+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги маърузаси
Миллий қурултойнинг V мажлисида Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакат келажаги учун муҳим тарихий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди.
Қадрли биродарлар!
Сўзга чиқққан Қурултой аъзолари муҳим фикр-мулоҳазалар билдиришди. Қурултой доирасида фойдали, самарали фикр алмашувлар бўлди. Барчаси мамлакат тараққиёти учун асқотишига ишонаман.
Бугун Миллий қурултойнинг бешинчи йиғилиши ўтмоқда. Ушбу анжуманнинг илк йиғини Улитовда ўтган эди. Иккинчиси илдизи бир туркийларнинг ота макони – Туркистонда бўлди. Учинчи йиғин Атиров минтақасида уюштирилди. Ўтган йил эса бой тарихга эга Кўкшетовда тўпландик.
Энди муқаддас Қизилўрда заминида бош қўшмоқдамиз. Бу – халқимиз учун муҳим аҳамиятга эга макон. “Сир – Алашнинг онаси”, деган пурмаъно ибора мавжуд. Атрофдаги Ширик-Рабат, Жанкент, Сиғанақ, Алтинасар, Баршинкент шаҳарларининг ўрни қадимдан қозоқ замини тараққий этган Қизилўрдани ўша машҳур шаҳарларнинг қонуний давомчиси, деб биламиз. Ушбу шаҳарнинг тарихий моҳияти ўзгача. У бир аср муқаддам Қозоғистоннинг пойтахти бўлгани барчага маълум. Бу ерда мамлакатимизнинг келажагига оид муҳим қарорлар қабул қилинган.
Умуман “Сыр елі – жыр елі”, деб бежиз айтилмайди. Қўрқит ата замонасидан давом этиб келаётган қўшиқ ва куй санъати ушбу минтақада кенг қанот ёйган. Жиенбай, Нуртуған, Нартай каби аждодларимиз асос солган қўшиқчилик мактаблари бутун мамлакатимизга маълум.
Сир бўйи – ҳақиқий меҳнат одамларининг макони. Иттифоқ даврида ушбу минтақадан 100га яқин Меҳнат Қаҳрамонлари етишиб чиққан. Таниқли шоликор Ибирай Жақаевни халқимиз меҳнаткашлар рамзи сифатида билади. Аждодлар йўлини бугунги авлод муносиб давом эттирмоқда.
Қизилўрда вилояти замон талабига муносиб тарзда равнақ топмоқда. Ўтган йили ҳудуднинг ички ялпи маҳсулоти 6,5 фоизга ўсди. Уч йил мобайнида вилоятга 2 триллион тенгега яқин сармоя жалб қилинди. 2025 йили 27та сармоявий лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, янги иссиқлик электр маркази ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Стратегик аҳамият касб этадиган бу иншоот бутунлай сармоядорлар маблағи эвазига бунёд этилди. Иссиқлик маркази минтақанинг энергетика хавфсизлигини кучайтирди. Вилоят аҳолиси сифатли ичимли сув билан таъминланди. Аҳолининг 80 фоизи “зангори олов”дан фойдаланади. Аҳоли манзилларига газ қувурини тортиш ишлари давом этаверади.
Минтақадаги автомобиль йўлининг сифатини яхши аҳволда дейиш мумкин. Вилоятнинг ҳаво ва темир йўл тизими ҳам янгиланмоқда. Қўрқит ота аэропортининг янги терминали очилди. Қизилўрда шаҳридаги тарихий бинолардан бири – темирйўл вокзали тўкис таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, минтақадаги 10та темирйўл бекатини янгилаш ишлари бошланди. Буларнинг барчаси вилоятнинг логистика салоҳиятини юксалтиради.
Ҳозир Қизилўрда вилоятида, айниқса, ижтимоий соҳада ажойиб янгиликлар бисёр. Уч йилда ушбу ҳудудда 34та таълим маскани, 45та маданият ва спорт иншоотлари бунёд этилди. Бундан ташқари, 40та тиббиёт муассасаси фаолиятини бошлади. Менинг топшириғимга биноан, Қизилўрдада 300 ўринга мўлжалланган кўп тармоқли шифохона қурилиши бошланди. Кўп вақт ўтмай 500 ўринли шифохона ва 200 ўринга мўлжалланган туғруқхона барпо этилади.
Хуллас, Қизилўрда вилояти барча соҳаларда шиддат билан тараққий этмоқда. Вилоятнинг аҳволи умуман яхши, деб иккиланмай айтиш мумкин. Бу – ҳоким Нурлибек Налибаевнинг фаол, заҳматли меҳнатининг натижаси.
Ўтган асрнинг ўрталарида одамзот илк бор Бойқўнғирдан фазога учгани – бутун дунёга маълум. Буюк Ипак йўлининг бўйидаги тарихий ўлка янги даврда ҳам мукаммал ривожланмоқда.
Қизилўрдага келиб, Орол масаласига тўхталмай ўтиш мумкин эмас. Оролни қутқариш – инсоният учун ҳамон муҳим вазифа. Мен ушбу масала юзасидан халққа йўллаган Мактубимда айтдим. Йиллар бўйи юритилган тадбирлар натижасида Шимолий Оролни қутқариб қолдик. Тортилган денгиз – Кичик Оролнинг асл ҳолига кела бошлаганига анча йил бўлди. Ҳозир Кўкорол тўғонини мустаҳкамлаш тадбирлари йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа шу йил охирида бошланади. Ана шунда Кичик Орол сувини сезиларли даражада кўпайтириш имкони бўй кўрсатади.
Бироқ бу фақат бизга боғлиқ масала эмас. Қозоғистондаги йирик дарёларнинг аксарияти қўшни мамлакатлардан бошланади. Дарёлар бошида турган давлатларнинг сув соҳасига оид сиёсатига кўра, Сирдарёнинг суви денгизга ҳар фаслда турлича етиб боради. Демак, кўп масалаларнинг ечими сув соҳасидаги дипломатияга боғлиқ. Ҳозир Марказий Осиё давлатларининг барчаси билан сув захираларидан ҳамкорликда фойдаланиш борасида шартномалар тузилди. Гапнинг лўндасини айтганда, нафақат Орол, балки Каспий, Балхаш ва Иртиш тақдирини ҳал қилиш учун қўшнилар билан келишувларга эришиб, зарур шартномалар тузишимиз зарур.
Сув – мамлакатимиз учун муҳим захира. Биз бу масала билан тизимли равишда шуғулланишимиз зарур. Мен бултур Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилдим. БМТни ислоҳ қилиш жараёнида ушбу масалани яна кўтаришимиз лозим. Апрель ойида Астанада Халқаро экология саммити ўтади. Йиғинда Оролни қутқариш жамғармасига аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан Орол масаласини муҳокама қиламиз. Кичик Оролнинг асл ҳолига қайтиши бутун минтақани янада кўкаламзорлаштиришга йўл очишига умид қилиб қоламиз.
Бугунги учрашувда Қизилўрда вилояти аҳолисининг вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида фахрийлар, зиёлилар, жамоат фаоллари, тадбиркорлар ва ёшлар бор. Шу муносабат билан маҳаллий аҳолининг меҳнатсеварлиги ва уюшқоқлигини таъкидламоқчиман. Мен вилоят аҳолисида ўз она юртига муҳаббат, ғамхўрлик ва меҳр-шафқат, чинакам ватанпарварликни кўраман. Вилоят маркази билан бир қаторда ҳар бир қишлоқнинг тоза ва озодалиги ҳам ҳайратланарли. Масалан, мен ҳар доим Нағи Илиясов ва Тонг қишлоқларини бутун мамлакат учун намуна сифатида тилга оламан.
Сизлар, ушбу минтақа билан бирга, бутун мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқдасиз. Ягона мамлакат ва ягона халқ сифатида бирлашишимиз туфайли биз ўтган йилни юксак муваффақиятлар билан якунладик. Ўтган йили иқтисодиётимиз 6,5 фоизга ўсди. Мамлакатнинг ички ялпи маҳсулоти 300 миллиард доллардан ошди ва мустақиллик тарихида биринчи марта аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 15 000 долларни ташкил этди. Бу бутун Марказий Осиё минтақаси учун рекорд кўрсаткичдир.
Миллий жамғарманинг валюта маблағлари 5 миллиард долларга ошди. Олтин-валюта захираларимиз энг юқори даражага етди ва 65 миллиард доллардан ошди. Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши 40 фоизга яқинлашди. Аҳоли сони 20,5 миллионга яқинлади. Фуқароларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етди.
Энг асосийси, жамият ўзгарди, ислоҳотларимиз барқарорлашди ва одамлар онгида катта ўзгаришлар рўй берди. Бу борада, шубҳасиз, Миллий қурултой алоҳида аҳамият касб этади. Тўрт йил мобайнида Қурултой аъзолари мамлакат ҳаётига таъсир кўрсатувчи кўплаб муҳим ташаббусларни амалга оширдилар.
Миллий қурултойда билдирилган таклифлар асосида 26та қонун қабул қилинди. Бу Қурултой кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлганлигини яққол ифодалайди.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш учун аниқ қадамлар қўйилди. Қиморбозлик ва гиёҳвандликка қарши фаол кураш бошланди. Ономастика соҳасидаги ишлар тартибга келтирилди. Давлат мукофотлари тизимига янги фахрий унвонлар киритилди. Бу меҳнаткашларнинг мавқеини оширди.
Бундан ташқари, биз миллатнинг янги сифатини шакллантирадиган асосий қадриятларимизни аниқладик. Биз авлодларимиз келажагига зарар етказадиган хасталикларнинг олдини олиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Ўтган йилги йиғилишда Қурултой аъзолари ички сиёсат соҳасини қайта ташкил этиш ташаббусини илгари суришди. Тегишли ҳужжатни ишлаб чиқишда фаол иштирок этдинглар.
Ўтган йили Қозоғистон Республикаси ички сиёсатининг асосий тамойиллари, қадриятлари ва йўналишлари тасдиқланди. Энди биз ушбу ҳужжатни устувор вазифа деб ҳисоблашимиз ва уни фаол амалга оширишимиз керак.
Азиз дўстлар! Давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири – маданият ва санъатдир. Чунки жамият онги янгиланмаса, ислоҳотлар керакли натижаларни бермайди. Бу – ҳақиқат. Шунинг учун биз маънавият масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз даркор. Бу соҳада мисли кўрилмаган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилади.
Хусусан, Алмати вилоятида қозоқ драма театри, Абай ва Ақтўбе вилоятларида театрлар қад ростлайди. Шимкентда ҳам Опера ва балет театри қурилиши бошланади. Бу йил Мухтар Ауезов номидаги Қозоқ миллий драма театри очилганига 100 йил бўлди. Шу муносабат билан театр биносида давом этаётган тубдан таъмирлаш ишлари якунланади. Наталья Сац номидаги рус давлат академик болалар ва ўсмирлар театри ҳам таъмирланади.
