26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нуралхан КЎШЕРОВ: ”Туркистон саноати ривожланган минтақалар сафидан муносиб ўрин эгаллайди''

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида қайта ишлаш саноатига кўпроқ маблағ жалб этиш зарурлигини таъкидлади. Сармоя жалб этиш нафақат марказий ижроия органларининг вазифаси, балки маҳаллий ҳокимлик идоралари ҳам бу муҳим ишда иштирок этиши, барча бирдек иш олиб бориши керак, – деди Президент. Мактубда иқтисодиётни жадал суръатларда ранг-баранглаштиришни давом эттириш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юксак даражада қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Шу муносабат билан Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров билан Мактубда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ва режалаштирилган тадбирлар ҳақида суҳбатлашдик. 

 РЕСПУБЛИКА БЮДЖЕТИГА ҚАРАМЛИК 25 ФОИЗГА ҚИСҚАРАДИ

– Кейинги йилларда Туркистон вилоятининг иқтисодий салоҳияти жадал суръатларда ривожланиб, яхши натижаларга эришилмоқда. Шу ҳақда сўз юритсангиз?

 – Ҳа, ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти сезиларли даражада юксалди. Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев томонидан белгилаб берилган стратегик йўналишлар – иқтисодиётни ранг-баранглаштириш, сармоя жалб этиш, инфратузилмани замонавийлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати самарасидир. Биз ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий даромад манбаларини кўпайтириш  учун иқтисодиётга сармоя жалб этишни устувор вазифа сифатида белгиладик.  Шу мақсадда 111та сармоя лойиҳасидан иборат жамланма шакллантирилди. Асосий эътибор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, энергетика ва сайёҳлик соҳаларига қаратилган. Ушбу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилса, яқин 10 йил ичида маҳаллий даромадларимиз 1,1 триллион тенгега етказилади. Натижада республика бюджетига қарамликни 80 фоиздан 25 фоизга қисқартирамиз. Яъни, келгуси йилларда минтақани ижтимоий инфратузилмаси ривожланган, иқтисодиёти барқарор, ўзини-ўзи таъминловчи рақобатбардошлиги юксак вилоятга айлантиришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Президентимиз 2025 йилда умумий иқтисодиётда 7 фоиз ўсишни таъминлаш юзасидан топшириқ берди. Туркистон вилоятида бу борада салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4,7 триллион тенгега етиб, юксалиш 110 фоизни ташкил этди. Бу йил ҳам тараққиёт суръати сақланиб қолди. Қисқа муддатда иқтисодий ўсиш 115,8 фоизни ташкил этди. Бу республикадаги энг юқори натижалардан биридир.

Барча асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича вилоятда барқарор ўсиш шаклланди. Асосий юксалиш саноат, қурилиш, савдо ва транспорт-логистика тармоқлари ҳисобига таъминланди. Иқтисодий юксалиш натижаларини самарали бошқариш, мақсадли кўрсаткичига эришиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш мақсадида махсус рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. У 9та асосий йўналишни қамраб олган 89та кўрсаткични ўз ичига олган. Махсус ҳисоб-китоб услубияти ишлаб чиқилган. Кўрсаткичлар туман, шаҳар ва тармоқ кесимида тақсимланган. Туман ва шаҳар ҳокимлари, бўлим раҳбарларидан тортиб, мутахассисларгача ўз вазифаси ва режадан воқиф. Баҳолаш жараёни ҳар чоракда амалга оширилади.

– Туркистон вилояти сармоя жалб этиш бўйича мамлакатимизда етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда. Ушбу маблағларнинг асосий қисми қайси тармоқларга йўналтирилган?

– Ҳа, ҳозирги кунда вилоят жалб этилган сармоя ҳажми бўйича республикада “кучли бешлик”дан жой олди. Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев бу йилги Мактубида хомашё шўъбаси билан чекланиб қолмасдан қайта ишлаш соҳасига сармоя йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Вилоятимизда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят иқтисодиётига 8 ойда жами 783 миллиард тенге сармоя йўналтирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 125 фоизга ўсди. Маблағларнинг асосий қисми, яъни 59,3 фоизи ёки 464,4 миллиард тенге хусусий сармоялар ҳиссасига тўғри келди. Вилоят иқтисодиёти ривожига туртки бўладиган умумий қиймати 2,6 триллион тенге бўлган сармоя лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш натижасида 24 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши ҳамда бюджетга қўшимча 100 миллиард тенге солиқ тушиши кутилмоқда. Улардан жорий йилда умумий қиймати 331 миллиард тенгени ташкил этадиган 57та сармоя лойиҳасини амалга ошириб, 8 174та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жорий йилнинг 8 ойида 33та лойиҳа ишга туширилиб, 4793та иш ўрни яратилди. 

