Кеч куз бўлса-да, ҳаво очиқ, кузнинг таровати янада гўзаллашган кунларнинг бирида вилоят “Дўстлик уйи” чин маънода аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва бирлик ошиёнига айланди. Ўтган шанбада Туркистон шаҳрида “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” байрами кенг нишонланди.
Кошонага кираверишда меҳмонларни созандалар қарши олишяпти. Карнай-сурнай садолари остида ўзбек миллий либосларидаги қизлар меҳмонларга пешвоз чиқиб, кутиб олишмоқда. Халқимизнинг ўлмас ва бетакрор санъат намуналари, қадриятлари гўзал ва сержило мусиқа садолари, миллий либосларимиз рангию кўркига уйғун ҳолда, байрам иштирокчиларига хушкайфият улашмоқда. ҚХАнинг 30 йиллик шонли санаси доирасида Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасининг “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” минтақамизда истиқомат қилаётган турли этнос вакилларини ягона саҳна ҳамда дастурхон атрофига жамлади.
Вилоят зиёлилари, ҚХА аъзолари, унинг ҳузуридаги тузилмалар, этномаданият бирлашмалари, вилоят маслаҳати депутатлари, Ассамблея ёшлари, вилоят маркази аҳолиси иштирок этган байрам миллатдошларимиз томонидан тайёрланган кўргазмалар томошаси билан бошланди.
Тадбиркор Бобир Абилов раҳбарлик қилаётган “Sam Brand” жиҳоз корхонаси ўз маҳсулотлари кўргазмасини уюштирибди. Қарийб 300 киши фаолият юритаётган корхона 70дан зиёд турли мебелларни ишлаб чиқармоқда. Тадбиркор ҳамқишлоқларию, ходимларининг меҳнат қилишлари учун барча шароитларни яратиб берган. Раҳбарият саховатини, хайрли ишларини, аввало, ўз ходимларининг хонадонларидан бошлар экан. Ишбилармон худди шу номдаги меҳмонхонани ҳам очиб, янги иш ўринларини яратиш баробарида аҳоли корига камарбаста бўлмоқда. Шунингдек, “Эдем” белгиси билан ишлаб чиқарилаётган жиҳозлар ҳам байрам иштирокчиларининг эътиборини жалб қилди. Рақобатбардош муҳитда тайёрланаётган турли жиҳозлар ҳамюртларимизнинг эҳтиёжларини таъминлаш билан бирга, қўшни давлатларда ҳам ўз харидорларини қувонтириш арафасида.
Туркистон шаҳридаги Ҳамза номли, А. Темур номли, С. Раҳимов номли, Э. Иззатуллаев номли (меҳнат муаллимлари Марҳабо Ризаева, Қобил Ўрмонов), А. Навоий номли (меҳнат муаллими Эҳсон Хўжаев), Ш. Ниёзов номли (меҳнат муаллими Мадина Дадахонова), Р. Исетов номли, Ал Форобий номли мактаблари (Эллора Маннопова, Зулфия Шодибекова, Шаҳноза Мусаева раҳбарлигида ўзбек хонадонининг турмуш тарзини саҳнада акс эттиришди) жамоалари ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар ясаган буюмлар, миллий либослар, миллий ҳунармандчиликдан маҳорат сабоқлари, (кулолчилик) миллий таомлар, чолғу асбоблари кўргазмасини намойиш этишди. 1-сонли “Иқон” мактабининг меҳнат муаллими Мухтор Шомуродов муносиб шогирдлар тайёрлабди. 9-синф ўқувчиси Саидмурод Мамарасулов ҳамда 7-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Набихоновнинг ёғочдан ишлаган буюмлари меҳмонларни беэътибор қолдирмади.
Сўзоқ тумани ЎЭМБ вакиллари, Туркистон шаҳар “Бірлік” мавзеси вакиллари тайёрлаган сут маҳсулотларини намойиш этишди. А. Югнакий номли мактаб муаллимаси Динора Абдураҳимова меҳмонларга кувида мой пишитишдан маҳорат сабоғини ўтди.