Бундан ташқари, икки йил ичида мамлакатда 100дан зиёд маданият масканлари таъмирланади. Музей ишини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири. Шу муносабат билан, Қизилўрдада очилган янги тарихий-ўлкашунослик музейини алоҳида таъкидламоқчиман. Кузда шаҳарга хизмат сафари билан келганимда музейни кўздан кечирган эдим. Замонавий талабларга мувофиқ барпо этилган марказда музей ишини ташкил этишнинг инновацион усулларидан фойдаланилган. Бу тажриба бошқа вилоятларга намуна.
Қизилўрдада янги драма театри биносини бунёд этишни режалаштирганмиз, бу йил қурилишни бошлашимиз керак. Сўнгги ташрифимда вилоят зиёлилари билан учрашарканман, замонавий кутубхона қуриш кераклигини айтган эдим. Бу йилдан қуриш ишлари амалга оширилади.
Ҳозирги пайтда ёшлар орасида Қозоғистон тараққиёт даврига кирган, деган фикр мавжуд. Ёш авлод вакиллари янги жамоатчилик маданиятини ва ижодий индустрияни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Олам замонавий қозоқ санъатини ноёб ҳодиса сифатида қадрлай бошлади. Кино саноати ҳам ривожланмоқда.
Ёш авлод миллий ўзига хослигимизни санъат орқали ифода этиши ва миллатимизни дунёга танитиши фахр, ғурур. Ёшларнинг ғайрати, шижоати ва ижодкорлиги ҳар қандай соҳага катта туртки беради. Шунинг учун биз ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Биз уларнинг миллий қадриятлар билан бирга янги даврнинг ажойиб фазилатларини ҳам ўзлаштиришлари учун имкон яратамиз.
Аввалроқ Миллий қурултойда мамлакат маънавий-маданий меросини Халқаро саҳнада намойиш этиш ташаббуслари илгари сурилди. Бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 14 йил ичида биринчи марта “Хонлар шажараси” нодир қўлёзмасини ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритдик.
Жорий йилнинг ёзида Корея Республикасининг Пусан шаҳрида Бутунжаҳон мерос қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Ўшанда “Манғистау ерости масжидлари”ни ташкилот рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилади. Ҳозир Қозоғистон ўз иншоотларини номоддий маданий мерос рўйхатига фаол киритаётган 25та етакчи давлатлар сафига киради. Лекин бу билан тўхтаб қолмаслик керак.
Тарихимизни ўрганиш, санъат ва маданиятимизни ривожлантириш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши лозим. Бу каби чора-тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилади.
Юртимизда тарбиявий ва маърифий аҳамиятга эга бўлган тарихий масканлар, нодир ёдгорликлар
бисёр. Масалан, соф ёғочдан қурилган Жаркент масжиди Хитой меъморлари ва уйғур ҳунармандларининг ноёб асаридир. Алматидаги “Вознесенский кафедраль собори” бош черкови ҳам алоҳида тарихий иншоот ҳисобланади. Тинчлик ва дўстлик тимсоли ҳисобланган бу икки иншоотни “Бирлигимиз – хилма-хилликда” тамойилининг амалдаги ифодаси, деб аташ мумкин.
Буюк Даштнинг ҳар бир тоғи, ҳар бир тошида халқимизнинг кўп асрлик тарихи мужассам. Улардан бири – хазинага тўла Қоратов петроглифларидир. Тўрт минг йиллик тарихга эга бўлган тошга битилган чизмалар тамаддун илдизлари жуда чуқур эканлигидан далолат. Олимларимиз Қизилўрда заминидаги Сауискандиқ ва Туркистон вилоятидаги Арпаўзан дараларида жами 17 мингта петроглиф топишган.
Ана шундай қимматбаҳо осори-атиқаларимиз, миллий анъаналаримиз ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши муносиб, деб ҳисоблайман. Ваколатли вазирликка ушбу масалаларни ҳал этиш вазифасини юклайман.
Шунингдек, Абай таълимоти миллий ўзлигимизнинг, миллий онгимизнинг ўзаги бўлиши даркор. Унинг фикрлари қанча вақт ўтса ҳам долзарблигини йўқотмайди. Замонавий “Адолатпарвар фуқаро” тушунчаси буюк мутафаккирнинг “Комил инсон” ғояси билан чамбарчас боғлиқ. Абайнинг “Насиҳатлари”ни ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” ҳужжатли мероси рўйхатига киритилишига эришишимиз жоиз.
Ал-Форобий ва Яссавий таълимотлари ҳам миллий маънавиятнинг таянчи саналади. Очиғини айтганда, улуғ боболаримиз васиятларини фақат уларнинг юбилейларидагина эслаймиз. Бу – нотўғри. Бинобарин, Ал-Форобий, Яссавий, Абай таълимотларини тарғиб этувчи илмий анжуманларни мунтазам ўтказиб бориш зарур. Бу бошқаларга эмас, аввало ўзимизга керак. Уларнинг мероси маънавий-фалсафий мавжудимизнинг таянчидир. Мамлакатимиздаги инсонпарварликни ривожлантириш муассасалари буюк мутафаккирларимиз ўгитларини тизимли равишда тарғиб қилиши лозим.
Асл мақсад – халқимизнинг бебаҳо хазинаси миллий меросини асраб, кейинги авлодга етказиш. Бу борада Қурултой аъзоларининг фалсафа, жамиятшунослик, сиёсатшунослик сингари фанларни ривожлантириш ва ижтимоий-сиёсий фикрлар кўпжилдли китобини тайёрлаш тўғрисидаги таклифини таъкидлаш мумкин. Улар илмий муассасаларнинг тадқиқотлари онлайн дастур орқали оммабоп бўлиши зарурлигини таъкидлашди.
Яқинда Астана ва Алматида Президент кутубхоналарининг қурилиши бошланади. Менимча, ушбу бинолар фақат китоблар тўпланган жой эмас, балки, тарих, маданият ва тамаддунни тарғибот қиладиган марказлар бўлиши зарур. Рақамли технологиялар ва сунъий идрок ривожлангани сайин миллий қадриятларимизни кучайтириш муҳим вазифа бўлиб қолади. Тарих ва маданиятни электрон шаклга кўчириб, уни жаҳон рақамли жамғармасига қўшган мамлакатларгина миллий ўзлигини сақлаб қолади. Буни янги даврнинг талаби дейиш мумкин. Теранроқ таҳлил қилсак, бу – юртимизнинг ғоявий муқобиллиги ва келажагига бевосита тегишли масала.
Мен халқ хотираси ва илм-фанини жамлайдиган “Миллий рақамли мерос” жамғармасини тузиш ғоясини қўллаб-қувватлайман. Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили доирасидаги бу ташаббус тарихий меросни асраб, уни теран тадқиқ қилишга йўл очади. Мен бултурги Қурултойда илмий ишлар, архив материаллари, музей жамғармалари ва санъат асарларини тизимлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладим. “Миллий рақамли мерос” бу ишни замон талабига мос юритиш имконини беради. Биз сўнгги йилларда кўп асрлик тарихий меросимизни илмий жиҳатдан таҳлил қилиш ва тарғиб қилиш йўлида қатор ютуқларни қўлга киритдик. Жорий йил баҳорда Жўши хон тўғрисидаги ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари тугалланади. Мен ушбу залворли лойиҳанинг бошлангани тўғрисида Атировда ўтган Қурултойда айтгандим. Кўп серияли фильмнинг тақдимоти нуфузли халқаро дастурларда ўтади. Бу Олтин Ўрда тимсолини бутун дунёга тарғиб қилишда хизмат қилади. Шундай тарихий мавзуга келганда чиройли, ёқимли, яъни визуал персонаж гавдалантиришдан ташқари унинг ички мазмун-моҳияти теран бўлиши ҳақида ўйлаш лозим. Шунинг учун, менинг топшириғимга мувофиқ, май ойида Олтин Ўрда тарихига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилади. Тадбирга бутун дунёдан нуфузли олимлар таклиф этилади. Шунингдек, биз бутун туркий тамаддунни ўрганишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Сентябрь ойида россиялик ҳамкасбларимиз ва бошқа мамлакатлар вакиллари билан биргаликда “Ўр Олтой – туркийларнинг ота макони” номли халқаро анжуман ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Беш йил муқаддам менинг “Мустақиллик барчасидан қадрлироқ” номли мақолам чоп этилганди. Унда мен замонавий илмий усулларга асосланган тарихимизга оид янги академик асар яратиш топшириғини берган эдим. Ушбу кенг кўламли ва асосий илмий тадқиқот иши йил охирига қадар якунланади.
Қозоғистоннинг етти жилдли илмий асосда битилган тарихи нашр этилади. Бу асар давлaтчилигимизни мустаҳкамлаш ва миллатимизнинг ягона тарихий онгини шакллантиришга қўшган улкан ҳиссамиз бўлади. Ушбу муҳим илмий тўплам Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан нашр этилмоқда. Бу улкан рамзий маънога эга.
Биз ушбу тарихий босқични ана шундай аниқ ҳаракатлар билан белгилашимиз керак. Агар биз келажакка ишонч билан қарасак, ўтмишни унутмасак, мамлакатимизнинг изчил тараққиёти учун йўл очилади. Шунингдек, авлоднинг ватанпарварлик туйғуси мамлакат манфаати учун аниқ ишлар билан уйғунлашади.
Ватанпарварлик, албатта, Ватанга муҳаббатни англатади. Бироқ, агар сиз Ватан олдидаги масъулиятингизни ҳис қилмасангиз ва фарзандлик бурчингизни адо этишга интилмасангиз, унда сизнинг “Мен ватанпарварман, ватанпарварман!” деган гапларингиз бекор.
Ҳозир жамиятда “Қозоғистон Давлат байроғи қаерда ва қачон ишлатилиши керак?” деган муҳим масала муҳокама қилинмоқда. Бу масала махсус меъёрлар ва қоидалар билан тартибга солинади. Давлат рамзларидан фойдаланишга енгил ёки бепарво муносабатда бўлиш мумкин эмас. Қонун талаблари ҳамиша ижро этилиши керак. Бироқ, аввало, қонуннинг моҳиятини чуқур англаш керак.
Давлат рамзларини қадрлаб, улардан тўғри фойдаланадиган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Уйларда, транспорт воситаларида, кўчаларда, шунингдек, мамлакатимиздаги, айниқса, хорижда ўтаётган маданий тадбирларда давлатимиз байроғи ҳилпираб турганини кўриб қувонаман. Шу орқали мамлакатимиз фуқаролари бирлиги мустаҳкам миллат эканлигини намоён этади. Уларнинг ҳаракатлари Ватан билан фахрланишини очиқ ифода этмоқда.
Қозоғистоннинг осмон билан туташган мовий байроғини бутун дунё билади. Спортчиларимизнинг ёрқин ғалабаси, олимларнинг илмий ютуқлари, санъаткорлари бетакрор истеъдоди орқали Ватанимиз дунёга танилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг муваффақияти – Қозоғистоннинг ютуғи, ҳар бир йигит-қизнинг шаъни – бутун халқимизнинг шарафидир. Шу боис, туғилган юртга амалий ишлари билан намоён этадиган чинакам ватанпарвар фуқароларни қўллаб-қувватлашимиз керак.
