Жаҳон тажрибасида китоб ўқиш маданияти жамиятнинг заковатини, маънавий камолоти ва тараққиёт суръатини белгилайдиган муҳим омиллардан ҳисобланади. Ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қаратамиз. АҚШ, Япония, Буюк Британия каби давлатларда бир фуқаро йилига ўртача 10-12та китоб ўқиши қайд этилган бўлса, Ҳиндистонда бу кўрсаткич 7-8тани ташкил этади. Афсуски, Қозоғистонда китобхонлик даражаси ушбу кўрсаткичлардан анча паст. Турли таҳлил ва тадқиқотлар натижаларига кўра, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро йилига ўртача атиги 3та китоб ўқимоқда. Бу ҳолат Қозоғистонни жаҳон китобхонлик рейтингининг қуйи поғоналарига тушириб қўяётгани сир эмас.
Шу боис ушбу ҳолатнинг сабабларини чуқур ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш йўлларини белгилаш долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқмоқда.
Ахборот технологиялари таъсири
Сўнгги йилларда ахборот технологияларининг жадал ривожланаётгани аҳоли турмуш тарзини тубдан ўзгартирди. Интернет ва ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди. Tik tok, Instagram, You Tube каби тармоқлардаги қисқа ва тез қабул қилинадиган видеолавҳалар китоб ўқишга ажратиладиган вақтни сезиларли даражада қисқартирмоқда. Айниқса, ёшлар маълумотни енгил ва тез қабул қилишга ўрганиб бораётгани чуқур мутолаа қилиш, таҳлил қилиш маданиятининг сусайишига олиб келмоқда. Бу эса келажакда билим савияси, танқидий фикрлаш қобилияти ва маънавий баркамоллик масалаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Озода МУСАЕВА, Ж. Ташенев номидаги университетнинг катта ўқитувчиси:
– Бугунги кунда жамиятда кузатилаётган энг долзарб муаммолардан бири – бу телефон ва телевизорга бўлган ортиқча қарамликдир. Ёшу қарининг қўлида телефон. Афсуски, бу ҳолат энг аввало болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Улар кўп вақтларини хаёл оламида ўтказиб, китоб мутолааси, жонли мулоқот ва мустақил фикрлашдан йироқлашиб бормоқда.
Шу боис, ота-оналар мазкур масалага бефарқ бўлмасликлари керак. Болани телефондан бутунлай маҳрум қилиш эмас, балки ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, кунига бир соат телефон ёки телевизорга рухсат бериб, қолган вақтини китоб ўқишга, мустақил фикрлашга, ижодий машғулотларга бағишлашга йўналтириш мақсадга мувофиқ. Агар бола кунига икки соат китоб мутолааси билан шуғулланса, бу унинг тафаккури, нутқи ва дунёқараши ривожланишига туртки беради.
Таълим тизимида китоб билан ишлаш дастаклари самара бермаяпти
Бугун мактабларда китобхонликни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар кўп ҳолларда қоғозда қолиб кетмоқда. Таълим муассасалари кутубхоналарининг аксариятида замонавий бадиий ва илмий-оммабоп адабиётлар етарли эмас. Шунингдек, ўқитувчилар зиммасига юклатилган вазифалар ва дарс соатларининг кўплиги сабаб ўқувчиларни китобга қизиқтиришга етарли эътибор қаратилаётгани йўқ. Натижада, китоб мутолааси болалар учун рағбат манбаи эмас, мажбурият сифатида қабул қилинмоқда.
Авваллари устозлар дарс жараёнида турли кўргазмали қуроллар, жадваллар, ёзувчилар портретлари, асарлар кўргазмалари орқали болада фанга ва дарсга қизиқишини оширишга ҳаракат қилишган. Бир қарашда оддий бўлиб туюлган ана шу усуллар ўқувчининг тасаввурини бойитиб, дарсни жонли ва мазмунли ташкил этишга хизмат қилган. Бугун эса таълим жараёнида қоғозбозлик кескин кўпайди. ҚМР (қисқа муддатли режа), турли ҳисобот ва режаларни тўлдириш талаблари ўқитувчининг асосий вақтини олиб қўймоқда. Устоз кун бўйи дарс ўтиб, кечқурун эса яна қоғозбозлик билан машғул бўлади. Бу эса ўқитувчининг ўз устида ишлаши, китоб ўқиши ва дарсларни ижодий ташкил этишига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Натижада ўқитувчининг ижодий эркинлиги чекланиб, таълим жараёни ҳам шаклбозликка айланиб қолмоқда. Агар устозга ишонч билдирилиб, унга етарли имкониятлар яратилса, қоғозбозлик эмас, билим биринчи ўринга чиқса, таълим сифати ҳам сезиларли даражада ошиши шубҳасиз, – дейди Озода Мусаева.
Оилада китоб муҳити етишмаслиги – долзарб муаммо
Мутахассисларнинг фикрича, болада китобга муҳаббат, аввало, оилада шаклланади. Агар ота-она китоб мутолаа қилмаса, хонадонда китоб ўқиш анъанаси мавжуд бўлмаса, боладан китобга қизиқишни талаб қилиш қийин. Афсуски, бугун Қозоғистон оилаларида кечки вақт асосан телевизор, телефон ва интернет атрофида ўтаётганини инкор этиб бўлмайди.
– Мен буни ўз оилам мисолида айта оламан. Бизнинг авлод учун китоб ҳаётнинг ажралмас қисми эди. Китобсиз кунни тасаввур қилиш қийин бўлган. Бу, аввало, оилада яратилган муҳит билан боғлиқ. Мен ўқитувчилар хонадонида туғилиб, ўсганман. Отам математика, онам эса ўзбек тили фанидан дарс берган. Отам аниқ фан ўқитувчиси бўлса-да, адабиётни жуда қадрлар, бирон кунни мутолаасиз ўтказмас эди.
