26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Кучли минтақалар – кучли мамлакат

Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев барча даражадаги маслаҳат депутатларининг III республика анжуманида иштирок этиб, нутқ сўзлади

Давлат раҳбари тадбирда билдирилган таклиф ва ғоялар келгусида инобатга олинишини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, мазкур анжуман мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда барча минтақалардан икки мингга яқин депутат иштирок этди.

Президент депутатлар аҳоли билан бевосита ишлаб, уларнинг эҳтиёж ва талабларини яхши билишини қайд этди. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилганини таъкидлади.

Қ. Тўқаев давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани замонавийлаштириш жараёнида маслаҳатлар зиммасига муҳим вазифалар юкланишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ўтган даврда “Кучли минтақалар – кучли мамлакат” тамойили асосида маслаҳатларнинг нуфузи оширилди ва улар давлатнинг муҳим тизимларидан бирига айланди.

Шу билан бирга, маслаҳатлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун олдинда турган вазифалар ҳам кўп эканлиги қайд этилди.

– Бироқ маслаҳатлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш учун олдимизда ҳали кўп вазифалар турибди, – деди Давлат раҳбари. – Уларнинг айримларига тўхталиб ўтаман.

БИРИНЧИ. Минтақалар ўз бюджетини пухта режалаштириш ва даромадларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратишлари керак.

Ҳокимлар ва барча даражадаги маслаҳат депутатлари ягона жамоа сифатида, аввало давлат манфаатларига хизмат қилиши зарур. Минтақалардаги маслаҳатлар ва ҳокимликлар бюджетдаги ҳар бир тенге мамлакат тараққиётига йўналтирилишини таъминлаши шарт.

ИККИНЧИ. Маслаҳатлар ваколатларини янада кенгайтириш ва аниқ белгилаш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий ҳокимлик тизимида уларнинг роли кучайтирилиши лозим.

Ҳокимларнинг аҳоли билан учрашувларида фуқаролар кўплаб муаммоларни илгари суриб, турли саволлар беради. Бу каби масалаларни самарали ҳал этиш учун депутатлар назоратни кучайтириб, ҳокимлар билан ҳамкорликда ишлашлари зарур.

Илгари маслаҳатларга котиблар раҳбарлик қилган бўлса, ҳозир уларга раислар бошчилик қилмоқда. Менимча, бу тўғри қарор. Бироқ уларнинг ваколати ҳам икки муддатдан ошмаслиги керак.

Бу ёндашув касбий депутатлар корпусини шакллантиришга, унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

УЧИНЧИ. Маслаҳатлар олий қонунчилик тизими учун кадрларни тайёрлашда фаол иштирок этиши лозим.

Ҳокимлик вакиллари барча даражада халқ билан очиқ ва амалий мулоқот олиб боришни билиши керак. Тушаётган мурожаатлар турли тоифадаги одамлардан келмоқда. Бироқ ҳақиқатан ёрдамга муҳтож инсонлар ҳам кўп ва биз уларга ёрдам беришга мажбурмиз.

Ҳозирда минтақалардан марказга келаётган мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Ўтган йили Президент Маъмуриятига тахминан 83 минг мурожаат келиб тушган, бу эса аввалги йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир.

Аслида, кўтарилаётган масалаларнинг аксариятини маҳаллий даражада, тегишли чоралар кўриб, тезкор ҳал этиш мумкин эди. 

Шу билан бирга, минтақаларни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини ошириш ва давлат ҳокимиятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш сизларнинг фаолиятингизга бевосита боғлиқ эканини доимо ёдда тутиш керак.

Яна бир муҳим масала – тўлақонли рақамли давлатни шакллантиришдир. Бу вазифанинг мамлакатимиз учун нақадар аҳамиятли эканини яхши биласизлар. Маслаҳатлар ҳам бу жараёндан четда қолмаслиги лозим.

Давлат бошқаруви тизимининг барча соҳаларига илғор технологиялар ва сунъий идрокни жорий этиш стратегик аҳамиятга молик вазифа ҳисобланади. Унинг муваффақиятли амалга оширилиши Қозоғистоннинг келажагига бевосита таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан депутатларни ҳам бу ишга фаол жалб этиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, депутатларнинг касбий даражаси ва рақамли кўникмаларини ошириш ҳам жуда муҳим. Акс ҳолда барча саъй-ҳаракатлар бесамар бўлиши мумкин.