Тантанада иштирок этган мактаб жамоалари халқимизнинг ўлмас қадриятлари, анъаналарини намойиш этишди. Меҳмонларга чақалоқни бешикка солиш, тушов кесиш, келин салом анъаналарини намойиш этишди.
Кўргазмада ўзбекона нон ва патирлар кўргазмаси ҳам уюштирилиб, байрамнинг мазмунини бойитди. Сайрам туман ЎЭМБ қошидаги оналар кенгаши раисаси Зумрад Аҳмедова туман қишлоқларида аждодларимиз удумига, анъаналарига хос тайёрланган ширмой нонлар ҳамда патирларни “Дўстлик уйи”да ўтаётган ҳамжиҳатлик, бирдамлик байрамига жамлаб келган:
– Қарийб 15 йилдирки, шодиёнада иштирок этаман. ҚХАнинг 30 йиллигига ҳамоҳанг келган қадриятларимиз эъзозланаётган ҳамда турфа миллат вакилларига намойиш этилиб, ягона саҳна атрофига жамланган кунни нишонлаяпмиз. Нон маҳсулотлари кўргазмаси жуда чиройли чиқди, байрамимиз шукуҳли ўтяпти. Айниқса, зуваласи 2-3 килоли Қорабулоқ қишлоғи анъаналарига мос қудачилик учун тайёрланадиган махсус патирлар вилоятимизда машҳур. Бундан ташқари, тадбирга 11 қишлоқнинг нон маҳсулотларини олиб келдик. Куни кеча вилоят ЎЭМБ раиси Баҳодир Ирисметов ҳомийлигида ҚХАнинг 30 йиллигига бағишлаб тасвирга олинган ”Бір түтас ел” –“Ягона эл” фильмининг тақдимоти ўтди. Унда ҚХА тарихи ва келажакда амалга ошириладиган ишлар ҳамда ЎЭМБнинг 1989 йилдан буён амалга оширган тадбирлари ёритиб берилган. Сайрам тумани вакилларининг хизмати ҳам алоҳида таъкидланганидан миннатдормиз. Кўргазмамизни томоша қилган ҚХА раиси ўринбосари Марат Алмасули ўша фильмни Қорабулоқ қишлоғида ўтадиган алоҳида тадбирда томоша қилишини айтганларида хурсанд бўлиб, халқимизга бўлган эҳтиром, деб қабул қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, кўргазмани уюштиришда ҳомийлик қилган ҳамюртларимизга алоҳида тўхталишни жоиз, деб биламан. Қорабулоқ қишлоқ ЎЭМБ раиси, 17-сонли мактаб директори Абдурасул Аҳмедов, “Ассамблея ёшлари” республика жамоат бирлашмасининг вилоят вакиллиги раиси Нодиржон Ҳасантоев ҳамда туман маслаҳати депутати Достон Анортоев, Оқсувкент ЎЭМБ раиси Расул Юсуповларга миннатдорчилик изҳор этаман. Аҳиллигимиз, бирдамлигимиз мустаҳкамланаверсин.
Саврон туманидаги С. Қўжанов, Ж. Ташенев, А. Байтурсинов номли мактаб жамоаларининг ўзбек тили ва адабиёти муаллимлари раҳбарлигида туманда етиштирилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилган экан.
– Саврон туман ЎЭМБ раиси Қурбонбой Ирисбеков раҳбарлигида ушбу кўргазмада иштирок этяпмиз, – дейди С. Қўжанов номидаги мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси Наргиза Исмоилова. –Бу гал туманимизда етиштирилган полиз маҳсулотлари, мева ҳамда сабзавотлар кўргазмасини уюштирдик. Тил ва маданият байрамларига жамоамиз билан йил давомида тайёргарлик кўрамиз. Анъаналаримиз, қадриятларимиз улуғланишига, уларга нисбатан биз, устозлар ҳам эҳтиром кўрсатаётганимизга шогирдларимиз ҳам гувоҳ бўлмоқда. Зеро, миллий қадриятларимизни улуғлайдиган анжуман ҳамда байрамлар уюшқоқлик, ташаббускорлик ва ҳамжиҳатликни талаб этади.
