Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев ўз Мактубларида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг асосий йўналиши сифатида иқтисодиётни ранг-баранглаштириш, тармоқлар ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ҳамда тизимли равишда сармоя жалб қилиш зарурлигини таъкидлаб келади.
Шу мақсадда агросаноат мажмуасини янгилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда янги корхоналар очиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланди.
Мазкур йўналишлар доирасида вилоятда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири, қишлоқ хўжалиги соҳасининг бир тармоғига тўхталишни маъқул топдик.
Маълумки, Туркистон вилояти қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича республикада етакчи ўринда. Шунингдек, мамлакатимизда пахта етиштирадиган ягона минтақа. Ушбу стратегик афзалликдан самарали фойдаланиш мақсадида вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров раҳбарлигида пахта ва тўқимачилик кластерини шакллантиришга қаратилган стратегик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Пахта ва тўқимачилик кластерини ривожлантиришга раҳбарлик қилувчи сармоядор Хитойнинг пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш соҳасидаги энг йирик компанияларидан бири Xingiand Lihua (Group) Co., Ltd. Компания уруғ етиштиришдан тортиб, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда пахтани мажмуавий қайта ишлаш жараёнини бошқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда ушбу хорижий сармоядор билан ҳамкорликда минтақада Марказий Осиёда қиёси йўқ пахта ва тўқимачилик кластери яратилди. У сувни тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда, пахта етиштиришдан то ип, мато, тайёр кийим-кечак ва бошқа тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун шароит яратади. Бу минтақа иқтисодиётига янги туртки беради, хомашё шўъбасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш босқичига ўтади.
Пахта кластерида 5та лойиҳа амалга оширилади, натижада, 7 минг киши иш билан таъминланади ва 201 миллиард тенге сармоя жалб этилади. Пахта ҳосилдорлиги 2-3 баравар ошади ва йилига 229 минг тонна пахта етиштирилади. Лойиҳа доирасида жами 10та завод барпо этиш режалаштирилган. Улардан 4таси пахтани қайта ишлаш заводи, 2таси томчилатиб суғориш ускуналари ишлаб чиқарадиган корхона, шунингдек, 4та тўқимачилик фабрикаси. Кластер эҳтиёжларини қондириш учун ПВХ қувурлар заводи ишга туширилди ва тўқимачилик фабрикалари барпо этилмоқда.
Яқинда Ўтрор туманида жойлашган кўп тармоқли ”Туркистон пахта агросаноат мажмуаси” доирасида 3та завод фойдаланишга топширилади. Хусусан, томчилатиб суғориш мосламалари ва суғориш ленталари ишлаб чиқариш цехи ишга туширилади.
Корхона йилига 800 миллион метр суғориш лентасини ишлаб чиқариб, 50 минг гектар майдонни замонавий суғориш тизими билан таъминлаш имкониятига эга.
Ушбу корхона сувни тежаш мақсадида амалга оширилаётган жуда муҳим лойиҳадир. У маҳаллий миқёсда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга қулайлик яратиш, сувни тежовчи технологияни кенг жорий этиш имконини беради. Бундан ташқари, Ўтрорда замонавий пахтани қайта ишлаш заводи ишга туширилди ва 279 одам доимий иш билан таъминланди.
Ушбу корхона замонавий технологиялар ёрдамида пахтачиликни янги босқичга кўтармоқда. Хитойлик ҳамкорлар ёрдамида 32 минг гектар ерга янги усул билан пахта экилди ва гектаридан ўрта ҳисобда 50-60 центнердан ҳосил олинди. Ушбу сувни тежовчи технологиялар – иқлим ўзгариши шароитида долзарбдир.
Лойиҳа доирасида иккита пахтани қайта ишлаш заводининг умумий қиймати 21,1 миллиард тенгени ташкил этади. Ушбу корхоналар йилига 180 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш имконини беради. Бугунги кунда 120 минг тонна пахта хомашёси йиғиб олинди, шундан 30 минг тоннаси соф пахта сифатида қайта ишланди. Энг муҳими, ушбу лойиҳаларнинг ишини бирлаштириб, бошқарув ва назоратни амалга оширадиган сунъий идрокка асосланган марказий бошқарув станцияси фойдаланишга топширилди. Станция ушбу кенг кўламли лойиҳа учун махсус ташкил этилди. Ягона марказ орқали 30 минг гектар майдонда суғориш, мувозанат ва назорат ишлари автоматлаштирилган тизим ёрдамида амалга оширилади. Бу ерда экин майдони ва заводлар кузатилади. Сув, пахтанинг ўсиш жараёни, тупроқ намлигини кузатиш тизими ҳам жорий этилмоқда. Ушбу ақлли бошқарув Давлат раҳбарининг ҳар бир соҳага сунъий идрокни жорий этиш борасидаги кўрсатмаси асосида амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу янги корхонада ишчилар учун қулай шароитлар яратилган. Тахминан 700 ишчи учун ётоқхоналар ва ошхоналар мавжуд. Компаниянинг ўзи 280 метр чуқурликдан ичимли сувни тортиб олади ва кунига 4 минг ишчини етарли сув билан таъминлайди. Ҳозир заводда 20 минг тонна қайта ишланган пахта сақланадиган улкан омбор мавжуд. Бундан ташқари, яқинда Туркистон шаҳрида “Turan” МИМда тўлиқ циклли тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, яъни ип йигириш ва мато ишлаб чиқариш бўйича йирик мажмуа ишга туширилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 430 киши доимий иш билан таъминланди. 2026 йил декабрь ойигача заводнинг кейинги иш босқичи тўлиқ қуриб битказилади ва қўшимча 2 минг иш ўрини барпо этилади. Завод тўлиқ ишга туширилгач, йилига 11,4 минг тонна ип, 47,3 миллион квадрат метр мато, 2 миллион тўшак ва 4 миллион кўрпа ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Янги корхона енгил саноатни ривожлантиришда муҳим босқич. Мазкур лойиҳа янги саноат йўналишларини шакллантириш имконини беради.
Вилоятда пахта-тўқимачилик кластери тўлиқ шакллантирилди. Бу фақат бир соҳанинг муваффақияти эмас, балки минтақавий иқтисодиётни ранг-баранглаштиришга қаратилган самарали сиёсатнинг натижасидир. Кейинги беш йилда пахтадан тайёр кийимлар тикиш босқичигача бўлган тўлиқ жараённи яратиш кўзланмоқда. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ва енгил саноатни ривожлантириш учун йўл очади. Энг муҳими, замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари, сувни тежаш тизимлари ва сунъий идрокка асосланган бошқарув дастакларини жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини тубдан оширади.
Пахта-тўқимачилик кластерини ривожлантириш бутун Қозоғистон иқтисодиёти учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Ушбу ташаббус мамлакатимизни тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи рақобатбардош давлатга айлантиради.
Пахта ва тўқимачилик кластерини ривожлантиришдан ташқари, минтақамизда маккажўхори ва гўшт кластерини яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар минтақадаги махсус иқтисодий минтақанинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради, хорижий ва маҳаллий сармоядорлар учун жозибадор ишлаб чиқариш дастагини яратади.