26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Исроф, илмсизлик – маънавиятга таҳдид

Пайқаяпсизми? Бугундунё гўё аёллар томонидан бошқарилаётгандек тасаввур пайдо бўляпти. Тўғри, аёллар илгари ҳам жамиятда муҳим ўрин тутган, лекин бу кўпинча, кўзга ташланмай, уларнинг донолиги, ақл-фаросати билан амалга оширилган. Улар оила бошчисини кўкларга кўтарган ҳолда, хонадонни, тарбияни, муҳитни бошқарган. Ҳозир эса, баъзи ҳолларда гўё эркаклар бутунлай қолмагандек тасаввур уйғонади.

Албатта, бугун ҳам доно, сабрли, оқила аёлларимиз фарзандларининг келажагини ўйлайди, уларнинг маънавий камолотига алоҳида эътибор қаратмоқда. Аммо айрим ҳолатлар жамиятни ташвишга солиб, жиддий ўйлантирмоқда.

Сўнгги йилларда топган маблағларимизни маънавият, таълим-тарбияга эмас, аксинча, тўй ва таъзия маросимларидаги ортиқча сарф-харажатларга йўналтиряпмиз. Кимошди пойгасига тушгандек, бежирим дастурхонлар, ноз-неъматлар билан мақтаниш эса исрофгарчиликни янада кучайтирмоқда.

Ушбу муаммолар Шимкент шаҳридаги Қозоғистон халқи Ассамблеяси биносида, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳир Нишонбоев раҳбарлигида ўтказилган Оқсоқоллар кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам кенг муҳокама қилинди. Тадбирда миллий қадриятларимизни асраш, тўйларни маънавий жиҳатдан бой қилиб ўтказиш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари кўтарилди.

Ушбу мавзуларни жамоатчиликка кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида тадбирда иштирок этган тадбиркор, миллат жонкуяри Неъматжон Холметов билан суҳбатлашдик.

– Миллатимиз азалдан чиройли маданияти, бой урф-одатлари ва мустаҳкам миллий қадриятлари билан ажралиб турган. Афсуски, сўнгги йилларда фойдали, таълим-тарбияга бой урф-одатларимиз билан бирга кераксиз, ҳатто, зарарли одатлар ҳам кўпаймоқда. Йиғилишда иштирок этган кўплаб юртдошларимиз айнан тўй маросимлари ва улардаги исрофгарчилик ҳақида ўз фикрларини очиқ-ойдин айтишди. Ҳар бир шаҳар ва туманнинг ўзига хос урф-одатлари бор. Шимкент шаҳри, Сайрам мавзеси, Тўлебий туманидаги Султонработ, Сайрам туманидаги Қорабулоқ қишлоғи бўлсин, деярли барча ҳудудларда зарарли иллатлар илдиз отаётгани сезилмоқда.

– Ачинарлиси шундаки, бу каби иллатларнинг аксарияти аёллар ва ёшлардан чиқяпти, – дейди суҳбатдошимиз. – Аёлларимиз ортиқча олди-бердини кўпайтиряпти, ёшларимиз менталитетимизга зид урф-одатларни ўйлаб топяпти. Энг ёмони, бундай ҳолатлар жуда тез тарқаляпти. Бугун тўйлар катталарники эмас, гўё ёшлар ва аёлларники бўлиб қолгандек. Катта ёшли меҳмонлар баланд мусиқа овозига чидолмай, қон босими кўтарилиб кетяпти. Ёшлар эса ўз дунёсига берилиб, билганини қиляпти. Катталар ақл айтса, “замон сизники эмас, бизники”, деб жавоб беришяпти.

Яна бир жиддий масала, тўйдан олдин келин томоннинг куёв уйини тўлиқ жиҳозлаб бериши ҳам танқид қилинди.