– Президентимиз 2025 йилни “Ишчи касблари йили” деб эълон қилди. Бу борада вилоятда қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, ишсизлик даражасини пасайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлиги оширишда ишчи касблари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис Президентимизнинг 2025 йилни “Ишчи касблари йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги қарори мамлакатимиз учун ғоят муҳим қадамдир. Вилоятдаги 50та коллежда 84 мутахассислик бўйича 45450 нафар йигит-қиз таҳсил олмоқда. Шу жумладан, 33та коллежда 43 ишчи касби бўйича 16 минг нафар мутахассис тайёрланади. 2024-2025 ўқув йилида коллежлар учун жами 15525та давлат буюртмаси ажратилди, уларнинг 55,9 фоизи ( 8678та) ишчи касбларига тўғри келади. Жорий йилда янги ўқув йили учун қўшимча 9600 нафар ўқувчига ишчи касблар бўйича давлат буюртмаси берилди.

Вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар 2290 нафар мутахассисни талаб қилади. 2025 ўқув йилида 8364 нафар битирувчини ушбу лойиҳаларга йўналтирмоқдамиз. Шунингдек, янги сармоявий лойиҳалар учун 11та мутахассислик етишмаслиги аниқланган. Бу борада агросаноат, энергетика, техника, қурилиш соҳалари бўйича мутахассисликлар бўйича лицензия олиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин келажакда коллежларда вилоят учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишчилар тайёрлашга ўтамиз. Учта кластер йўналиши ишлаб чиқилади.

УЧ КЛАСТЕР ЙЎНАЛИШИ РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ

 – Маълумки, иқтисодиётни ривожлантиришнинг самарали усулларидан бири бу кластерни ривожлантиришдир. Жануб минтақасида турли даврларда бу борада турли ташаббуслар кўтарилган. Масалан, пахта ва тўқимачилик кластери тез-тез тилга олинади. Бугунги кунда вилоятда қайси тармоқларда кластерни ривожлантириш тизимини жорий этиш режалаштирилган?

 – Вилоятимизда аҳоли сони 2 миллиондан ошган, 80 фоизга яқини қишлоқларда истиқомат қилади. Асосий тирикчилик манбаи – қишлоқ хўжалиги. Шу боис, ҳудуднинг географик ва иқлим хусусиятларини иноботга олган ҳолда биз 3та кластер йўналишини белгилаб олдик. Биринчиси – пахта-тўқимачилик кластери. Вилоят – мамлакатимизда пахта етиштириладиган ягона минтақа бўлиб, бу йўналишда юксак салоҳиятга эга. Пахтачиликни анъанавий усулда ривожлантириш туфайли гектарига 25 центнердан ҳосил олинмоқда. Бу борада умумий қиймати 201 миллиард тенге бўлган 5та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар орқали йилига 229,5 минг тонна маҳсулот етиштириш ва 7 минг янги иш ўрни яратиш режаланган. Хусусан, Туркистонда Хитойнинг “Lihua” компанияси билан ҳамкорликда пахтани қайта ишлаш мажмуаси барпо этилмоқда. Лойиҳа қиймати – 146,8 миллиард тенге. Бу ерда йилига 13 минг тонна калава ип, 50 миллион метр газлама, 7 миллион дона ўрин-тўшак ишлаб чиқарилади. 4 минг иш ўрни яратилади. Лойиҳа пахтани қайта ишлашдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш жараёнини таъминлайди. Ўтган йили тажриба тариқасида Ўтрор туманида 32 минг гектар майдонга янги усулда пахта экилди. Натижада ҳар гектардан 60 центнердан ҳосил олинди. Шунингдек, сувни тежовчи технология қўлланилиши натижасида оқава сув 2 баравар тежалди. Жорий йил охиригача пахтани қайта ишлаш ва йигирув фабрикаси фойдаланишга топширилади. Иккинчи йўналиш, Чордара туманида маккажўхори кластери йўналишида “Казкрахмал” заводи барпо этилмоқда. Лойиҳа қиймати – 14 миллиард тенге. Унинг қуввати – йилига 150 минг тонна маккажўхори етиштириб, 26 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади, 500 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади. Бугунги кунда завод қурилиши ва ускуналарни ўрнатиш ишлари якунланмоқда. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 2030 йилга қадар маккажўхори майдонларини 40 минг гектардан 70 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Натижада йиллик ҳосил ҳажми 665 минг тоннага етади. Вилоятимиз гўшт экспорти бўйича республикада етакчи ўринда. Мамалакатимизда етиштирилаётган мол гўштининг 80 фоизи, қўй гўштининг 75 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Бу борада гўшт экспорти салоҳиятини иноботга олган ҳолда гўшт кластерида 7та лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Лойиҳа қиймати 50 миллиард тенге, қуввати 35 минг тонна, 802та иш ўрни яратилади. Бугунги кунда “Kaz Eco Meat” ва “Бесқара” гўштни қайта ишлаш мажмуалари ишга туширилди. Бу қўшимча 35 минг тонна гўштни қайта ишлаш имконини беради, сармоя ҳажми 5,6 миллиард тенгени ташкил этади, 150 иш ўрни яратилади. Умуман олганда, биз 3та кластерни ишлаб чиқиш натижаларини ҳисоблаб чиқдик. 2026 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми қўшимча 558 миллиард тенгега ошиши кутилмоқда. Жумладан, енгил саноатда қўшимча 220 миллиард тенгега (4 баравар), қишлоқ хўжалигида 338 миллиард тенгега (1,5 баравар) ошади. Агар 2024 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида уран ишлаб чиқариш 63,7 фоиз (783 миллиард тенге), озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11,6 фоиз (140,5 миллиард тенге), енгил саноат 3,5 фоиз (42 миллиард тенге) ни ташкил этган. Кластер лойиҳаларини амалга ошириш натижасида енгил саноат улуши 14 фоизга (220 миллиард тенге), озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 17 фоизга (783 миллиард тенге) етади. 

