26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Етук олим, жамоат жонкуяри, камтарин инсон

Сайрам заминидан кўплаб олим, фузало, бузуруглар етишиб чиққани тарихдан маълум. Эндиликда ҳам бундай юксак мақомга эришаётган фан ва маориф вакиллари бисёр. Дарҳақиқат, таниқли фан арбоби, жамоат жонкуяри, олижаноб ва камтарин шахс, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети профессори, педагогика фанлари доктори Неъматжон Алметовни етук олимларимиздан бири, деб фахрланишга ҳақлимиз. Таниқли олим шу кунларда 60 ёшини қарши олди.

Неъматжон Шодимат ўғли Сайрам диёрининг таниқли зиёлилари хонадонида вояга етган. Қолаверса, ушбу оддий қишлоқ хонадонидан уч профессор ва фан докторлари, турли соҳаларнинг бир неча етук мутахассислари етишиб чиққан.

Н. Алметов 1965 йили 26 декабрда Сайрам қишлоғида таваллуд топган. У оиланинг кенжаси эди. 

– Падари бузрукворим Шодимат Алмат ўғли – Улуғ Ватан уруши иштирокчиси. У жанг майдонларида олган оғир жароҳатидан умрининг охиригача қийналган, – деб хотирлайди Неъматжон. – Отам вафот этганида мен бир ойлик чақалоқ эдим. Агар волидам Роҳатой Ҳусан қизи иродаси кучли аёл бўлмаганида, мен ва ака-опаларимнинг ҳаёти мутлақо бошқача бўлармиди, деб ўйлайман баъзан. Онамиз барча оғирликларни зиммасига олиб, саккиз фарзанднинг олий маълумот олишига шароит яратди. “Ўқинглар, – дерди онам, – ўқиш сизни юзага чиқаради, қалбингизда бойлик яратади”. Менинг илм ва бошқа соҳалардаги камтарона ютуқларимнинг асосида болалигимдан билимга кучли қизиқишгина эмас, ҳаётий эҳтиёж ва астойдил меҳнат ётади. Онам ва акаларим илк устозларим бўлди. Катта акам Юсуфжон Шодиметов ўн етти ёшида Ленгер тумани адирларида мол боқаётган таёғини улоқтириб, Сайрам қишлоғига қайтади. Мактабда битирув имтиҳонларини топшириб, ҳамёнида атиги ўн беш сўм билан Москва шаҳрига ўқишга йўл олади. У ҳаётда улкан муваффақиятларга эришди, турли йилларда катта давлат лавозимларида хизмат қилди, ҳозирда фалсафа фанлари доктори, профессор, жамоат арбобидир. Яна бир акам Камолжон Шодиметов – давлат ва жамоат арбоби, академик, акаларим Ғофуржон, Маъмуржон ва Зокиржонлар менга ҳаёт йўлида устозлик қилдилар. Мен улар кўрсатган йўлдан юрдим, улар менга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар, қоқилсам, қўлладилар, йиғласам, ёшимни артиб “ўғил бола бўл, аҳамият берма, кураш”,  дедилар, меҳр бериб, отадек қаттиққўл бўлдилар...

Неъматжон Шодимат ўғли дастлаб ҳозирги Ю. Сарёмий (собиқ Калинин) номли мактабда, сўнг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олди. Талабалик давридаёқ у илмий изланишларга мойиллиги билан кўзга тушди. Ўн беш минг талаба таҳсил оладиган институтда фақат уч талабагагина СССР Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан Ленин стипендияси тайинланган бўлса, уларнинг бири Неъматжон эди. У ўқиш билан бир вақтда таниқли профессор Михэль Ландсман ва юртдошимиз, техника фанлари номзоди, доцент Ҳакимжон Иброҳимшиқовларга шогирд тушиб, илмий лабораторияда ҳам ишлади. Ёшлар анжуманларида иштирок этар, маърузалар қилар, телекўрсатувларга чақириларди. Шу сабабли Неъматжон ўқув юрти раҳбарияти тавсияси билан таҳсилни Т. Н. Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасида давом эттирди. 

Орадан кўп вақт ўтмай, яъни 1991 йили у Низомий номли Тошкент давлат педагогика университетида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва йигирма беш ёшида собиқ Иттифоқ Олий аттестация комиссияси томонидан унга “Педагогика фанлари номзоди” илмий даражаси берилди. 

– Диссертация ҳимоясидан сўнг менга етти ташкилотдан ишга таклиф тушди. Аммо онамнинг, “етар, барингни қўйиб бердим, энди Сайрамга қайт, мен қариб қолдим, ота-бобонгнинг чироғини ёқасан, бу ерда ҳам кам бўлмайсан”, деб айтган гаплари кечагидек ёдимда, – дейди Неъматжон. – Она юртга қайтиб, тўғри йўл тутганимдан қувонаман, бу ерда мен учун ҳар бир нарса яқин, қадрли.

– 1991 йили апрель ойида, қўлимда номзодлик дипломи бўлмаса-да, юртга қайтдим. Иш излаб мактабга, Сайрам туман таълим бўлимига бориб, хушмуомалалик билан рад жавобини ҳам олганман. Аммо тез орада ўз ўрнимни топдим. Ўша йили сентябрь ойида М. Ауезов номидаги Шимкент педагогика институтининг “Педагогика” кафедрасига ярим йиллик синов муддати билан ишга қабул қилиндим. Ишга келганимда кафедра мудири, илмий-педагогик фаолиятимдаги устозим, раҳматли Жумағали Махашев жуда хурсанд бўлиб, ўзи эринмасдан институт билан таништириб чиққани ҳамон ёдимда. Синов муддати тугагач, менга катта ўқитувчи, 1995 йилда эса доцент илмий даражасини беришди.

