Давлат раҳбари Анталия дипломатия анжумани сессиясида иштирок этди
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Анталия дипломатия анжумани доирасида ўтказилган «Mapping Tomorrow, Managing Uncertainties» мавзуидаги сессияда иштирок этди. Тадбирни Туркия Республикаси Парламенти депутати, мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу олиб борди.
Давлат раҳбари ўз нутқи аввалида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг халқаро майдондаги ўрнига алоҳида тўхталиб, унинг раҳбарлигида Туркиянинг нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
– Аввало, ушбу минтақада Туркиянинг етакчи ўрнини алоҳида қайд этмоқчиман. Бу, шубҳасиз, нуфузли давлат арбоби Ражаб Тоййиб Эрдўғон раҳбарлиги билан бевосита боғлиқ. Бизнинг мамлакатларимиз минтақада юзага келаётган долзарб муаммоларни ҳал этишда ижобий ҳисса қўша олади, деб ҳисоблайман. Шу ўринда, Эрдўғон жанобларининг келаси ойда Қозоғистонга давлат ташрифини кутаётганимизни таъкидламоқчиман, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Шундан сўнг Президент жаҳон ҳамжамияти олдида турган асосий муаммолар ва замонавий даъватлар юзасидан ўз муносабатларини баён қилди.
– Дипломатлар ва сиёсатчилар инсоният доимо қандайдир танлов олдида турганини таъкидлашади. Бир пайтлар БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан ҳам бу фикрни кўп бора такрорлаган эди. Халқаро кескинликни пасайтириш масаласи кун тартибидан тушмайди. Бугунги кунда минтақавий можаролар ўз доирасидан чиқиб, дунёвий тус олмоқда. Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – бетакрор ва универсал тузилма. Ҳар бир давлат зиммасига уни қўллаб-қувватлаш масъулияти юкланган. Шу билан бирга, ташкилотни ислоҳ қилиш зарурати ҳам тобора яққол намоён бўлмоқда. Бу – ҳақиқат. Бироқ очиқ тан олиш керак: бу жараённинг тез орада амалга ошиши даргумон. Чунки БМТни ислоҳ қилиш ҳақида узоқ йиллардан буён гапирилмоқда, аммо амалий натижа кўзга ташланмаяпти. Шу боис, БМТни янгилаш жараёнида асосий эътибор Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга қаратилиши лозим, – деди Давлат раҳбари.
Йиғилиш раисининг саволига жавоб берар экан, Қасим-Жўмарт Тўқаев замонавий етакчиларга хос бўлиши лозим бўлган муҳим фазилатларни санаб ўтди.
– Менимча, дунёвий миқёсдаги етакчилар, шунингдек, турли минтақалардаги давлат раҳбарлари, аввало, халқаро хавфсизлик ва тинчлик масалаларига юксак масъулият билан ёндашмоғи зарур. Бугунги кунда тинчликни таъминлаш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мураккаб ва айни пайтда зиддиятларга тўла бу дунёда юзага келган вазиятдан чиқиш йўли, менимча, оддий – масъулиятни ошириш ва вазминликни сақлаш керак, – дея таъкидлади Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбари Яқин Шарқдаги воқеаларга ҳам ўз муносабатини билдирди. Унинг фикрича, музокаралар жараёнида асосий масалаларга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
– Дунёда юз бераётган жараёнларга нисбатан янада онгли ёндашув зарур, деб ҳисоблайман. Масалан, бугун барча Эрон масаласини муҳокама қилмоқда. Албатта, у ердаги вазият жиддий. Бу борада бирёқлама хулоса чиқариш қийин. Қозоғистон Форс кўрфази мамлакатлари билан ҳамжиҳат эканини билдирди. Биз барча давлатларни стратегик босиқликка риоя этишга ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирдик. Ушбу можаронинг салбий оқибатларини барча ҳис қилди. Энг аввало, иқтисодиёт жиддий зарар кўрди. Бугун Ҳормуз бўғози орқали кемаларнинг эркин ҳаракати ҳақида кўп гапирилмоқда. Бироқ шуни унутмаслик керакки, можарога қадар мазкур денгиз йўлаги эркин савдо учун очиқ эди. Шу боис, муаммонинг моҳиятига эътибор қаратиш лозим. Бу эса, аввало, ядро технологиялари ва ядро қуролларининг тарқалиши билан боғлиқ. Эрон атрофидаги можарони ҳал этишда айнан шу масала музокараларнинг марказида бўлиши керак. Бироқ ҳозир эътибор дунёвий савдо масалаларига қаратилмоқда. Шунга қарамай, жаҳон савдоси ўсишда давом этмоқда. Хусусан, ўтган йили ўсиш 2,5 фоизни ташкил этди. Демак, савдо соҳасида вазият унчалик ёмон эмас. Бироқ савдонинг сифати ва мазмуни жиддий муаммо бўлиб қолмоқда, – деди Қ. Тўқаев.
