26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Кўҳна Иқон: замон ва макон фалсафаси

Янги Қозоғистоннинг ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришга оид ислоҳотлари қадим Туркистоннинг кўҳна Иқон маданияти ва тарихининг тадқиқотчиларига ҳам маънавий қанот берди. Зеро, қозоқ ва ўзбек халқларининг кўп асрлик чинакам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда, шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодни она ватанга, миллий қадриятларга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда салкам уч минг йиллик тарихга эга Иқон маданиятини ўрганиш ва унинг жаҳон тамаддуни тараққиётида тутган ўрнини, нуфузини илмий асослаш ўта муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан “Иқон: тамаддун ва тафаккур тарихи” номли монографияси (муаллиф – Раҳматжон Абдусатторов; таржимон – Асрор Аллаёров) Ҳиндистоннинг энг нуфузли Неру университети илмий кенгашининг тавсияси билан Деҳлида инглиз тилида чоп этилиши ўзига хос воқеа бўлди. Бинобарин, мамлакатлараро муносабатларни барқарорлаштириш ҳамма замонларда ҳам одамларнинг турмуш тарзи, дунёқараши, онги, тафаккури билан боғлиқ бўлган мураккаб жараёндир.

Жорий йилнинг 4-12 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Деҳли ва Гуаҳати шаҳарларида қозоқ-ўзбек-ҳинд халқлари маданий меросига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, халқаро илмий-амалий анжуманлар доирасида монографиянинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Ҳиндистоннинг Гуаҳати шаҳрида жойлашган Гуаҳати университетида буюк саркарда, машҳур давлат арбоби ва улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг эвараси – нозиктаъб шоир ва таржимон Дорошукуҳ ижодига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Венгрия, Тожикистон, Озарбайжон, Ўзбекистон давлатларидан олимлар, илмий тадқиқотчилар ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди.

Маърузачилар ўзбек-қозоқ-ҳинд халқлари ўртасидаги кўп асрлик маданий ва маънавий боғлиқлик, илмий алмашинувлар, адабий таъсирлар ҳамда санъат соҳасидаги ҳамкорликлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, тарихий манбалар ва илмий изланишлар асосида Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро маърифий-маданий таъсирларнинг ривожланиш босқичлари ҳақида фикр билдирилди. Семинарда Нью-Деҳли университети профессори Сантош Патил Қозоғистон – Ўзбекистон маданияти, адабиёти ҳамда тарихининг ҳинд маданияти билан ҳамоҳанг жиҳатлари ҳақида гапирар экан, уч давлат илмий доиралари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш масалалари хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Халқаро илмий семинарда жаҳон илм-фанида амалга оширилаётган илмий ислоҳотлар, сўфийлик – комиллик таълимотининг таълим тизимидаги ўрни ҳақида сўз юритилди. Иштирокчилар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.

Таъкидлаш жоизки, бундай илмий-маърифий мулоқотлар нафақат илм-фан ва санъат соҳасида, балки халқларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда яқин шерикчилик муносабатларини, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

Халқаро илмий-амалий анжуманлар доирасида Ҳиндистоннинг Бобурийлар сулоласи ҳукмронлиги давридан қолган буюк меъморий ёдгорликлари-тарихий Қизил қалъа (Red Fort) ва Тожмаҳалда қозоғистонлик, ўзбекистонлик олимлар, тадқиқотчилар ҳамда санъаткорлар иштирокида “Бобурийлар империясида санъат тараққиёти” мавзуида маҳорат дарслари ташкил этилди. Ва, албатта, бобурийлар – иқонийлар маданий меросининг муштарак жиҳатлари таҳлил қилинди.

Тадбирда ўзбек ва ҳинд зиёлилари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва мактаб ўқувчилари иштирок этиб, қозоқ-ўзбек-ҳинд халқлари дўстлиги ва маданий-илмий ҳамкорлиги ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди. Анжуман якунида олимлар ўзаро фикр алмашиб, келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, кўргазмалар ва маънавий меросни сақлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Мазкур 

илмий-маърифий тадбирлар Қозоғистоннинг жаҳон маънавий мулоқотлар майдонидаги ижтимоий-маданий фаоллигини намоён этган муҳим воқеликдир. Келажакда бу каби ҳамкорликдаги илмий тадқиқотлар, ёшлар орасида китоб мутолааси маданиятини юксалтириш изчил давом этиши зарур.

Қозоғистон – Ўзбекистон – Ҳиндистон ўртасидаги сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган таълим ва маданият соҳаларидаги ўзаро муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш давр талабидир. Биз ўзини-ўзи комилликка даъват этишга ҳақли, улкан маънавий-маърифий салоҳиятга эга бўлган Яссавийлар, Иқонийларнинг авлоди эканлигимиз билан фахрланамиз. Ахборот хуружи авж олаётган, сайёрамизни ва одамлар тафаккурини ахборот тўри ўраб олаётган бир шароитда ёшларнинг ватанга садоқати, улуғ аждодларга муҳаббати, ўзини-ўзи асраши долзарб масалага айланган. “Толибларга дурри гуҳар сочдим мано”, дейди Аҳмад Яссавий бобомиз. Ошиқ Юсуф ота, Қавомиддин Иқоний, Шайх Камолиддин Иқонийларнинг маданий меросини кўз қорачиғидек асрашимиз, илмий жиҳатдан тадқиқ қилишимиз, улар моҳиятидаги камолот ва тафаккур дурларини териб олмоғимиз зарур.

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихи – ҳар биримизга боғлиқ бўлган, ўзлигимизни кўрсатадиган, бизнинг олис шажарамиз, наслу насабимиз, инсоний қадру қимматимизни белгилайдиган муқаддас ва мўътабар воқеликдир. Зеро, маданиятлар тарихи аслида дунёқарашлар, муносабатлар, тарихий тафаккур, инсон руҳияти ва хотираси ўртасидаги боғлиқликнинг инъикосидир. 

Ҳулкар ҲАМРОЕВА, Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, филология фанлари доктори, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг Ўзбекистондаги дўстлик элчиси. Раҳматжон АБДУСАТТОРОВ, Қозоғистон халқи Ассамблеяси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг фахрий раиси, мустақил тадқиқотчи., 2025-12-31, 19:58 119
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.