+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қасим-Жўмарт Тўқаев яхлит миллат тақдирини зиммасига олган етти йил Қозоғистон учун жиддий синовлар ва улкан ўзгаришлар даври бўлди. Бу йиллар дунё миқёсидаги пандемия, оғир иқтисодий аҳвол, пулнинг қадрсизланиш ва геосиёсий беқарорлик каби мураккаб даврига тўғри келди.
Шундай оғир вазиятга қарамасдан, Давлат раҳбари барқарорликни сақлаб қолиш ва мамлакатни янги тараққиёт йўлига олиб чиқишга эришди.
Натижалар эса кўзга ташланмоқда. 2025 йилда жаҳон иқтисодиётида юксалиш 3,3 фоизни ташкил этса, Қозоғистонда ички ялпи маҳсулот 6,5 фоизга ошди.
Иқтисодиётнинг таркиби ҳам ўзгарди. Илгари ўсиш асосан хомашёга боғлиқ бўлса, бугун қайта ишлаш саноати, қурилиш, савдо, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳалари асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланди.
Етти йил ичида мамлакатнинг номинал ички ялпи маҳсулоти 1,7 фоизга ўсиб, 2019 йили 181,7 миллиард доллар бўлган кўрсаткич 2025 йили 305,9 миллиард долларга етди. Жон бошига тўғри келадиган ички ялпи маҳсулот ҳам барқарор равишда ошди, 2019 йилда 9,8 минг доллар бўлган кўрсаткич 2025 йил натижасига кўра, 15 минг долларга етди.
Қайта ишлаш саноати ҳажми 2,5 баравардан зиёд ўсди, 2019 йилда 11,5 триллион тенге бўлган кўрсаткич 2025 йилда 30,63 триллион тенгега етди. ИЯМда қайта ишлаш саноати улуши 11,4 фоиздан 12,7 фоизгача ошса, ерости бойликларини етиштирувчи шўъба ҳиссаси 14,5 фоиздан 12 фоизга қисқарди.
Мазкур кўрсаткичлар ортида янгидан бунёд этилган йирик завод ва минглаган иш ўрни мужассам. Қўстанай вилоятида KIA автомашиналарини ишлаб чиқарадиган ва чўян қуйиш заводлари ишга туширилди, Қарағанди вилоятида маиший техника ва автомобиль шиналари, Атирау вилоятида полипропилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Алмати вилоятида вольфрам концентрати ишлаб чиқарила бошласа, Павлодар вилоятида темирйўл техникасига мўлжалланган эҳтиёт қисмлар саноати, Шимкентда алюминий қоплама ишлаб чиқариш ва нодир металларни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди.
Иқтисодиётнинг энг фаол тармоқларидан бири бугун қурилиш соҳасидир. У барқарор тараққиёт кўрсаткичларини намоён этмоқда. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 20 миллион квадрат метрдан зиёд уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу икки вилоят маркази – Павлодар ва Қўстанай шаҳарларининг жами уй-жой жамғармасидан анча кўп демак.
Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, Қозоғистон дунёдаги энг йирик 50та иқтисодиётнинг қаторига кирди, шунингдек, ўртача йиллик иқтисодий ўсиш суръати бўйича кучли беш давлат сафида бормоқда.
“World Competitiveness Rankihg” рейтинги маълумотлари бўйича мамлакатимиз дунё рақобатбардошлик кўрсаткичида 34-ўринда. Бунга давлатимизнинг сармоявий ва ишбилармонлик жозибадорлиги ортиб бораётгани туфайли эришилди.
Ҳозир ерости қазилма бойликлари етиштириш шўъбасидаги ўзгаришлар макроиқтисодиётнинг барқарорлигига сезиларли таъсир кўрсатаётгани йўқ. Бу эса тараққиётнинг мустаҳкам асосига эга бўлганидан далолат беради.
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг сармоявий сиёсати иқтисодиётни янгилашнинг асосий дастакларидан бирига айланди.
Етти йил ичида асосий капиталга жалб қилинган сармоя ҳажми 12,6 триллион тенгедан 22,7 триллион тенгега етди. Жумладан, иш услуби ҳам сезиларли ўзгарди: маблағнинг асосий қисми қайта ишлаш саноатига, инфратузилмага, энергетикага, логистика ва агросаноат мажмуасига йўналтирилмоқда.