Президент Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, ушбу жараёнга масъулият билан ёндашиш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ташкилотдаги инқироз ҳолатининг асосий сабабларидан бири – Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг нуқтаи назари билан боғлиқ.
(Давоми. Боши 1-бетда).
– Менимча, БМТни ислоҳ қилиш зарурати ҳақида гап кетганда, биз энг аввало, ўта прагматик, яъни воқеликни тўғри англаган ҳолда амалий ёндашувни танлашимиз керак. Акс ҳолда, инсоният доимо танлов олдида тургани, инсоний қадриятлар ва бошқа масалалар ҳақида тўхтовсиз гапиришда давом этамиз. Бугун кўплаб турли дунёвий ва минтақавий учрашувлар, анжуманлар ўтказилмоқда. Шу ўринда, Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатлар кирадиган “ўрта давлатлар”нинг ижобий ва муҳим ўрнини алоҳида таъкидламоқчиман. Албатта, биз ўзимизни дунёда энг яхши деб кўрсатиш ниятида эмасмиз. Бироқ дунёвий жараёнларга нисбатан юксак масъулиятни ҳам амалий, ҳам дипломатик жиҳатдан намоён этмоқдамиз. Шу боис, бугунги кунда айрим ҳолатларда айнан ўрта давлатлар Хавфсизлик Кенгашидаги йирик давлатларга нисбатан кўпроқ масъулият намоён этаётганини айтиш муболаға бўлмайди.
Афсуски, кўп ҳолларда энг муҳим дунёвий муаммоларнинг ечимини йирик давлатлар тўсиб қўймоқда, – дея таъкидлади Давлат раҳбари.
Навбатдаги саволдан олдин Мавлуд Чавушоғлу Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг бой дипломатик тажрибасини эслатиб ўтди.
– Президент Тўқаев – жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири. У халқаро тизим, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолияти билан яхши таниш: у БМТ Бош котибининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Ўша даврда мен Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси раиси эдим. У биродар Қозоғистон ва унинг халқи манфаатлари йўлида тинмай меҳнат қилиш билан бирга, халқаро тизимни янада самарали ва замон талабларига мос ташкилотга айлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, – деди тадбир раиси.
Шундан сўнг Қозоғистон раҳбари БМТ ва бошқа халқаро институтларнинг келажаги юзасидан ўз қарашларини баён қилди.
– Биз минтақавий ва дунёвий можаролар ҳақида сўз юритяпмиз. Бироқ шу билан бирга, эҳтимол, сиз Туркия ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритганингиздаёқ бу ҳолатни пайқаган бўлсангиз керак: асосий музокаралар БМТ ва бошқа йирик халқаро тузилмалар майдонларидан ташқарида олиб борилмоқда. Учрашувлар турли пойтахтларда, алоҳида конференция залларида ўтмоқда, аммо БМТ деворлари биносида эмас. Биз БМТ вакиллари ушбу можароларда воситачи сифатида фаол иштирок этаётганини кўрмаяпмиз. Бу эса жиддий муаммо. Гап БМТнинг нуфузи пасайиб бораётгани ҳақида бормоқда. Бу ҳолат мени жиддий ташвишга солмоқда, чунки мен ўз вақтида ушбу тизим ва бошқа халқаро ташкилотларда ишлаганман. Ҳозир кўпчилик унинг навбатдаги Бош котиби ким бўлиши ҳақида баҳс юритмоқда. Менимча, бу унчалик муҳим эмас. Энг асосий масала – мазкур тизим бугунги кўринишида сақланиб қоладими-йўқми, ана шунда, – деди Президент.