Бунёдкор ватанпарварликнинг асосий тамойиллари ҳаётнинг ўзида мужассам. “Тоза Қозоғистон” умумхалқ тадбирида, кўнгиллилар ҳаракатларида, хайрия тадбирларда ижтимоий тадбиркорлик ва мамлакат манфаатига бағишланган бошқа ишларда фаол иштирок этиш – ана шундай масъулиятли бунёдкор ватанпарварлик намунасидир. Бу ҳақда бугун депутат Сабильянов ҳам ўринли фикр билдирди.
“Тоза Қозоғистон” – миллий мафкурамизнинг ажралмас қисмига айланди. Тозалик, аввало инсоннинг пок нияти ва соф қалбидан бошланади. Бу – энг аввало, кўчалар, уйларни тоза ва озода сақлашни тақозо этади. Тоза Қозоғистон – шунчаки шиор ҳам эмас, мавсумий тадбир ҳам эмас, балки ҳар кунлик машаққатли меҳнат ва масъулият мевасидир. Тозалик интизомни мустаҳкамлайди, интизом эса масъулиятни юксалтиради. Ушбу муҳим ғояни авлод онгига сингдириш ниҳоятда аҳамиятлидир. Ана шундагина биз ҳақиқий тамаддунлашган ва илгарилаб бораётган тараққий этган мамлакатга айланамиз.
Қозоғистон ватанпарвари бўлиш – фуқаролик масъулиятни чуқур ҳис этиш демакдир. Миллий манфаатлар ниқоби остида шов-шув кўтарадиган, қолаверса, фуқароларимизнинг Ватанимизга самимий муҳаббатини сиёсий манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлган ғараз ниятли одамлар бизга керак эмас. Барча соҳаларда, шу жумладан, заводларда, қишлоқ хўжалиги, соғликни сақлаш, давлат муассасалари ва хусусий компанияларда ҳалол меҳнат қилаётган инсонлар, ҳарбий бурчини адо этаёган ҳамда жамоат тартибини таъминлаётган фуқаролар ана шу масъулиятга асосланган бунёдкор ватанпарварликнинг ҳақиқий тимсолидир.
Қозоғистон Адолат, Қонун ва интизомнинг маскани, меҳнаткаш одамлар юрти бўлиши керак. Қонун устуворлиги ва бунёдкор меҳнат юксак турмуш маданияти ғояси билан уйғунлашиши керак. Бу асосий қоидалар кўплаб мамлакатларда муваффақият ҳамда фаровон ҳаёт формуласи сифатида қабул қилинган. Шу каби асосий қадриятлар ва ҳаёт йўриқномалари ҳар бир инсонга оилада ва мактабда сингдирилади. Шунинг учун биз таянч институтларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Турли сиёсий манфаатпарастлар миллий қадриятларимизнинг моҳиятини бузишига, ёшларни “янги”дек кўринган ёт қадриятларга эргаштириб, адаштиришига йўл қўймаслигимиз керак. Мен нимани назарда тутаётганимни барчангиз тушундингиз. Давлат анъанавий маданий қадриятларни ҳимоя қилиши, мамлакатни ичдан барбод қиладиган зарарли, ахлоққа зид ҳаракатларни тарғиб қилишга чеклов қўйиши шарт.
Жамиятимизда эркак ва аёл ихтиёри билан турмуш қуриб, никоҳини давлат муассасасида расмий равишда рўйхатдан ўтадиган анъанавий оилавий институтни қонун доирасида мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ. Лекин, давлатнинг ахлоққа зид қарашлари учун кимнидир жиноий жавобгарликка тортиш ва ахлоқий жиҳатдан камситишга йўл қўйилмайди. Давлатнинг тамойили – “Ҳар бир фуқаро танлаш ҳуқуқига эга. Лекин, ҳеч ким ўз танловини ўзгага мажбурлаб қабул қилдира олмайди”. Мамлакатимиз барча фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини қатъий ҳимоя қилади.
Шимкент шаҳрида Нурай исмли қиз қотиллик қурбони бўлди. Бу бутун мамлакатни ларзага солди. Миллий қурултойга ушбу воқеа бўйича 130дан зиёд ариза келиб тушди. Гумондор Нурайни таъқиб қилгани, тинчлик бермай, таҳдид қилгани аниқланди. Охир-оқибат, бу одам ўлимига олиб келди. Шу муносабат билан мен Ички ишлар вазирига Шимкент шаҳар департаментининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни топширдим. Бош прокурор ҳам бу масалани диққат билан текширади. Қиз олиб қочиш – миллатимиз обрўсига путур етказадиган шафқатсиз ва ваҳший жиноятдир. Бундай ваҳшийликка ҳеч қачон йўл қўйиб бўлмайди.
Йилдан-йилга халқнинг онги ва фикрлаш даражаси ўсиб, жамиятда фуқаролик масъулияти юксалмоқда. Қонун ва интизом – барча учун умумийдир. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қонун талабларига қатъий риоя қилиши шарт.
Ҳурматли Миллий қурултой аъзолари!
Ҳар бир давлатнинг қудрати – халқидир. Фуқароларимизнинг бунёдкорлик қуввати билан мамлакатимиз ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиб, улкан муваффақиятларга эришишига ишончим комил. Маълумки, мен турли режалар ва стратегиялар тузишни маъқул кўрмайман. Келажакни дастурлаш, режалар тузиш, ҳаёт ҳақиқатларига асосланган муносабат муҳим. Давримиз ўта шиддатли. Бу эса одамларнинг одатий ҳаёт тарзи ва онгини ўзгартирмоқда. Рақамлаштириш ва сунъий идрок тубдан янги муҳитни юзага келтирмоқда. Унда аввалдан шаклланган қарашлар ва одатий амалиётлар учун мутлақо ўрин йўқ. Дунёвий рақамли иқтисодий даврда мамлакатлардаги аҳоли сони аввалгидек муҳим бўлмаслиги мумкин. Сунъий идрок даврига мослашган, ҳаётини шунга қараб ташкил қилган ва янги жараёнларда фаол иштирок этаётган мамлакатларгина муваффақиятга эришади. Шунинг учун Қозоғистон рақамлаштиришни жадал ривожлантирмоқда ва сунъий идрокни шахсий ва жамият ҳаётининг барча соҳаларига татбиқ эта бошлади.
Мақсадимиз – таълим, фан ҳамда юқори технология соҳасига улкан сармоя жалб этиш. Чунки, инсон капитали сифатини ошириш – жуда муҳим вазифа. Бу, айниқса, мамлакат тараққиётидаги тарихий бурилиш даврида халқимизнинг келажагига бевосита таъсир кўрсатади. Энг муҳими – ушбу режалар тақдимот маросимлари ва анжуманлар соясида қолиб кетмаслиги керак. Биз баландпарвоз шиорлар ва сохта тараққиётга эмас, балки аниқ ва кўзга кўринадиган натижаларга эришишимиз керак.
Биз “Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили”ни ҳисобот ва шиорбозлик қилиш учун эълон қилмадик. Бу қарор бутун давлат девонларига аниқ вазифаларни юклади. Бу – стратегик вазифа. Ишларнинг натижаси аниқ ҳамда кўзга кўринарли кўрсаткичлар билан баҳоланиши керак. Хусусан, қарор қабул қилиш вақтини қисқартириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва хизмат сифатини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатиши керак.
Бироқ, бошқарувда кенг ўрин олган беқарорликни фақат илғор технологиялар бартараф этолмайди. Буни яхши англаш зарур. Агар иш бошидан тўғри йўлга қўйилмаса, бир-бирини такрорлайдиган вазифалар кўпайиб, қоғозбозлик ишга тўсқинлик қилса, сунъий идрокни жорий этиш муаммони тўлиқ ҳал қилолмайди. Шунинг учун рақамли ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш учун аввало, бошқарув тизимини созлаш даркор. Бунинг учун, шошилинч вазифа туғилди: давлат шўъбасида ишни ташкил этиш маданиятини яхшилаш, бошқарув тизимини тартибга солиш керак. Рақамли қарорларга ҳамда сунъий идрок технологияси ёрдамида барча соҳадаги давлат бошқаруви сифатини оширишга мўл имконият мавжуд. Ундан тўғри фойдаланиш зарур.
Юқори технологияларга асосланган энергияни кўп сарфламайдиган иқтисодиётни яратиш учун, аввало, кучли инфратузилмани шакллантириш керак. Логистика соҳасида кўп учрайдиган хато шундаки, аввал тартибсиз равишда омбор қуриб, сўнг энг муҳим муҳандислик тизимлари ўрнатилади. Бундай хатоларга йўл қўймаслик керак. Шунингдек, бундай иншоотларнинг барчаси қурилиш талабларига жавоб бермайди. Бу эса, харажатларни ошириб, кенг кўламли ишларнинг самарадорлигини пасайтиради. Бу – бошқарувдаги саводсизликнинг кўзга ташланадиган белгиси. Шу боис, ҳар бир лойиҳа режалаштирилган ва умумий меъёрларга мос бўлиши керак. Барча IT инфратузилмасининг ишончли ва узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган кучли маълумотлар марказини барпо этишга мўлжалланган махсус ҳудудларни олдиндан аниқлаш лозим. Маълумотларни таҳлил қилиш марказлари айнан шундай жойларда қурилиши керак. Бундай марказларда энергия манбалари, хавфсизликни таъминлаш ҳамда совутиш тизими бўлиши керак.
Ҳукумат Павлодар вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Экибастуз ҳавзасининг энергетик қувватидан фойдаланган ҳолда, “Маълумотларни қайта ишлаш маркази майдони”ни барпо этишни режалаштирмоқда. Ташаббус, албатта, ёмон эмас, унинг қанчалик самарали амалга оширилишини ишга туширилганда кўрамиз.
Атом электр станцияларининг ишга туширилишини кутмай, янги қувват манбаларини ишга туширишимиз керак. Шунингдек, “ДАТА”-маълумотлар марказлари металлургия комбинатлари сингари кўп энергия истеъмол қилишини инобатга олиш керак. Шу боис, энергия захираларини етарли даражада таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида қаралмоғи керак.
Ҳозирда Қозоғистонда 123,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Барча режаларни амалга ошириш учун бу етарли эмас. Мен яқинда буни Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишида очиқ таъкидладим. Бошқача айтганда, мамлакатимизнинг рақобатбардош устуворликларидан тўлиқ ва самарали фойдаланмаяпмиз.