Агросаноат мажмуасини ривожлантириш давлатнинг стратегик устуворлиги бўлиб қолмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги, соҳани янгилаш, экспорт ҳажмини ошириш – буларнинг барчаси қишлоқ аҳолисининг турмуш сифатини яхшилаш билан бевосита боғлиқ.
Обикор деҳқончилик ва инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда: яқин келажакда суғориладиган экин майдонларини 2,5 миллион гектарга етказиш кўзланмоқда.
Ирригация тизимлари, элеваторлар, қайта ишлаш ўринлари ва логистика тармоқларини янгилаш ишлари давом эттирилмоқда. Чорвачиликни қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни кучайтириш қўшимча қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти кенгаймоқда.
Қишлоқ хўжалигининг ялпи маҳсулоти етти йилда икки ҳиссага, яъни 2019 йилги 5,2 триллион тенгедан 2025 йили 9,8 триллион тенгегача, озиқ-овқат саноати ҳажми 1,7 триллион тенгедан 3,9 триллион тенгегача ошди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, соҳани қўллаб-қувватлаш ҳажми йилига бир триллион тенгега етказилди, хўжаликларга тегишли маблағларни эртароқ ажратиш тизими йўлга қўйилди.
Натижада, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш яхшиланди, чорвадорлар эса ўз навбатида йил сайин мамлакатимизни мўл маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Қозоғистон анъанавий равишда жаҳон бозорига ғалла ва ун етказиб бераётган етакчи давлатлар қаторида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг географияси ҳам Марказий Осиё ва Афғонистондан бошлаб Яқин Шарқ давлатлари ва Хитойга, Европа ва бошқа йўналишларгача етмоқда.
Саноат шўъбасида “Байтерек” сармоявий холдинги орқали бутун мамлакатимиз бўйлаб юзлаб лойиҳалар молиялаштирилди. Жумладан, Алматида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш саноати, Қарағанди вилоятида “Qarmet” пўлат эритиш корхонаси, Павлодар вилоятида Қозоғистон электролиз заводи, Туркистон вилоятида “Ecoculture-Eurasia” иссиқхона мажмуаси, Алмати вилоятида “Шин-лайн” музқаймоқ чиқариш корхонаси фаолият бошлади.
Етти йилда “Байтерек” сармоявий холдинги орқали молиялаштириш ҳажми 2,9 триллион тенгедан 10,4 триллион тенгега ошди. Ҳозирги кунда холдинг кўмаги билан металлургия соҳасида умумий ҳажми 3,9 триллион тенгелик 23та лойиҳа амалга оширилмоқда, машинасозлик соҳасида 610,6 миллиард тенгега 21та лойиҳа молиялаштириш жараёнида бўлса, кимё саноатида қиймати 636 миллиард тенгени ташкил қиладиган 11та лойиҳа, агросаноат соҳасида эса 415,9 миллиард тенгелик 69та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари ички маҳсулот ва асосий иш билан таъминлаш манбаи сифатида микро ва кичик тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Кичик ва ўрта тадбиркорликнинг ИЯМдаги улуши 40,5 фоизга етди, мазкур шўъбада 4,5 миллионга яқин одам ишлайди, бу – меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли ярми дегани.
Кичик тадбиркорликнинг фаоллиги фақат савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эмас, шунингдек, транспорт ва қайта ишлаш саноатида ҳам ортиб бораётганини таъкидлаш зарур.
Маъмурий тўсиқларнинг камайтирилиши, фоиз миқдорларини субсидиялаш, кафолатлаш дастаклари ва тараққиёт тузилмалари дастурлари орқали молиялаштириш тизими тадбиркорлар учун қулайлаштирилди.
Йил сайин минглаб лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда. Имтиёзли молиялаштириш ҳажми юзлаб миллиард тенгега етди. Бундан ташқари, давлат хизматларини рақамлаштириш рўйхатга олиш ва ҳисобот жараёнларини енгиллаштирмоқда.
