Шимкент шаҳридаги “Дўстлик уйи”да ҚР ўзбек этномаданият бирлашмаларининг Кенгаш йиғилиши ўтди. Тадбирни “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Абдулла Исматуллаев олиб борди. Бу галги учрашув маънавият ва бирлик масалалари муҳокама этилган аҳамиятли анжуманга айланди. Сиёсат, таълим, бизнес, спорт, санъат ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритаётган ўзбекларни бир майдонга жамлаган тадбирда “бирдамлик – куч, ёшлар, умид” деган ғоя устувор бўлди.
Тадбирни очган Абдулла Жаъфар ўғли кенгаш аъзоларини ҳамжамиятнинг янгиланган раёсати билан таништирди. Унга кўра, Шерзод Пўлатов, Тоҳирбек Нишонбоев, Ғани Каримов, Ҳасан Шарипов, Абдуҳалил Ўролбоев, Саид Турсунметов, Дилафрўз Мадиева ҳамжамият раисларининг муовинлари этиб тайинланди. Кенгашлар ҳам шакллантирилди. Оқсоқоллар, оналар, тадбиркорлар, ижодкорлар, олимлар, депутатлар, ишбилармон аёллар, санъаткорлар – ҳар бирига масъуллар тайинланди.
Шокиржон Умаровга журналистлар клуби, Аббос Шомирзаевга медиаторлар, Нодиржон Ҳасантоевга ёшлар кенгаши, Шоҳбек Ирисматга талабалар уюшмасига етакчилик қилиш масъулияти юкланди.
Рўзақул Холмуродов, Дониш Маннотов, Мамадиёр Қодирбеков, Фароғат Ҳожиматова, Фахриддин Қоратоев раиснинг маслаҳатчилари этиб тайинланди. Ҳамжамият раиси келгуси йилнинг режаларини тақдим этди. Унга кўра, ҚР Мустақиллигининг 35 йиллиги доирасида ҚХА лойиҳалари асосида ўтказилади, А. Навоийнинг 585 йиллиги, Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллиги, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг 35 йиллиги, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги доирасида тадбирлар уюштириш мақсад қилинган.
Келгуси йилда илк бор ўзбекзабон журналистлар ҳамда блогерларнинг 1-анжумани, “Китобсеварлар клуби” фаолиятини кенгайтириш, республика оналар анжуманини ўтказиш, оқин Абай Қунанбайулининг ижодини кенг тарғиб этиш ҳам режада бор. 32 йўналишда иш олиб бориш режаланган. Мазкур иш-режанинг эътиборга молик томони – келгуси йилда А. Навоий ғазаллари челленжга айланади, боғдорчилик ва узумчилик соҳасида тажриба алмашиш ва ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида “Дўстлик” фестивали ўтказилади. Қозоғистон ўзбек ижодкорларининг 1-анжумани Сайрам диёрида адабиёт ихлосмандларини ижодга янада руҳлантиради, адабиётлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.
Йиғилишда сўз олган фахрийлар ва зиёлилар жамоат ишларига ёшларни фаол жалб этиш масаласига алоҳида тўхталди. “Маошсиз, лекин виждон билан қилинадиган жамоат ишларини бажариш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди”, деган фикрлар янгради. Ёшларда халққа хизмат қилишда фахрланиш туйғусини уйғотиш зарурлиги таъкидланди.
“Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” кунини Шимкент ёки Туркистонда ўтказиш баробарида Астана ҳамда Алмати шаҳарларида ҳам кенг нишонлаш таклиф қилинди. Нотиқлар ўзбек ёшларининг давлат хизмати ишларида ҳам улушини ошириш ҳам кун тартибидаги муҳим масала эканлигига урғу беришди.
Фахриддин Қоратоев халқимиздан чиққан мутафаккир, буюк аллома Юсуф Сарёмий таваллудининг 185 йиллигини нишонлашни ҳам режага киритишни таклиф қилди. Ёшларнинг сиёсий онгини юксалтириш, уларнинг фаоллигини таъминлаш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Турли халқаро беллашувларда фаол иштирок этиб, юртимиз байроғини сарбаланд этаётган, илмий салоҳияти юксак ёшларимизни моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида ҳам мулоҳазалар билдирилди. Мамадиёр Қодирбеков ўзбек оилаларининг яшаш шароитини ўрганишни таклиф қилди. Ваҳоланки, келгуси йилда янги Солиқ Кодексига асосланиб, тадбиркор ҳамюртларимизга моддий кўмак бериш мақсадида ижтимоий жамғарма ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Неъмат Алметов, Шаҳло Норалиева, Зокиржон Мўминжоновлар сўзга чиқиб, ўзлари раислик қилаётган уюшмага дахлдор масалалар доирасида фикр билдиришди, шунингдек, ўзбек мактабларида ўзбек тилидаги дарсликлар тақчиллиги масаласи, илмий кенгаш фаолияти, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, адабиёт ва ижодга эътиборни кучайтириш борасида ҳам қатор таклифлар билдирилди, шу билан бирга, “Қозоғистон ўзбек адабиёти антологияси”ни ҳам нашрга тайёрлаш устида қизғин ишлар олиб борилаётганлиги маълум қилинди.
Йиғилиш якунида Абдулла Исматуллаев янгиланган жамоаси билан биргаликда юртимиз истиқболи, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг маънавий юксалиши йўлида ҳамжиҳатликда жонбозлик кўрсатишга чақирди.
***
Расмий тадбир поёнига етгач, “Янги йил юлдузлари” номли концерт дастури намойиш этилди. Унда устоз Бегмат Турдиқуловга ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида кифтига зарбоф тўн ёпилди.
Хулоса шуки, катта авлод тажрибаси ва ёшлар ғайрати уйғунлашган жойда иш ҳам, натижа ҳам бўлади. Авлод баркамол бўлса, миллатнинг эртаси порлоқ бўлади.