Жамиятимизда хотин-қизлар фаоллигининг ортиши замонамизнинг муҳим белгиларидан биридир. Улар ўз салоҳиятини барча соҳаларда намоён этишмоқда. Айниқса, тадбиркор хотин-қизлар қатлами шаклланиб, маҳаллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар яратган ҳар бир иш ўрни оила фаровонлигига, ҳар бир амалга оширган лойиҳа – жамият тараққиётига хизмат қилмоқда. Инновация ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини очиш орқали улар мамлакат иқтисодиёти салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда минглаб қиз-жувонлар тадбиркорлик салоҳиятини намоён этиб, иқтисодимиз тараққиётида фаол иштирок этишмоқда. Вилоят тадбиркор хотин-қизлар кенгаши раисаси Салтанат Тўлегенова билан мусоҳабамиз ушбу мавзуга бағишланди.
– Салтанат Қўжамамед қизи, ҳозирги кундаги хотин-қизлар тадбиркорлиги қай даражада ривожланмоқда? Уларнинг иқтисодиёт ва солиқ тушумларидаги улуши қандай?
– Вилоятимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги изчил ривожланмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг қарийб 37 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Вилоятда рўйхатдан ўтган 216 185 нафар тадбиркорнинг 79 918 нафари қиз-жувонларимиз.
– Тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан тузилган соҳалараро кенгаш таркибига тўхталсангиз.
– Унга қуйидагилар аъзо бўлиши мумкин: давлат муассасалари вакиллари (вилоят ҳокимлиги қошидаги тадбиркорлик, инновация, ижтимоий муҳофаза, меҳнат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва маданият бошқармалари); “ATAMEKEN” тадбиркорлар палатаси вакили; хотин-қизлар ишлари ва оила-демографик сиёсат бўйича комиссия аъзолари; ишбилармон хотин-қизлар уюшмаси ҳамда тадбиркорлар кенгаши вакиллари; илмий таҳлилчилар, ноҳукумат ташкилотлари, ўз бизнесини юритаётган аёллар. Ҳозирги кунда мазкур Кенгаш таркибида 17 нафар аъзо фаолият юритмоқда, яна 12 нафар номзодни аъзоликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Яқин вақтларда уларнинг умумий сони 29 нафарга етади. Табиийки, мазкур кенгашнинг асосий вазифалари нимадан иборат, деган савол туғилади?
Асосий вазифалари – хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш. Яъни, уларнинг бизнес ташаббусларини ривожлантириш ҳамда давлатнинг моддий қўлллаб-қувватлаш дастакларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш.
– Ташкилотнинг ҳудуддаги иқтисодий ва ижтимоий ҳаётга таъсири қандай?
– Биринчидан, хотин-қизлар бошқарадиган корхоналар сони ортиб, кичик ва ўрта бизнес улуши кенгайди. Иккинчидан, бу янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади. Шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар ва брендлар шаклланиб, уларнинг бозорга чиқишига имконият яратилади. Давлат грантлари ва дустурлари орқали инновациявий ва ижтимоий лойиҳалар ривожига йўл очилади. Хотин-қизларимизнинг иқтисодий мустақиллиги барқарорлашиб, жамиятдаги фаоллиги ошади. Қишлоқларда ижтимоий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик соҳалари жонланади. Шу билан бирга оилавий қадриятлар ва ижтимоий масъулият маданияти ҳам шаклланишига ҳисса қўшилади.
– Хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш жараёнида бўй кўрсатаётган асосий муаммолар нималардан иборат?
– Бизнесни юритиш, масъулиятни зиммага олиш осон иш эмас. Улар кўпчиликда гаровга қўядиган мулки ёки ижобий кредит тарихи йўқ, бу эса банк хизматларидан фойдаланишда қийинчиликлар туғдиради. Иккинчидан, билим ва ахборот етишмайди. Ҳисоб, ҳуқуқий ёки маркетинг соҳаларида билим зарур, малака ва тажриба кам. Қишлоқларда эса тадбиркорлик бўйича ўқув курсларига кириш имконияти чекланган. Ушбу масаланинг оилавий ва ижтимоий омиллари ҳам мавжуд. Кўпгина аёллар иш ва оилавий мажбуриятларни бир вақтда амалга оширишга мажбур, бу эса бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилади. Айрим ҳудудларда ҳануз “одамлар нима деркин” деган қарашларнинг устуворлиги хотин-қизларнинг фаоллигини чеклайди. Шунингдек, бозорга чиқиш ва рақобатда иш юритиш муаммолари мавжуд. Аёлларимиз кўпинча кичик бизнес билан шуғулланишади, бу эса йирик бизнес билан рақобатни қийинлаштиради. Маҳсулот сотиш каналлари ва маркетинг воситалари етарли даражада ривожланмаган.
– Тадбиркор хонимларга грант ёки субсидия олишда қандай амалий ёрдам кўрсатилади?
– Энг аввало, кенг ва батафсил ахборот билан таъминлаш муҳим. Давлат ва маҳаллий грантлар, субсидиялар, имтиёзли кредитлар ҳақида янгиланган маълумотлар берилади, грант дастурларда иштирок этиш шартлари бўйича йўлланмалар тақдим этилади. “АTAMEKEN” палатаси, маҳаллий тадбиркорлик бошқармаси, “Даму” жамғармаси ва “Бир қишлоқ – ягона маҳсулот” каби лойиҳаси сингари тизимлар билан боғланиш, бизнес-хонимларнинг аризаларини дастлабки саралашдан ўтиб, тегишли ташкилотларга йўллашда кўмак берилади. Улар учун тажриба алмашиш майдони ва тармоқ учрашувлари ташкил этилади.
– Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги муваффақиятли лойиҳаларга тўхталсангиз.
– Бугунги кунда Astana Hubда тақрибан 250 нафар хотин-қизларга тегишли лойиҳалар амалга оширилмоқда, улардан 25 фоиз маҳсулот экспорт бозорига чиқарилгани ҳам эътиборга молик. Масалан, ZebraEye аёл раҳбар томонидан бошқариладиган лойиҳа бўлиб, сунъий идрок орқали кўз касалликларини аниқлайди. Ёки SmarTestPrepни олайлик. У таълим технологиялари йўналишида бўлиб, унга ҳам аёл томонидан асос солинган. Ушбу лойиҳалар IT, технология, экспорт ва хотин-қизлар тадбиркорлигини бирлаштирган соҳалараро йўналишда амалга оширилганлигини кўрсатади. Улар учун мўлжалланган технологик стартаплар грант дастурлари орқали қўллаб-қувватланган. Аниқ натижалар бор – сармоя жалб этилди, экспорт ҳажми оширилди. Халқаро бозорда уларнинг фаоллигини кўрсатувчи илғор интеграция амалга ошириляпти.
– Келгусида қандай янги йўналишлар ёки ташаббуслар режалаштирилмоқда?
– Яқин келажакда мазкур йўналишни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор янги лойиҳалар амалга оширилади. Хусусан “Smart Business” дастури – рақамли технологиялар ва онлайн савдо кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий тармоқлар орқали бизнес юритишни қўллаб-қувватлаш. Микронасия ва грантлар ҳажмини ошириш – кичик бизнес учун молиявий имкониятларни кенгайтиришни мақсад қилган. Менторлик ва нетворкинг платформаларини ривожлантириш – тажрибали ишбилармонлар янги иш бошлаганларга устоз сифатида ёрдам беради. Қишлоқ хотин-қизлари тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш орқали қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва экотуризмга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш кўзда тутилган. Билим ва малака марказларини кенгайтириш йўналишида тадбиркорлик асослари, маркетинг ва молиявий саводхонлик бўйича бепул курслар ташкил этилади. “Ёш тадбиркор аёл” лойиҳалари танлови ўтказилади, унда 35 ёшгача бўлган хотин-қизлар орасида инновациявий ғоя ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш режаланган.
– Хотин-қизлар бизнес соҳасида муваффақиятга эришишлари учун қандай фазилатлар муҳим, деб ҳисоблайсиз?
– Энг муҳим фазилат – сабрли бўлиш ва ўзига ишонч ҳиссидир. Кўпинча хотин-қизлар ўз имкониятларини паст баҳолашади, лекин муваффақиятли тадбиркор бўлишнинг илк қадами – ўз қобилиятига ишонишдан бошланади. Сабр ва меҳнатсеварлик. Бизнесда муаммолар бўлиши, табиий. Муҳими, қийналган пайтда таслим бўлмаслик, мақсад сари ишонч билан олға интилиш. Янги ғояларга очиқ ҳамда мослашувчан бўлишимиз ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бозордаги ўзгаришларга тез кўника олиш, соҳага янгилик киритиш рақобатбардошликни таъминлайди. Ҳамкорлар, мижозлар ва давлат муассасалари билан тўғри муносабат ўрната олиш муваффақият калити. Аёл оила ва иш ўртасидаги уйғунликни таъминлай олса, демак, у бахтли ишбилармон аёлдир.
– Салтанат Қўжамамед қизи, “Қуаныш әлемі” МЧБ раҳбарисиз. Ишбилармон аёл сифатида нималардан илҳомланасиз? Шунингдек, ўз бизнес йўлини бошлаш арафасида турган ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
– Мен учун асосий илҳом манбаи – одамларга фойда келтириш, уларга ёрдам бериш билан бирга, улардаги ижобий ўзгаришларни кўра билишдир. Кимгадир ўз ғоясини амалга ошириб, бизнес очишига ёрдам бериш ёки унда ишонч туйғусини уйғота олиш мен учун илҳом манбаи. Умуман олганда айни таҳликали даврда одамларнинг тараққиётга интилиши, ўз салоҳиятини очишга уринишидан илҳомланиб, янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш жоиздир. Ёшларга эса ўз орзуларига эришиш учун ҳар қандай ишни дастлабки қадамлардан бошлаши зарурлигини тушунтираман. Ҳадик ва иккиланиш энг катта тўсиқ. Ҳеч ким тадбиркор бўлиб туғилмайди ва бу салоҳият тажриба ҳамда ишонч орқали шаклланади. Улуғвор мақсадга бир зумда эришиб бўлмайди. Асосийси, олға юришга интилишимиз керак. Шунда кичик ғоя ҳам вақт ўтиб, йирик муваффақиятга айланиши мумкин. Хатолардан қўрқмасдан, қадриятларга содиқ қолиш, доим эзгуликка ҳамда юксак чўққилар сари ҳаракат қилсак, жамиятимизда кучли тадбиркор аёллар авлоди шаклланади. Бошлаган ишимиз билан ўз ҳаётимизни, шу билан бирга, атрофимиздагиларнинг келажагини ҳам яхшилик сари ўзгартира оламиз. Бизнесга қадам ташлаётган қиз-жувонлар шуни доимо ёдда тутишлари даркор.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!