26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тўйлар ҳақида ўйлар...

“Жанубий Қозоғистон” газетасида “Тўйлар ҳақида ўйлар” рукни остида қатор мақолалар эълон қилинмоқда. Сайрам туманининг Қорабулоқ қишлоғидаги “Оналар мактаби” жамоат бирлашмасининг асосчиси, таниқли ижодкор Победахон Абдазимованинг ушбу мавзу борасидаги фикрлари билан танишасиз.

– Победахон Юсуфбек қизи, авваламбор сизни “Қозоғистоннинг Олтин китоби”га киритилишингиз билан қутлаймиз. Ижодда ҳам, жамоат ишларида ҳам фаолсиз. Бугунги кунда қишлоқда ташкил этилган “Бувилар кенгаши” бирлашмасига раҳбарлик қилмоқдасиз. Юртдошларимиз томонидан уюштирилаётган тўйлар ҳақида турли фикрлар мавжуд. Замонавий тўйлар ҳақида қандай фикрдасиз?

– Маълумки, миллий тарбия, одоб-ахлоқ гўзал тарбиянинг дебочасидир. Тўйлар ҳам миллий урф-одатларимиз, яъни ўзлигимизни акс эттириши жоиз. Фарзанд вояга етгач, ҳар бир хонадон ўғил уйлантириш, қиз узатиш тўйларини ўтказади. Тўй – бу аждодларимиздан қолган урф-одат. Нима сабабдан тўй қилинади? Ота-боболаримиз ўғил уйлантириб, қиз узатганларида ёки суннат тўйида элга ош берганлар. Чақалоқ туғилганда эса икки қуда ақиқа қилиб, ўз яқинларини чақиришган, дуо қилдирган. 

Ёдимда, ёшлигимда бир  қўшнимиз олис қишлоқдан келин олган. Қиш пайти, ерда тизза баравар қор эди. У пайтда автомашина “анқонинг уруғи”. Келиннинг опа-сингиллари тракторга қўшилган катта чанада ўтириб келишган. Бундай манзарани илк бор кўрганим учун, кечагидек кўз олдимда. Эндиликда ўша келинойимиз маҳаллада катта оила соҳибаси. Совуқда ҳам ҳовлида хас-хашак ёқиб, келинни гулхан атрофида айлантиришган, сурнай, чилдирма  чалиб,  ўйин-кулгу  қилишган. Кейин уйга кириб, қудаларни шавла, ширчой, жийда, туршак, ҳолвайтар билан меҳмон  қилишган. Бизга ҳам сопол товоқларда шавла беришган. Эртаси куни амма-холалар йиғилиб, келин салом маросими ўтказилган. Кейинчалик тўйларда сурнай ва чилдирма  билан базм қилиш одатга айланган.

1975 йили Қорабулоқ қишлоғидаги бир ўқитувчи биринчи марта мактабдан стол-стуллар олиб келиб, Ўзбекистондан артист чақириб, тўй қилгани овоза бўлган. “Фалончи домла қизил тўй қилибди”, деб анча  гап-сўз  тарқалган. Бундай янгиликлар, одатда, бой-бадавлат шахслар томонидан бошланади. Бошқалар ҳавас қилади. Ота-онанинг кучи етмаса ҳам, боламнинг кўнгли ўксимасин, деб шундай дабдабали тўй қилади.

– Бугунги кунда тўйлар қандай ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади?