Бу вазифа билан Давлат бошқаруви академияси изчил шуғулланиши керак. Маълумотларга кўра, яқин вақтларда бу борада аниқ натижаларга эришиш мумкин.

Халқ ишончини амалий ишлар билан оқлашдан ортиқ шараф йўқ. Негаки, депутат бўлиш – халқ вакили бўлиш демакдир. Бу лавозим алоҳида мақом ва юксак масъулият талаб қилади. Халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, мамлакатга садоқат билан хизмат қилган инсонгина ҳақиқий халқ вакили деб аталиши мумкин. 

Жамоатчилик ишончига путур етказадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик керак. Бундай ҳолатлар бутун давлат девони ва ҳокимият тизими обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мен олдингизда турган вазифаларнинг қанчалик улкан эканини чуқур англаб, ўз бурчингизни виждонан бажаришда давом этишингизга ишонаман.

Азиз ватандошлар,

ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугун Ер куррасида яшовчи одамлар “турбулентлик” деган сўзга аллақачон ўрганиб қолишди. Илгари бу атама асосан самолётда учиш пайтида, ҳаво кемаси турбулентлик ҳудудига кирганида учувчилар йўловчиларни огоҳлантириш учун ишлатилар эди. Ҳозир эса бу сўз халқаро вазиятни тасвирлашда сиёсатчилар ва экспертлар томонидан анча кўп қўлланмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бутун дунё бугунги кунда беқарорлик ва ноаниқлик шароитида яшашга мубтало бўлган. Шу ўн йилликда ҳар бир йил, аввалгиларидан ҳам мураккаб ва синовли бўлмоқда.

Бу жараён ижтимоий тармоқларда ҳам ўз аксини топмоқда: ҳақиқат ва нотўғри маълумотлар, ёлғон маълумот ва хабарлар, қайғу ва трагедиялар эса байрам ва хушнудлик билан аралашиб кетган. Бугунги дунё айнан шундай – сунъий идрок асрига қадам қўйган замон.

Сўнгги икки ҳафта бутун жаҳон ҳамжамияти ер юзида ҳаёт қанчалик хатарли, ноаниқ ва ҳақиқатан ҳам “турбулент”, яъни беқарор эканлигини кўрсатди.

Ҳатто иқтисодий жиҳатдан барқарор кўринадиган, тинч давлатлар ҳам бир лаҳзада дунёвий можаро, тўғриси, урушга жалб этилди. Бу уруш эса Каспийбўйи давлатида, бизга яқин жойда авж олди.

Ҳозирданоқ аёнки, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашуви дунёвий хавфсизлик асосини йўқотиб, дунёнинг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди.

Шундай хатарли вазиятнинг юзага келиши машҳур давлат раҳбарлари ўртасида ишонч йўқолиши, йирик давлатлар ўртасидаги низолар, тинч ҳамкорлик руҳияти ва тамойилларининг заифлашуви, халқаро ҳуқуқларни инобатга олмаслик ва БМТ нуфузининг мисли кўрилмаган даражада пасайиши натижасидир.

Агар ўн йил муқаддам сиёсатчилар дунё йўл танлай олмай, муаммолар гирдобида қолгани ҳақида хабар берган бўлса, ҳозир эса барча бир овоздан жаҳон урушининг яқинлашиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Бу уруш барча давлатларнинг манфаатларига дахл қилиши мумкин.

Геосиёсий, ҳарбий, иқтисодий, технологик ва иқлим билан боғлиқ хавфлар кўпаймоқда ва бу энг салбий жараёнлар хавфини янада кучайтиради.

Шундай оғир шароитда биз, қозоғистонлик фуқаролар, тинчликни сақлаб, ички ва ташқи фитналарга учмаслигимиз, жасорат, қадр-қиммат ва энг муҳими – ақл-заковатимизни намоён этишимиз лозим.

Президент эса сиёсий ва дипломатик йўллар билан давлатимизнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида барча имкониятларни ишга солади.

Тан олиш керакки, дунё тамоман ўзгарди. У технологик, иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан бутунлай бошқача бўлиб кетди. У яхшироқми ёки ёмонроқми – бу саволга инсоният тамаддуни кейинроқ жавоб беради. Лекин биз, қозоғистонлик фуқаролар, дунё тараққиётидан четда қолмаслигимиз керак.

