26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Самарали фаолияти ютуқларида акс этмоқда

Сайрам туманининг Қорабулоқ қишлоғида туғилиб-ўсган, бугунги кунда эса Астана шаҳрида фаолият юритаётган ҳамюртимиз Ғуломжон Жуманов хусусий клиника раҳбари ҳамда Астана шаҳри ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. У бугун таҳририятимиз меҳмони, ҚХАнинг 30 йиллиги муносабати билан тақдирланган.

Тиббиёт соҳаси фаоли сифатида Ғуломжон Иристой ўғли “Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси” НҲЖнинг Астана шаҳридаги идорасида Аҳолини ахборотлаштириш ва мурожаатларни кўриб чиқиш бўлимини бошқарган. Шу муносабат билан суҳбатимиз тиббий суғурта тизимининг моҳияти ҳақида бўлди.  

– Қозоғистон тиббий суғуртасига қисқача изоҳ бериб ўтсангиз.

– Қозоғистонда Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси (ИТСЖ) 2016 йилда ташкил этилган бўлса, 2020 йилда Мажбурий ижтимоий суғурта тизими (МИСТ) жорий этилди. Суғуртадан аҳолига нима фойда, умуман, бу тизим нима учун ташкил этилди, деган саволлар кўп берилади. Авваламбор, шу йўл билан давлат барча суғурталанган фуқароларига жинси, ёши, ижтимоий мавқеи, яшаш жойи ва даромадидан қатъиназар, тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни кафолатлайди. Ҳар бир фуқаро энди ўз хоҳишига кўра, давлат ёки хусусий тиббий муассасасини танлаш ҳуқуқига эга. Мажбурий суғурта тизимида фуқаролар бадал тўлайди, лекин улар орасида имтиёзли тоифа ҳам мавжуд. Улар тиббий хизматдан бепул фойдаланадилар. 

– Имтиёзли тоифага кимлар киради?

– Улар қаторига болалар, “Алтын алқа”, “Күміс алқа” билан тақдирланган ёки илгари “Қаҳрамон она” унвонини олган кўп болали оналар, шунингдек, I ва II даражали “Она шуҳрати” орденлари билан тақдирланганлар, УВУ қатнашчилари ва ногиронлари, ногиронлар, ишсизлар, мактаб-интернатларда ўқиётган шахслар, касб-ҳунар билим юртлари, олий таълимда кундузги бўлим талабалари, бола туғилиши ва уч ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилишдаги шахслар, ишсиз ҳомиладор аёллар, нафақадорлар, жазосини махсус муассасаларда ўтаётган шахслар, ҳарбийлар, махсус давлат идоралари ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари киради.

– Иш берувчи ходимининг суғуртасига тўлов ўтказяптими, йўқми, буни қандай аниқлаш мумкин?

– Буни бир неча йўл билан аниқлаш мумкин. Энг қулай усул интернет орқали ёки жамғарма филиалига расмий сўров йўллаш. Агар бу йўл билан натижа чиқмаса, фуқаро 2020 йил январдан бириктирилган шифохонасига мурожаат қилиши мумкин. Аввало, суғурта мақомини текшириш зарур. Qoldau 24/7, Telegram-бот @SaqtandyryBot иловаси, ИТСЖнинг расмий веб-сайти (msqory.kz ) ёки Egov.kz, Kaspi.kz, Halyk Bank орқали ҳам маълумот олиш мумкин. Агар шулар орқали ҳам муаммо ҳал бўлмаса, 1414 – ягона алоқа марказига мурожаат қилиш ва яшаш жойидаги жамғарма филиалига ташриф буюриш мумкин. Тўловларда хатолар бўлса, Аҳолига хизмат кўрсатиш марказига (ЦОН) бориш керак. Шахсий гувоҳнома ва ИИН талаб этилади, холос.

– Кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш жараёнида аҳоли кўпроқ қандай муаммоларга дуч келмоқда?

– Асосий муаммо шифокорлар қабули ва диагностика бўйича навбатларнинг катталиги. Айниқса, тор мутахассислар қабули учун тирбандлик мавжуд. Шунингдек, айрим давлат шифохоналарида дори-дармон тақсимланишида ёки тиббий буюмлар билан таъминланишда муаммолар мавжуд. Бу эса беморларнинг айрим ҳолларда уларни ўз пулига харид қилишга ёки хусусий клиникага мурожаат қилишга мажбур этади. 

– Илгари тиш оғриғи бундай долзарб муаммо эмас эди. Ҳозир бу борада шикоятлар кўпайди. Жамғарма ҳисобидан кимлар стоматологик ёрдам олишлари мумкин? 

– Болалар ва ҳомиладор аёллар стоматологик ёрдамдан бепул фойдаланишади. Шошилинч ёрдам 18 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар, УВУ фахрийлари, ногиронлар, кўп болали оналар, манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар ва кекса ёшдаги нафақадорлар, юқумли, ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар билан хасталанган беморлар, ногирон болага ғамхўрлик қиладиган шахсларга кўрсатилади. Айрим пластик жарроҳлиги ҳам жамғарма ҳисобидан амалга оширилади. Масалан, Астанада 60га яқин тиббий муассаса (асосан хусусий клиникалар) стоматологик хизматларни амалга оширади. 