– Бу йигитнинг шаънига, обрў-эътиборига тўғри келмайдиган ҳолат, – дейди Неъмат Собиржон ўғли. – Айрим оналар буни “ота-бобомиздан қолган урф” деб айтишяпти. Бу мутлақо нотўғри. 80-90-йилларда биз уйланган пайтларда бундай одат бўлмаган. У даврларда куёв томон уй-жой, мебель ва рўзғор анжомларини ўзи харид қиларди. Келин эса фақат бир сандиқ, ўз кийим-кечаклари билан келарди. Иқтисодий имконияти яхшироқ оилалар бир гилам, ўрта ҳоллар эса оддий палос олиб келиши мумкин эди, холос. Уйни тўлиқ ясатиб бериш деган талаб бўлмаган. – Бир киши қизини узатибди. Бироз вақт ўтгандан кейин ота-онаси қизини кўришга борган экан, ҳовлига кирса, куёв ҳовлисига сўри ўрнатаётган экан. Ерга қараса шифер, тахталар ётибди. Қўядиган устунлари йўқ экан. Мен ҳозир келаман, деб чиқиб кетибдида, бироздан кейин 15-20та устун олиб келиб, “бу мени қўшганим” деб ташлаб кетибди. Усталар шуни қўйиб берган, вақт ўтган, болалар дунёга келган, улғайишган. Бир куни аёли ишдан кириб келган куёвига айтибди: “адаси қаранг, ўғлингиз адам олиб берган велосипедда, адам олиб берган устунга бориб урилса бўладими”, деб. Куёв ҳам бундай гаплардан тўйиб кетган экан, жаҳли чиқиб, қайинотаси олиб берган устунларни олиб ташлаб, ўзи янги устунлар сотиб олиб келиб қўйдирибди. Демоқчики, аёл киши 20-30 йил ўтса ҳам миннат қилади. Ғурури бор эркак бундай гапларга чидамайди. Бу нарса охири бориб уруш-жанжал, ҳатто ажрашишгача олиб боради.

Албатта, келиннинг сарпоси ёки сепига қараб қолмаган, “ҳеч нарса керак эмас, ўзимиз қиламиз, асосийси, фарзандларимиз бахтли бўлсин”, дейдиган оилалар ҳам бор. Аммо шунга қарамай, айрим оналар “қизимизнинг обрўси учун”, “бошқалардан кам бўлмасин” деб, ортиқча юкни ўзлари

чиқаришяпти. Бу яхшилик эса, кейинчалик миннатга айланади.

Мулоқотда яна бир нохуш ва уятли ҳолат тилга олинди: 

– Куёвсотардан кейин айрим улфатлар “дала ҳовлига дам олишга чиқамиз” деб, келиннинг янгаларидан пул сўрашар экан. Бир тўйда улар янгалардан юз минг тенге сўраган, у аёл уйига бориб, куёвидан сўкиш эшитиб, шу пулни олиб келиб берибди. Бу нима деган орсизлик? Бундай ўғилларни қандай оталар тарбия қиляпти? – дейди Неъматжон Собиржон ўғли.

Қаҳрамонимиз куёв жўраларни тўрга ўтқазиб қўйиш одатини ҳам тилга олиб ўтди. 

– Улфат тўрда ўтириши керак эмас, тўрда оқсоқоллар, қариндош-уруғлар ўтириши керак. Бизнинг давримизда улфат тўйда хизматда бўларди. Келин томонда ўтирардик, эртаси куёвникида хизмат қилардик. Улфатлар тўйдан бир ҳафта олдин келиб, ҳовлини текислаб, тўй олдидан стол қўйиб, гилам осиб, тўйдан кейин йиғиштириб кетишарди. Қозон-ўчоқ олдида беш дақиқада овқат еб, меҳмон келса, дарҳол сакраб туриб хизматга тушишарди. Мана шуни улфат дейиш мумкин. Ҳозиргилар эса тайёрига келиб, тўполон қилади, “куёвсотар”да, янгаларни устидан кулиб, ҳар хил ўйинлар ўйнатади, турли ичимликлар олиб беринглар, деб талаблар қўяди. Буларнинг барчасини тўхтатиш керак.

Унинг таъкидлашича, тўйдан кейин улфатлар куёвникига бориши шарт эмас. Куёв гўшангага кириши керак, гўшанга бақир-чақир, ҳазил-ҳузул жойи эмас. Улфатлар тарқаши керак. Агар дам олмоқчи бўлса, дала ҳовлига ўз пулига борсин, янгалардан пул сўраб, сигарета, ичимлик олдириш жуда уят.

Суҳбат давомида ош маросимлари ҳам муҳокама қилинди. Илгари кичик ош ва катта ош бўларди, ҳозир улар бирлаштирилгани яхши, аммо битта ошни ярим тўйга айлантириб, тўйхоналарда ўтказиш одат тусига кириб бораётгани танқид қилинди.

– Айрим яхши урф-одатлар ихчамлаштириляпти, лекин ёмонлари ундан ҳам кўпайиб кетяпти. Катта ошда тилла тақинчоқлар тақиш, торт едиришни ҳам чиқариб олишди. Битта санчқида ҳаммага торт едириш гигиенага ҳам, одобга ҳам тўғри келмайди. Тўйхонада ҳар бир столга бориб салом беришни ҳам тўхтатиш керак. Кирганда битта салом етарли. Келин салом эртаси, у ҳам ихчам қилиб ўтказилиши керак, – деди у.

Тўйларда мусиқанинг ҳаддан зиёд баланд қўйилиши, қўшиқларнинг асосан фонограмма орқали ижро этилиши ҳам танқид қилинди. 