Янги сармоявий босқичнинг муҳим лойиҳаларидан бири – “Alatau City” кўп тармоқли шаҳарсозлик кластеридир. Президент топшириғи бўйича, янгидан қад ростлайдиган шаҳар инновациявий иқтисодиётни, илғор технологик саноатни, таълим ва тадбиркорлик инфратузилмаси тараққиётига янги суръат бағишлайдиган янги йўналишга айланади.
Фаол геологик изланишлар мамлакатнинг минерал-хомашё базасини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда мис, никель, кўмир, олтин ва нодир металлар захираларига эга бўлган ўнлаб истиқболли конлар аниқланди. 2026 йилнинг охиригача мамлакат ҳудудида геологик ва геофизик тадқиқотлар ҳажмини 2,2 миллион квадрат километрга етказиш режалаштирилган.
Президент топшириғига мувофиқ, 2026-2028 йилларда геологик тадқиқот ишларига давлат томонидан 240 миллиард тенгега яқин сармоя жалб қилинади. Бу ўтган йигирма йил давомида ушбу йўналишга сарфланган маблағлар миқдорига тенгдир. Шу билан бирга, ташқи сармоядорларнинг қизиқиши ҳам ортмоқда. Барча қарорлар миллий манфаатлар асосида қабул қилинади. Бундай ишлар узоқ муддатли саноат тараққиётига замин яратади.
Мамлакатимизнинг транзит салоҳиятининг тараққиёти ҳам – Давлат раҳбарининг доимий эътиборида.
Бу борада Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки Ўрта даҳлиз муҳим ўрин тутади. Сўнгги етти йилда юк ташиш ҳажми 5 баравар ошди.
Замонавий темирйўл ифратузилмаси мамлакатнинг транзит салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Кейинги етти йилда 1 минг чақиримга яқин темирйўл қурилди, 9,5 минг чақирим йўл таъмирланди, жумладан, 3,5 минг чақирими тубдан таъмирланди.
Шимкент, Ақтўбе, Қарағанди шаҳарларидаги ва чегара яқинидаги темирйўл тармоқларини замонавийлаштириш орқали юк ташиш имконияти кенгайди, минтақалар ўртасида ўзаро алоқа мустаҳкамланди. Логистика харажатлари камайиб, натижада транзит ҳажми ошди, ички бозорнинг имкониятлари кенгайди.
Жорий йилда узоқ йиллар давомида таъмирланмаган, 124та темирйўл вокзали янгиланмоқда.
Денгиз портларининг қуввати ҳам кенгайтирилмоқда. Терминаллар янгиланиб, юк ўтказиш имконияти ортмоқда. Асосий тармоқлардан бири – Жетису вилоятидаги “Қорғас” қуруқликдаги юк порти орқали ҳар йили минглаб контейнерлар ўтади.
Алмати ва Жетису вилоятларида юкларни бир марказга жамлаб, текширувдан ўтказиш имконига эга логистика марказлари барпо этилди.
Етти йил давомида 25 минг чақиримдан зиёд автомобиль йўли қурилиб, тубдан таъмирланди, шунингдек, Марказий-Жанубий, Марказий-Шарқ, Ғарб-Шарқ даҳлизлари ишга туширилди, барча ҳудудларда маҳаллий йўллар тармоғи янгиланди.
Узоқ йиллар давомида етарлича молиялаштирилмаган маҳаллий йўлларни таъмирлаш ва янги йўллар қуриш иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатди. Транспорт харажатлари қисқарди, савдо ҳажми ошди, кичик ва ўрта тадбиркорлик ривожланди, ҳудудларнинг сармоявий жозибадорлиги ортди. Бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
Денгиз портларининг ҳозирги ўтказиш салоҳияти 22 миллион тоннани, жумладан, Ақтау порти орқали 15 миллион тонна ва Қуриқ порти орқали 7 миллион тоннани ташкил қилди.
2025 йилнинг натижаларига кўра, портлар орқали юк ўтказиш 8 миллион тоннага ортди, контейнерда ташиш ҳажми 90 мингга етди. Таққослаш учун, 2024 йили бу кўрсаткич тахминан 60 минг контейнер бўлган.