Болалигим уйимиздаги катта кутубхона, китоб ҳиди ва мутолаа муҳити ичида ўтган. Ота-онам илми ва билими билан эл орасида ҳурмат қозонган инсонлар эди. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, китобга муҳаббат бизга ҳам ота-онамизнинг ибрати орқали ўтган, деб ўйлайман. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур муаммони ҳал қилиш учун китобхонликни рағбатлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар, мактаб ва оилада мутолаа маданиятини шакллантириш, замонавий кутубхоналар фаолиятини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бугун эса кўплаб оилаларда китоб ўқиш анъанаси сусайиб бораётгани ташвишланарли ҳол. Шу боис, китобхон авлодни тарбиялашни, энг аввало, оиладан бошлаш керак.
Давлат даражасидаги китобхонлик сиёсати етарли натижа бермаяпти
Япония, Корея ёки Европа мамлакатларида китобхонликни қўллаб-қувватловчи миллий дастурлар анча фаол йўлга қўйилган. Қозоғистонда бу йўналишда муайян ҳаракатлар бўлса-да, улар умуммиллий даражада сезиларли ўзгаришга олиб келаётгани йўқ.
– Китобхонликни оммалаштириш, кутубхоналарни замонавийлаштириш ва аҳолига, айниқса, ёш авлодга китобни яқинлаштириш чораларини кенгайтириш керак. Давлат ва жамиятнинг ҳаракатлари бирлашсагина, китобхонлик маданияти ҳам ривожланади. Ўғлим хизмат сафари билан Францияга борган пайтда таассуротлари билан ўртоқлашди. Уни ҳайрон қолдирган жиҳат – у ерда одамларнинг китобга муҳаббати ва маданияти. Кўчаларда китоб жавонлари қўйилган, турли ёшдаги одамлар учун китоблар танлови мавжуд. Ҳар ким ўзига ёққан китобни олиб, ўқиб, қайта жойига қўяр экан. Хиёбонлар, метролар, яшил майдончаларда, дарахт остида ҳам ўтирган одамларни қўлида китоб билан кўриш мумкин. Бу фақат маданият эмас, балки китобга муҳаббатнинг рамзидир, – дейди устоз.
Китобхонлик даражаси пастлиги жамиятга салбий таъсир кўрсатмоқда
Мутахассисларнинг таъкидлашича, китобни кам ўқиш жамиятда танқидий фикрлашнинг сусайишига олиб келади, ахборий таъсир ўтказишга ва ёлғон хабарларга алданиб қолиш ҳолатларини кўпайтириши мумкин. Шунингдек, болалар ва ўсмирларда сўз бойлиги камайиб, нутқ ва фикрлаш қобилияти заифлашади. Китобхонлик даражаси пастлиги шахсий тараққиётга, бутун жамиятнинг маънавий ва заковат салоҳиятига таъсир кўрсатади.
– Туркистон шаҳрида ташкил қилинган китобсеварлар клублари бугунги кунда жамиятда китобга муҳаббатни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда улар 2-3 жойда фаолият юритмоқда ва бу ташаббус Қозоғистондаги ўзбек китобхонлари орасидагина эмас, балки қўшни давлат Ўзбекистондаги олим ва уламолар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Чунки уларда ҳам китобхонликнинг сусайиши катта муаммо. Ушбу клублар иштирокчилари доим рағбатлантирилиб, энг фаол иштирокчилар пулли совринлар, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сайёҳлик йўлланмалари билан тақдирланади. Китобхонлик маданиятини қўллаб-қувватлаш учун бундай ташаббуслар таҳсинга сазовор ва жамиятда идрок ривожланишига салмоқли таъсир кўрсатади, – дейди муаллима.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, китоб ўқиган жамият янги ғояларни тез қабул қилади, янги технологияларни яхши ўзлаштиради ва меҳнат бозорида рақобатбардош бўлади. Китобхонлик даражасининг пастлиги эса ушбу жараёнларни секинлаштириб, ривожланиш имкониятларини чеклайди.
Китобхонликни қандай кучайтириш мумкин?
Мактаб ва кутубхона тизимини янгилаш, қизиқарли китоблар билан таъминлаш, китобхонлик клублари ва ўқувчилар ўртасида турли танловлар ўтказиш ҳамда жаҳон адабиёти намуналарини тарғиб қилиш ҳам самарали чоралардан ҳисобланади.
Оилавий китобхонликни ривожлантириш учун ҳар кунги “китоб ўқиш вақти”ни жорий этиш, болаларга китоб совға қилиш анъанасини ривожлантириш, электрон қурилмалардан фойдаланишни чеклаш зарур.
Шу билан бирга оммавий ахборот воситалари орқали китобни тарғиб қилиш, яъни газета, телевидение, радио ва интернетда китоб ҳақидаги кўрсатувлар, эшиттиришлар мақолалар, муаллифлар билан суҳбатлар, янги китоблар тақдимотлари кун тартибидан ўрин олиши керак.
Қозоғистонда китобхонлик даражаси пастлиги – бу фақат таълим тизими муаммоси эмас, балки умуммиллий муаммо ҳисобланади. У иқтисодиётдан тортиб маданиятгача, ёшларнинг тафаккуридан тортиб жамиятнинг маънавий қиёфасигача таъсир кўрсатади. Агар бугунданоқ китоб маданиятига жиддий эътибор қаратмас эканмиз, келажак авлоднинг заковат салоҳияти хавф остида қолиши мумкин.