26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
‘‘Тараққиёт мўъжизаси’’ – ҳар бир соҳага!

2026 йил Қозоғистонда “Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили” деб эълон қилинди. Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев халққа Мактубида муҳим мақсадни: яъни, келгуси уч йил ичида Қозоғистонни тўлақонли рақамли давлатга айлантириш ғоясини илгари сурди. 

Биз бу янгиликка, ислоҳотга тайёрмизми? Умуман, рақамлаштириш соҳаси Қозоғистонда қандай ривожланмоқда? “Сунъий идрок тўғрисида” Қонун қайси меъёрларни ўз ичига олган? 

Сунъий ақл ёки “тараққиёт мўъжизаси”га оид кўплаб саволларга, Рақамли Кодекс муаллифларидан бири, ҚР Парламент Мажлиси депутати, Мажлисда рақамлаштириш масалалари бўйича масъул Екатерина Смишляева жавоб беради.

– Екатерина Васильевна, мамлакатимизни уч йил ичида рақамлашган давлатга айлантириш мумкинми?

– Жорий йил рақамлаштириш йили деб эълон қилингани билан, аслида мамлакатимизда бу жараён кўп йиллардан буён  юқори суръатларда ривожланиб келмоқда. Лекин бу давр мобайнида рақамли тармоқни созлайдиган қонунчилик ҳали такомиллашмаган эди. Мана энди фурсат етиб, Рақамли Кодекс ҳам қабул қилинди. Энди мамлакатимиздаги рақамлаштириш ва ахборотлаштириш жараёнини тўлиқ қамраш имкони пайдо бўлди. Дарвоқе, менинг илк қонун лойиҳам ҳам рақамлаштириш билан боғлиқ. 

– Сизнингча, рақамлаштириш ва ахборотлаштириш тизими нима? 

– Айтайлик, биз йиллар давомида рақамлаштириш тармоғининг инфратузилмасини яратиш билан шуғулланиб келдик. Яъни, тизимлар, дастурлар ва сервислар яратдик. Бу – рақамлаштириш муҳити, яъни унинг – уйи. Уйда эса табиийки, унинг аҳолиси бўлади. “Уйимиз”нинг аҳолиси – бу тармоқдан фойдаланувчилар, фуқаролар, бизнес вакиллари ва корхоналар. Табиийки, улар ўртасида фуқаролик муносабатлар: рақамли маълумотлар, рақамли шартномалар, онлайн тадбирлар пайдо бўлади. Ваҳоланки, бу – онлайн шароитдаги “уй”ни, унинг ичида “яшовчи ва ишловчи” аҳолининг барча фуқаролик-ҳуқуқий жараёнини амалга ошириш учун бизга ҳуқуқий база, қонун, Кодекс керак эди. 

Биз шу тариқа технологияни тартибга солишдан, рақамли жамият ичидаги муносабатларни тартибга солишга ўтмоқдамиз.

– Рақамли жамият ичидаги муносабатларни ҳам тушунтириб берсангиз.

– Аввало, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан, асосан мулкий, шартномавий ва мажбурий муносабатларга тўхталсам. Яъни, одамлар ва ташкилотлар интернетда онлайн тартибда шартнома, битимлар тузадилар, рақамли иншоотларни алмашадилар. Рақамли дунёда бундай тадбирлар ўзига хос хусусиятларга эга – аутентификация, идентификация, имзолаш ва текширишнинг махсус усуллари, дейилади. Буларнинг барчаси жуда муҳим нарсалар. Шу вақтгача улар ҳеч қаерда тизимли равишда тасвирланмаган эди. ҚР Фуқаролик кодексида ҳам, Маъмурий-процессуал Кодексда ҳам буларга оид қоидалар деярли йўқ эди. Шу боис ҳам фирибгарлар бу вазиятдан моҳирона фойдаланиб, бизнинг номимиздан турли кредитлар олишмоқда, розиликлар беришмоқда ва ҳоказо. 

Энди ушбу шахсий муносабатларнинг барчаси, шартномалар тузишдан тортиб, рақамли «туғилиш» ва шахсни тасдиқлашгача, давлатнинг йирик рақамли дастурида амалга оширилади. 

– Ўтган йили 17 ноябрда “Сунъий идрок тўғрисида”ги Қонун расман қабул қилинди, Президент имзо чекди, 2026 йил 18 январдан эътиборан эса кучга киради... 

– Ҳа, 2025 йилда ярим йилдан кўп вақт янги қонун лойиҳаси устида ишчи гуруҳимиз тер тўкиб, ишланмамиз очиқ муҳокамада бўлди, жамоатчилик, мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларидан фойдаландик. Айтиш жоизки, бу каби қонун ер юзида ягона эди, биз иккинчи мамлакат сифатида унга эга бўлдик.