Авиация соҳасида ҳам барқарор юксалиш кузатилмоқда. 2023 йилда аэропортлар 26 миллион йўловчига хизмат кўрсатса, 2025 йили бу кўрсаткич 31,8 миллионга етди. Қозоғистон 30тадан зиёд давлат билан ҳаво қатновларини йўлга қўйди, 130 йўналиш бўйича 600дан зиёд авиақатнов амалга оширилмоқда. Аэропортлар янгиланиб, янги терминаллар қурилмоқда, инфратузилмалар янгиланмоқда.
Жорий йил Катўнқарағай, Зайсан, Кендирли, Арқалиқда 4та янги аэропорт фойдаланишга топширилади. Арқалиқ шаҳридаги 30 йилдан буён қаровсиз қолган аэропорт Президентнинг бевосита топшириғи асосида қайта тикланмоқда.
Транспорт инфратузилмаси тараққиёти сайёҳлик соҳасига бевосита таъсир кўрсатмоқда. 2022 йилдан, пандемиядан кейинги тиклаш даврида мамлакатимизга келувчи сайёҳлар сони ортмоқда. Хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Форс кўрфази давлатларидан келган сайёҳлар ҳисобига туризм оқими кенгайди. “Lonely Planet” йирик халқаро ташкилоти Қозоғистонни “Best in Travel 2025” рейтингига киритди, “CNN” ва “Tne York Times” Алматини кучли сайёҳлик йўналиши сифатида қайд этди, Шимбулақ “Conde Nast Traveler” рейтингида илғор йўналишлар рўйхатига киритилди.
Шу муносабат билан Давлат раҳбари Алмати тоғ кластерини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳанинг даромад манбаи ҳам маълум: тоғ курортининг инфратузилмасига жалб қилинган ҳар бир доллар иқтисодиётга қўшимча даромад келтиради.
Бундай йирик лойиҳалар минглаб иш ўрни яратиб, йил сайин 100 миллиард тенгега яқин солиқ тушумларини таъминлайди.
Президент топшириқларига мувофиқ, бу ердаги барча ишлар дунё андазалари даражасида, экология талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда юритилади.
Давлат раҳбари энергетика ва уй-жой коммунал хўжалиги тизимини соғломлаштириш йўналишига алоҳида эътибор қаратди. Бу соҳадаги ишлар – шунчаки оддий лойиҳалар эмас, балки тизимли янгиланиш сиёсати ҳисобланади.
Президент таъкидлаганидек, “Энергетика ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳар қандай давлатнинг ҳаёти учун зарур соҳа ҳисобланади”. Ислоҳотлар бошлангунга қадар қатор минтақаларда қувват манбалари ва иссиқлик тармоқларининг эскириш кўрсаткичи 70 фоизга етса, баъзиларда 80 фоиздан ошиб кетган. Энергетика иншоотларида юз берган йирик авариялар оқибатида қаҳратон қишда баъзи шаҳарлардаги уйлар иссиқликсиз қолган мураккаб вазият унутилмаган бўлса керак.
Бугунги кундаги тарифларни эркинлаштириш ва сармоя жалб қилиш сиёсати аввалдагилардек “эскини ямаб, яширишдан” кўра, соҳани сифатли даражада янгилаш имконини берди.
Қарағанди, Ўскемен, Жезқазған, Екибастуз, Балхаш шаҳарларида “Иссиқлик электр маркази”ни янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Алмати, Темиртау, Риддерда иссиқлик қувватлари янгиланмоқда, бундан ташқари, Ақтау, Атирау, Ўрал, Тараз, Екибастуз (ГРЭС-2) шаҳарларида станцияларнинг қувватларини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, Ақтўбе, Атирау, Ўскемен, Кўкшетау, Қизилўрда, Семей, Тараз, Туркистон, Екибастуз (ГРЭС-2) шаҳарларида бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда.
Икки йил давомида иссиқлик мавсуми барқарор ўтмоқда.
Президент энергетик барқарорликни миллий хавфсизлик масаласи сифатида таъкидлади. Унинг фикрича, бу борадаги қарорлар анча аввал қабул қилиниши керак эди. Бугун мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш режали равишда оширилмоқда. Масалан, у 2019 йилда 106 миллиард кВт/соат бўлган кўрсаткич 2025 йили 123,1 миллиард кВт/соатга етди. Таққослаб айтганда, етти йилда ишга туширилган манбаларнинг умумий ҳажми Алмати шаҳри ва Алмати вилоятининг бир ярим йил истеъмол қиладиган электр энергиясига тенг.
