Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев “Тоза Қозоғистон” республика экологик тадбири доирасида пойтахтдаги “Самал” боғида экокўнгиллилар билан биргаликда дарахт экиш тадбирида иштирок этди.
Тадбир давомида Президент масъул давлат идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади.
Астана шаҳар ҳокими Женис Қасимбек пойтахтни мажмуавий ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва қулай ҳамда хавфсиз шаҳар муҳитини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Унинг маълум қилишича, жорий йилда шаҳарда 173та жамоат ва ҳовли ҳудудини янгилаш тадбирларини ўтказиш, шунингдек 1,1 миллиондан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган. Шу билан бирга “Самал” боғини ривожлантириш асосий лойиҳалардан бири сифатида қайд этилди.
Экология ва табиий захиралар вазири Ерлан Нисанбаевнинг маълум қилишича, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тоза Қозоғистон” тадбири доирасида сўнгги икки йилда мамлакат бўйлаб 1,5 мингдан зиёд экологик тадбир ўтказилган. Натижада 2 миллион тонна чиқинди йиғиштирилиб, 5,5 миллионга яқин дарахт экилган.
Ҳар йили акцияларда ўртача 6,5 миллион нафар фуқаро иштирок этмоқда, уларнинг 780 минги – кўнгиллилар.
Вазирнинг таъкидлашича, 2021-2025 йиллар давомида ўрмон жамғармасидаги 1 миллион гектардан ортиқ майдонга 1 миллиард 648,4 миллион туп кўчат экилган.
Шу билан бирга, аҳоли манзилларида сўнгги 5 йилда 18,4 миллион туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Тадбир доирасида Аксу-Жабағли давлат табиий қўриқхонасидан видеоанжуман орқали Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров ҳамда экокўнгилли Аида Маканбай сўзга чиқди.
Павлодар вилоятининг Баянаул ҳудудида ҳам олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида иштирокчилар “Тоза Қозоғистон” умуммиллий экологик акцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар юзасидан ахборот тақдим этди.
“Тоза Қозоғистон” умуммиллий экологик ташаббуси мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик маданиятни юксалтиришда муҳим омилга айланиб бормоқда.
Қасим-Жўмарт Тўқаев “Тоза Қозоғистон” умуммиллий ҳаракати бошланганига икки йил тўлганини айтиб ўтди.
Президентнинг қайд этишича, жамиятимизда азалдан тозалик тушунчасига алоҳида аҳамият қаратилган. Шу боис халқ тилида “тоза тафаккур”, “тоза виждон”, “тоза қалб” каби ифодалар инсоннинг ҳалол ва пок фазилатларини англатади.
– Қадимдан аждодларимиз табиат билан уйғунликда яшаб, уни асрашни муқаддас бурч деб билган. Ёшларни барча тирик жонзотни авайлашга, она заминга меҳр билан муносабатда бўлишга ундаган. “Булоқ кўрсанг – кўзини оч”, деган халқ ҳикмати бежиз айтилмаган, – деди Президент.
Президент тадбирда иштирок этаётган барча фуқароларга, айниқса ёшларга самимий миннатдорчилик билдирди.
– Бу ҳаракатнинг асосий таянчи – ёшлар. Улар жамият ишларига фаол ҳисса қўшиб, юксак фуқаролик масъулиятини намоён этмоқда. Бугунги тадбирда ижодкор ва ташаббускор ёшлар иштирок этмоқда. Юртимизнинг келажаги айнан шундай иродали, ватанпарвар ва мақсадли ёшлар қўлида, – деди Давлат раҳбари.
– “Тоза Қозоғистон”нинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва таянчи ёшлар. Ўғил-қизларимиз бу ишда фаол иштирок этмоқда ва масъулиятнинг ажойиб намуналарини намоён этмоқда. Мамлакатимизнинг ёрқин келажаги сиз каби руҳи кучли, ватанпарвар ва иродали фуқаролар қўлида. Бизнинг Қозоғистондан бошқа ватанимиз йўқ. Асосий бойлигимиз – бу бизнинг муқаддас Ватанимиз Қозоғистон. Шунинг учун, муқаддас юртимиз Илғор, Хавфсиз, Кучли ва Тоза бўлиши керак. Ушбу лойиҳанинг асосий моҳияти — табиатни муҳофаза қилиш, тозалик ва тартибни тарғиб қилиш, идрокли авлодни тарбиялаш ва тафаккури юксак миллатни шакллантиришдир, — деди Президент.
Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Давлат раҳбари экологияни муҳофаза қилиш масалалари бугун дунё миқёсида устувор аҳамият касб этаётганини ва Қозоғистон ҳам бу йўналишда аниқ ва изчил ташаббуслар билан чиқаётганини таъкидлади.
– Ҳеч бир давлат экологик муаммоларни якка ўзи ҳал қила олмайди. Бу мураккаб ва масъулиятли йўналиш бўлиб, дипломатия, фан, бизнес ва жамоатчилик, жумладан ёшларни бирлаштириши керак. Чунки ватанпарвар ёшлар ҳар доим ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб келган, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президент ёш авлоднинг вазифаси мамлакатни нафақат иқтисодий ва технологиявий жиҳатдан, балки фан, маданият ва инсонпарварлик қадриятлари соҳасида ҳам ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш эканини таъкидлади.
Шунингдек, Давлат раҳбари Қозоғистон ижобий томонга ўзгариб бораётганини, буни мамлакатга нисбатан аввал ижобий муносабатда бўлмаганлар ҳам тан олаётганини қайд этди.
Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакат шаҳар ва қишлоқларида экологик ҳолат яхшиланиб бораётганини, тупроқ, сув ва ҳаво ифлосланиши камайганини таъкидлади.