Қишлоқни тараққий эттириш устуворлиги

– Сиз юқорида вилоят аҳолисининг 80 фоизи қишлоқларда истиқомат қилишини айтиб ўтдингиз. Қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити қандай? 

– Қозоғистон қишлоғи – халқ анъаналари ва ўзига хос маскан – турмуш тарзи мужассам бўлган жой бўлиб, унинг тараққиёти минтақамиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий стратегик йўналишларидан биридир. Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг янги президентлик давридаги дастлабки вазифаларидан бири – қишлоқларни ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлашдан иборат. Мазкур ташаббус орқали қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси юксалтирилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Туман ва шаҳар аҳолиси билан учрашувларда инфратузилма масаласи тез-тез кўтарилади. Бу масалани аҳоли эҳтиёжидан, бюджет имкониятларидан келиб чиқиб, режали тарзда босқичма-босқич ҳал қилмоқда. Ҳозирда вилоят аҳолиси 95 фоизи (763та аҳоли манзили) ичимли сув билан таъминланади . Жорий йилда 30та аҳоли манзилига янги ичимли сув қувурлари тортилиб, 11та аҳоли манзилида эскирган тизимлар янгиланади. Ўтган йили 53та аҳоли манзилига табиий газ етказиб берилиб, қамралган аҳоли манзилларининг умумий сони 563тага етди. Табиий газ таъминотида ҳам ижобий ўзгаришлар мавжуд. Ўтган йили бу кўрсаткич 85,5 фоизни ташкил этди. Жорий йилда қўшимча 37та аҳоли манзили газга уланиб, қамров 88,9 фоизга етказилади. Кичик, чекка қишлоқларни ҳисобламаганда, вилоятдаги деярли барча аҳоли манзиллари марказлаштирилган электр энергияси билан таъминланган.  Эскирган тизимларни босқичма-босқич замонавийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўтган йили 44 аҳоли манзили ободонлаштирилди. Жорий йилда қўшимча 22 аҳоли манзили замонавийлаштирилади. Қониқарли ҳолатдаги маҳаллий автомобиль йўлларининг улуши 93,7 фоизни ташкил этади. Жорий йилда 289та иншоот ёки 1236 чақирим автомобиль йўллари  фойдаланишга топширилади. Қониқарли ҳолатдаги йўллар улушини 94,7 фоизга етказамиз. 

Ижтимоий таъминотга келсак, маълумки, вилоятда туғилиш даражаси юқори. Кўп болали оилаларнинг тўртдан бир қисми вилоятимизга тегишли. Шу боис вилоятдаги фуқароларимиз ижтимоий ёрдам сўраб, кўп мурожаат қилмоқда. Аммо ҳар бир оилани таҳлил қилиб, фаол бандлик чора-тадбирларини кўриш орқали кейинги 3 йилда манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар сонини 2 бараварга қисқартиришга эришдик. Натижада қашшоқлик даражаси 9,4 фоиздан 4,4 фоизга камайди. Жорий йилда уларнинг сонини 76 мингга ёки 2,7 фоизга қисқартиришни режалаштирганмиз. 