Қозоғистонда 33 миллиард тоннага яқин улкан кўмир захираси мавжуд. Агар биз ҳозирги суръат билан ишлаб чиқаришни давом эттирсак ҳам, кўмир захиралари 300 йилга етади. Мамлакатимизда йил сайин 110 миллион тоннадан зиёд кўмир ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткич бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторидамиз. Кўмир – стратегик бойлигимиздир. Атроф-муҳитга зарарини камайтирадиган замонавий технологиялар ёрдамида кўмирдан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Президент Трамп кўмирнинг устуворликларини алоҳида таъкидлади. Кўмир энергиясини ишлаб чиқаришга Миллий лойиҳа мақоми берилиши керак. Ҳукуматга Миллий лойиҳани 20 мартгача қабул қилишни топшираман. Кўкшетау, Семей ва Ўскемен шаҳарларидаги иссиқлик электр марказларнинг қурилишини жадаллаштириш зарур. Уларнинг ҳар бири муҳим лойиҳа. Бу масала ҳал қилинмай, асоссиз чўзилиб кетгани маълум. Мен Ҳукумат ва “Самұрық-Қазына” жамғармаси фаолиятига танқидий баҳо бераман.
Энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун Курчатов электр станцияси ва Экибастуздаги 2-ГРЭСнинг қўшимча энергоблокларини ўз вақтида ишга тушириш ва 3-ГРЭС қурилишини бошлаш зарур. Бу – энг аввало, газ билан ишлайдиган электр энергиясини ишлаб чиқариш билан боғлиқ масала. Янги конларни топиш орқали табиий газ ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш керак. Афсуски, зангори олов ишлаб чиқариш иқтисодиётимизда ортиб бораётган талабини қондира олмаяпти. Ўтган йили товарли газ импорти 18 фоизга ўсиб, 4,5 миллиард кубометрга етди. Шу билан бирга, янги газ конларини очиш ишлари жуда секин кечмоқда. Бу – самарасиз режалаштиришнинг оқибатидир. Ҳозирги вазиятда бунга умуман йўл қўймаслик керак. Мен “QazaqGaz” раҳбариятига ўз маблағлари ҳисобидан ва сармоядорларни жалб қилган ҳолда салоҳияти юқори майдонларни ўзлаштиришни топширдим.
Ҳукумат “Самұрық-Қазына” жамғармаси билан ҳамкорликда геологик қидирув ишларини жонлантириш ва янги углеводород конларини ўзлаштиришни таъминлаши керак. Газни қайта ишлаш билан боғлиқ йирик лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилишини қатъий назорат қилиш зарур. Бизга қоғоздаги эмас, аниқ натижалар керак.
Энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлайдиган яна бир муҳим захира – мамлакат сув захиралари. Уларнинг салоҳиятидан тегишли даражада фойдаланилмаяпти. Очиғи, ушбу муҳим йўналишдаги ишлар тартибсиз равишда олиб борилмоқда. Мамлакатнинг мавжуд сув жамғармасига зудлик билан аниқ баҳо берилиши керак. Чунки, иттифоқ давридан қолган маълумотлар аллақачон эскирган. Фанлар академиясидаги олимларимиз қани? Улар нима учун ҳозиргача мамлакат сув захираларини баҳоламаган? Қозоғистоннинг сув ва энергетика захираларини аниқ акс эттирувчи харита ишлаб чиқиш керак.
Вақт кутмайди. Ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқиш гидроэнергетиканинг жадал тараққиётига тўсқинлик қилмаслиги керак. Ҳукумат ва “Самұрық-Қазына” жамғармаси баъзи гидротехника иншоотларининг самарадорлигини ошириш учун уларни ишончли бошқарувга ўтказиш масаласини ҳал қилиши керак.
Транспорт-логистика мажмуасига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Уни тўғри ривожлантирмасак, мамлакат иқтисодиётини барқарор тараққий эттириш мумкин эмас. Қозоғистон улкан транзит салоҳиятига эга. Бироқ, бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун кўп ишлар қилиниши керак.
Мамлакатимизда жадал ишлар амалга оширилди. Минглаб чақирим автомобиль йўллари ва темир йўллар қурилиб, таъмирланмоқда. Асосий йўлларнинг талабга мос келмайдиган қисмлари тартибга келтирилмоқда. Вокзаллар, денгиз ва ҳаво портлари, шунингдек, қуруқлик портлари янгиланмоқда, баъзилар эса қайта қурилмоқда. Мультимодал транспорт ҳам ривожланмоқда.
Автотранспорт соҳаси ҳам жуда муҳим. Мамлакат автомобиль йўлларини халқаро андазаларга мос янгилаш – алоҳида муҳим вазифа. Биринчидан, Қозоғистоннинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги транзит даҳлизи сифатидаги аҳамиятини оширади. Иккинчидан, вилоятлар ўртасидаги транспорт алоқасини сезиларли даражада яхшилайди.
Яқинда Қизилўрда – Жезқазған йўлининг Қизилўрда қисми қуриб битказилди. Йил охирига келиб, Улутау вилоятидаги қисмида транспорт ҳаракати тўлиқ очилади. Йўлнинг умумий узунлиги – тахминан 400 чақирим.
Энг муҳими, жорий йилда мамлакатимизда мисли кўрилмаган кенг кўламли инфратузилмавий лойиҳалар бошланади. “Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа” – Қозоғистондаги энг асосий йўлларнинг бири. Бироқ, унинг Қизилўрда – Ақтўбе ўртасидаги қисми – тор, йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлади. Мен илгари ушбу йўлни кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берган эдим. Бу йил 4 йўналишли автомагистрал қурилиши бошланди.
Ҳозирги йўлнинг аксарият қисми вилоятларнинг ички йўли бўлиб қолаверади. Шунингдек, ўтган йилги Мактубимда “Бейнеу – Сексеуіл” йўли қурилишини тезлаштириш юзасидан топшириқлар берган эдим. Ушбу тадбирлар ҳам бу йил бошланади. Лойиҳа амалга ошгач, “Ўрта даҳлиз”нинг узунлиги 900 чақиримга қисқаради, бу эса Ақтау ва Қуриқ портларига йўл очади. Қарағанди – Жезқазған йўналишидаги йўл эскирганига анча йиллар бўлди. Бу йил эски йўлнинг ёнида икки йўлакли янги йўл қурилишини бошлаймиз. Кейинчалик эски йўл таъмирланиб, у тўрт қаторли янги йўлга айлантирилади. Бундан ташқари, Сариоғоч яқинидаги транспорт ҳаракати ҳам жуда тиғиз. Шу боис, бу йил “Сариоғоч айланма йўли” қурилиши бошланади. Барча ишларнинг сифатли ва вақтида амалга оширилиши бевосита назоратимда бўлади. Сабаби, бу лойиҳалар Қозоғистоннинг халқаро логистика маркази сифатидаги салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.
Автотранспорт йўллари билан бир қаторда темир йўл инфратузилмасини кенгайтириш ва такомиллаштиришни давом эттириш зарур. Бу – транспорт йўлларини ўзаро уйғунлаштириш нуқтаи назаридан жуда муҳим масала. Ўтган йили “Достық – Мойынты” темир йўлининг иккинчи қисми фойдаланишга топширилди. Алматидан айланиб ўтувчи темир йўл қурилиши якунланди. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини сезиларли даражада оширди. Жорий йилда “Қызылжар – Мойынты” ва “Дарбаза – Мақтаарал” темир йўл тармоқлари қурилади. Шунингдек, “Алтынкөл – Жетіген” ва “Жезқазған – Сексеуіл” йўналишлари бўйича темир йўл участкалари янгиланади.
Қозоғистон учун ҳаво йўлларини ривожлантириш жуда муҳим. Янги халқаро парвозларни йўлга қўйиш керак. Бу – нафақат иқтисодий масала, балки фуқароларимизга дунё бўйлаб эркин саёҳат қилиш имкониятини берадиган очиқ жамият эканлигимизни билдирадиган қадам.
Мамлакатимиз ҳудудида ўндан зиёд халқаро транспорт даҳлизи мавжуд. Бу – ижобий мойиллик, уни имкон қадар ривожлантириш керак. Айнан шу пайтда Қозоғистон ўзини халқаро транспорт-транзит даҳлизи сифатида намоён этиши керак. Дунёвий логистика харитасидан муносиб ўрин эгаллашимиз учун тизимли иш ва аниқ ҳаракатлар стратегияси керак.
Ҳукуматга авиация соҳасида, жумладан, ҳаво орқали юк ташишда аниқ натижага эришиш вазифаси юкланди. Менимча, мамлакатимиз ҳали Евроосиёнинг ҳаво юк ташиш марказига айланмагани – кечириб бўлмайдиган хато, оддий тил билан айтсак, бу – ҳақиқий бемаънилик. Юк ташиш бўйича давлат авиакомпаниясини ташкил этишда Ҳукумат нотўғри қарор қабул қилган. Номаълум сабабларга кўра, бу вазифани “Қазақстан темір жолы” компаниясига юклади. Агар Ҳукумат вазифани бажара олмаса, бу ишни хусусий тузилмаларга топшириш керак.
Яқинда ўтган кенгайтирилган йиғилишда авиаёқилғининг қимматлиги соҳа тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилди. Унинг нархи ҳаддан зиёд қиммат бўлиб, қўшни давлатлар аэропортларидаги тарифлар билан рақобатлаша олмаяпти. Биз ўзимиз йилига 100 миллион тонна нефть
хомашёсини ишлаб чиқарадиган мамлакат бўла туриб, “қора олтини” умуман йўқ давлатлар билан авиаёқилғи нархи борасида беллаша олмаяпмиз. Бу ақлга сиғадиган жиҳат эмас.
Шу муносабат билан мамлакатимиздаги таниқли иқтисодчилар ва энергетика соҳаси мутахассисларига нисбатан ҳам қатъий танқидий эслатмаларим бор. Зарур бўлган тақдирда, кадрлар бўйича қарорлар ҳам қабул қилиниши мумкин.
Бизнинг асосий мақсадимиз – иқтисодиётнинг сифатли ўсиш суръатини сусайтирмаслик. Шу боис, пул қадрсизланишини камайтириш борасида ишлар бошланди, янги сармоя даври эълон қилинди. Бошқа қатор қарорлар ҳам қабул қилинди. Иқтисодиёт ва бизнес соҳаси янги солиқ тартибига ўтмоқда. Ҳукумат ва маҳаллий ижро органлари фискал тизимидаги ўзгаришлар аҳолининг саросимага тушишига йўл қўймай, босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаши шарт. Солиқ кодексини қўллашга доир жамоатчиликнинг асосли ва конструктив таклифлари инобатга олиниб, диққат билан ўрганилиши керак. Зарур бўлса, тегишли тузатишлар киритилиши даркор. Аслини олганда, Солиқ кодекси муқаддас матн эмас.
Жамиятнинг янгиланиш даврида халқ билан самарали мулоқот ўрнатиш алоҳида аҳамиятга эга. Фуқаролар мурожаатлари билан тизимли иш олиб бориш аҳолининг кундалик ҳаётидан бохабар бўлиш ва уларнинг талаб-истакларига пешвоз чиқиб, малакали жавоб бериш имконини беради.