Умуман олганда, 2027 йилнинг биринчи чорагининг охирига бориб Қозоғистон электр энергияси тақчил давлатлар сафидан чиқиб, ортиқ электр энергиясини қўшни мамлакатларга сотиш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга Алматидаги ИЭМ-2 ва ИЭМ-3 (Иссиқлик электр марказлари)ни табиий газга ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу икки ИЭМни тўлиқ газга ўтказиш шу йилнинг охиригача якунланади. Бир неча юз миллиард тенгелик лойиҳалар шаҳар экологиясини сезиларли даражада яхшилайди.
Узоқ муддатли энергетик мувозанатни шакллантириш мақсадида атом энергетикасини ривожлантириш муҳим қарор бўлди.
АЭС қурилиши электр қувватига талаб ортган бугунги кунда зарарли чиқиндиларнинг ҳавога тарқалишини камайтириб, энергия манбаларини ранг-баранглаштиришни таъминлайди.
Лойиҳа, шунингдек, келажакдаги технологик тараққиётнинг, саноатни маҳаллийлаштиришнинг ва муҳандис кадрлар тайёрлашнинг мустаҳкам асоси бўлади.
Президент эълон қилган “Тоза Қозоғистон” ташаббуси умуммиллий ғояга айланди.
Бутун мамлакат бўйича миллионлаб одамлар экологик тадбирларда фаол иштирок этиб, табиатни чиқиндилардан тозалаш, кўкаламзорлаштириш, тиклаш жараёнларида қатнашмоқда. Юзлаб минг тонна чиқинди тўпланиб, миллионлаб дарахт кўчатлари ўтқазилди. Натижаида экологик маданият шаклланиб, тозалик ва тартиб кундалик ҳаёт меъёрига айланмоқда.
Президент “Ҳар ким ўзидан бошлаши керак” тамойилига амал қилиб, шахсий намуна кўрсатмоқда. Давлат раҳбари атроф-муҳитнигина эмас, балки, одам онгининг тозалигига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Ушбу ташаббус кенг омма, айниқса, ёшлар томонидан қўллаб-қувватланиб, умуммиллий ҳаракатга айланди.
Экологик кун тартибида Давлат раҳбари сув хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Президент топшириғига кўра, ҳозир 20та янги сув омборини қуриш, камида 15 минг чақирим канални таъмирлаш дастури амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиздаги катта сув ҳавзалари – Каспий ва Орол денгизлари масаласи ҳам доимий диққат марказида. Юртимизда мазкур сув юзасига оид муҳим масалаларни чуқур таҳлил қилиш учун Каспий денгизининг Қозоқ илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Бу ташаббуслар экологик хавфсизликни таъминлаш ва, табиатдан барқарор фойдаланишнинг яхлит тизимини шакллантиришга қаратилган.
Дунё миқёсида сув захиралари масалаларидан бири – музликларни сақлаб қолиш тобора долзарб бўлиб бормоқда. Таҳлилчиларнинг башоратига кўра, 2100 йилга бориб Марказий Осиёдаги музликлар ҳажми сезиларли даражада кичраяди. Президент ушбу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Қасим-Жўмарт Тўқаев халқаро даражада “Сув минораси ҳамкорлиги” ташкил қилиш ташаббусини кўтарди, унинг мақсади – музликларни тадқиқот қилиш ва муҳофаза қилиш учун дунёдаги барча тадқиқот марказларининг тажрибаси асосида музликшунослик фанини қўллаб-қувватлашни бир тизимга келтириш.
Ижтимоий сиёсатда ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2025 йилда республика бюджети харажатларининг 36,5 фоизи, яъни 9,3 триллион тенге ижтимоий мақсадларга йўналтирилди.
Шу билан бирга, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Ёрдам мақсадли, адолатли ва самарали қўллаб-қувватлаш дастагига айланди. Рақамли технологиялар оилаларнинг ҳақиқий эҳтиёжи аниқ баҳоланиб, самарасиз харажатлар қисқартирилмоқда ва маблағлар муҳим йўналишларга қайта тақсимланмоқда.
