ҚХАнинг 30 йиллик санаси доирасида Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасининг “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” ҳамжиҳатлик руҳида ўтди.
Вилоят зиёлилари, ҚХА аъзолари, унинг ҳузуридаги тузилмалар, этномаданият бирлашмалари, вилоят маслаҳати депутатлари, Ассамблея ёшлари иштирок этган байрам илиқ кутиб олинди. Карнай-сурнай садолари остида миллий либосдаги қизлар меҳмонларни кутиб олишлари, улар ижросидаги миллий рақслар байрамга алоҳида файз бағишлади.
Миллатлар ҳамжиҳатлигининг рамзига айланган ҚХАнинг 30 йиллиги доирасида ўтказилаётган йирик анжуман – халқ сайлини ташкил этиш, масъулият талаб этиладиган жараён. Вилоят марказида шу тахлитдаги тадбирларни уюштиришда жонбозлик кўрсатаётган Туркистон вилоят ЎЭМБ раиси Баҳодир Ирисметов билан суҳбатлашиб, байрам арафасидаги саъй-ҳаракатлар, ташаббуслар тафсилотлари билан қизиқдик.
– Жорий йилги байрам ўзгача руҳда ўтди, – дейди Б. Ирисметов. – Барча тадбирлар ҚХАнинг 30 йиллиги доирасида алоҳида тайёргарлик, ўзгача ташаббус ҳамда ғоялар билан ўтганига гувоҳсиз. Байрам учун “Дўстлик уйи” атрофига кичик шаҳарча барпо этдик. Вилоят миқёсида фаолият юритаётган турли этнослар учун “Дўстлик уйи” кошонасининг очилиши айни муддао бўлди. Миллатимиз вакилларининг вилоятимиздаги улуши ҳисобга олинганлиги учунми, бизга барча шарт-шароитлари яратилган хоналар ажратилди. Кузнинг боҳаво кунларида байрамни очиқ ҳавода ўтказишга қарор қилдик. Зеро, байрамга ташриф буюрган меҳмонлар байрам тадбирини томоша қилиш билан бирга, ўзбекона руҳни ҳис қилишса, анъаналар, урф-одатлар ичида яшаётгандек таассурот олиши учун махсус сўрилар ўрнатдик. Ҳар бир сўри миллий нақшлар битилган газламалар – адрас, атласларимиз билан безатилишини таъминладик. Меҳмонларимизга тақдим этиладиган ҳадяларимиз ҳам ўзбекона руҳда, қадриятларимизни ўзида мужассам этишини кўзлаб, махсус буюртма асосида
тайёрлатдик. Ваҳоланки, дўстлик, ҳамжиҳатликнинг барқарорлик йилларидаги бетакрор санасига бағишлаб ўтказилаётган тантана ҳам авлодлар хотирасида йиллар мобайнида сақланиб қолиши учун имкон қадар ҳаракат қилдик. Байрам ўтишида жонбозлик кўрсатган, биз билан биргаликда елкама елка туриб, юзага келган ҳар қандай масалани жойида зудлик билан ҳал қилган ҳамюртларимиздан миннатдормиз. Зеро, халқ ишига доим ҳозиру нозир турган бирлашмамиз аъзолари ҳақиқатан фидойиликда беназир эканликларини исботлашди.
Ўқитувчилар раҳбарлигида шогирдлар тайёрлаган санъат асарлари, миллий мавзулардаги кўргазмалар билан бирга, алоҳида сўриларда ҳар бир мактаб жамоаси миллатимизнинг урф-одатларини намойиш этишди.
Мустақиллик йилларида фаолиятини бошлаган
Б. Ирисметов ғояси билан фаолият юритаётган “Карвонсарой” чойхона-мажмуаси ташкил этилганига салкам 35 йил тўлмоқда.
Тадбирнинг уюшқоқли ўтишида вилоятимизга қарашли барча туманлар ЎЭМБ раислари ҳамда бирлашма аъзолари фаоллик кўрсатишди. Б. Ирисметов ташаббуси билан Қазиғурт туманидан 40 нафар ҳамда Келес, Сариоғоч, Жетисай, Мақтаарал туманларидан жами 50 нафар нуронийлар учун махсус автобусда Туркистон шаҳрига саёҳат уюштирилди. Қарийб 100га яқин ҳамюртларимиз қадриятларимиз байрамида иштирок этиб, шаҳарни зиёрат этиб қайтишди. Тантанага ташриф буюрган 250га яқин меҳмонларга “Карвонсарой” мажмуасида байрам дастурхони уюштирилди.
Улкан тадбирни ўтказишнинг ўзи бўлмайди, – дейди Б. Ирисметов, – ушбу муҳим тадбирда ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамини аямаган эл ўғлонларидан миннатдорман. Алмати шаҳар ЎЭМБ раиси Абдулла Исматуллаев, тадбиркорлар Ғайрат ҳамда Мирзахон Акешовлар, Саидбек Абдусатторов, Улуғбек Ибодуллаев, Асадбек Қулметов ҳамда бошқа саховатпеша тадбиркорларимиз ўз ҳимматини аяшмади. Туркистон вилоят ЎЭМБ кенгаш аъзолари – оқсоқоллар кенгаши раиси Зуппархон Чолдонов, раис ўринбосари Замир Муҳаммаджонов, бирлашма қошидаги хотин-қизлар кенгаши раисаси Муҳаббат Иброҳимова, бирлашма раиси ўринбосари Бахтиёр Шомуродов, Туркистон шаҳар маслаҳати депутати Дониёр Аюпов, Саврон туман маслаҳати депутати Хуршид Шаропов, Қарноқ қишлоқ ЎЭМБ раиси Бекзод Ҳабибовлар тадбирнинг уюшқоқли ўтишида жонбозлик кўрсатишди. “ART” студияси раҳбари Отабек Сапаров, Отатурк номидаги мактаб ўқитувчиси Нодира Юсупова, А. Навоий номли 13-сонли мактаб-гимназия директорининг ўринбосари Умида Ғанибоева, Амир Темур номидаги мактаб ўқитувчилари – Наргиза Олимова ҳамда Индира Исҳоқова, С. Раҳимов номидаги мактаб ўқитувчиси Шарбон Абдалимова, Ҳамза номли 2-сонли мактаб директорининг ўринбосари Зулфия Ғофурова, Ш. Ниёзов номидаги мактаб директорининг ўринбосари Саидкарим Абдурашидовлардан миннатдормиз.
Туркистон шаҳар ЎЭМБ раиси Райимжон Қўчқоров, Кентов шаҳар ЎЭМБ раисаси Санобар Самиева, Сайрам туман ЎЭМБ қошидаги оналар кенгаши раисаси Зумрад Аҳмедовага ташаккур. Улар шодиёнанинг файзли ўтишида хизматларини аяшмади.
Ҳамжиҳатлик тараннум этган, миллатлараро тотувлик ришталари чамбарчас боғланадиган бу каби тадбирлар ҳамда анжуманлар бардавом бўлсин.