Сўнгги пайтларда менга хусусий мактабларни молиялаштириш дастагига оид қатор шикоятлар келмоқда. Яқинда “Turkistan” газетасига берган мусоҳабамда бу масаладаги нуқтаи назаримни очиқ изҳор этдим. Таълим соҳасини давлат томонидан молиялаштиришнинг тартиби бузилган. Мазкур камчиликни зудлик билан бартараф этиш зарур. Хусусий мактабларда ўтказилган аудит натижасида ноқонуний ва асоссиз харажатлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Бу муаммо аҳоли жон бошига асосланган молиялаштириш тизимининг заифлиги туфайли юзага келган. Ҳукуматга таълим соҳасидаги давлат молиялаштириш тизимини шошилинч равишда ислоҳ қилиш вазифаси юклатилди. Молиялаштиришнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш зарур. Шу билан бирга, ўрта таълим тизимини ривожлантиришда бизнес тармоғи муҳим ўрин тутишини ҳам инобатга олмоқ даркор.
Шу каби, ҳатто бундан-да жиддий муаммолар соғликни сақлаш соҳасида ҳам кузатилмоқда. Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси фаолиятини ҳар томонлама тафтиш қилиш жараёнида кўплаб қонунбузарликлар ва ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланди. Давлат маблағларини ўзлаштириш мақсадида очиқ-ойдин сохта маълумотлар тақдим этилган, ёлғон маълумотлар киритилган.
Бутун мамлакат иқтисодиётни ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва соғликни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш учун куч-ғайратини сафарбар этаётган бир пайтда, ижтимоий соҳага ажратилган йирик маблағ талон-тарож қилинмоқда. Ахир, давлат 2024-2025 йилларнинг ўзида тиббиётни ривожлантириш учун 7,8 триллион тенге ажратмадими? Тушунарли бўлиши учун айтаман, бу – 15,5 миллиард доллар дегани.
Давлат томонидан таълим ва соғликни сақлаш соҳаларига ажратилаётган маблағлар, даставвал, фуқароларимизнинг турмуш сифати ва фаровонлигини оширишга қаратилган, шунингдек, Адолатли Қозоғистонни барпо этиш стратегияси билан узвий боғлиқ эканлигини тўғри англаш даркор.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга уюшган жиноятчиликнинг қинғир йўллари орқали бойлик орттираётган шахсларни фош этиш вазифаси юклатилди. Мен Ҳукуматнинг Ижтимоий тиббий суғурта жамғармасини Молия вазирлиги тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлайман. Ижтимоий соҳа раҳбарларининг етарлича малакага эга эмасликлари ва давлат манфаатларига бепарволик билан қараши оқибатида Жамғармада шундай ҳолатлар юзага келган. Бундай вазиятда ватанпарварлик ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча. Шу сабабли мансабдор шахслар ҳалол бўлиши керак, деган талаб умумдавлат миқёсидаги долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
Тиббий суғурта жамғармасидан йирик миқдордаги маблағлар ўзлаштирилаётган бир пайтда, “Тез ёрдам” ходимлари ва фельдшерлар фирибгарларнинг гапига учиб, норозилик акцияларига чиқмоқда, ижтимоий талабларни илгари суришмоқда.
Фуқароларимиз фирибгарларнинг қурбонига айланмоқда. Кўплаб инсонлар ҳалол меҳнат билан топган даромадидан маҳрум бўлмоқда. Алдовга ишониб, жиноий молиявий операциялар тузоғига тушиб қолишяпти. Бутун дунёда, хусусан, Европа ва АҚШда муҳожирлик билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кескин кучайганини барчангиз билиб, кўриб турибсиз. Бу муаммо мамлакатимиз учун ҳам долзарб. Чунки вақт ўтиши билан Қозоғистон хорижликлар учун ишлаш ва доимий яшаш учун қулай давлатга айланмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Қозоғистон ҳудудида хорижликларнинг доимий яшашини қонунийлаштирувчи ноқонуний сохта ҳужжатлар тайёрлаган фирибгарлар жиноятини фош этди.
Иқтисодий ёки ижтимоий соҳалардаги фирибгарликка қарши курашни кучайтириш зарур. Шунингдек, майда безорилар, бузғунчилар ва ўғрилардан тортиб, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳамда жамият тинчлигини бузишга уринаётганлар қонун ва тартибни бузган барча шахслар қатъий равишда жавобгарликка тортилиши жоиз. Бу – ўта долзарб ва энг муҳим вазифалардан бири.
Рақамлаштириш барча соҳаларда жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Шу боис, шахсий маълумотларни қонун доирасида муҳофаза қилиш, фуқароларнинг молиявий ҳамда рақамли саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Яна бир муҳим масала – халқаро вазият кескинлашаётган ҳозирги шароитда асосий иқтисодий шерикларимиз билан самарали алоқаларни йўлга қўйиш даркор. Бизнинг нуқтаи назаримиз аниқ. Қозоғистон иқтисодий уйғунликни қўллаб-қувватлайди ва бу жараёнда фаол иштирок этади. Бироқ мазкур ҳамкорлик манфаатларимиз нуқтаи назаридан қараганда адолатли бўлмоғи жоиз. Жорий йилда Қозоғистон Евроосиё иқтисодий Иттифоқига раислик қилади. Биз Евроосиё интеграциясининг самарадорлигини ошириш мақсадида сунъий идрок технологияларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, миллий маҳсулотимизга бўлган таҳдидларга қарши кураш бўйича тадбирлар давом эттирилади. Масалан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасига нисбатан асоссиз босим ўтказилаётгани оддий ҳол эмас. Евроосиё иқтисодий Иттифоқи таркибидаги давлатларнинг субсидия бериладиган маҳсулотлари ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани боис, маҳаллий озиқ-овқат саноати вакиллари ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиришга мажбур. Бу биз учун озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи. Шу боис, интеграция жараёнлари адолат тамойиллари асосида амалга оширилиши кераклигини таъкидлаб ўтаман.
Ҳукумат миллат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида янада фаол ҳаракат қилиши жоиз. Томонлар манфаатлари адолатли ҳисобга олинадиган мувозанат нуқтасини топиб, Қозоғистон тамойилини изчил, малакали тарзда муҳофаза қила олиши керак. Ана шундагина иқтисодиётимизни халқаро бозорда рақобатбардош қила оламиз.
Қадрли йиғилиш иштирокчилари!
Биз мутлақо янги ҳодисаларнинг юзага келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунга ўзимиз ҳам, келажак авлод ҳам мослашиши даркор. Бошқача айтганда, аввал имкони йўқдек ёки ишониб бўлмайдигандек туюлган нарсалар бугун оддий ҳолга айланмоқда.
Халқаро ҳуқуқ кўз ўнгимизда ўз қадр-қимматини йўқотмоқда. Жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора кучайиб бормоқда. Ҳарбий харажатлар рекорд даражага етиб, қарийб уч триллион долларга яқинлашди. 2035 йилга бориб, бу кўрсаткич яна бир неча баробар ўсиши эҳтимол.
Кун сайин авж олаётган ҳарбий соҳага устуворлик бериш жараёни халқаро ҳамжамиятнинг адолатли жаҳоний интизомини барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини йўққа чиқармоқда. Ана шундай мураккаб шароитда ташқи сиёсатнинг аҳамияти янада ортади. У даставвал, мувозанатли бўлиши, давлатнинг стратегик манфаатларини муҳофаза қилиши ва илгари суришга хизмат қилиши керак.
Умуман олганда, дипломатияда йўл қўйилган хатонинг оқибати жуда оғир бўлади. Бу давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин.
Бу ҳолат бизга яхши маълум. Иқтисодий соҳада бир режа ёки концепцияни бошқа дастурий ҳужжат билан алмаштириш мумкин. Аммо халқаро шартнома имзолангач, ундан воз кечиб бўлмайди. Айтилган сўз – отилган ўқ!
Биз дипломатияни халқаро можаро ва низоларга олиб борадиган йўл эмас, балки муросага келиш, битимга эришишнинг муқобили йўқ, энг муҳим воситаси деб биламиз. Касбий лаёқат ҳамда холис ният бўлса, ҳар қандай зиддият ҳал этилади.
Мен “Иброҳим битимлари”га қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилдим. Бундай битимларнинг пайдо бўлиши – дипломатиядаги янгиликдир ва бу Президент Трампнинг тарихий воқелик ва ҳозирги замонавий сиёсий вазиятни чуқур англашидан келиб чиқади. Бундай битимларни дипломатик инновация, деб баҳолаш мумкин. Яқин Шарқда барқарор тинчликни ўрнатишга қаратилган “Иброҳим битимлари”га қўшилиш тўғри қарор эканлигига ишончим комил. Ушбу битимнинг асл моҳиятини англаш учун унинг номига эътибор қаратиш зарур. Авраам, яъни Иброҳим дунё динлари тарихида ҳурматга сазовор шахс бўлиб, уни яҳудийлик, насронийлик ва ислом анъаналари тарафдорлари қадр тутадилар.
Мамлакатимиз бутун инсониятни бирлаштирадиган умуминсоний қадриятларга таяниши керак. Биз турли халқлар ва дин вакиллари ўртасида тотувлик ҳукм суришини истаймиз. Шу боис, мазкур битимга қўшилишимиз алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу қарор мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширади.
Қозоғистон – юксак масъулиятли ўрта даражадаги ва ҳудуди жиҳатидан ислом оламидаги энг йирик давлатлардан бири. Биз барчага тушунарли, мантиққа асосланган ва адолатли сиёсат тарафдоримиз ва бу тамойилга доимо содиқмиз. Ташқи сиёсатдаги барча саъй-ҳаракатларимиз ягона мақсадга қаратилган. Даставвал, Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлиги, хавфсизлиги ва эгаменлигини таъминлашимиз шарт. Мамлакат раҳбари сифатида мен учун Мустақиллик – ҳамма нарсадан устун! Бу – навбатдаги байрам шиори эмас, балки бугунги беқарор ва нотинч замонда миллий стратегиямиз асосий тамойилидир.
Мен ҳамиша таъкидлайман: “Мустақиллик, даставвал, умуммиллий бирлик ва тотувликдир”. Биз миллий бирликни сақлаб қолиб, барқарор тараққий этган, нуфузи баланд, қудратли давлат барпо этишни ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўйишимиз керак. Бу мақсадга стратегик нуқтаи назардан ёндашиб, ақлли ва заковатли халқ эканлигимизни намоён этишимиз лозим.
Аввал ҳам айтганман, бугун ҳам яна бир бор қайд этмоқчиман: биз “тарихий жароҳат олган миллат” руҳиятидан батамом халос бўлишимиз керак. Бошимизга тушган барча кулфатларни ўзга халқлардан кўриш, миллатимиз пешонасига ёзилган аччиқ қисмат ҳақида адоғи йўқ баҳс-мунозаралар юритиш – ўтган кун билан яшаш демакдир.