Йил бошидан буён 130 минг янги иш ўрни яратилиб, ишсизлик даражаси 4,7 фоизга етди. Вилоятда жами 1438 боғча фаолият юритиб, 155 минг нафар бола тарбияланмоқда, 2-6 ёшли болаларнинг қамраб олиш даражаси 99 фоизни ташкил этмоқда. 1093та мактабда эса 549 минг ўқувчи таҳсил олмоқда. Вилоят бюджети ҳисобидан 17 мактаб қурилмоқда. Йил охирига қадар 2та мактаб фойдаланишга топширилади. Қолганларининг қурилиши кейинги йил ҳам давом этади. “Келажак мактаблари” лойиҳаси доирасида 23 минг ўринли 29та мактаб барпо этиш режалаштирилган. Шундан 21та мактаб фойдаланишга топширилган бўлса, 8та мактабнинг қурилиши йил охиригача якунланади. 

Соғликни сақлаш соҳасида аҳолига жами 199та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Қишлоқларда соғликни сақлаш муассасаларини замонавийлаштиришга эътибор қаратилмоқда. “Қишлоқ жойларда соғликни сақлашни замонавийлаштириш” миллий лойиҳаси доирасида ўтган йили вилоятда 49та янги иншоот фойдаланишга топширилди. Вилоят бюджети ҳисобидан йил охиригача қўшимча 32та янги бино фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, Қазиғурт, Сариоғоч ва Чордара туман марказий шифохоналарида тубдан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш мақсадида 60та махсус автомашина харид қилинди.

– Маънавият ўрдаси доирасидаги маданият уйларининг аҳволи қандай? Қишлоқларда инфратузилма ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланиш даражаси қай даражада?

 – Вилоятдаги 24та музейга ташриф буюрувчилар сони 205 минг 178 нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга ўсди. Жорий йилда музейларда 2167та экспонат жамланган бўлиб, уларнинг умумий сони 178 134тага етди. Айни пайтда вилоятда 388 кутубхона аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Жами китоб жамғармаси 6 054 726 нусхага етди. Кутубхонадаги китобхонлар сони 351 минг 96 нафарни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоизга ўсди.“Қишлоқ – эл бешиги” дастури доирасида жорий йилда вилоятда 7та маданият масканида қурилиш ишларини йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, жорий йилда 2026 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 9та иншоотни қуриш учун маблағ ажратилиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан Туркистон шаҳрида 500 ўринли маданият уйи фойдаланишга топширилди. Умуман олганда, вилоятда маданият масканлари кўпаймоқда. Масалан, яқинда Мақтаарал тумани, Дўстлик қишлоғидаги Ж. Қалшўраев аҳоли манзилида янги маданият саройи ва кутубхона фойдаланишга топширилди. 

Давлат раҳбари рақамли тенгсизликка барҳам бериш, қишлоқ аҳоли манзилларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлашни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берди. Бу вазифа Туркистон ўлкасининг тараққиёт стратегиясига тўла мос келади. Вилоятда рақамли инфратузилмани ривожлантириш тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоят таълим бошқармаси тасарруфидаги 1000та давлат мактабларининг барчаси интернет тармоғига уланган. “Старлинк” сунъий йўлдош интернет тармоғи вилоятдаги 300га яқин таълим марказларида ўрнатилмоқда ва мамлакатда биринчилардан бўлди. Шунингдек, “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси доирасида фойдаланишга топширилган янги мактаблар тўлиқ оптик толали тармоққа уланди. 

Шу муносабат билан жорий йилда вилоят ҳокимлиги ва “Қазақтелеком” ҲЖ ўртасида “Туркистон вилоятида алоқа ва интернет тармоғини ривожлантириш  ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум имзоланди. Мазкур лойиҳа 2025 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда 372та қишлоқ аҳоли манзилларини оптик толали интернет тармоғи билан қамраб олишни кўзда тутади. Шундан 274та қишлоқ мактаби ва 258та тиббиёт муассасаси интернет тармоғига тўлиқ уланади. Вилоятимизнинг туман ва шаҳар марказларидаги тиббиёт муассасалари интернет тармоғи билан тўлиқ таъминланиб, узлуксиз фаолият юритмоқда. Чекка ва тоғли ҳудудлардаги айрим қишлоқ аҳоли манзилларида оптик (кабел) интернет тизими мавжуд бўлмаса-да, тиббиёт муассасалари сунъий йўлдош ва мобил роутерлар ёрдамида хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда қишлоқ тиббиёт муассасаларининг 85 фоизи интернет тармоғи билан таъминланган. “Арзон интернет” Миллий лойиҳаси доирасида 2025-2027 йилларда вилоятдаги қишлоқ аҳоли манзиллари оптик толали интернет тармоғи билан таъминланади. 