– Фақат иқтисодий эмас, балки аҳолининг ҳаёт тарзи ва ижтимоий хулқ-атвори ҳам ўзгармоқда. Янги Конституциямизда ватанпарварлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва табиатга меҳр каби тамойиллар мустаҳкамланган бўлиб, бу ғоялар “Тоза Қозоғистон” лойиҳаси руҳи билан уйғунлаштирилган, – деди Президент.
Президент, шунингдек, “Тоза Қозоғистон”, “Қонун ва интизом”, “Адолатпарвар фуқаро” каби тамойиллар ягона қадриятлар тизимини шакллантириб, давлат бошқаруви ва жамоатчилик амалиётида мустаҳкам ўрин эгаллаши зарурлигини айтиб ўтди.
Президент бу ғояларни кенг тарғиб қилишга жамоат арбоблари ва нуфузли шахсларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу янги мафкуранинг энг асосий тарғиботчилари – ёшлардир.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари “Тоза Қозоғистон” ташаббусини ривожлантириш доирасида жамиятда ҳайвонларга нисбатан масъулиятли муносабат ва меҳр-шафқат маданиятини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
– Хонаки жониворларга нисбатан зўравонликка йўл қўймаслик керак. Ҳукумат уй жониворларини тўғри парвариш қилмаганлар учун маъмурий жавобгарликни кучайтириши, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга нисбатан жиноий жазони оғирлаштириши лозим, — деди Президент.
Шунингдек, у дайди итлар муаммосига кўп ҳолларда фуқароларнинг бефарқлиги сабаб бўлаётганини қайд этди. Яъни айримлар аввал ҳайвонни боқишга олиб, кейин эътиборсиз қолдириб, кўчага ташлаб кетмоқда.
Президент бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, ихтисослаштирилган ҳайвонлар марказлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
– Ушбу марказлар ишини тизимли назорат қилиш керак. Бу ишда фуқаролар ҳам фаол бўлиши лозим, – деди Давлат раҳбари.
Шу билан бирга, дайди итлар муаммоси жамиятда ихтилоф келтириб чиқармаслиги, аксинча, унга инсоний ёндашув асосида ечим топилиши зарурлиги қайд этилди. Ҳудудлардан келаётган маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда болалар ва катталарнинг дайди итлардан жабр кўриш ҳолатлари кўпайган.
– Бу – асосий муаммо. Шу боис мазкур масалага давлат идоралари билан бир қаторда жамоатчилик, хусусан, қонунчилик нуқтаи назаридан Парламент ҳам аралашиши зарур. Бироқ ҳимоясиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатларига ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. Уй ҳайвонларини азоблаган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш лозим, – деди Президент.
Унинг таъкидлашича, ана шундай ёндашув атроф-муҳитга нисбатан илғор ва масъулиятли муносабатни шакллантиради. Бу эса “Тоза Қозоғистон” ташаббуси доирасида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалардан биридир.
Қасим-Жўмарт Тўқаев экологик маданиятни шакллантиришда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, тозалик ва табиатни асрашга оид тушунчалар айнан тарбия орқали шаклланади.
– Болалар мактабдан бошлаб табиатни асраш ва меҳнатни қадрлашни ўрганиши керак. Уларни экологик тадьирларга фаол жалб этиш лозим, – деди Президент.
Шу мақсадда Қасим-Жўмарт Тўқаев Маориф вазирлигига “Яшил сабоқлар” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жорий этишни топширди. Ушбу ташаббус доирасида мактаб ва олий таълим муассасаларида табиий захиралардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тамойиллари ўргатилади.
Президент, шунингдек, ўқувчилар ва талабаларнинг экологик лойиҳалари ҳамда илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, “Тоза Қозоғистон” миллий ғоя даражасига кўтарилиб, жамиятни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши керак.
Давлат раҳбари ижодий индустрия, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали меҳнатсеварлик, адолат ва масъулиятлилик каби қадриятларни кенг тарғиб этиш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Нутқи якунида Президент мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди.
Давлат раҳбари Қ. Тўқаев март ойида ўтказилган республика референдуми натижасида янги Конституция қабул қилинганини таъкидлаб, бу орқали Қозоғистон тарихида янги босқич бошланганига урғу берди.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг асосий мақсади – “Қонун ва интизом” тамойили устувор бўлган хавфсиз ва адолатли жамият барпо этишдир. Шу билан бирга, у ёш авлодга тараққий этган, нуфузли ва фаровон давлат қолдириш барча фуқароларнинг бурчи эканини таъкидлади.
Юртбоши ватанпарварлик оддий амалий ишлардан бошланишини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, дарахт экиш, атроф-муҳит тозалигини сақлаш каби оддий ҳаракатлар ҳам мамлакат тараққиётига хизмат қилади.
– Тозалик, аввало, инсоннинг ички маданияти кўрсаткичидир. Пок ниятли инсон жамиятга зарар етказмайди, Ватанига хиёнат қилмайди, – деди Президент.
Давлат раҳбари бундай инсонларда юксак ҳуқуқий маданият, интизом ва яқинларга ғамхўрлик ҳисси мужассам бўлишини таъкидлади. Унинг фикрича, айнан шундай фуқаролар мамлакатни тараққиёт сари етаклайди.
Президент ёшлар ва кўнгиллиларнинг “Тоза Қозоғистон” тадбиридаги ҳиссасини юксак баҳолаб, уларнинг меҳнати алоҳида ҳурматга сазовор эканини таъкидлади.
Тадбир якунида Қасим-Жўмарт Тўқаев “Тоза Қозоғистон” ташаббусида фаол иштирок этган бир гуруҳ фуқароларни давлат мукофотлари билан тақдирлади.