– Беморни қўллаб-қувватлаш ва ички экспертиза хизмати ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Бу хизмат тиббий ёрдам сифатини ошириш ҳамда беморлар муаммоларини жойида ҳал қилиш учун барпо этилган. “Шу жойда ва ҳозир” тамойили асосида ишлайди. 5 кун ичида беморнинг муаммоси ҳал қилинади. Арз-шикоятлар, эътирозлар кўриб чиқилади, тиббий ёрдам сифати баҳоланади, ходимларга сифат ва андаза қонун-қоидаларини ўргатади. Ва асосийси, кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажми ҳамда мажбурий суғурта тизимини назорат қилади. Агар бемор ёки унинг қариндошлари сифатсиз тиббий ёрдам ёки ходимларнинг қўпол муомаласи, пора талаб қилиши ёки бошқа ҳуқуқбузарликларга дуч келса, Damumed иловасида ёзув қолдиришлари мумкин.

– Сиз талаба-ёшларга маърузалар ҳам ўқиб турасиз. Улар қайси мавзуларга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда?

– Ижтимоий тиббий суғурта жамғармасида фаолият юритганимда, тушунтириш ишларини кўп олиб бордим. Менинг аудиториям нафақат талабалар, балки тиббиёт ходимлари, ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, савдо, IТ технологиялари, молия, қурилиш, кўчмас мулк ва энергетика соҳалари вакилларини ҳам ўз ичига олди. “AMANAT” партияси, “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси, шунингдек, ҳокимлик биносида мажбурий ижтимоий суғурта масалалари бўйича фуқароларни қабул қилиш учун жамоат қабулларини ташкил этардик. Фаолиятимизга оид барча маълумотлар веб-сайтларда, шунингдек расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. 

– Мухлисларимизга ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.

– Сайрам тумани, Қорабулоқ қишлоғида туғилганман. Мактабдан сўнг Қарағанди Давлат Тиббиёт Университетида (ҚДТУ) таҳсил олдим. Мутахассислигим – жарроҳлик. Меҳнат фаолиятимни 2009 йилда Балхаш шаҳридаги “Марказий касалхона”да жарроҳлик бўлимида жарроҳ сифатида бошладим. Сўнгра ўзим ўқиган университетда Топографик анатомия ва оператив хирургия курсида (Анатомия кафедраси ассистенти) билим ва тажрибамни мустаҳкамладим. 2012-2014 йиллари Астана тиббиёт университетида 1-сонли жарроҳлик касалликлари кафедраси ассистенти, Астана шаҳридаги 2-сонли шаҳар касалхонасида жарроҳ сифатида фаолият юритдим. 2015-2018 йилларда ҚР Соғликни сақлаш вазирлигининг “Республика Соғликни сақлашни ривожлантириш маркази”, “Республика тиббий ёрдамни такомиллаштириш маркази”да турли бўлимларда менежер, етакчи мутахассис, бош мутахассис, бошлиқ сифатида ишладим. Кейин фаолиятимни Ижтимоий тиббий суғурта жамғармасида бош таҳлилчи, бўлим мудири сифатида давом эттирдим. 2025 йил бошидан хусусий клиникада бошқарувчи директорман. 

Бундан ташқари, Тиббий хизмат захираси лейтенанти, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи, VI-VII чақириқ ҚР Парламенти Мажлиси депутатининг жамоат ёрдамчиси, Астана ўзбек этномаданият маркази раисининг ўринбосари сифатидаги вазифаларимда ҳам самарали фаолият олиб бормоқдаман. 

– Меҳнатингизнинг самараси сифатида кўплаб мукофотларга сазовор бўлгансиз...

– ҚР Президентининг 2019 йилдаги Президентлик сайловларида сайловолди ташвиқотида фаол иштирок этганим учун Ташаккурнома билан тақдирландим. Соғликни сақлаш соҳасини ривожлантиришдаги ҳиссам учун ҚР Соғликни сақлаш вазирининг фахрий ёрлиғи, тиббий суғурта соҳасидаги фаоллик учун икки марта “Еңбек сіңірген қызметкер” медали, ҚР Парламенти Мажлиси Раисининг, “АMANAT” партияси Раисининг ташаккурномалари, Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Дўстлик” медали, ҚР Президентининг Фармони билан “Қозоғистон халқи Ассамблеясига 30 йил” юбилей медали билан тақдирландим.

– Ассамблея аъзоси сифатидаги фаолиятингиз ҳам эътиборга молик.

– Астана шаҳар ЎЭМБдаги фаолият, жумладан, бу йилги ишларимизнинг барчаси ҚХАнинг 30 йиллигига бағишланмоқда. Пойтахтдаги “Дўстлик уйи” учрашувлар, тадбирлар, танловлар, анжуман ва фестиваллардан бўшамаяпти, деярли. Айни кунлардаги тадбирларимизни Uz_astana, uzbek.kz, kz.drujba, sherzod_a_pulatov ва Ассамблеянинг бошқа сайтларидан томоша қилиш мумкин. 

Жорий йил апрель ойидаги юбилей медаль нафақат меники, балки Шерзод Пўлатов раҳбарлигидаги бутун ЎЭМБ жамоасининг шарафли меҳнати маҳсулидир. 

– Ишларингизга омад, суҳбат учун раҳмат!

Н. МАВЛОНОВА, 2025-10-13, 20:54 346
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.