Мазкур лойиҳа доирасида чекка ҳудудларда жойлашган 258 тиббиёт муассасаси оптик толали интернет тармоғи билан жиҳозланади. Асосий мақсадимиз – ҳар бир қишлоқ аҳли, ҳар бир бола ва ўқитувчи, ҳар бир шифокор замонавий рақамли имкониятлардан тўлиқ фойдалана оладиган муҳит яратиш. Туркистон вилояти рақамлаштириш бўйича республикада етакчи вилоятлардан бирига айланишига ишончимиз комил.

– Маълумки, Туркистоннинг асосий зиёратгоҳларидан бири Ҳазрат Султон мақбараси деворларида намлик ва моғор пайдо бўлиб, шу муносабат билан жамоатчилик томонидан жиддий хавотир билдирилган эди.

 – Ҳа, сиз “Егемен Қазақстан” газетасида мақбара пойдеворининг мустаҳкамлиги муҳимлиги мавзусини кўтардингиз. Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси нафақат Туркистон ўлкаси, балки бутун туркий оламнинг маънавий мероси, миллий ифтихоримиздир. Бу ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган халқаро аҳамиятга молик ягона тарихий ёдгорликдир. Уни асраб-авайлаш ва ҳимоя қилиш бизнинг тарихий ва фуқаролик бурчимиздир. Айни пайтда вилоятимизда 1784та тарихий-маданий мерос иншооти рўйхатга олинган. Улар орасида Яссавий мақбараси асосий маскан ҳисобланади. Унинг ҳолати Ҳукумат, вилоят ҳокимлиги ва тегишли илмий муассасаларнинг доимий назоратида. 2023-2025 йилларда Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш юзасидан махсус дастур амалга оширилмоқда. Мутахассислар деворларнинг гидроизоляция тизимини янгилайди ва намлик тарқалишининг сабабларини аниқлайди. Бу ишга Маданият ва ахборот вазирлиги, “Қазқайтажаңарту” корхонаси, мамлакатимиз ва хориждан етук олимлар, тажрибали реставраторлар жалб этилди. 

Тадқиқот давомида мақбара деворларида намликнинг ошишига қатор ташқи омиллар таъсир кўрсатганлиги аниқланди. Хусусан, яқин атрофдаги майсазорларнинг ҳаддан зиёд кўп суғорилиши ва дренаж тизимининг эскириши, об-ҳавонинг ўзгариши, ёғингарчиликнинг кўпайиши асосий сабаблар бўлиши мумкин. 

Мақбарани асраб-авайлаш бўйича ҳудудий дастур қабул қилинди. Унинг доирасида иншоот атрофидаги ер ости сувлари ва намликка қарши курашиш бўйича муҳандислик тадбирлари бошлаб юборилди. “Қазқайтажаңарту” олимлари ва мутахассислари таклифига кўра, мақбарадан 150 метр масофада ободонлаштириш ишлари тўлиқ чекланади. Бундан ташқари, мақбара атрофидаги эски дренаж тизимини тубдан таъмирлаш, ҳимоя тўғонини қуриш ишлари олиб борилди. Мақбаранинг ёпилиши муваққат чора холос. Бу ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлиги ва реставрация сифатини таъминлаш учун зарур. Амалдаги режага кўра, асосий ишлар 2026-2028 йилларда бошланади. 

Муҳими, бу ишлар мақбаранинг тарихий қиёфасини, табиий мустаҳкамлигини бузмасдан илмий асосда амалга ошириш. Яссавий бобомиз мероси халқ маънавиятининг таянчи, шунинг учун уни асраб-авайлаш барчамизнинг умумий бурчимиздир. Уни асраб-авайлаш ва муваққат эмас, балки тизимли, авлоддан авлодга ўтадиган муқаддас масъулиятдир. Туркистон вилояти ҳокимлиги бу борадаги ишларни илмий асосда, халқаро андазалар доирасида масъулият билан давом эттиради. 

Суҳбатдош Ғабит ИСКEНДEРУЛИ, “Егемен Қазақстан” газетаси, 2025-10-30, 20:52 123
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.