Агар дунё шу зайлда ўзгаришда давом этса, демак, биз ҳам ўзгаришимиз керак Жараёнларни диққат билан кузатиб, энг яхши жиҳатларни ўзлаштириш демакдир. Халқимизда “Яхшидан ўрган, ёмондан қоч”, деган мақол бор.

Шу боис Қозоғистон миллий манфаатларни ҳимоя қилишни кўзлаб стратегик эҳтиёткорликни таъминлайди. Халқаро майдонда давлатимиз оқилона ва мувозанатли ташқи сиёсат олиб бормоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бу сиёсатнинг асосий мақсади – аввало мамлакатимиз атрофида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш.

Бу ички ислоҳотларни давом эттириш учун ҳам муҳимдир. Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги кескин воқеалар натижасида геосиёсий муҳитда юзага келган ўзгаришларга қарамай, давлатимиз барча манфаатдор давлатлар, яқин ва узоқ ҳамкорлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди.

Ҳозирги даврда ташқи сиёсат ва дипломатиянинг роли жиддий даражада ошди ва Қозоғистон бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. 

Шундай шароитда Қозоғистоннинг барқарор тараққиёти учун асосий омиллар – якдиллик ва барқарорликдир. Бу омиллар фуқароларимиз ва сиёсий раҳбарларимизнинг масъулияти натижасидир. Ички сиёсатда бирон бир хатога йўл қўйишга ҳақимиз йўқ. 

Барқарорликни бир неча кун ёки ҳатто соатларда сўндириш мумкин, уни тиклаш эса ўнлаб йилларни талаб қилади. Шу боис мен “Қонун ва Тартиб” тамойилига қатъий риоя қилишни муҳим деб биламан. Бу тамойил – сиёсий тизимимиз, ҳаёт тарзимизнинг моҳияти.

Унутмаслигмиз керак: умумий уйимиз – Қозоғистон Республикасининг тақдири фақат бизга боғлиқ.

Мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мақсади ягона – давлат мустақиллиги ва эгаменлигини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш.

Дунёда сиёсий ва иқтисодий вазият тобора мураккаблашмоқда. Геосиёсий кескинлик ва савдо урушлари янги босқичга чиқмоқда. Албатта, бу вазият бевосита мамлакатимиз имкониятларига таъсир кўрсатади. Лекин, шунингдек, биз ҳар қандай даъват ва қийинчиликларни муваффақиятли бартараф этиб, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни давом эттириб, миллий дастурни қатъий ва босқичма-босқич амалга оширмоқдамиз.

Ўтган йил натижаларига кўра, Қозоғистоннинг ИЯМ ҳажми 306 миллиард долларни ташкил қилди. Бу МДҲ давлатлари орасида иккинчи, минтақада эса энг юқори кўрсаткичдир. Шунинг натижасида, бу йил давлатимиз дунёнинг энг йирик 50 иқтисодиёти юксак давлатлар қаторига кирди.

Ҳозирги йил якунлари бўйича, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари тахминларига кўра, Қозоғистоннинг ИЯМ ҳажми 320 миллиард долларга етказилади.

Қозоғистон Марказий Осиёда хорижий сармоялар бўйича ҳам етакчиликни давом эттирмоқда. Умумий ҳажми 150 миллиард доллардан ошиб, минтақадаги барча бевосита сармоянинг 69 фоизини ташкил этади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари – 74 миллиард доллар, умумий захиралар эса 139 миллиард долларга етди.

Яъни, миллий иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бормоқда ва энг асосийси – бу ўсиш сифатли.

Мамлакатда янги саноат, энергетика ва инфратузилма асослари яратила бошланди.

Шунингдек, қайта ишлаш саноатининг ўсиш суръати сўнгги икки йил ичида ҳар йили 6 фоиздан ошмоқда ва бу ҳудудларимиз учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратмоқда.

Фақат ўтган йили мамлакат бўйича 1,5 триллион тенге қийматида 190та янги корхона очилди ва 22 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилди.

Ҳукумат тахминларига кўра, бу йил яна 1,7 триллион тенге қийматида 200та янги корхона ишга туширилади ва уларда 20 мингга яқин одам ишлайди.

Натижада, Қозоғистондаги илгари мавжуд саноат қувватлари тикланиб, янги соҳалар яратилмоқда. Масалан, машинасозлик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари.