Дунё ўзгармоқда, биз учун ҳам ўзгариш вақти келди. Биз – келажаги порлоқ, йўли очиқ ёш давлатмиз. Шу боис замон оқимидан ортда қолмай, фақат олға интилишимиз керак.
Дунё барча соҳаларда катта ўзгаришларга дуч келмоқда. Сиёсат ва иқтисодиётдан тортиб, иқлим ва технологиягача – ҳамма нарса ўзгаряпти. Бундай шароитда биз ҳам жасоратли ва кутилмаган илғор қарорлар қабул қила олишимиз, ҳеч нарсадан чўчимаслигимиз керак. Мен Ҳукумат аъзоларини огоҳлантирдим: “Агар кимдандир ёки нимадандир чўчисангиз, менга хизмат хатини йўлланг. Агар сиз қабул қилган қарор ёки таклифнинг фойда келтиришини ҳис қилсам ижобий белги қўяман. Барча масъулиятни ўз зиммамга оламан”. Ушбу мурожаатни, даставвал, давлат хизматчиларига, тадбиркорларга ва олимларга қарата айтмоқдаман. Катта ва туб ўзгаришлар даври яқинлашмоқда, ҳатто бошланиб ҳам кетди, десак бўлади. Мамлакатимиз янги тарихий оламда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши жоиз.
Қадрли дўстлар!
Жорий йил Қозоғистон келажагига бевосита таъсир ўтказадиган ниҳоятда муҳим давр бўлади. Мен бу ҳақда яқинда “Turkistan” газетасига берган мусоҳабамда ҳам таъкидлагандим. Мамлакатимиз кенг кўламли сиёсий янгиланишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Олдинда турган парламент ислоҳоти айнан шу ўзгаришларнинг ўзаги бўлиши аниқ.
Ўтган йилги Мактубимда бир палатали Парламент ташкил этиш ташаббусини илгари сурганим барчага маълум. Бу ўта муҳим масала жамиятда кенг муҳокама қилинди. Ўтган йил 8 октябрда парламент ислоҳоти юзасидан ишчи гуруҳни тузиш ҳақидаги фармонни имзоладим. Унинг таркибига таниқли ҳуқуқшунослар, таҳлилчилар, сиёсий партиялар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари киритилди. Шунингдек, e-Otinish платформаси ва Egov порталида “Парламент ислоҳоти” номли махсус бўлим орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, таклифларини йўллаган фаол шахслар эътиборда. Ишчи гуруҳ келиб тушган таклифларини жамлаб, атрофлича таҳлил қилди ва парламент ислоҳотини ҳар томонлама кўриб чиқиб, ниҳоятда муҳим вазифани амалга оширди. Мазкур йўналишдаги барча жараённи шахсан назорат қилиб бордим. Ўтган йил октябрь ойининг ўртасида Ишчи гуруҳнинг илк йиғилишини ўтказдим. 2 ва 29 декабрь кунлари яна икки марта учрашув бўлиб ўтди. Янги йилдан буён Ишчи гуруҳ аъзолари уч марта йиғилишди. Сўнгги мажлис эса куни кеча Қурултой арафасида ўтди.
Хуллас, конституциявий ислоҳотлар борасидаги қизғин муҳокамалар ярим йилдан буён давом этмоқда. Бир палатали Парламентга ўтиш ташаббусини халқ қўллаб-қувватлаётганини айтишга тўлиқ асос бор. Жамоатчилик фикрини аниқлаш мақсадида мунтазам ўтказилган сўровномалар ҳамда ишчи гуруҳ хулосалари ижобий натижаларни бермоқда. Депутатлар ва партия фракциялари раҳбарлари ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Улар аҳолининг ушбу ташаббусдан хабардор экани ва ислоҳотни қўллаб-қувватлаётганини таъкидламоқда. Бу борада ҳеч қандай қарши фикрлар йўқ.
Умуман олганда, йўналишимиз аниқ. Келажакдаги ўзгаришлар бўйича умумий мулоҳаза шаклланган. Ишчи гуруҳ барча масалани ҳар томонлама таҳлил қилиб, аниқ хулосалар ва таклифларни илгари сурди. Асосий мунозаралар “Янги Парламент қандай бўлади ва қай тарзда фаолият юритади?”, деган саволлар атрофида кечди. Бу чуқур ўрганишни, ҳар томонлама таҳлилни, пухта ўйлаб, вазмин қарор қабул қилишни талаб этувчи жуда муҳим, ҳатто ҳал қилувчи масала бўлди, деб айтиш мумкин.
Ҳозир мен Миллий қурултой минбаридан сизларга Ишчи гуруҳда муҳокама қилинган, асосий таклифларни тақдим этмоқчиман. Даставвал, бўлажак Парламентнинг номи масаласи бўйича фикримни билдирсам. Қисқача айтганда, унга “Қурултой” деб ном бериш керак, деб ҳисоблайман. Қурултойнинг тарихий замини ҳам, мазмун-моҳияти ҳам халқимизга яқин ва тушунарли. Қурултой йиғилишларини қайта тиклаш ташаббусини шахсан 2022 йилда илгари сурганман. Ушбу маърузанинг бошида ҳам Қурултой фаолиятининг самараси ва аҳамиятига алоҳида тўхталдим. Умуман, мамлакатимизнинг сиёсий тизимида “Қурултой” номини ўта муҳим давлат тармоғининг рамзи сифатида сақлаб қолишимиз лозим, деб ўйлайман.
Депутатлар сонига келсак, бу масала ҳам жуда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Энг йирик баҳс-мунозара айнан шу ерда кузатилди. Бир томон мамлакат аҳолиси сонига мутаносиб вакиллик ғоясини таклиф қилди. Иккинчи томон эса депутатлар сонини 500 нафаргача ошириш керак, деди. Бизнинг асосий мақсадимиз – ҳақиқатан самарали ва касбий Парламентни шакллантириш. Янги қонун чиқарувчи орган мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришларга қонунчилик доирасида тўлиқ кўмак бериши керак. Дунёдаги илғор тажрибаларга назар ташласак, бунинг учун депутатлар сонини кўпайтиришнинг зарурати йўқ. Масала сонда эмас, сифатда! Муҳими, Парламентда ҳақиқий ватанпарвар, юксак малакали мутахассислар фаолият юритиши даркор!
Ишчи гуруҳ фуқаролардан келиб тушган таклифларни диққат билан ўрганиб, қизғин муҳокама қилди. Натижада, Парламент депутатлик мандатлари сони 145 нафар бўлиши керак, деган хулосага келди. Янги Парламентда Раиснинг уч нафар ўринбосари бўлиши мумкин. Шунингдек, қўмиталар сони 8дан ошмаслиги керак.
Таклифларнинг иккинчи қисми Парламентнинг асосий давлат органлари таркибини шакллантиришдаги ваколатларига оид бўлди. Амалдаги Конституцияга мувофиқ, Конституциявий суд, олий аудит палатаси ва Марказий сайлов комиссияси таркибини тузиш ваколатлари Мажлис, Сенат ва Президент ўртасида тенг тақсимланган. Мазкур муҳим давлат тузилмаларининг барча аъзолари фақат Парламент розилиги билан тайинланиши жоиз, деган таклиф илгари сурилди. Бундан ташқари, Президент тавсиясига кўра, Олий суднинг барча судьяларини сайлаш ваколатини олий вакиллик органи депутатларига бериш таклиф этилди. Бу – ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанат ва назорат тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек миллий парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Таклифларнинг учинчи қисми янги Парламентни шакллантириш тартибига оид бўлди. Энди депутатлар нисбий тақсимотли сайлов тизими асосида сайланади. Ушбу усул сиёсий партияларнинг тизимли аҳамиятини кучайтиради ва уларнинг жамият олдидаги масъулиятини оширади. Айрим партиялар Парламент билан бир қаторда барча даражадаги маслаҳатларни нисбий тақсимот тизими асосида шакллантиришни таклиф этганидан воқифман. Бироқ ҳудудларда мажоритар тизимни сақлаб қолиш зарур, деб ҳисоблайман. Мамлакатимиз ҳудудларида маҳаллий аҳолининг овози ва фикрлари тўлиқ эшитилиши керак. Бу – менинг нуқтаи назарим.
Муҳокамалар давомида Парламентдаги Президент квотасини сақлаб қолиш ҳақида ҳам таклиф илгари сурилди. Аммо мен янги Парламент ҳеч кимнинг ҳомийлигига ёки назоратига муҳтож эмаслигига ишонаман. Депутатлар орасида махсус тайинланадиган “танланган шахслар” бўлмаслиги керак. Ҳамма умумий тартиб асосида сайланиши керак. Шу сабабли Қозоғистон халқи Ассамблеяси учун ажратилган махсус квота ҳам бекор қилинади. Шу тамойилга кўра, айримлар ёшлар, хотин-қизлар ва алоҳида эҳтиёжга эга фуқаролар учун белгиланган квотани ҳам олиб ташлашни таклиф қилишди. Бироқ бу мутлақо бошқа масала. Ушбу квоталар ижтимоий адолат тамойилининг ёрқин ифодаси, шунингдек, мамлакатимиздаги барча ижтимоий-сиёсий вакилларни ҳисобга олишга қаратилган муҳим талабдир. Шу боис мазкур квоталарни ўзгаришсиз қолдиришни таклиф қиламан.
Бундан ташқари, партияларнинг Парламентга ўтиши учун босқичли меъёрини ҳозирги беш фоиздан етти фоизга қайтариш зарур, деган фикр илгари сурилди. Бу қоидалар муқаддам Миллий жамоатчилик ишонч кенгаши ташаббуси билан қабул қилинган эди. Беш йил аввал киритилган бундай ўзгаришлар сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга сезиларли даражада ҳисса қўшди. Меъёрни пастлатиш орқали Парламентдаги йирик сиёсий кучларнинг устуворлигини камайтириш ва партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириш мақсад қилинган эди. Бугун ушбу меъёрнинг самарали эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Мамлакат тарихида илк бор Мажлисга олти партия ўтди. Шу сабабли, беш фоизлик меъёрни сақлашни маъқул деб ҳисоблайман.
Янги Парламентда депутатларни беш йилга сайлаш кўзда тутилмоқда. Қонун қабул қилиш уч босқичли жараён асосида амалга оширилади: депутатлар биринчи босқичда қонун лойиҳасини маъқуллайди, сўнг киритилган ўзгаришларни тасдиқлайди, охирида эса қонунни қабул қилади. Шу тариқа, Парламент фаолиятини тубдан қайта ташкил этиш орқали шу пайтгача амалга оширилган сиёсий ислоҳотларни давом эттирамиз. Мамлакатимизнинг давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлаб, “Кучли Президент – Самарали Парламент – Ҳисобдор Ҳукумат” тамойили асосида барқарор сиёсий тизимни барпо этамиз. Асосий мақсадимиз ҳам айнан шу. Бошқарув тизимларининг янги тузилмаси барча учун тенг имконият берувчи адолатли жамият барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлади.
