Тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев ёшлар халқ ва жамият манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилаётганини ва 2026 йил бутун дунёда Халқаро кўнгиллилар йили деб эълон қилинганини таъкидлади. Президент бу ташаббусни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган бўлиб, унинг таклифи халқаро миқёсда қўллаб-қувватланган.
– Қозоғистон илғор давлат сифатида бутун инсоният учун умумий қадриятларни тарғиб қилиб, уларни келажак авлодларга етказмоқда. Кўнгилли бўлиш – эзгу ишларга бош бўлиш, яхшилик улашиш, бошқаларга намуна бўлиш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ва уни асраш демакдир. Фақат пок ниятли, қалби тоза ёшларгина кўнгиллиликка қадам қўяди ва ўзини фидокорона меҳнатга бағишлайди.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ушбу ҳаракат тараққийпарвар жамиятнинг ёрқин кўзгусидир. Ҳақиқий кўнгилли – онгли фуқаро бўлиб, у учун жамият фаровонлиги ва миллий манфаатлар энг олий қадрият ҳисобланади. Фурсатдан фойдаланиб, сизларга самимий миннатдорчилик билдираман, – деди Президент.
Олижаноблик, саховат, ёрдам қўлини чўзишга тайёрлик – бу халқимизнинг табиатига хос фазилатлар бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Президент таъкидлаганидек, аждодларимиз учун юксак маънавият мезони – яқинга меҳр-шафқат ва табиат билан уйғунликда яшаш бўлган.
– Буюк Абайнинг “Комил инсон” ғоясида энг муҳим жиҳатлардан бири сифатида эзгулик қилиш ва яқинларга ёрдам бериш муҳимлиги айтилган. Сизлар ҳам ана шу насиҳатга қатъий амал қилиб, ўз шахсий намунангиз билан ҳақиқий “Адолатпарвар фуқаро” эканингизни намоён этмоқдасиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президентнинг таъкидлашича, кўнгиллилар оғир синовлар даврида ҳам масъулият ва жасоратни намоён этмоқда. Пандемия ва сув тошқинлари каби фавқулодда вазиятларда улар қутқарувчилар ва шифокорларга ёрдам бериб, халқнинг бирдамлигини намоён этди.
Қозоғистонда кўнгиллилик ҳаракати жадал ривожланмоқда: фаоллар сони 50 мингдан 300 мингга етди, ташкилотлар сони 800дан зиёд. Улар экология, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда, “Жас ағаш”, “Эко бақылау” ва “Білім еріктілері” каби лойиҳаларда қарийб 100 минг нафар кўнгилли фаол иштирок этмоқда.
Президент замонавий технологиялар, айниқса сунъий идрокни кўнгиллилик фаолиятига кенг татбиқ этиш, рақамли паспорт жорий қилиш ва ҳар бир минтақада барқарор экокўнгиллилик бирлашмаларини шакллантириш қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Шу билан бирга, “Тоза Қозоғистон” ҳаракатини умуммиллий ғоя ва давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида кенг тарғиб қилиш муҳимлигига эътибор қаратди.
Ҳаракатни ривожлантириш учун давлат даражасида янги тизимли чоралар ҳам зарур. Бугунги кунда Қозоғистонда уч йиллик йўл харитасининг амалга оширилиши якунланмоқда. Шу муносабат билан Президент Ҳукуматга 2030 йилгача мўлжалланган янги дастурни ишлаб чиқиш вазифасини топширди.
Президент корпоратив кўнгиллилик (корхона ходимларининг жамоавий равишда хайрия ва ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиши)ни бизнеснинг ижтимоий масъулияти сифатида аҳамиятли йўналиш эканлигини таъкидлади. Шу боис тадбиркорлардан шундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, компаниялар ходимлари ҳам кўнгиллилар фаолиятида фаол иштирокини таъминлаш учун шарт-шароит яратишга чақирди.
Президент таъкидлаганидек, кўнгиллилар анжумани Қозоғистон учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга даврда ўтмоқда. У 2025 йилги Мактубида мамлакатдаги сиёсий замонавийлашув йўналишлари белгиланганини ва бу ташаббуслар жамиятда кенг қўллаб-қувватланаётганини қайд этди.
Шунингдек, сўнгги ярим йилда Қозоғистонда Конституциявий ислоҳотлар юзасидан атрофлича баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Партиялар, депутатлар, экспертлар ва жамоат фаолларидан келиб тушаётган таклифлар давлат институтларини ривожлантиришдан тортиб, амалдаги Асосий қонун матнидаги таҳририй аниқликларгача бўлган масалаларни қамрамоқда.
Президент янги мулоқот майдонларини яратиш ва халқаро тажриба алмашиш орқали кўнгиллилик ташаббусларини мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.
– Давлат халқ эҳтиёжларига бефарқ бўлмаган, жамоат ишларига дахлдорлик ҳиссини намоён этаётган тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлайди. Ўтган йили мен махсус “Мейірім” орденини таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилдим. Бу мукофот халқ ғамини ейдиган ҳақиқий ватанпарварларга бўлган чуқур ҳурмат рамзи бўлади, – деди Президент.