– Бугун ҳар ким қўлига микрофон олса, ўзини хонанда деб санаяпти, уларни бунга ундаётган асосий сабаб – тўйларимиздаги дабдаба, кўз-кўз қилиш ва бу соҳада пулнинг кўп айланиши. Шу боис, бу масалага санъаткорлар уюшмаси раҳбари Мирвоҳид Миразизов томонидан жиддий эътибор қаратилиши, хонандаликка касбий талаб қўйилиши керак.

Унинг айтишича, айрим хонандалар ва видеографлар ҳам ёмон иллатларнинг тарқалишига билвосита сабабчи бўляпти. Уларга ҳам мурожаат қилди:

– Тўйларни чиройли, дабдабасиз ўтказса ҳам бўлади. Келин салом, бешик тўй, фотиҳа ош, суннат тўй – барчасини миллий қадриятларга зарар етказмасдан, ихчам ўтказиш мумкин. Икки метрли тортлар, тиллолар, тўйдан кейин чақирувлар ким учун керак? Кўз-кўз қилиш учунми? Ёки илмсизликнинг белгисими? Буюртма кўпайсин деб, ҳар бир маросимни ижтимоий тармоққа чиқариб, миллионлаб томошабинга кўрсатиш мақсадида ёмон иллатларнинг тарқалишига сабабчи бўлмоқдасизлар. Озгина виждонингиз қийналса, аёлларимизга тўғри маслаҳат беринг, тушунтиринг, ёмон одатларни камайтиришга ҳисса қўшинглар. Унутмангки, сизлар халқ олдида фақат ижодкор эмассиз, турли авлодларга, ёшларимизга намуна бўласиз. Шунинг учун ҳар бир сўзингиз маънавий аҳамиятга эга бўлиши керак.

Никоҳ масаласига келганда эса у қатъий фикр билдирди:

– Никоҳни қизни олиб кетаётган куни ўқиш мутлақо нотўғри. Никоҳ тўйдан олдин ўқилиши шарт. Чунки ҳозир кўплаб ота-оналар қизини никоҳсиз ҳолда номаҳрам йигит билан учрашувларга, ҳатто чет элларга “love story” тушириш учун бирга сафар қилишларига рози бўляпти. Тўйда вальс тушиш учун тараддуд кўришяпти. Бу эса шариатимизга, миллий одоб-ахлоқ қоидаларимизга мутлақо зид.

Бугун тўйлардаги исрофгарчилик фақат пул масаласи эмас. Бу – маънавий инқирознинг бир кўриниши. Чунки инсон қачон маънавиятни иккинчи ўринга қўйса, шунда дабдабабозлик бошланади. 

Яна бир ўйлантирувчи жиҳат, оналарнинг ўрни. Аёл азалдан оила устуни, тарбиянинг асоси бўлган. Агар она исрофни одат қилса, бола тежамкорликни қаердан ўрганади? Агар она дабдабани қадрият, деб билса, фарзанд маънавиятни қаердан излайди? 

Йиғилиш якунида аниқ таклифлар киритилиб, қарорлар ҳам қабул қилинди. Хусусан, ҳар бир туман, масалан, Абай туманида ёши улуғ, ҳаётий тажрибаси бой, жамоат орасида ҳурмат-эътиборга эга бўлган отахонлардан иборат 2-3та гуруҳ ташкил этиш таклиф қилинди.

– Агар бу гуруҳлар 70-80 ёшдан ошган, зиёли, сўзи ўтадиган оқсоқоллардан тузилса, самарали бўлади, чунки бундай инсонларнинг фикрини ҳамма тинглайди, ҳурмат қилади. Ушбу оқсоқоллар гуруҳига бирлашма томонидан қабул қилинган Низом топширилиб, улар тўй бўладиган хонадонларга маросимдан 2-3 кун аввал бориб, тўйни ўтказиш тартиб-қоидалари, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликдан қочиш масалалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориши белгиланди. Бу иш фақат бир томон билан эмас, балки қуда бўлган икки хонадон билан ҳам олиб борилиши лозим. Агар буни бугун тўхтатмасак, эртанги авлодга нимани мерос қолдирамиз? Қандай тарбия берамиз? Тўйларимиз шодлик учун, ибрат учун бўлиши керак, қарз ва мусобақа учун эмас.

Оқсоқоллар гуруҳларини ташкил этиш таклифи эса шунчаки ташкилий қарор эмас, балки жамиятга қаратилган чақириқдир. Чунки катта авлод сўзи – тарбиянинг жонли манбаи. Уларнинг ҳар бир маслаҳати, ҳар бир сўзи тўй эгаси учун ҳам, меҳмон учун ҳам маънавий қадриятларимиз мезони бўлиши керак.

