, воқеаларнинг тафсилотларини босқичма-босқич ахборот тариқасида бериб боришда янги шакл ва илғор усулларни дадил жорий этиш вазифаси турибди.
Умуман, журналистлар нафақат тарихга битиладиган воқеаларни қоғозга туширибгина қолмай, шу тариқа маърифий вазифани ҳам адо этишади. Бу халқимизнинг саводхонлик даражасини ошириб, хотирасини мустаҳкамлайди. Ривожланган давлатлар, дунёқараши кенг инсонлар даврий нашрларнинг қудратини азалдан тан олишган. Зиёли шахс тонг саҳардан газета ўқиш кундалик одатига айлангани билан фахрланади.
– Матбуотни кўпинча “жамиятнинг виждони” деб аташади. Чунки жамиятда рўй бераётган воқеалар, янгиликлар, муаммолар ва ўзгаришлар халққа айнан журналистлар орқали етади. Газета саҳифалари, радио ва телевидение эфирлари, интернет нашрлари – буларнинг барчаси одамларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ ҳақиқатни намоён этадиган майдондир.
Бироқ ҳақиқий журналистика фақат хабар етказиш билан чекланмайди. Муаллиф таъкидлаганидек, журналист фақат “шов-шув” ортидан қувиб кетмаслиги керак. Чунки бир томонлама ёритилган муаммо, далилсиз айбловлар жамиятда ишончсизлик ва низо пайдо қилиши мумкин.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар, шов-шувга асосланган гаплар, далилсиз хулосалар жуда тез тарқалмоқда. Одамлар баъзан воқеанинг асл моҳиятини англамасдан туриб, тезкор хулоса чиқаришга шошилишади. Бундай шароитда соҳанинг масъулияти янада ортиб боради. Журналист муаммони ўрганади, сабабини топади, ҳақиқатни очади ва уни ҳал қилишга ёрдам беради. Масалан, янги кўчада электр симёғочлари билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган. Аҳоли шикоят қилди. Лекин журналист буни фақат “шикоят” сифатида эмас, балки ижтимоий муаммо сифатида ўрганди: воқеа жойига борди, одамлар билан суҳбатлашди, масъул ташкилотларнинг фикрини олди. Натижада таҳлилий мақола эълон қилинди ва муаммо ҳал бўлди. Демак, журналистик таҳлил ҳаётда ўзгариш қилишга қодир.
Ёки мактаб директори ҳақидаги шикоятни олайлик. Муаллиф бу масалани ҳам юзаки ёритиб қўймади. Ўқитувчилар билан учрашди, кўрсаткичларни таҳлил қилди, мутасаддиларни жалб этди. Мақола чиққач, нолойиқ раҳбар фаолиятига чек қўйилди. Бу эса танқид фақат исбот ва суриштирув асосида бўлиши кераклигини кўрсатади.
Ҳатто оилавий можаролар ҳам матбуот эътиборидан четда қолмаслиги мумкин. Бир аёлнинг оиласи бузилиш арафасида турган пайтда берилган маслаҳат ва мақола инсон тақдирини ўзгартирди. Аёл ўзини тиклади, оила сақланиб қолди. Бу мисол матбуотнинг фақат ахборот эмас, балки маънавий қувват манбаи эканини исботлайди.
Хулоса қилиб айтганда, журналистика бу – масъулият, виждон ва ҳақиқатдир. Газета одамларнинг муаммосини ҳал қилишга хизмат қилиши, жамиятда адолат ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиши керак. Шунинг учун таҳлилий мақолаларнинг таъсири катта: улар ҳаётни ўрганади, жамиятни уйғотади ва инсонлар тақдирига бефарқ қолмайди.
– Матбуот – ҳаёт кўзгуси бўлиши керак. Аммо у кўзгу фақат акс эттирибгина қолмай, жамиятни поклайдиган, ҳақиқатни ёритадиган маънавий нур ҳам бўлиши шарт, – дейди “Төлеби туы” газетаси бош муҳаррири Абдималик Рахманқулов.
Қозоғистонда ўзбек журналистикаси: давр даъватлари ва масъулият
Бугунги кунда Қозоғистонда ўзбек журналистикаси янги босқичга қадам қўймоқда. Қисқа вақт ичида ахборот майдонида улкан ўзгаришлар содир бўлди: дунёвийлашув жараёни кучайди, интернет ва тезкор ахборот оқими соҳага янги йўналиш берди. Энди инсонлар янгиликни газета орқали эмас, балки ижтимоий тармоқлар, сайтлар ва онлайн дастурлардан тезда қабул қилмоқда. Бу эса соҳа олдига янги талабларни қўймоқда.
– Илгари журналистика фақат хабар тарқатиш эмас, балки санъат даражасидаги ижодий майдон эди. Очерк, эссе, фельетон, памфлет каби бадиий-публицистик жанрлар жамият ҳаётини чуқур ёритар, инсон қалбига таъсир қиларди. Аммо ҳозирги даврда журналистларнинг аксарияти фақат тезкор ахборот бериш билан банд бўлиб қолмоқда, – дейди Қозоғистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Отабой Раҳимғозиев. – Чунки, кибержамиятда фақат хабар етказиш билан чекланиш – жанг майдонида қуролсиз қолиш билан баравар. Журналист таҳлилчи, изланувчи ва муаммо ечимига ҳисса қўшувчи шахс бўлиши шарт.
Қуруқ хабар эса кўпинча миш-мишга ўхшаб қолади. Миш-мишда далил йўқ, таҳлил йўқ, шарҳ йўқ. Агар журналистика ҳам шундай бўлиб қолса, унинг қадри тушади. Шу боис ҳақиқий журналистика ҳар бир хабардан маъно чиқариб, жамият учун муҳим хулоса беришни талаб қилади.
Бугун яна бир оғриқли муаммо – “кўчирмачилик”нинг кучайишидир. Интернетда бир мақола турли тилда, турли муаллиф номи билан тарқалиши журналистикага ишончни сусайтиради. Ваҳоланки, бу жиноятга тенг иллат деб баҳоланади. Бундай ҳолатга қарши курашишнинг энг асосий қуроли эса журналист виждонидир.
“Достонни ёзар эканман, тез-тез отамнинг сўзларини ёдга олдим. “Ижодкорнинг маҳорати шундаки, – дер эдим отам, – ҳамма билган воқеаларни мухтасар ифодалайди, кўпчилик билмаган воқеаларни батафсил баён қилади. Бу мураккаб ва ижодкорлик талаб қиладиган қийин иш”, деб ёзади Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатов. Бу қоидалар журналистикага ҳам тегишли.
Қозоғистонда ўзбек матбуотини ривожлантириш учун имкониятлар мавжуд. Халқимиз ўқишли, қизиқарли газеталарга чанқоқ. Демак, ҳар бир журналист ўз номини тоза сақлаб, ҳақиқий ижод ва масъулият билан ишлаши керак. Шунинг учун ҳам бугунги ўзбек журналистикаси олдидаги энг муҳим вазифа – фақат хабар тарқатиш эмас, балки жамиятни уйғотиш, таҳлил қилиш, муаммоларга ечим топиш ва халқ ишончини сақлашдир.
Янги даврда мамлакатимизнинг ҳар бир журналисти матбуот маданияти ва анъаналарига риоя қилиш учун давлат манфаатларини қадрлаши, тарғиб қилиши зарур. Газета – жамоатчилик фикрини шакллантирувчи восита эканлигини унутмаслигимиз керак.