Қонун унча катта эмас, 31та моддадан иборат. Унда, асосан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига катта эътибор қаратилган (10-11-модда). Чунки, Сунъий идрокнинг хавфли ва хатарли жиҳатлари орасида инсоннинг энг оддий ҳуқуқларидан: шахсий ҳаётга оид ҳуқуқлар, махфийлик, инсон иштирокида автоматлаштирилган қарорларни кўриб чиқиш имконияти ва бошқаларга жиддий таҳдид, хавотир бор. Шу боис шахсий маълумотлар ва биометрикадан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Яна бир муҳим маълумот – муаллифлик ҳуқуқига ҳам урғу берилган (23-модда). Масалан, Сунъий идрок ёрдамида, унинг тизимларидан фойдаланган ҳолда яратилган асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланади. Лекин бунда инсоннинг шу асар яратилишига қўшган ижодий ҳиссаси бўлиши шарт. Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси ҳудудида шахс хатти-ҳаракатларини бузадиган ва онгли қарорлар қабул қилиш қобилиятини чеклайдиган ёки унинг иродасига қарши ишлайдиган тизимлар яратиш; шахснинг ёши, ногиронлиги, ижтимоий мавқеи ёки ахлоқий ҳамда жисмоний заифлигидан фойдаланиш; ҚРнинг шахсий маълумотлар ва уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларини бузган ҳолда шахсий маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш; шахсни камситиш учун фойдаланиш, яъни унинг ирқи, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди бўйича хулоса чиқариш; шахс ҳис-туйғуларини унинг розилигисиз аниқлаш кабилар тақиқланади. Қолаверса, Қозоғистон ҳудудида Сунъий идрокнинг мухтор тизимларини яратиш ва ундан фойдаланишга ҳам жавобгарлик бор. 

Беш йилдан сўнг СИ худди интернет ва гаджетга ўхшаб, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланишига шубҳа йўқ. Шунинг учун бу соҳага оид қонунчиликни яхши билиб олиш даркор. 

– Президент рақамли сиёсатни ҳаётнинг барча соҳаларида татбиқ этиш вазифасини белгилади. Бунга аҳоли тайёрми?

– Рақамлаштириш сиёсатининг асосий тамойилларидан бири – бу рақамли муҳитнинг оммабоплигини таъминлаш. Менинг ҳамкасбларим, Парламентдаги бир гуруҳ депутатлар, Рақамли Кодекс устида ишлар эканмиз, мана шу тамойилларга ҳам эътибор қаратмоқдамиз. Биз рақамли муҳит барча фуқароларга, шу жумладан алоҳида эҳтиёжли одамлар учун ҳам қулай бўлишини хоҳлаймиз. Масалан, веб-сайтлар кўзи ожизлар учун ҳам мослаштирилиши керак. Бунинг учун овоз, аниқ навигация ва шрифтни катталаштириш қобилияти бўлиши керак. Имкон қадар, рақамли инфратузилмани барча учун мос бўлиши устида ишлар олиб борилмоқда. 

– СИдан яна қайси соҳаларда кенг фойдалана оламиз?

– Масалан, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларга тааллуқли меъёр. Биз рақамли кондоминимум – яъни, рақамли муҳитда жамоавий бошқарув каби тушунчани киритдик. Дейлик, бунда ҳар бир фуқаро овоз беради ва қарор рақамли технологиялар ёрдамида автоматик равишда қабул қилинади. Бу тизим, кўп қаватли уйларни бошқаришдаги қарорларни баҳамжиҳат қабул қилишда фойдали.

– Одамлар қўлидаги электрон калит, яъни кўп йиллардан буён фойдаланиб келинаётган электрон рақамли имзо (ЭЦП) энди олиб қўйиладими?

– Фойдаланиб келинаётган электрон имзолар муомалада қолади. Бу идентификациялашнинг энг ишончли воситаси. Асл нусхадаги электрон ҳужжатларни имзолаш учун ишлатилаверади. 

– Астанада суперкомпьютер ўтган йили расман очилди, шу ҳақда нима дейсиз?

– Рақамлаштирилган давлатлар ичида энг етакчилари – АҚШ ва Хитой. Қозоғистон ҳам тараққиётдан четда қолмаслиги учун махсус қонунлар қабул қиляпти, суперкомпьютер ва илғор лойиҳаларга эга бўляпти. Сунъий идрок ва рақамлаштириш тараққиёти вазирлиги ҳам ташкил этилди. Ўтган йили пойтахтимизда миллий суперкомпьютернинг, яъни «Alem.Cloud»нинг ишга туширилиши, мамлакатимизга катта имкониятлар эшигини очди. Чунки у бутун Марказий Осиёда энг кучли ва дунёвий аҳамиятга эга компьютер ҳисобланади, ундан асосан AI-ишланмалар, илмий тадқиқотлар ва давлат лойиҳалари учун фойдаланилади. У Рақамлаштириш тараққиёти вазирлигидаги “дата-марказ”да жойлашган бўлиб, нейротармоқлар билан шуғулланаётган лойиҳалар, университетлар ва илмий марказлар, давлат ва хусусий компанияларнинг инновациявий лойиҳалари учун ишлатилади.