Сўнгги йиллар инсон капиталига сармоялар сезиларли даражада ошди. Таълим ва фанга жалб этилган сармоя беш баравар ошди, соғликни сақлаш ва ижтимоий хизматларга сарфланадиган маблағлар ҳам ортмоқда. Муҳим кўрсаткичлардан бири – узоқ умр кўриш кўрсаткичи 76 ёшга етди. У 2019 йилда 73 йил бўлган.
Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам устувор йўналишдир. “Миллий жамғарма – болаларга” дастури – Президентнинг муҳим ташаббусларидан бири бўлиб, келажак авлоднинг фаровонлиги ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Дастур доирасида қозоғистонлик болаларнинг ҳисоб-рақамига Миллий жамғарманинг сармоявий даромадидан йил сайин маблағ ажратилиб бормоқда, ундан ҳар бир бола 18 ёшга тўлгандан сўнг таълим олишга ёки бошпана шароитини яхшилаш мақсадида фойдалана олади. Дастур амалга оширилган уч йил ичида мамлакатимиздаги етти миллион боланинг ҳисоб-рақамига 2,5 млрд. доллардан зиёд маблағ ўтказилди.
Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Қозоғистон болалари” ягона дастури тасдиқланди, у Қозоғистондаги болаларнинг ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлаш бўйича барча амалдаги ва режаланган чора-тадбирларни бирлаштиради.
Мактаб инфратузилмаси муаммоларини бартараф этиш ҳам устувор вазифалардан бири. Шу мақсадда, кейинги етти йилда 1300дан зиёд янги мактаб қурилди, хароба ҳолатидаги ва уч сменада ўқитиладиган таълим масканларининг сони камайиб, моддий-техника базаси янгиланди. Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси доирасида 2023-2025 йилларда мамлакатимиз бўйлаб энг юқори халқаро андазаларга мос 217та мактаб барпо этилди.
“TALIS-2024” илмий тадқиқот ташкилотининг халқаро таҳлилларига кўра, Қозоғистон ўқитувчиларининг ойлик маошидан қониқиш даражаси бўйича дунё давлатлари орасида кучли бешликка кирди. Агар 2018 йили бу кўрсаткич 39 фоиз бўлган бўлса, 2024 йилии 71 фоизга етди. Бугуни мамлакатимиздаги педагогларнинг 95 фоизи ўз ишидан мамнун эканлигини билдиришган.
Мактабгача таълим муассасалари кўпайиб, 12 мингтага етди. Тиббиёт муассасалари сони 830тага кўпайиб, 83 мингтадан ошди. Бутундунё соғликни сақлаш ташкилотининг баҳоларига кўра, Қозоғистон она ўлими кўрсаткичларини камайтириш бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторига киради.
Президент ташаббуси бўйича 2021 йили “Аңсаған сәби” дастури ишга туширилди, унинг доирасида йил сайин экстракорпорал уруғлантиришга 7 минг квота ажратилади, бугунги кунда ушбу дастурдан 28 минг нафар аёл фойдаланди. Дастур ишга туширилгандан буён 11 минг чақалоқ дунёга келди.
Фан ва олий таълимни ривожлантириш Президент томонидан технологик ва иқтисодий тараққиётнинг стратегик асоси сифатида кўрилмоқда. Мамлакатимизда тадқиқот университетлари ва илмий марказларни қўллаб-қувватлаш тадбирлари кучайтирилиб, илмий-тадқиқот ишларига мўлжалланган грантлар сони ортиб бормоқда.
Қозоғистонда етакчи хорижий университетларнинг филиаллари ва вакилликлари очилиб, ҳамкорликдаги талабалар шаҳарчалари ва таълим дастурлари ташкил этилмоқда, бу хорижий давлатларга илм излаб кетувчилар сонини камайтирди.
Давлат раҳбари олдимизга фанни саноат билан уйғунлаштириш вазифасини қўйди. Улар орасида университетлар қошида илмий парклар ва инновацион экотизимлар ташкил этишга оид ташаббуслар ҳам бор.
Шунингдек, оммавий спорт ва оммабоп спорт инфратузилмасини ривожлантириш – Президент сиёсатининг устувор йўналишлари сафида.
