26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистон – академик таълимнинг янги дунёвий ҳудуди

Президент “Қозоғистон – академик таълим ҳудуди” стратегик ҳамкорлар анжуманида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари таълим ва фан барча мамлакатлар учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга, сарҳад билмас соҳа эканлигини таъқидлади.

– Мазкур анжуман дунёвий таълим ва фанни ривожлантириш бўйича қимматли ғоялар ва тахминлар ифодаланадиган ноёб мулоқот майдонидир. Шу муносабат билан, кечадан буён дунёнинг етакчи университетлари раҳбарлари ва вакиллари фикр алмашиш учун Астанада йиғилишмоқда. Халқаро даражадаги олимлар ва мутахассислар пойтахтимизда муҳим масалаларни муҳокама қилмоқдалар. Бугун ҳам академик таълим дунёсидаги нуфузли университетлар раҳбарлари ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этишди. Барчангизга самимий миннатдорчилик билдираман, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президентнинг сўзларига кўра, таълим ва фан – дунёни ўзгартира оладиган асосий кучлар ва университет илғор фикрлар ва янги ғоялар маскани, илмий тадқиқотлар масканидир.

– Ҳозир, инсоният туб ўзгаришлар даврига қадам қўйган бир пайтда, таълим муассасалари замон талабларига мувофиқ ривожлантирилиши керак. Бусиз ҳеч қандай тараққиёт ёки фаровонлик бўлмайди. Қозоғистон таълим ва фан тизимини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратади. 2019 йилдан эътиборан, бу соҳага ажратилган маблағлар уч баравар ошди. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг мустақиллиги ортиб бормоқда ва тадқиқот университетлари кўпаймоқда. «Фан ва технологик сиёсат тўғрисида»ги янги Қонун қабул қилинди. Президент ҳузурида Фан ва технологиялар Миллий кенгаши ташкил этилди. Давлатимиз олимларни, айниқса, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватламоқда, – деди Давлат раҳбари.

Қ. Тўқаев, шунингдек, ёш авлоднинг сифатли таълим олишини таъминлаш учун давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида ҳам тўхталди.

– 2024 йилдан буён мамлакатимизда “Миллий жамғарма – болаларга” дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида Миллий жамғарма йиллик сармоявий даромадининг 50 фоизи болалар ҳисоб-рақамларига ўтказилади. Яъни Қозоғистондаги ҳар бир бола 18 ёшга тўлгунга қадар Миллий жамғармадан маблағ олади. Ушбу маблағлардан муддатидан олдин фойдаланиб бўлмайди. Вояга етгандан сўнг, болалар тўпланган маблағларни уй-жой ёки таълимга сарфлашлари мумкин. Бундан ташқари, беш ёшдан ошган болалар учун ягона “Келешек” жамғарма тизими ишга туширилди. Ушбу тизим ота-оналарнинг ихтиёрий бадалларини, давлат томонидан ажратиладиган бошланғич таълим капиталини, йиллик давлат бадаллари ва самоявий даромадларини тўплайди. Лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад ёш авлоднинг сифатли таълим олиши учун шароит яратишдир. Бундан ташқари, ёшларга фоизсиз таълим кредитлари ва турли грантлар ажратилмоқда. Олий таълим инфратузилмаси замонавийлаштирилмоқда, янги ўқув бинолари барпо этилмоқда. Минтақалардаги олий таълим муассасалари қошида талабалар учун ётоқхоналар барпо этилмоқда. Бу – ўз келажагимизга, мамлакатнинг илмий салоҳиятига, халқимизнинг эртанги фаровонлигига сармоядир. Шу боис, Қозоғистон ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий ва академик алмашинувни кенгайтириш йўлидан бориш тарафдори. Бош мақсадимиз – Қозоғистонни илмий салоҳият, билим ва инновациялар марказига айлантиришдир, – деди Давлат раҳбари.

Шу билан “Қозоғистон – академик таълим ҳудуди” анжумани таълим соҳасидаги халқаро мулоқот ва тажриба алмашинувнинг муҳим минбари сифатида якунланди. Тадбирда дунёнинг етакчи университетлари раҳбарлари, олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

 

2025-11-04, 02:03 96
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.