26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Янги давр мутахассислари

Бугун Қозоғистон халқи Ассамблеяси мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим ижтимоий тизимга айланди. У турли этнослар ягона мақсад йўлида вакилларини бирлаштириш билан бирга, ёшлар, айниқса, талабалар учун сиёсий ва ижтимоий фаолликни ривожлантириш мактаби сифатида тараққий этмоқда.

Шимкент шаҳар ҚХА қошида ўтказилган тадбирда фаол ёшларимиз орасида Шимкент шаҳар ЎЭМБ аъзоси Шаҳнозабону Жоналиева каби иқтидорли ва ватанпарвар қизларимизнинг иштирок этиши диққатга сазовор бўлди. Унинг соф қозоқ тилидаги маърузаси йиғилганларга илҳом бағишлади. “Мен учун Қозоғистон – она юртим, шу билан бирга, келажагимнинг кафолати, юрагим парчаси. Ватанимизда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ҳимояланган, тараққиёт учун кенг йўллар очиқ. Бу – мустақиллик, бирдамлик ва тотувлигимиз самарасидир. Илм ва меҳнатимиз билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшамиз, халқимизнинг садоқати ва бирлиги билан дунёга танитамиз”, дея таъкидлади Шаҳнозабону ўз чиқишида.

Ш. Жоналиева замонавий билим, ватанпарварлик ва миллий ифтихорни ўзида мужассам этган ёш авлод вакиласи. У 2005 йили Тўлебий тумани, Султонработ қишлоғида таваллуд топди. Ленгер шаҳридаги 5-сонли гимназияда таълим олди. Оилада 4 нафар фарзанднинг тўнғичи. Волидаи муҳтарамаси Латофатхон Ниёзова – уй бекаси. Падари бузруквори Мансурбек Ашропов Тўлебий тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт ва молия бўлими раҳбари. У 2023 йили Жанубий Қозоғистон Тиббиёт академиясининг умумий тиббиёт факультетига ўқишга кирди. Айни дамда 3-босқич талабаси, олий таълим муассасасининг инглиз тили бўлимида таҳсил олмоқда. Укаси Шоҳруҳ стоматология соҳасини танлади, Тошкент Тиббиёт Академиясида таҳсил олмоқда. Қизиғи шундаки, сулоласида аввал шифокорлар бўлмаган. Фарзандлар илмга ва жамиятга фойда келтириш иштиёқи билан ушбу масъулиятли касбни танлашди. Шифокор Жоналиевлар сулоласининг бош бўғинлари бўлишни мақсад қилишган. Талаба Шимкент ҚХА билан ҳамкорлик қиладиган ЖҚТАнинг “Бірлесу” миллатлар ҳамжиҳатлиги ташкилотининг раисаси. Шимкент шаҳар “Ассамблея ёшлари” ташкилоти, ЎЭМБ ёшлар қаноти фаоли.

– Мен учун тиббиёт, аввало, мурувват рамзидир, – дейди Шаҳнозабону. – Бу касб инсон зиммасига улкан масъулият, шарафли бурчни юклаган мутахассисликдир. Афсуски, кўп ёшлар бизнес соҳасида фаолият юритишни хоҳлайди. Бизнинг соҳамизда таълим олиш учун умримизнинг қатор йилларини сарфлашимиз жоиз. Шифокорлик касбини даромад манбаи сифатида танламадим, орзуимни моддият билан боғламадим. Аксинча, ҳамюртларимга ёрдам берай, уларга ҳожатбарор бўлай, оғирини енгил қилай, деган умид билан танладим. Ва мана, шу йўлдаги барча синовлар, мушкулликларни енгиб ўтишга бор куч-қувватимни сарфлайман. 

– Жамоат ишларидаги фаоллик сизни қийнаб қўймаяптими?

– Аксинча, жамоат ишлари менга руҳий куч беради. Жамоат ишларида одамларни тинглашни, уларнинг эҳтиёжини англашни ўрганаман. Бу кўникмалар насиб этса, шифокор сифатида менга асқотади, албатта. Академиямизда турли миллат фарзандлари таҳсил олишади. Бизда ҳиндистонлик талабалар ҳам таълим олишади. Биз уларга давлат тилини ўрганишда ёрдам берамиз, дебатлар ҳам ташкил этамиз. Ўрганаётган тилни суҳбат асносида, турли мавзулардаги фикр алмашувлар орқали ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Академиямизда қозоқ, рус ва инглиз тилларида сабоқ беришади. Бу талабалар учун янги имкониятларни тақдим этади. Мен фаолият юритадиган “Бірлесу” жамоат ташкилоти 2021 йили тузилган. Уч йилдирки, ҚХА ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирларда иштирок этаман. Қозоқ тилини билмайдиганларга махсус курслар ташкил қилинади, тил билан бирга, урф-одатлар, анъаналарнинг ҳам кенг тарғиботи йўлга қўйилган. ”Мәміле” дебат клуби, “Тилларни ўқитиш услубият маркази” ҳамда Ижтимоий тотувлик муассасаси ходимлари билан тиғиз алоқада фаолият юритамиз. Қозоқ тилини чуқур ўрганиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ташаббуслар, айниқса, ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Тил билан бирга, халқнинг руҳи ва маданиятига бўлган эҳтиром туйғуси ҳам мустаҳкамланиб бораверади. 

– Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этмоқдасиз. Бу борада руҳий таянчингиз, илҳом манбаингиз нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳар бир ишимни падари бузрукворим ҳамда волидаи муҳтарамамнинг дуолари билан бошлайман. Улар мен учун ҳаёт мактаби, маънавий таянч ва руҳий қувват манбаидир. Шу билан бирга, устозимдан олган билимларимни амалда қўллаш, мутахассис сифатида камол топишимда турли жамоат ташкилотлари ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Улар биз, ёшларни маънавий, илмий ва касбий жиҳатдан юксалтиради. Эришаётган ҳар бир муваффақияти замирида ота-она меҳри ва улар сингдирган меҳнатсеварлик, масъулият ҳисси мужассам ҳаётимиздаги муҳим қарорларни қабул қилишда уларнинг ишончи ва дуолари менга руҳий қувват бағишлайди.

– Давлат раҳбарининг жорий йилги Мактубида ёшларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, уларни тадқиқот ва инновация жараёнларидаги иштироки масаласига алоҳида урғу берилди. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

– Президентимиз Мактуби сунъий идрокдан самарали фойдаланиш, рақамли ислоҳотларни жадаллаштириш мавзуларига бағишланди. Давлат раҳбари ёшлар онгида ватанпарварлик тушунчаси янги мазмун касб этаётганини ҳам алоҳида таъкидлади. Замонавий технологияларни ўзлаштириб, халқимизни илғор фикрли миллатлар сафидан жой олиши учун интилишимиз жоиз. Айнан мазкур интилиш – ҳақиқий ватанпарварлик, яъни жамият онгидаги янгиланишнинг ёрқин ифодаси. 

Яқинда Шаҳнозабону ҚР ёшлар сиёсатининг ривожига қўшган ҳиссаси ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, етакчилик қобилиятини намоён этгани учун ҚР “Bilim-orkenieti” миллий инновациявий илмий-тадқиқот марказининг “Қозоғистоннинг энг яхши талабаси” кўкрак нишони билан тақдирланди. ЖҚТАнинг “Энг яхши ташкилот раҳбари 2025” номинацияси совриндори, Марказий Осиё таълим инновациялари ҳамда трансформация соҳасидаги тадқиқотлар марказининг Назарбаев Университети Тиббиёт мактаби билан ҳамкорликдаги семинарларида иштирок этиб, сертификатлар соҳиби бўлди. Тошкент фармацевтика институтида ўтган илмий-амалий анжуманда иштирок этди, 2-даражали дипломга сазовор бўлди. Жамоат ишларидаги фаоллиги учун Шимкент шаҳар ҳокимлиги, ҚХАнинг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалар билан тақдирланган.

Шаҳнозабону серқирра иқтидор соҳибаси. Мактабда таълим олиш баробарида 12 йил спорт бал рақсининг сир-асрорларини ўрганди. Мусиқа мактабининг фортепиано ҳамда гитара синфида таълим олди. Унинг иқтидори жамоат ишларида роса қўл келяпти. ҚХАнинг 30 йиллигига бағишлаб, талабаларнинг кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирларига ташаббускор бўлди. Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун уюштирилган тадбирларда бош-қош бўлди. “Тоза Қозоғистон” экологик акцияси, турли этносларнинг миллий байрамлари, “Миллий либослар фестивали” ва шу каби анъанавий тадбирлар Шаҳнозабонусиз ўтмайди. 

Жамоат ишларини илмий изланишлари билан уйғун олиб бораётган Шаҳнозабону бугунги кунда наинки билимли, балки юксак маънавиятли ва инсонпарвар авлод вакиласидир. Унинг ҳаётий шиори – аждодлар қолдирган маънавий меросни асраб, замонавий илм билан бойитиш ва келажакда эл корига хизмат қилиш.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2025-10-13, 20:59 138
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.