Иқтисодий сиёсатнинг алоҳида устуворлиги – агросаноат шўъбасини мажмуавий равишда ривожлантириш. Чунки бу соҳанинг ҳолати бевосита 7,4 миллион фуқаронинг, яъни 36 фоиз аҳолининг турмуш даражаси ва мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигига боғлиқ.

Сўнгги йилларда бу соҳани молиялаштириш бир неча баравар оширилди. Хусусан, ўтган йили чорвадор ва деҳқонларга имтиёзли кредитлар учун илк бор бир триллион тенгедан зиёд маблағ йўналтирилди.

Аграр соҳада шунчалик кучли қўллаб-қувватлаш ҳеч қачон бўлмаган.

Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари туфайли агросаноатга дунёдаги етакчи компаниялар кира бошлади. Масалан, Алмати, Ақмўла, Жамбил, Шимолий Қозоғистон вилояти ва Шимкентда хорижий сармоядорлар иштирокида қишлоқ хўжалик хомашёсини чуқур қайта ишловчи ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар ишга туширилади.

Бу лойиҳаларга жалб этилган умумий сармоялар бир миллиард доллардан ошди ва бу орқали ўн минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Яна бир муҳим вазифа – давлатнинг муҳим инфратузилмасини замонавийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлари. Сув – ҳаёт асоси эканлигини яхши биламиз. Қозоғистон кенг ҳудудга эга бўлса-да, сув захиралари танқислиги сезилмоқда. Шу боис аҳолини сифатли ичимли сув билан таъминлаш ва иқтисодиётдаги юксалиш эҳтиёжларини қондириш стратегик аҳамиятга молик. Бу борада ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилди ва бу барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим асосидир.

Хусусан, Туркистон вилоятида Кўкcарой сув омбори қайта қурилмоқда, Қизилўрда ва Жамбил вилоятида янги сув омборлари бунёд этилмоқда. Бу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги ва аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлиб, келгуси йили фойдаланишга топширилади.

Жорий йилда сув хўжалиги иншоотларини замонавийлаштириш ва янги иншоотлар барпо этиш борасида 220дан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ҳукумат коммунал ва энергетика инфратузилмасини кенг кўламда замонавийлаштиришга киришди. Мавжуд иссиқлик энергия марказларининг барчасида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, Туркистон ва Қизилўрда ҳудудларида буғ-газ қурилмалари асосида янги электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. 

Қозоғистоннинг энергетик мустақиллиги ва иқтисодий ранг-баранглигини таъминлашда атом энергиясини ривожлантириш муҳим омил ҳисобланади. Мамлакат фуқаролари 2024 йилги референдумда стратегик аҳамиятга молик дастлабки АЭС қурилишини маъқуллади. Тинч атом ва тоза кўмир генерацияси мамлакатимиз энергетик мустақиллигини шакллантирувчи соҳалар бўлади.

Яна бир муҳим вазифа – коммунал, энергетика ва сув инфратузилмасини замонавийлаштириш билан бирга мамлакатнинг транспорт ва транзит салоҳиятини режали тарзда мустаҳкамлашдир.

Ўтган йили 1500 чақирим темир йўл қурилиб, таъмирланди, бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Жорий йилда яна 3700 чақиримдан зиёд янги линиялар ишга туширилади. Янги йўналишлар очилмоқда, вагон парки янгиланмоқда, вокзаллар қайта қурилмоқда. Энг қадимий вокзаллардан ўнтаси бир асрдан ортиқ вақт мобайнида фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган йили мамлакат бўйича барча 124 вокзалнинг кенг кўламли реконструкцияси бошланди ва бу вазифалар 2026 йил охиригача якунланади.

Яна бир муҳим воқеа – Астана–Алмати йўли фойдаланишга топширилди. Шунингдек, мен аввал пойтахтни мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари билан боғловчи янги автомобиль йўлини қуришни бошлаш вазифасини топширган эдим. Ҳозир бу йўналишда аниқ ишлар олиб борилмоқда.

Албатта, мамлакатга кенг йўллар керак, аммо маҳаллий аҳамиятга эга йўллар ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим. Миллионлаб фуқароларимиз, айниқса, қишлоқларда, автомобиль йўлларини ҳақиқий маънода “ҳаёт йўллари” сифатида қабул қилади, чунки улар одамларнинг кундалик эҳтиёжлари ва бизнес ривожланиши учун зарур.