Неъматжон Холметов бу каби камчиликларга қарши курашиш фақат этномаданият бирлашмалари вазифаси эмаслигини, аввало, ҳар ким ўзидан бошлаши лозимлигини таъкидлади.

– Аввало, камчиликларга барҳам беришни ўзимиздан бошлайлик. Ҳар биримиз оиламизда, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларда тўй бўлса, сукут сақламайлик. Ҳар бир маросимнинг ўз тартиби, ўз қоидаси борлигини тушунтирайлик. Агар бу масалага бепарво бўлмай, сабр билан тушунтириш ишларини олиб борсак, вақт ўтиб, ёмон иллатлар аста-секин йўқолади ва жамиятимиз соғлом қадриятлар сари қадам қўяди. 

Неъматжон Собиржон ўғлининг фикрлари – кўпчиликнинг дарди, жамиятнинг огоҳлантирувчи овози. Агар бугун эшитмасак, эртага кеч бўлиши мумкин.

Суҳбат якунида Неъматжон Собиржон ўғли таклифларини билдирди:

– Менинг таклифим, ёшларимиз тарбияси ва уларни меҳнатсеварликка ўргатиш мақсадида ҳар бир туманда махсус ўқув марказлари ташкил этилса. Бу марказларда аёллар қизларга, эркаклар эса ўғилларга муаллимлик қилади. 10 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ҳаётга тайёрланади: қизлар тикиш, овқат тайёрлаш, турли пишириқлар пишириш, чиройли муомала каби ҳаётий кўникмаларга эга бўлади, ўғил болалар эса болға ва бошқа рўзғор буюмларини ишлатиш, оиладаги масъулият, ота-онага муносабат ва оилавий қадриятларни қадрлаш каби фазилатларни ўрганади. Чунки афсуски, ҳозирги телефонлар болаларнинг онгига салбий таъсир кўрсатмоқда, улар ота-онасига қулоқ солмайдиган, инжиқ ва тажовузкор бўлиб вояга етмоқда. Агар бу ёшлар билан шу тарзда ишламасак, эртага уларни йўлга солиш анча қийинлашади. Шунинг учун бундай марказлар очиш – миллий урф-одат ва маънавиятни ҳам асраб қолиш демакдир.

1915 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам тўйлардаги исрофгарчилик ва нотўғри урф-одатларни танқид қилиб ёзган:

“Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб, оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

Афсуски, орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтса-да, бу дард ҳануз биз билан. Биз ёмон иллатлардан қутулиш ўрнига, айрим ҳолларда уларни янада кўпайтириб юборяпмиз. Ҳолбуки, ҳар бир исроф қилинган маблағ, ҳар бир нотўғри урф-одат – ёшлар келажагидан, миллат маънавиятидан узиб олинаётган улушдир. Демак, миллий қадриятларимизни асраб қолиш, тўй-маросимларни ихчам ва маънавий руҳда ўтказиш, ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, бугун эмас, ҳозирнинг ўзида бажарилиши шарт бўлган умуммиллий вазифадир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбиясида жиддий бўшлиқ мавжуд. Болаларни меҳнатдан четлатиб, барча шароитни яратиш оқибатида уларда дангасалик, масъулиятсизлик ва ҳаётга лоқайдлик муносабати шаклланмоқда. Телефон ва сунъий олам ёшларни амалий ҳаётдан узиб қўйди, меҳнат эса улар учун аҳамиятсиз бўлиб қолмоқда.

Илгари ота-оналаримизни мактабдан далаларга олиб чиқиб, пахта терими, узум ҳосилини йиғиш каби ишларга жалб этарди, бу эса уларни ҳаёт қийинчиликларига тайёрларди. Бугун эса болани меҳнатга ўргатиш ўрнига, уни барча мажбуриятлардан холи қолдириш “тарбия” сифатида қабул қилинмоқда. Бу эса жамият учун хавфли ҳолат. Мен ушбу тарбия усулини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва агар фарзандларим мактаби томонидан меҳнат ишларига жалб этилса, бунга, албатта, рози бўламан. Ёшларни фақат ўгитлар билан эмас, меҳнат орқали тарбиялаш лозим. Акс ҳолда, биз маънавий ва жисмоний заиф, масъулият ҳиссини билмайдиган авлодни вояга етказиш хавфига мубтало бўламиз.

Азиз муштарий, ушбу масала ҳақида сиз қандай фикрдасиз? Иллатларни камайтириш ва ёшларни юксак маънавиятли авлод сифатида тарбиялаш учун қандай амалий чоралар қўлланилиши керак, деб ўйлайсиз?

Малика МАЪМУРЖОН қизи, 2026-01-10, 03:04 120
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.