Мухтасар қилиб айтганда, бир жамият сифатида йўлга қўйган Парламент ислоҳотимиз мамлакатимиз салоҳиятини юксалтиради. Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар суръатини кучайтириб, сифатини янада яхшилайди.
Ислоҳотлар жамият ва давлатнинг тараққиёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда узлуксиз давом этадиган жараён эканлигини аввал ҳам таъкидлаганман. Ўзгаришлар масаласи тўлиқ пишиб етилганини Ишчи гуруҳ доирасида парламент ислоҳотига оид ўтган муҳокамалардан ҳам кўриш мумкин. Биз ҳуқуқшунослар, мутахассислар, жамоат фаолларидан беш юздан ортиқ таклиф олдик. Мамлакатнинг умумий конституциявий тузилишига оид таклифлар эса бундан деярли уч баравар кўп бўлди. Улар орасида Ишчи гуруҳ ваколатига кирмаса-да, аниқ асосга эга ва чуқур ўрганишни талаб қиладиган масалалар ҳам бор эди. Масалан, жамиятда ҳудудлар ва этномаданият бирлашмалари вакилларининг давлат ҳокимияти тизимида иштирок этиш масаласи ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда депутат Пономарёв маълум қилди. Буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Шу боис унга давлат манфаатлари нуқтаи назарида улкан масъулият билан ёндашиш керак. Барча режалаштирилаётган ўзгаришлар ўзаро уйғун бўлиб, бир-бирини тўлдириши лозим, ҳеч қачон зиддиятга олиб келмаслиги шарт.
Қозоғистондаги бирлик ва ҳамжиҳатликнинг ўзига хос намунаси конституциявий тамойилларга асосланган. Мамлакатимизда ҳокимият ва жамият ўртасидаги ўзига хос муносабатлар шаклланган. Менинг қатъий муносабатим – бу қадриятларни сақлабгина қолмай, янада мустаҳкамлаш зарур.
Ислоҳотларнинг янги босқичида жамият тараққиётига доир барча масалалар юзасидан муттасил умуммиллий мулоқот олиб бориш учун кенг кўламли мулоқот майдони ёки юксак минбар зарур. Халқимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган асосий ижтимоий-сиёсий бирлашмалар ва тузилмалар ана шу майдон атрофида жипслашиши керак. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Миллий қурултой ўзининг тарихий аҳамиятга эга ва масъулиятли вазифаларини муваффақиятли адо этди, деб ҳисоблаш мумкин. Энди янги институт сифатида Қозоғистоннинг Халқ Кенгашини ташкил этишни таклиф этаман. Ассамблея ва Миллий Қурултой зиммасига юклатилган қозоқ давлатчилиги ва ҚР мустақиллигини изчил равишда мустаҳкамлаш каби вазифаларни ушбу янги ташкилотга таништириш орқали ворисдошликни сақлаб қолиш жуда муҳим, деб биламан. Шу билан бирга, Халқ Кенгаши бошқа давлатлардаги маслаҳат ва тавсия берувчи тузилмаларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда тузиладиган янги давлат идораси бўлади. Унинг таркибига барча этнослар, турли ижтимоий қатламлар ва ҳудудлар вакиллари киради.
Қозоғистон Халқ Кенгаши давлатнинг олий маслаҳатчи ташкилоти мақомига эга бўлади. Кенгаш 126 нафар аъзодан иборат бўлиб, унга этномаданият бирлашмаларнинг 42 вакили, йирик жамоат бирлашмаларининг 42 вакили ҳамда маҳаллий маслаҳатлар ва ҳудудлардаги жамоат кенгашларининг 42 нафар вакилини киритиш тавсия қилинмоқда. Халқ Кенгашининг барча аъзоларини Президент тайинлайди. Раисини эса Кенгаш аъзолари сайлайди. Кенгаш раиси жамоатчилик асосида ишлайдиган, даврий алмашиш асосида тайинланадиган икки ўринбосари ва котибият раҳбари бўлади.
Халқ Кенгашига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилиши лозим. Бу унинг мақомини сезиларли даража юксалтиради. Йилда камида бир марта чақириладиган сессия Халқ Кенгашининг олий органи вазифасини бажаради. Қозоғистон халқи Ассамблеясининг этнослараро ва конфессиялараро тотувликка оид асосий вазифалари Кенгаш ваколатига ўтказилади. Ички сиёсатни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ушбу ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири бўлади. Бу идора давлат мафкураси, шунингдек, Конституция ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва тарғибот қилиш билан ҳам шуғулланади. Шунингдек, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи ҳамда давлат аҳамиятига молик бошқа инсонпарварлик анжуманларини ўтказиш ҳам Кенгаш ваколатига киради. Халқ Кенгашининг мақоми ва уни ташкил этиш тартиби Конституциянинг махсус бўлими ва конституциявий қонун билан белгиланади.
Касбий ҳуқуқшунослар Бош Қомусимиз матнига оид ўз фикрларини билдирдилар. Улар Конституциянинг айрим жойларига аниқлик киритиш зарурлигига эътибор қаратдилар. Хусусан, Президент сайловига оид масала юзасидан муҳим таклиф бор. Амалдаги Конституцияга кўра, агар Президент ўз вазифасини бажара олмайдиган ҳолат юзага келса, унинг ваколатлари қолган муддатга Сенат раисига ўтади. Агар Сенат раиси ҳам давлатни бошқара олмаса, Президент ваколатлари белгиланган тартибда бошқа мансабдор шахсларга ўтади. Бу ерда асосий масала “қолган муддат” тушунчасига боғлиқ. Яъни, у олти ой ҳам, олти йил ҳам бўлиши мумкин. Шу боис, Давлат раҳбари муддатидан олдин лавозимни тарк этган тақдирда, икки ой ичида навбатдан ташқари Президент сайлови ўтказилиши шартлиги Конституцияда аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Бу халқаро илғор тажрибага тўлиқ мос ва адолатли қадамдир.
Мамлакатимизда ҳар бир адолатли раҳбар ҳокимиятга фақат сайлов орқали, яъни қонуний йўл билан келиши шарт. Бу – мен учун ўзгармас, барқарор тамойил. Бу меъёр келгуси давлат раҳбарлари учун ҳам қатъий қоида бўлиб қолиши керак. Шунингдек, Конституция матнида айрим терминологик ва услубий камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Конституциявий ислоҳот доирасида бу камчиликларни ҳам бартараф этишимиз керак. Бу ишга ҳуқуқшунослар билан бирга малакали тилшунослар ҳам жалб этилади.
Яна бир муҳим масала бор. Биз Конституция матнини миллий қадриятларимизни яққол акс эттирадиган, қанча вақт ўтмасин, ўз аҳамиятини йўқотмайдиган тарзда қайта ёзишимиз керак. Унда заминимиздаги тараққиёт ва давлатчилик тарихи чуқур эканлиги аниқ баён этилиши лозим. Унда Қозоғистон Буюк Даштдаги буюк давлатларнинг ворисдоши эканини ифодалашимиз зарур.
Бундан ташқари, Конституцияга “Биз барчамиз Адолатли Қозоғистонни энг олий мақсад деб биламиз ва унга албатта етамиз”, деган тамойилни киритишимиз керак.
Асосий қонунда ҳуқуқий давлат барпо этиш, табиатни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қоидалар ҳам ўз аксини топиши лозим. Давлатчиликка оид ушбу тамойиллар – ҳеч қачон эскирмайдиган, доим долзарб бўлиб қоладиган ва қайта кўриб чиқилмайдиган меъёрлар бўлиши керак. Қомусимизда мамлакатимизнинг дунёвий давлат эканини намоён этувчи меъёрларни сақлаб қолиш ва янада кучайтиришимиз шарт. Конституция замон талабларига жавоб бериши керак.
ХХI асрда рақамлаштириш жараёни жадал суръатларда ривожланмоқда. Юқори технологиялар инсоннинг кундалик ҳаётига, ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу жараён келажакда ҳам тўхтовсиз давом этиши аниқ. Шу боис, мамлакатимизда рақамлаштириш жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий асослари Конституцияда албатта ўз ифодасини топиши лозим. Фуқароларнинг шахсий рақамли маълумотлари қонун билан ҳимояланиши Конституцияда аниқ белгилаб қўйилиши керак, деб ҳисоблайман.
Мен ҳозирга қадар келиб тушган таклифларнинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтдим. Шу тариқа, конституциявий ислоҳотнинг умумий қиёфаси шаклланмоқда. Ярим йил давомида ўтказилган баҳс-мунозаралар ва муҳокамалар жараёнида келгуси ислоҳотларнинг асосий йўналишлари аниқланди. Улар бир-бири билан узвий боғлиқ. Турли алоқа манбалари орқали халқдан келиб тушган таклифлар пухта таҳлил қилинди. Асосли ва мантиқан тўғри ташаббуслар инобатга олинди. Агар халқ қўллаб-қувватласа, Қозоғистоннинг давлат тузилишида янги босқич бошланади.
Ҳурматли Қурултой аъзолари!
Сизнинг ҳар бирингиз кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқдасиз. Мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларнинг мантиғини яхши англайсизлар. Сиёсий янгиланишнинг асосий мақсади – Қозоғистоннинг салоҳиятини юксалтириш ҳамда давлатчилигимизнинг ҳозирги замондаги таҳдидларга нисбатан тайёрлигини кучайтиришдир. Давлат институтларининг мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартириш ва уларнинг ўзаро алоқасини созлаш муҳимдир.
2022 йилдаги конституциявий ислоҳотлар натижасида биз сиёсий тизимни созлаш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар қабул қилдик. Қонун устуворлигини таъминлаб, ҳуқуқий маданиятни қарор топтириш учун Конституциявий суд таъсис этилди. Янги Маъмурий-процессуал Кодекс қабул қилингандан кейин суд ҳукмлари фуқаролар ва тадбиркорлар манфаатига кўпроқ хизмат қила бошлади. Яъни, уларнинг қонуний манфаатларини муваффақиятли ҳимоя қилишга йўл очилди. Кассациявий судларнинг тузилиши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг конституциявий мақомга эга бўлиши фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Биз сайлов тизимини ва ваколатли органларни шакллантириш тартибини такомиллаштирдик, уларнинг сиёсий таъсири ва ваколатлари анча мустаҳкамланди. Янги сайлов шакли Парламентга ва маслаҳатларга турли мафкуравий қарашларга эга шахслар ва сиёсий партиялар вакилларининг бориши учун кенг йўл очиб берди. Қишлоқ ҳокимларини сайлаш тизими жорий этилгандан кейин ижро ҳокимияти тармоғи ҳар томонлама янгиланди.
Давлат раҳбарининг қариндош-уруғларига бошқарув тизимидаги олий ва асосий мансабларни эгаллашни тақиқлаш эса энг муҳим конституциявий янгилик бўлди. Шу тариқа, долзарб ва теран ўзгаришлар суд, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи каби ҳокимиятнинг бошқарув тармоқларига кириб борди. Ушбу ўзгаришлар марказий даражада ҳам, минтақавий даражада ҳам содир бўлди. Бундан ташқари, олий ҳокимият даражасида, яъни Президентлик институтида ҳам сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди.