1995 йили Шимкент педагогика институти қайта ташкил қилиниб, Х. А. Яссавий номидаги ЖҚДУнинг филиалига айлантирилди. Сўнг яна ўзгаришлар бўлиб, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети ташкил топди. Ўйлаб кўрсам, 35 йилдан буён бир жойда меҳнат қиляпман, айни вақтда бошқа жойларда ҳам ишлаганман, аммо дорилфунунимизга доим садоқат билан хизмат қилиб келдим.

Н. Алметов қарийб йигирма йил мазкур ОТМнинг “Педагогика ва маданият” факультетида илмий ишлар бўйича масъул ва декан ўринбосари лавозимларида хизмат қилди. У бошлаган ишини ниҳоясига етказадиган, қатъиятли ва изланувчан олимдир. Жумладан, Неъматжон бошлаган илмий иши устида изланиш олиб борди ва 2010 йили “Умумтаълим мактабларида халқ педагогикасининг дидактик имкониятларини фойдаланишнинг назарий-услубий асослари” мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 

Н. Алметов – серқирра олим. У педагогика, фалсафа, тарих, этнография, умумий ва педагогик руҳшунослик, ўқитиш услублари, сиёсатшуносликка доир 500дан зиёд илмий ва илмий-услубий асарлар муаллифи, шунингдек, унинг 3та монографияси, 30дан зиёд дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалари чоп этилган. Айни пайтда 4 нафар фан номзоди, 3 нафар PhD доктори ва 80 нафардан зиёд педагогика ва руҳшунос магистрларига илмий раҳбарлик қилди. Таълим соҳасида халқаро таҳлилчи. 2011 йилда Халқаро фан ва олий таълим академияси (Лондон, Буюк Британия) ўтказган илмий таҳлил бўйича жаҳон биринчилигида I-даражали диплом билан тақдирланган. 2022 йилда ЕХҲТнинг Марказий Осиёдаги таълим дастури доирасида ўтказилган услубий ғоялар ва ишланмалар танлови ғолиби бўлди.

У жамоат ишларида ҳам фаол. Жумладан, ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги илмий кенгаши раиси, Шимкент шаҳар ҚХА илмий-таҳлил гуруҳининг аъзоси сифатида залворли ишларга бош-қош бўлди. Мисол тариқасида 2019, 2021, 2023 йилларда нашр қилинган “Ҳой-ҳой ўлан, жон ўлан”, “Сайрам” ва “Манкент” илмий-оммабоп энциклопедиялари, 2025 йили нашр қилинган “Дўстлик карвонида”, “Халқ лапарлари” китобларини келтириш мумкин. 

У хорижий, республика ва маҳаллий нашрлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, нуфузли газета ва журналларда унинг турли мавзудаги 100дан зиёд публицистик мақолалари эълон қилинди.

Н. Алметов она юрти – Сайрам диёрининг равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Масалан, ўзи таълим олган 107-сонли Ю. Сарёмий номли мактаб-лицей қошида ташкил этилган ота-оналар университетининг фаолиятини йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатди. 2012-2023 йилларда муаллифлик дастурлари асосида тренинглар ўтказиб, таълим соҳасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди.

Айниқса, унинг ЕХҲТнинг Марказий Осиёдаги таълим дастури доирасидаги кўптилли таълим лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, илмий-педагогик билимларни оммалаштириш борасидаги хизматлари эътиборга сазовордир. Жумладан, у 2004-2016 йилларда ҚР Таълим ва фан вазирлигининг “Оқулық” илмий-амалий марказининг таҳлилчиси, 2016-2020 йилларда фан комиссиясининг раиси, 1992-2010 йилларда Жанубий Қозоғистон вилояти педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институти лектори, 2012-2019 йилларда Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими девонининг “Давлат хизматчиларини тайёрлаш маркази” лектори вазифаларида самарали хизмат қилди.

Айни пайтда у М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг Илмий Кенгаши ва Илмий-гуманитар Кенгаши, бир неча илмий-педагогик журналлар таҳрир ҳайъати ва Шимкент шаҳар ўзбек драма театри Бадиий кенгашининг аъзоси вазифаларини ҳам бажармоқда. 

Шу ўринда Неъматжон Шодимат ўғлининг Шимкент шаҳар ўзбек драма театри фаолияти ҳақидаги мақолаларига тўхталмоқчиман. Яъни, бу мақолалар, унинг ўзи айтганидек, “ҳаваскор театршунос”нинг эмас, балки касбий жиҳатдан етук мутахассиснинг эътирофга сазовор бўладиган тақризлари эканини таъкидламоқчиман.

Эндиликда таниқли олим М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг “Замонавий педагогика ва психология” кафедрасининг профессори лавозимида хизмат қилмоқда. 

Н. Алметов педагогика соҳасидаги кўп йиллик самарали фаолияти ва жамоат соҳасидаги фидокорона хизматлари учун “Қазақстан Тәуелсіздігіне 20 жыл” юбилей нишони, ҚХАнинг “Бірлік” медали, “Қозоғистон халқи Ассамблеясига – 30 йил” медали, ҚР Фан ва олий таълим вазирлигининг “Ғылымды дамытуға сіңірген еңбегі үшін” кўкрак нишони, республика ва вилоят даражасидаги фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар билан тақдирланган. Шунингдек, ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Йил одами – 2000” унвонига сазовор бўлган.

60 ёшни қарши олган таниқли олимга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, илмий-педагогик фаолиятида ва жамоат ишларида улкан зафарлар тилаб қоламиз!

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2026-01-30, 22:36 76
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.