Ўтган йили мамлакат бўйича 13 минг чақирим йўл таъмирланди, шу жумладан, маҳаллий аҳамиятга молик 3 минг чақиримдан зиёд йўл ҳам реконструкция қилинди.

Ижтимоий инфратузилмада ҳам барқарор юксалиш кузатилмоқда. Сўнгги уч йил ичида мамлакатда 57 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Қўшни давлатлар кўрсаткичлари билан таққослаганда, бу аҳолига тақдим этилаётган уй-жой бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

Шаҳарларда 520 мингдан зиёд оила, қишлоқларда эса 70 мингга яқин оила бошпанали бўлди.

Бундан ташқари, ижтимоий инфратузилма ҳам тараққий этмоқда. Сўнгги йилларда мамлакат бўйича минглаб мактаб, тиббиёт, маданий ва спорт иншоотлари замонавий талаблар асосида қурилди ёки реконструкция қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда, бутун мамлакат улкан қурилиш майдонига айланди. 

Қозоғистонда ҳозирги кунда эса 20,5 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади. Лекин аҳамиятли жиҳат – аҳоли сони эмас, балки инсон капитали сифати.

Қозоғистон ижтимоий давлат мақомини мустаҳкамлаб, фуқароларига ғамхўрлик қилмоқда. Ҳозир давлат бюджети маблағларининг 50 фоиздан зиёди ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Инсон капитали ривожига сармоялар йилдан-йилга 1 триллион тенгегача оширилмоқда.

Менинг ташаббусим билан “Миллий жамғарма – болаларга” дастури амалга оширилмоқда. Бу доирада 18 ёшгача бўлган етти миллион қозоғистонликнинг махсус ҳисоб-рақамларига 2,5 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилди.

Бошқа кўплаб давлатлардан фарқли равишда, Қозоғистонда барча таълим турлари ҳамда босқичларида таълим бепул ва кенг омма учун очиқ. 

Болаларимиз учун давлат мактабларида таълим бепул. Ҳозирда коллежларда бюджет ҳисобидан 150 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Давлат томонидан ажратиладиган грантлар сони йилдан-йилга ортмоқда.

Мамлакатда умр кўриш давомийлиги илк бор 75,9 ёшга етди. Бу минтақа МДҲ давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир.

2023 йилдан буён она ўлими 35 фоизга, болалар ўлими эса 20 фоизга камайди.

Сўнгги етти йил ичида 1 259та тиббиёт муассасаси барпо этилди, шу жумладан, 655таси қишлоқларда “Қишлоқ тиббиётини замонавийлаштириш” миллий лойиҳаси доирасида барпо этилди.

Шунингдек, “Аналар саулығы” дастури ҳам йўлга қўйилди. Бу дастур аёллар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган ва алоҳида аҳамиятга эга.

Менинг топшириқларим асосида 2021 йилдан “Аңсаған сәби” дастури амалга оширилмоқда. Бу дастур доирасида йиллик ажратилган квоталар 1 мингдан 7 минггача етказилди. Ҳозиргача ЭКО усули орқали 11 мингдан ортиқ бола туғилди.

Йил бошида мен тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик қилганлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонунни имзоладим. МДҲ давлатларининг кўпчилигида бундай қонун йўқ. Қозоғистонда бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Фақат ўтган йили бюджет ҳисобидан 3,6 миллион фуқаро бепул дори воситалари билан таъминланди.

Ижтимоий суғурта тизими ҳам самарали ишламоқда. Ушбу тизим орқали ишсиз қолганлар, боқувчисини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлар махсус ёрдам олади.

Жорий йили бундай ижтимоий тўловлар ҳажми 10 фоизга оширилди. Ҳозиргача 660 мингдан зиёд шахсга қарийб 70 миллиард тенге миқдорида молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилди.

Шунингдек, айрим фирибгарликка мойил фуқаролар ижтимоий ёрдам олиш учун жиноий усулларни қўллашади. Бу жиноятчилар давлат ёрдамига ҳақиқатан муҳтож фуқароларнинг насибасини ўмармоқда. 

Шу боис, биз ижтимоий ҳимоя тизимини янада аниқ ва самарали тизимга айлантириш учун кенг кўламли тадбирлар юритамиз.