Қ. Тўқаев халқаро ташкилотлар фаолиятига сунъий идрокнинг таъсирини чуқур ўрганиш зарурлигини таъкидлаб, дунёвий ташкилотни тубдан ислоҳ қилиш вақти келганини қайд этди.
– Айнан Хавфсизлик Кенгаши энг муҳим халқаро масалалар ечимига тўсқинлик қилмоқда. Дипломатлар ва сиёсатчилар бошқа майдонларда музокара олиб боришга мажбур бўлмоқда. Шу ўринда, ўтган йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Президент Дональд Трамп бу муаммога очиқча эътибор қаратган эди ва мен унинг айрим фикрларига тўлиқ қўшиламан. У штаб-квартирадаги вакиллар фаолиятини танқид қилиб, БМТни жараёнларга лоқайдликда айблаган эди. Бироқ энг жиддий муаммо – тинчликни сақлаш тизимининг ўзи БМТда ҳам, бошқа тузилмаларда ҳам издан чиққанидир. Мен кўп томонлама дипломатиянинг қатъий тарафдориман ва адолат ғояси атрофида бирлашган инсониятнинг келажагига ишонаман. Чунки адолат – тинчликни мустаҳкамлашнинг марказий асосидир, – деди Давлат раҳбари.
Президентнинг фикрича, БМТ замон талабларига мос келмайдиган қараш ва ёндашувлардан халос бўлиши керак.
– Бу ташкилот 80 йил муқаддам тузилган. Унинг эскиргани, ҳатто инқирозга юз тутгани ҳақида айтувчилар ҳам ҳақ. БМТ Низоми мазмунига эътибор қаратиш лозим. Унда “душман давлатлар” деган тушунча мавжуд. 80 йил олдин бу масала аниқ эди. Бугун эса айнан шу давлатлар БМТни қўллаб-қувватламоқда ва молиялаштиришда, тинчликни сақлаш жараёнларида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Энг асосий масала – БМТнинг самарадорлиги ва нуфузини оширишдир, – деди Президент.
Қ. Тўқаев, шунингдек, можароларнинг олдини олишда превентив (давлатлар ўртасидаги зиддиятнининг олдини олувчи) дипломатиянинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бу масала сўнгги 30 йил давомида мунтазам муҳокама қилинмоқда. Аммо баландпарвоз нутқлар ва декларациялардан бошқа амалий ўзгариш деярли йўқ. Шу боис, биз минтақавий ва дунёвий можароларни аввалдан башорат қилиш дастакларига эътибор қаратишимиз лозим. Бу – превентив дипломатиянинг моҳиятидир. Шу билан бирга, самарали кўп томонлама дипломатияни қўллаб-қувватлаш юзасидан саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур, – дея сўзини якунлади Давлат раҳбари.
Муҳокама давомида Шимолий Македония Президенти Гордана Силяновска-Давкова Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг БМТ фаолиятида превентив дипломатияга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлади.
– Мен яна бир бор таъкидламоқчиман: ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ҳам Европа Иттифоқи аслида тинчлик лойиҳалари сифатида ташкил этилган. Бироқ улар ҳар иккала ҳолатда ҳам урушга дуч келиб, муайян маънода муваффақиятсизликка учради. Нега бундай бўлди? Чунки превентив дипломатия етарли даражада мавжуд эмас эди. Жаноб Тўқаев превентив ва проактив (ташаббускор ва фаол) дипломатия ҳақида тўхталди. Айнан шу жиҳатлао бизга етишмаяпти. Улар – сиёсий қарор қабул қилишнинг оқилона дастаги, – деди Шимолий Македония етакчиси.