Бундан ташқари, Қозоғистон кўнгиллилар ҳаракатини БМТдан ташқари ШҲТ, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши (СВМДА), МДҲ каби ташкилотлар доирасида ҳам ривожлантирмоқда ва бу ишлар давом эттирилади.
Давлат раҳбари шу йили Қозоғистон ташаббуси билан мамлакатимизда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг дастлабки Кўнгиллилар анжумани ўтказилишини маълум қилди.
Шунингдек, апрель ойида Астанада БМТ шафелигида ўтказиладиган Минтақавий экологик саммит доирасида кўнгиллиликка бағишланган махсус сессия ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу тадбир экология соҳасидаги энг яхши лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Президент Каспий денгизида “Ҳаракатлар ҳафталиги”ни ўтказиш ҳамда Оролбўйини тиклашга бағишланган Халқаро кўнгиллиларҳафталигини ташкил этиш ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлади.
Қ. Тўқаев алоҳида таъкидлаган яна бир муҳим масала – фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтиришдир. У буни ривожланган жамиятнинг асосий қадриятларидан бири сифатида баҳолади.
– Бугун кўнгиллилар аҳоли манзилларини ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида улар “Тоза Қозоғистон” тадбири доирасида 1 300дан зиёд тадбирда иштирок этди. Шунингдек, кўнгиллилар маърифий йўналишда ҳам кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ана шундай эзгу ишлар туфайли мамлакатда янги экологик маданият шаклланмоқда. Ушбу йўналишдаги фаолиятни янада кучайтириш зарур. Чунки юксак экологик маданият ҳар қандай халқнинг тараққийпарварлиги ва бунёдкорлик салоҳиятини намоён этади.
Дунёдаги тараққий этган мамлакатлар қаторига кириш – миллий стратегиямиздаги энг асосий устувор мақсаддир, – деди давлат раҳбари.
Яқинда Миллий қурултой мажлисида Президент давлат бошқаруви тизимини самарали, барқарор ва мувозанатли этишга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди. Келиб тушган таклифларни тизимли ўрганиш ва умумлаштириш мақсадида Конституциявий комиссия тузилди. Давлат раҳбарининг фикрига кўра, комиссия аъзоларининг қамрови, касбий маҳорати ва фуқаролик масъулияти мамлакатимизда илгари кузатилмаган даражада.
Президентнинг таъкидлашича, Конституцияга таклиф этилаётган ўзгаришлар кенг қамровли бўлиб, деярли барча бўлим ва моддаларни, шу жумладан янги муқаддимани ҳам ўз ичига олмоқда. Шу боис комиссия аъзолари муҳокамалар якунида бу ислоҳотлар янги Конституция қабул қилиш заруратини кўрсатади, деган хулосага келди.
Президент илм-фан, таълим ва инновацияларни ривожлантириш давлат тараққиётининг асосий йўналиши бўлишини таъкидлади. Шунингдек, сунъий идрок ва илғор технологиялар инсон манфаатига хизмат қилиши лозимлигини қайд этди.
Давлат раҳбари умуммиллий бирликни мустаҳкамлаш, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабат ва бой маданий меросни сақлаш каби қадриятлар ҳам янги Конституцияда ўз аксини топиши муҳимлигини маълум қилди.
– Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар мамлакатимизнинг тараққиётини янги сифат босқичига олиб чиқади, бутун давлат тизимини қайта йўналтириб, ҳокимият ва жамият ҳамкорлигининг янада такомиллашган тизимини яратиш имконини беради. Меҳнат ва матонат туфайли биз белгиланган мақсадларга эришиб, ҳар қандай синовдан муваффақиятли ўтамиз. Муҳим жиҳат – ёш авлод очиқ фикрли, билимли, интизомли, яхши ва ёмонни фарқлай оладиган бўлиши лозим. Яна бир бор таъкидлайман: мен халқимизнинг, айниқса ёшларимиз бунёдкор қудратига ишонаман. Бизда Қозоғистондан бошқа Ватан йўқ! Ҳеч ким ташқаридан келиб, мамлакатимизни яхшилаб бермайди. Фақат ўз қудратимиз билан кучли ва илғор Қозоғистонни барпо этишимиз мумкин.
Бизнинг умумий мақсадимиз – суюкли Ватанимизнинг фаровонлигини таъминлаш, адолатли, хавфсиз ва тоза Қозоғистонни барпо этиш, қонун ва тартиб ҳукмрон бўлган жамият яратиш. Фақат бирлашиб ҳаракат қилсак, бу муҳим вазифани салоҳиятли амалга оширишимиз мумкин, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Анжуман давомида Мажлис депутати, Миллий кўнгиллилар тармоғи раиси Вера Ким, Республика “Тиббиёт ёшлари” жамоат бирлашмаси раиси Абилайхан Абдираш, экокўнгилли Бауржан Жақипов, Европа ва Марказий Осиё бўйича Халқаро кўнгиллилар йили мувофиқлаштирувчиси Зарина Мирабдуллаева ва бошқалар сўзга чиқишди.