Ҳудудларда юзлаб спорт иншоотлари барпо этилиб, мавжудлари янгиланди, минглаб мактаб ва ҳовлилардаги майдончалар фойдаланишга топширилди. Натижада, фуқароларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш даражаси 45 фоизга етди.
Янги ижтимоий ва инфратузилмавий иншоотларнинг бир қисми қайтарилган активлар ҳисобидан молиялаштирилаётганини алоҳида таъкидлаш муҳим. Бу, ўз навбатида, бюджетга юк бўлмай, долзарб муаммоларни тезкор ҳал этиш имконини бермоқда.
Масалан, соғликни сақлаш соҳасида 183та муассаса қайтарилган маблағ ҳисобидан қурилди, бу “Қишлоқда соғликни сақлаш соҳасини янгилаш миллий лойиҳаси” ижросини жадаллаштирди.
Мамлакат иқтисодиётига қайтарилган маблағ ҳисобидан 227та сув таъминоти иншооти таъмирланди. Шунингдек, мактаб, спорт иншоотлари қурилишига, коммунал инфратузилмага ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларга ҳам ушбу маблағлар сарфланмоқда. Чунончи, ўтган йилда фойдаланишга топширилган Kokshe Arena кўп тармоқли спорт мажмуаси, Ақмўла вилоятининг Зеренди овулида қурилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Петропавлдаги болалар боғчаси, Туркистон вилоятидаги мусиқа мактабини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бундай иншоотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, активларни қайтариш сиёсати фақат қонун доирасида амалга оширилади ва у чинданам иш юритаётган тадбиркорларга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди.
Давлат бошқаруви тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
Бюджет ва солиқ сиёсати такомиллаштирилмоқда, ўрта муддатли режалаш дастаклари кучайтирилди, давлат дастурларининг самарадорлигини баҳолаш воситалари татбиқ этилди.
Солиқ ислоҳоти – вақтида қабул қилинган қарор бўлди. У йиғилиб қолган муаммоларга ечим топишга йўл очди. Солиқ ислоҳоти адолатли тизимни шакллантиришга, бизнесни сунъий равишда парчалаш имкониятларини камайтириш ва адолатли рақобатбардошлик муҳитни яратишга қаратилган.
Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ, солиқ хизмати босқичма-босқич сервис шаклига ўтмоқда:солиқ хизматларини рақамлаштириш, таваккалларнинг олдини олган ҳолда назорат қилиш ва ҳисобот бериш автоматлаштирилмоқда. Бу ҳалол солиқ тўловчилар учун юкни камайтиради.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида Қасим-Жўмарт Тўқаев илгари сурган “Қонун ва Тартиб” тамойили устувор аҳамият касб этмоқда. Мазкур ёндашув жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда ҳамда Адолатли Қозоғистон барпо этишнинг асосий талаби ҳисобланади.
Фуқаролар, жамият ва давлат ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш – асосий устуворлик. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини янгилаш, унинг шаффофлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, илғор рақамли қарорлар татбиқ этилмоқда, сервис полиция амалиёти ривожланиб, кадрлар салоҳияти кучайтирилмоқда.
Президентнинг топшириғига мувофиқ, мамлакатда кенг қамровли рақамли янгиланиш ҳаётга татбиқ этилмоқда.
2019 йилдан бошлаб Қозоғистон хизматларни рақамлаштиришни йўлга қўйди. Бу жараёнда давлат идоралари ва хусусий сервислар ўртасида маълумотлар алмашинувини таъминлайдиган, рақамли бизнес ва молиявий-техник қарорлар учун шаффоф муҳит яратадиган “Smart Bridge” интеграциявий дастур муҳим ўрин тутмоқда.
Рақамлаштиришнинг иқтисодий самараси бюджет харажатларини тежаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларининг манзиллилигини ошириш орқали яққол намоён бўлмоқда. Бу борада Қозоғистон 193 давлат орасида 24-ўринда ва онлайн-хизматлар даражаси бўйича дунёдаги кучли ўнликдан жой олди.
Бундан ташқари, Президент ташаббуси билан “Alem.ai” халқаро сунъий идрок маркази ташкил этилди, у ҳозирнинг ўзида таҳлилчилар, лойиҳа муаллифлари ва ташаббускорларни жалб қилиш майдонига айланди.