– Бундай супер замонавий ускуналар билан ишлашга бизда мутахассислар етарлими?

– Сунъий идрок учун ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш масаласи Ҳукуматнинг диққат-эътиборида. СИ бўйича ихтисослашган университет очиш ва талабаларни ўқитиш масаласи Фан ва олий таълим вазирлигига топширилган. Янги ўқув даргоҳида меҳнат бозорида талаб кучли бўлган мутахассислар, яъни тиббиёт, саноат, таълим, молия ва давлат бошқаруви каби долзарб соҳаларда СИдан фойдалана оладиган ходимлар тайёрланади. Ушбу университет халқаро даражадаги етакчи олий ўқув юртлари ва технологик компаниялар билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бундан ташқари, Астанада, машҳур “Нұр Әлем” шари шаклидаги бинода Сунъий идрокнинг халқаро маркази (Alem Al) очилди. “ЭКСПО-2017” кўргазмасида Қозоғистон павильони бўлган шар таъмирланиб, унинг 8та қаватида музей, кинотеатр, болалар майдончаси ва кўргазма ҳудудлари Сунъий идрокка бағишланади. 

– Сунъий идрок ривожланишда давом этаркан, интернет фирибгарлари ҳам ривожланиб бормоқда. Бу соҳа қандай тартибга солинади, фуқароларга қандай кафолатлар берилади ва шахсий маълумотларимизнинг хавфсизлиги учун ким жавобгар бўлади?

– Фирибгарлик усуллари асосан шахсий маълумотлар, рақамлар ва адресли базалардан ахборот “етказиб берилаётгани” туфайли яратилади. Бундай ҳолатларни тартибга солиш учун Ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун мавжуд. Лекин шу билан бир қаторда, Рақамли тараққиёт вазирлиги томонидан кредитлардан ихтиёрий равишда бош тортиш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Egovда махсус тугмача бор. Ундан фойдалансангиз, учинчи шахс сизнинг номингиздан кредит расмийлаштира олмайди. Айни пайтда унга ҳуқуқий мақом берилмоқда. 

Афсуски, бугунги кунда фуқароларимизнинг аксарияти кредитлар олиш бўйича тегишли билимларга эга эмас. Кўп ҳолларда ўз имкониятларига қараб иш тутмайдилар. Масалан, турли маркетинг усуллари, яъни, бўлиб тўлаш каби хизматлардан кўп фойдаланади. Ваҳоланки, тўловнинг бу тури оддий насия бўлгани билан, аслида товарнинг қийматига фоиз қўшиляпти. Тажриба шуни кўрсатяптики, аҳоли кўпинча керак бўлмаган товар-маҳсулотларга ҳам муккасидан кетмоқда. Натижада биринчи насияни тўлиқ тўлаб улгурмасдан, иккинчи насияни олишга мажбур. “АMANAT” партияси бу борада фуқаролар саводхонлигини ошириш устида кўп ишларни бажармоқда. Фуқаролар молиявий соҳада қанча саводли бўлишса, шунча фирибгарларнинг ҳолига вой, улар айёрлик билан ўз мақсадларига осон эриша олмайдилар. Одамларни умрбод қарз гирдобига олиб борадиган турли хийла йўллари, фирибгарлик усулларига қарши Қозоғистон Миллий Банки ҳам курашмоқда, бунинг учун Антифрод маркази (Алмати шаҳрида) бунёд этилган. Бу марказда фирибгарлик қурбонлари бўлган фуқароларга ёрдам берилади. Илгари бунинг учун суд қарори талаб этиларди. 2024 йилда очилган Миллий антифрод маркази Бош прокуратура, МХҚ, Рақамлаштириш вазирлиги ва мобиль операторлари билан ҳамкорликда “Ақлли кўмакчи”нинг беминнат имкониятларидан фойдаланган ҳолда интернетдаги фирибгар кимсалар, компанияларга қарши курашмоқда, натижалар бор, албатта.

– Суҳбат учун раҳмат!

Мусоҳабани “Закон.кз” сайтида чоп этилган маълумотлар асосида Н. МАВЛОНОВА тайёрлади., 2026-01-19, 20:32 105
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.