– Ҳозирги  тўйларда ортиқча дахмаза, русумлар кўпайди. Масалан, тўйлар одатда тўйхонада ёки ресторанда ўтади. Бунинг устига никоҳ гувоҳномасини олган куни икки қуданинг, қиз-йигитнинг танишуви деган янги маросим чиқибди. Видеога, фотосуратларга тушиш, шаҳар айланиш, буларнинг ҳаммаси – пул. Келиннинг ўз уйига жумалаши ҳам кичик тўйга айланмоқда. Тўй дастурхонидаги тоғора-тоғора салатлар, буюртма сомсалар... Кўз-кўз қилиш учун тайёрланган турли таомлар. Бунинг барчаси исрофгарчилик! Лекин кўп таомлар ейилмайди. Фақат “мен ундан ошираман” деган манманлик, кибр, холос. Баъзан тўйга борсам, дастурхонни кузатаман: пирог, торт, ўрик, майиз, бодом, хурмо... яна турли таомлар... Айтингчи, тўйда ким асал, қаймоқ, творог ё ҳолва ейди? Ликопчалар кўплигидан овқатни қаерга қўйишни ҳам билмайсан. Фотиҳа оши ҳам кичик тўйга айланди. Қизга  сават-сават майда-чуйда нарсалар, шоколадлар, ясама гуллар, ҳатто катта айиқ-қўғирчоқ олиб борилади. Шунча сарф-харажат билан тўй қилиб, келин олиб ёки қиз узатиб, ота-она охирида қарзга ботади. Кошки, фарзандлар шу қийналган ота-онанинг қадрига етишса!

Келин-куёв тўйдан кейин қандай яшайди? Куёв дўстлари билан тинчгина даврон суриб юради. Келин ишлайди ёки ўқиётган бўлса, давом эттиради. Ота-она бир оғиз насиҳат қилса, гуноҳкорга айланади. Ота кейинги боласининг тўйига пул топиш учун бозорда  ёки бошқа жойда ишлайди. Баъзи оталар узоқ юртларга бориб, уйига ойлаб келмайди. Бундан фойдаланган айрим оналар дугоналари билан гап-гаштак ейиш билан овора.

Ахир, келинни ким тарбиялайди? Уй ишларини унга ким ўргатади? Ҳунар ўрганган қизлар яхши яшаб  кетяпти.

Аммо эрка, беэътибор ўсган қизлар, аксинча, хатосини тан олмай, ўртада низо чиқаришяпти. Ажрашиш кўпайиб, тирик етим болалар сони ошмоқда. Бу – тўқликка шўхлик. Оиланинг қадрига етмай, никоҳнинг уволига қолишмоқда. Назаримда, маҳалла фаоллари оилавий ҳаёт тўғрисида суҳбат уюштириб, нуроний отахон-онахонлар ёшларга ибратли сабоқлар беришса, яхши бўлар эди.

– Статистика маълумотларига кўра, ёшлар орасида ажрашишлар ҳам кўпайган...

– Одатда ажрашишга сабаб, қайнона-келин ўртасидаги можародир. Агар ёшлар билан кўпроқ суҳбатлар олиб борилса, улар хатоларини вақтида тушунишарди. Тўйларда одамларнинг сонини эмас, дастурхондаги таомларни камайтириш керак. Афсуски, бугунги тўйларни қариндошлар эмас, тўйхона ва санъаткорлар бошқаряпти.

Пули борлар тўйларига машҳур, номдор артистларни чақиришади. Буни кўриб  бошқалар ҳам шундай қилишга ҳаракат қилишади. Эй биродарлар, азиз ҳамюртлар! Инсонийлик, меҳр-оқибат йўқолиб бормоқда. Бойлик, ҳою-ҳавас, мансаб вақтинча-ку! 

Ўйлайлик, инсон у дунёга нималарни олиб кетади? Фақат яхши амаллар, илму-маърифат, тақвою ибодат, савобу эҳсонларгина  жонимизга оро кириб,  бизга йўлдош  бўларкан... Бугунги кундаги ҳаётимиздан нолимаслигимиз жоиз. Мақсадимиз – тўйларимизни ихчамлаштириш, ортиқча сарф-харажатларга йўл бермаслик. Исрофгарчиликларнинг олдини олиш.

– Ҳа, албатта, самимий суҳбат учун ташаккур! 

 

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2026-04-18, 02:23 56
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.