Давлат раҳбари 2026 йилни Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили, деб эълон қилди. Ҳукумат иқтисодиёт ва давлат бошқарувининг барча соҳаларида илғор технологиялар ҳамда сунъий идрокни татбиқ этишга йўналтирилган “Digital Qazaqstan” дастурни тайёрламоқда.
Қасим-Жўмарт Тўқаев Давлат раҳбари бўлган етти йил инқирозларга қарши тезкор ҳаракат қилиш босқичида тизимли тараққиётни таъминлаш даври бўлди: иқтисодиёт сезиларли даражада ранг-баранглаштирилди, сармоялар кўзланган даражада, инфратузилма ишончли, ижтимоий сиёсат самарадорлиги ошди.
Бу собит ва изчил қадамлар Қозоғистонга институционал жиҳатдан мустаҳкамланган шакли асосида узоқ муддатли устуворликларга таяниб, келажакка ишонч билан қараш имконини бермоқда.
Бугунги кунда Қозоғистон тараққиётнинг тарихий даврида турибди. Давлат раҳбари ташаббуси билан очиқ ва шаффоф муҳокамалар натижасида тадқиқотчилар ва илмий ҳамжамият, жамиятнинг барча соҳа вакилларининг фикри инобатга олинган ҳолда мамлакатимизнинг янги Конституцияси лойиҳаси тайёрланди.
Унда мамлакатимизнинг энг олий раҳбари – Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон Республикасининг узоқ муддатли барқарор тараққиётининг мустаҳкам асосини тиклаб, бир неча авлоднинг тинчлик ва хавфсиз ҳаётини таъминлашдаги ғайрати ифодасини топган.
Ишончим комилки, фуқароларимиз тўғри танлов қилиб, Давлат раҳбарининг ташаббусини қўллаган ҳолда Қудратли, Адолатли, Гуллаб-яшнаётган Қозоғистонни барпо этишга ҳисса қўшадилар.
-
2026-03-07, 02:46
Бунёдкорликка омил бўлган етти йил 73
-
2026-03-05, 00:32
Тозалик тадбирлари жонланмоқда 71
-
2026-03-05, 00:29
Халқаро отчопар фойдаланишга топширилади 74
-
2026-03-05, 00:07
Уй-жой навбати ''Отбасы банк'' орқали юритилмоқда 84
-
2026-03-04, 23:02
Жиноятчилик камайди: Ички ишлар вазири Президентга ҳисобот берди 85
-
2026-03-04, 00:06
Қутлуғ айём кенг нишонланди 92
-
2026-03-03, 02:35
Ҳарбий хизматчилар Улуғ Ватан уруши фахрийсини Шукрона куни билан қутлади 88
-
2026-03-03, 02:28
Шукрона кунига бағишланди 79
-
2026-03-03, 02:24
Қозоғистон – тинчлик ва дипломатия тарафдори 79
-
2026-02-28, 02:10
Янги қонун лойиҳаси аҳолига тушунтирилди 90
-
2026-02-28, 02:06
Стратегик экин майдонлари кенгайтирилди 80
-
2026-02-28, 02:03
Олимпия ўйинлари қаҳрамони шарафланди 95
-
2026-02-28, 02:01
Келажакка йўлланма берадиган тарихий давр 136
-
2026-02-26, 20:55
Ижтимоий муҳофаза: натижалар ва режалар 99
-
2026-02-26, 20:38
Марказий комиссия: тайёргарлик жараёни назоратда 85
-
2026-03-07, 02:46
Бунёдкорликка омил бўлган етти йил 73
-
2026-03-05, 00:32
Тозалик тадбирлари жонланмоқда 71
-
2026-03-05, 00:29
Халқаро отчопар фойдаланишга топширилади 74
-
2026-03-05, 00:07
Уй-жой навбати ''Отбасы банк'' орқали юритилмоқда 84
-
2026-03-04, 23:02
Жиноятчилик камайди: Ички ишлар вазири Президентга ҳисобот берди 85
-
2026-03-03, 02:24
Қозоғистон – тинчлик ва дипломатия тарафдори 79
-
2026-02-28, 02:10
Янги қонун лойиҳаси аҳолига тушунтирилди 90
-
2026-02-28, 02:06
Стратегик экин майдонлари кенгайтирилди 80
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.