Хорижликлар Қозоғистонда ижтимоий ёрдам даражасининг шу қадар юқори эканлигига ҳайрон қолишади. Чунки баъзи давлатлар бундай ёрдам беришга қодир эмас.

Шу билан бирга, Қозоғистон электрон ҳукумат ва молиявий технологиялар тараққиёти бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу фақат замон талаби эмас, балки давлат фаровонлиги ва самарадорлигини оширишда туб қадамдир.

Қисқаси, кескин геосиёсий вазият ва ички муаммоларга қарамай, Қозоғистон барқарор тараққиёт йўлида шахдам одимламоқда. Давлат бу ва бошқа соҳаларни изчил ривожлантириб, фуқаролар салоҳиятини тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қарамоқда.

Яқинда Буюк Шарқдаги можародан сўнг Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Уммон ва Саудия Арабистони раҳбарлари билан телефон орқали мулоқотлар олиб борилди. Мен уларга ҳамдардлик билдирдим.

Фуқароларимизни тезкор эвакуация қилиш ҳамда мамлакат ҳудудидаги барча ҳаётий аҳамиятга молик иншоотлар ва инфратузилмани муҳофаза қилиш юзасидан топшириқ берилди, Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шай ҳолатга келтирилди.

Ташқи ишлар вазирлиги базасида барча идоралар вакиллари кирган махсус штаб тузилди.

Эрондан эвакуация Озарбайжон, Арманистон ва Туркманистон орқали амалга оширилди. Элчихоналаримиз доимий алоқада бўлиб, фуқароларга зарур ёрдам ва маслаҳатлар беришди.

Натижада, бу жуда мураккаб ишлар натижасида жанговар ҳудуддан Қозоғистонга тахминан 9 минг киши жадал суръатда эвакуация қилинди. Ва бу ишлар давом этмоқда.

Бу ҳаракатларимиз хорижда ҳам эътибор билан кузатилди.

Ҳатто тинч замонда бу каби чора-тадбирларни амалга ошириш юксак ташкилотчиликни талаб қилади ва уруш шароитида бу ишлар мураккаблиги ҳамда аҳамияти бир неча баравар ошади.

Имкониятдан фойдаланиб, яна бир бор Яқин Шарқ давлатлари раҳбарларига “яшил даҳлизлар” ташкил қилгани учун миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, давлат идоралари, авиакомпаниялар ва ватандошларимизни эвакуация қилишда кўмак берган барчадан миннатдорман.

Қозоғистон ўз фуқароларини ҳеч қачон тақдир ҳукмига ташлаб қўймайди. Пандемия даврида давлат махсус самолётлар орқали дунё бўйлаб минглаб фуқароларимизни эвакуация қилди. Шу билан бирга, давлат хориждаги бошқа фавқулодда вазиятларда ҳам шундай ҳаракат қилди.

Мамлакатимиздаги фавқулодда ҳодисалар, масалан, техноген авариялар, сув тошқини, ёнғин ва бошқа табиий офатлар бўлганда ҳам, давлат ҳеч кимни ёлғиз ташлаб қўймади ва барча фуқароларга ваъда қилинган ёрдамни кўрсатди.

Ватандошлар билиши керак: мовий паспортга эга барча фуқароларимиз ҳамиша ва ҳамма жойда давлат ҳимояси остидадир.

Паспортимизнинг куч-қудрати – давлатнинг қудрати, халқнинг ижодий қуввати ва замонавий оламда юзага келадиган тараққийпарвар ғояларни қабул қилиш қобилияти билан белгилаб берилади.

Азиз ватандошлар!

Бирлик, масъулият, бағрикенглик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ишонч – булар мамлакатимиз жамиятининг ўзига хос хусусиятларига айланмоқда.

Қувонарлиси шундаки, ёшларимиз ушбу тамойилларнинг мамлакатимизнинг фаровон келажаги учун қанчалик муҳим эканлигини англайдилар.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кузатилмоқда. Ишончим комилки, авлодларимиз Адолатли ва тараққий этган Қозоғистонда умргузаронлик қилади.

Мен халқимизнинг бунёдкорлик қудратига ва ёшларимизнинг юксак интилишларига ишонаман.

Ҳамжиҳатликда умумий мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилиш вақти келди.

Барчангизни Ватан манфаатларига садоқат билан хизмат қилишга чақираман!

Юртимизда доимо тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукмрон бўлсин!

Akorda.kz маълумотлари асосида, 2026-03-14, 02:27 91
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.