Кентов шаҳар ЎЭМБ раисининг ўринбосари Наргиза Саданова ташкилотчилигида меҳмонларга ўзбек, қозоқ онахонларининг миллий қўшиқлари ҳавола қилинди.
Мусаввир Ҳамза номли мактаб муаллими Абдулла Отаметов ҳамда унинг невараси ХҚТУнинг 5-босқич талабаси Лайло Абдужабборова чизган расмлари, таниқли ҳунарманд Носир Ҳамроқулов ясаган сувенирлари, тадбиркорлар Ихтиёр ҳамда Севара Сулаймонова ташкил этган “Dunya” бренди остида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқараётган корхона фаолияти кўргазмаси ёшларни тадбиркорликка рағбатлантирди, кўргазмага ўзгача жило бағишлади.
Қарноқ қишлоғи ЎЭМБ раиси Бекзод Ҳабибов раҳбарлигида иштирок этаётган мактаблар жамоалари лапарларни ижро этиб, байрамга файз бағишлашди. Қишлоқ маданият уйида йиллар мобайнида фаолият юритган, “Ҳаққона” фольклор дастаси раҳбари Насиба Жалолова етакчилигида мактаблар муаллималари ижросидаги лапарларни меҳмонлар жўровоз бўлиб куйлашди, рақсга тушишди.
Югнак қишлоқ ЎЭМБнинг раиси Жамшид Шарофиддинов уюштирган 10 нафар вилоят ошпазлари томонидан тайёрланган паловларнинг мазасини юқори мартабали меҳмонлар татиб кўришди.
Байрамнинг расмий қисмини ҚХА Ассамблеяси Раиси муовини, ҚХА котибияти мудири Марат Азилханов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ертай Алтаев, вилоят маслаҳати котиби Нурали Абишов очиб, иштирокчиларни байрам билан қутлашди.
Ўзбекистон Республикасининг Алмати шаҳридаги Консуллигининг биринчи котиби Эркинжон Абдуқаюмов, вилоят ўзбек ЭМБ раиси Баҳодир Ирисметов самимий тилакларини изҳор этиб, миллатлараро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш инсоний бурчимиз эканлигини алоҳида таъкидлашди. Байрам тадбирида 50дан зиёд ҳамюртларимизга миллатлараро тотувлик ривожига ва мамлакат тараққиётига қўшиб келаётган ҳиссаси учун ҚР Президенти Фармони билан тасдиқланган “Қозоғистон халқи Ассамблеясига 30 йил” байрам медали, “ҚР ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамиятига – 30 йил” юбилей медали, ҚХАнинг «Алғыс» кўкрак нишони, вилоят ҳокимлиги ва Туркистон вилоят маслаҳатининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Сўзга чиққан таниқли жамоат арбоби Рўзақул Холмуродов дил сўзларини шундай изҳор этди:
– Маданият, маънавият байрами билан барчангизни муборакбод этаман. Сиз билан биз бахтли инсонлар сирасиданмиз. Бахтимиз – юртимиздаги осойишталикдир. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Қ. Тўқаевнинг олиб бораётган оқилона сиёсати туфайлидир. Яратганнинг бизга берган неъмати – тинчлик туфайли биз шундай байрамларни тўйлаяпмиз. Давлат раҳбари ташаббускорлигида олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар, адолатли Қозоғистонни барпо этиш ғоясини биз якдиллик билан қўллаб, меҳнат қилишимиз жоиз. Бугунги тадбир уч масалани ўзида мужассам этади. Ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини улуғлайдиган кун. Ўзбек тилини ривожлантиришга давлат миқёсида шароитлар яратилган. Ўзбек синфлари мавжуд. Она тилимизда асарларни театримиз саҳналаштиряпти, она тилимизда ОАВлар мавжуд. Маданиятимиз ривожланиши учун шароитлар яратилган. Анъаналар масаласига келсак, катта авлодни эъзозлаш, кичикларга ғамхўрлик кўрсатишда қатор камчиликларга йўл қўйяпмиз. Мамлакатимиз тинчлиги мустаҳкам ва бардавом бўлсин! Келажак авлод вакиллари маданиятли, ахлоқли бўлиши учун ўзимиз ибрат бўлайлик.