Амалга оширилган ва режалаштирилган ўзгаришлар шошилинч тарзда ёки бирорта муайян вазиятга қараб қабул қилинган қарорлар эмас. Мен ушбу ислоҳотларни давлат манфаатлари ва халқ фаровонлигининг асосий устуворликлари нуқтаи назаридан диққат билан режалаштирдим. Шунинг учун барча ташаббуслар эл-юртни ҳар томонлама замонавийлаштиришнинг узоқ муддатга мўлжалланган яхлит дастурига бевосита дахлдор. Унинг ҳар бири барқарор натижага эришиш учун эволюцион йўлдан бориш, босқичма-босқич ҳаракат қилиш, шунингдек, жамиятни янги сиёсий ва иқтисодий вазиятга мослаштириш зарур эканлигига ишончим комил. “Ҳамма нарсанинг ўз вақти бор”, деб халқимиз бежиз айтмаган.
Миллий қурултойнинг бугунги якуний йиғилишида фурсат келди, деб ҳисоблайман. Шу боис янги муҳим таклифни эълон қиламан. Мен таклиф қилаётган янгиликни биз бир неча йиллардан буён пухта шакллантириб келаётган сиёсий тузимнинг бўғини дейиш мумкин. Гап Қозоғистон Республикаси Президентининг ўринбосари лавозимини жорий этиш ҳамда уни тегишли равишда Конституцияда тасдиқлаш борасида кетмоқда. Уни Давлат раҳбари Парламент депутатларининг аксарият розилиги билан тайинлайди ва ваколат доирасини Давлат раҳбарининг ўзи белгилайди.
Президент ўринбосари Президентнинг топшириғи бўйича:
– Халқаро анжуманларда ва хориж давлатлари делегациялари иштирокида ўтказиладиган музокараларда Қозоғистон Республикаси манфаатларини ифода этади;
– Парламентда Президент манфаатларини баён этади;
– Мамлакатимиз ва хориждаги ижтимоий-сиёсий, илмий ва маданий-маърифий уюшмалар билан алоқалар ўрнатади;
– Президентнинг бошқа топшириқларини бажаради.
Президент ўринбосарининг хизмат вазифаларига оид ушбу асосий қоидаларни Конституция матнида ҳам ифода этиш ўринли.
Айни Парламент фаолиятини таъминлаётган девон таркибининг бир қисми ва Давлат маслаҳатчиси лавозими қисқартирилади. Президент Маъмуриятининг вазифалари ва тузилмаси хизмат бобидаги эҳтиёжга қараб ислоҳ қилинади. Сиз Президент ўринбосари лавозими қатор мамлакатларда мавжудлигидан воқиф бўлсангиз керак. Бизнинг шароитимизда ушбу лавозимни жорий этиш давлатни бошқариш жараёнини барқарорлаштиради. Шунингдек, ҳокимият тизимини биратўла белгилаб беради. Ушбу конституциявий янгилик Президент маъмурияти институтининг ўзи заифлашади дегани эмас, буни алоҳида таъкидлагим келади. Аксинча, Президент лавозими давлат тизимидаги асосий лавозим бўлиб қолаверади. Қозоғистон Президент бошқарувидаги республика сифатида самарали равнақ топишига ишончим комил. Самарадорлигини тасдиқлаган мазкур сиёсий тизимдан воз кечиб бўлмайди. Халқаро тажриба айнан мана шу танлов тўғри эканлигини аниқ кўрсатмоқда. Мен таклиф этган давлат ҳокимияти ислоҳотлари, хусусан, бир палатали Парламент – Қурултойга ўтиш, Халқ Кенгашини тузиш, Вице-президент лавозимини жорий этиш элимиз тараққиётига ижобий таъсир қилади ва унинг салоҳиятини оширади, деб ишонаман. 2022 йилдаги тизимли ўзгаришлар билан бир қаторда, олдимизда турган ислоҳотларни амалга ошириш – 1995 йилда, бундан ўттиз йилдан кўпроқ вақт илгари тасдиқланган шаклдан мутлақо янги конституциявий қиёфага ўтиш, деган сўздир. Агар ушбу ташаббуслар фуқаролар томонидан умумхалқ референдумида қўллаб-қувватланса, Қозоғистон давлатчилиги, элимизнинг сиёсий тизими тубдан янгиланиб, мамлакатимиз янги барқарор даражага кўтарилади. Шу тариқа, биз ягона эл, ягона халқ бўлиб, ҳозирги мураккаб замоннинг қийинчиликларига бардош берамиз, уларни енгиб ўтамиз.
Умуман, дастлаб, Парламент ислоҳоти доирасида Асосий Қонуннинг 40га яқин моддасига ўзгартириш киритиш режалаштирилган эди. Бироқ, иш жараёнида тузатишлар сони анча кўплиги маълум бўлди. 2022 йилги ислоҳотда эса Конституциянинг 33та моддаси янгиланганидан хабарингиз бор. Навбатдаги ўзгаришлар эса янаям кенг қамровли бўлади. Биз, том маънода, янги Конституцияни қабул қилиш учун босқичма босқич одим ташламоқдамиз.
Шунинг учун мен Конституциявий комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қилдим. Махсус фармонга эртага имзо чекаман. Комиссия таркибига 100дан зиёд одам киритилади. Жумладан, унга Миллий қурултой аъзолари, таниқли ҳуқуқшунослар, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, минтақавий маслаҳатлар раислари ва жамоатчилик кенгаши вакиллари ҳамда бошқа малакали мутахассислар ҳам киради. Ушбу ишга Конституциявий суд раиси етакчилик қилади. Комиссия барча таклифларни таҳлил қилиб, умумлаштиради ва аниқ ўзгаришлар лойиҳасини ҳозирлайди. Сўнгра биз миллий референдум ўтадиган вақтни белгилаймиз.
Жаҳондаги вазият ўта кескин бўлишига қарамай, биз юртимизда долзарб ва туб ўзгаришларни амалга оширдик. 2022 йилги конституциявий ислоҳотга, ундан кейин эса АЭС қуриш бўйича ўтган референдум пайтида халқимизнинг аксарияти мени қўллаб-қувватлади. Мен ҳар бир қарорни эл-юрт зарурати нуқтаи назаридан синчковлик билан қабул қиламан.
Фуқаролар турмушини фаровонлаштиришга қаратилган аниқ вазифаларни адо этиш мен учун ҳаммасидан муҳимдир. Халқ ғами, миллат ва давлат манфаатлари – мен учун бебаҳо қадриятдир. Келгусида ҳам мамлакатимизни тараққий эттириб, Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида бор куч-ғайратимни сафарбар этиб, астойдил меҳнат қилавераман.
Бу борада, стратегик йўналишимни ҳамиша қўллаб-қувватлаётган халқимизга ҳамда ушбу залда ўтирган юртимизнинг муносиб фуқароларига чин дилдан миннатдорчилигимни билдираман ва ташаккур изҳор этаман.
Ҳурматли ҳамюртлар!
Миллий қурултой эл тарихида қолади. Қисқа вақт мобайнида кенг кўламли ишларни бажардик. Адолатли, Қудратли, Хавфсиз ва Тоза Қозоғистоннинг пойдеворини бирга қаладик. Сизлар мамлакатимизнинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ўзига хослигини ўзгартириш йўлида кўп меҳнат қилдингиз. Давлатчилигимизни мустаҳкамлашга залворли ҳисса қўшдингиз. Келажакда ҳам ўзаро ҳамжиҳатликда, эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилаверишимизга ишонаман. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
Миллат келажагини белгиловчи энг муҳим тадбирлар энди бошланди. Шу боис, қийинчиликлардан қочишга ёки ютуқлар билан қаноатланиб, тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ, вақтимиз ҳам йўқ. Бирлигимизни мустаҳкамлаб, енг шимариб, ишга киришишимиз керак. Келгусида Парламент халқимизнинг онгида ўз ўрнига эга тушунча, ўз номига муносиб “Қурултой” деб номланса, яхшиликдан нишона, деб ишонаман.
Бугун мен Миллий қурултой фаолиятида фаол иштирок этиб, ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ фуқароларга давлат мукофотини топшириш тўғрисида қарор қилиб, тегишли Фармонга имзо чекдим.
-
2026-02-07, 03:44
Кун тартибида – меҳнат хавфсизлиги 3
-
2026-02-07, 03:42
Тиллар уйғунлиги ва маънавият маскани 4
-
2026-02-06, 22:54
Бирлашган эл бўлар... 43
-
2026-02-06, 22:33
ТУРКИСТОН ШАҲРИ АҲОЛИСИ ДИҚҚАТИГА! 59
-
2026-02-05, 23:19
Казахстан показывает уверенный рост ВВП благодаря структурным реформам 55
-
2026-02-05, 23:12
Экологиялық мәдениет қалыптастыру Конституцияның түбегейлі принциптері қатарында: Үкіметте Президенттің «Таза Қазақстан» бастамасын жүзеге асыру барысы қаралды 62
-
2026-02-05, 22:52
Туркистондан Европага янги йўл 84
-
2026-02-05, 22:50
Кенг қамровли ислоҳотлар – янги босқичда 45
-
2026-02-05, 22:47
Фарзанд тарбияси: ҳуқуқ, бурч ва масъулият 72
-
2026-02-05, 22:42
Конституциявий ислоҳотлар моҳияти муҳокама қилинди 50
-
2026-02-04, 01:50
''Қонун ва тартибот'' иқтисодий замонавийлашув пойдевори 47
-
2026-02-04, 01:44
Касб танлаш – келажакни танлаш 65
-
2026-02-04, 01:26
Тарихқа тағзым, табиғатқа қамқорлық 32
-
2026-02-03, 01:55
Ўрдабошида тараққиётнинг янги даври 56
-
2026-02-03, 01:50
Залворли режалар бюелгиланди 65
-
2026-02-06, 22:33
ТУРКИСТОН ШАҲРИ АҲОЛИСИ ДИҚҚАТИГА! 59
-
2026-02-05, 22:50
Кенг қамровли ислоҳотлар – янги босқичда 45
-
2026-02-05, 22:42
Конституциявий ислоҳотлар моҳияти муҳокама қилинди 50
-
2026-02-04, 01:26
Тарихқа тағзым, табиғатқа қамқорлық 32
-
2026-02-03, 01:09
Қасим-Жўмарт Тўқаев Астанада ўтган кўнгиллилар анжуманида маъруза қилди 88
-
2026-02-01, 04:13
Қазақстан Республикасының жаңа Конституциясының жобасы жарияланды 159
-
2026-01-30, 22:13
Президент Молиявий мониторинг агентлигида йиғилиш ўтказди 79
-
2026-01-29, 00:41
Асқарбек Ертаев Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири этиб тайинланди 66
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.