Ўзбекистон Республикасининг Алмати шаҳридаги Консуллигининг биринчи котиби Эркинжон Абдуқаюмов ҳам тантана билан табриклади:
– Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар нафақат иқтисодий, сиёсий, балки маданий соҳада ҳам ривожланиб бормоқда. Ўйлайманки, бунга сабаб икки мамлакат раҳбарининг олиб бораётган юксак даражадаги қўшничилик, стратегик ҳамкорлик борасидаги муносабатлари туфайлидир. Бугунги тадбирнинг кўтаринки руҳда нишонланиши ўзбек тили, маданияти ҳамда анъаналарига бўлган ҳурматни англатади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлигимиз мустаҳкам, дўстлигимиз бардавом бўлсин!
ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов ҚХАнинг 30 йиллиги доирасида ЎЭМБ томонидан ўтказилаётган йирик ҳалқаро тадбирларга алоҳида урғу берди:
– Шимкент шаҳрида ўтказилган ўзбек тили, маданияти ва анъаналари кунига бағишланган байрам арафасида қўшни давлатлардан олимлар, ижодкорлар, тарихчилар иштирок этган “Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ҚХАнинг роли” мавзуидаги халқаро анжуман билан бошланди. Миллатлараро ҳамжиҳатликни ривожлантириш, дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўналишида фидокорлик кўрсатган ҳамюртларимиз меҳнатлари ҚХА томонидан муносиб баҳоланди. ҚХАнинг 30 йиллик юбилей медаллари билан кўплаб миллатдошларимиз тақдирланди. Бунинг учун ҚХА Раисидан миннатдормиз. Жорий йилда “Дўстлик” ҳамжамиятининг ҳам 30 йиллиги нишонланмоқда. Шу боис, ҳамжамиятимизнинг юбилей медалини таъсис этдик. “Дўстлик” ҳамжамиятига 30 йил” юбилей медалини икки халқ ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаётган ҚХА Раиси муовини Марат Алмасулига ҳам тақдим этдик.
Зуппархон Чолдонов, жамоат арбоби:
– Миллатимиз маданиятини улуғлайдиган бундай байрамни ташкиллаштириш тадбирларида иштирок этаётганимизга қарийб 30 йил бўлди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларининг маданиятини, тилини ривожлантириш учун шарт-шароитлар муҳайё. Байрамимиз эса бунинг яққол далилидир. Ҳар бир миллат тарихи, маданияти, урф-одатлари тил орқали сақланиб қолинади, авлоддан авлодга етказилади. Тил байрами бирлик, тотувлик, бир-биримизга бўлган эҳтиром тимсоли.
Келес тумани ЎЭМБ фахрий раиси, оқсоқоллар кенгаши аъзоси, Чуқурсой қишлоғи бийи, «Жанубий Қозоғистон» вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг тарғиботчиси Ёндошбой Абдуқодировга тантанада «ҚХАнинг 30 йиллиги» юбилей медали топширилди:
– Маданиятимиз, анъаналаримизни улуғлайдиган, маънавиятимизни юксалтирадиган байрамларимиз кўпаяверсин.Тилимизни ривожлантириш учун ОАВда ўзбек тилида кўрсатувлар тайёрланиб, даврий нашрлар чоп этилмоқда. Маънавиятимиз юксалишида уларнинг алоҳида ўрни мавжуд. Уларни қадрлашимиз жоиз. Ёшлар билимли, маънавиятли бўлишида биз катта авлод вакиллари зиммасига юксак масъулият юкланади. Буни шараф билан адо этайлик. Халқимизнинг илмли, маърифатли ёшлари кўпаяверсин.
Тотувлик ва бирликни улуғлаган, ягона дастурхон атрофида, феруза гумбазли осмон остида турфа этнос вакилларини жамлаган маънавият байрамида дўстона, руҳий ҳамжиҳатлик кайфияти ҳукмрон бўлди. Вилоят ўзбек драма театри санъаткорлари, қозоғистонлик, ўзбекистонлик таниқли хонандалар ижросидаги концерт дастури рақсларга уланиб кетди...