Шимкент шаҳридаги А. Пушкин номли кутубхонада тарих ва замон уйғунлашган, сўз ва қалам қадри улуғланган байрам тадбири ўтди. Юртимизнинг кўҳна нашрларидан бири “Южный Казахстан” газетасининг 100 йиллигига бағишланган “Тарих силсиласи” мавзуидаги учрашув халқни, авлодларни миллатларни яна бир бор бирлаштирди. Бир аср мобайнида халққа хизмат қилиб келаётган отахон нашр бугун 130дан зиёд миллат ва элатларни яқинлаштириб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда.
Учрашувни нашрнинг бош муҳаррири Марина Лимаренко ҳамда Шимкент шаҳар рус драма театри директори Игорь Вербицкийлар олиб боришди. Театр хонандаси Светлана Винокурова ижросида янграган “Ветер перемен” қўшиғи байрамга алоҳида руҳ бахш этди. Ва бу қўшиқнинг янграши ҳам бежиз эмас: таҳририят газета тарихига бағишлаб, айнан шу номдаги китобини нашр этиб, кўп йиллик муштарийлари ва фахрий меҳмонларига уни тақдим этди. Тадбирда газета тарихига оид саналар юзасидан викторина саволлари берилди. Ғолибларга совғалар улашилди, миллатлар дўстлиги рамзи бўлган табриклар янгради. Шимкент шаҳар славян этномаданият бирлашмаси раисаси Наталья Романова раҳбарлигида турли этномаданият бирлашмалари раислари сўзга чиқиб, таҳририят фаолиятига муваффақиятлар тилашди, газета билан боғлиқ унутилмас хотираларини ёдга олишди.
Тадбирда тақдирини газета билан боғлаган зиёлилар, турли соҳа арбоблари, таниқли журналистлар, таҳририятнинг фахрий ҳордиқдаги собиқ ходимлари билан учрашиб, ўтмиш саҳифаларига назар ташлашди. Бир асрлик тўйини нишонлаётган газета саҳифаларида Жанубий Қозоғистоннинг бир асрлик тақдири муҳрланган, қозоғистонликлар ҳаёти ва қисмати битилган эди. Тадбир иштирокчиларининг эътиборини газета саҳифаларида турли йилларда нашр этилган хабар ва мақолалар ҳамда уларда акс эттирилган фотосуратлар кўргазмаси уюштирилди. Катта авлод вакилларига мансуб журналистлар анчагина суратларнинг олдидан кетолмай қолишди. Ўша йиллар ҳамда ёритилган воқеаларнинг тафсилотларини қизғин муҳокама қилишарди. Иштирокчилар газета саҳифаларида тарих, маданият ва халқ овози ифодаланганини мамнуният билан изҳор қилишди.
– Мана бу расмга эътибор беринг, Мунира, – дейди газетанинг устоз журналистлардан Берик Мўнтаев менга юзланиб, – Йиғим-терим пайтида туширилган сурат. Ўша хўжаликка 2-3 кунлаб хизмат сафарига бориб, унинг фаолиятини кенг ёритардик.
– Таҳририятга қачон келгансиз? Ёдда қолган воқеалар билан ўртоқлашсангиз, – дейман қизиқиш билан.
– «Южанка» билан танишиш талабалик йилларимда бошланган. ҚозДУ журналистика факультетининг 2-босқичида ўқиётган пайтимда амалиётни ўша таҳририятда ўтганман. Менга кўп топшириқлар беришарди. Аксарият ҳолларда танқидий мақолаларни ёзардим. Иккинчи танишишимиз сал кейинроқ юз берди. Ленгер туман газетаси «Путь Ильича», «Ильич Жолы» газеталарида ишлаб туриб, «Южанка»га ҳам мақолалар йўллаб турардим. Кейин ички ишлар органлари сафида, вилоят телевидениеси, «Ўтрор» телекомпаниясида ишладим. Шимкент шаҳар ҳокимининг матбуот котиби сифатида фаолият юритдим. А. Ўрманов, Қ. Избасханов, Т. Бекжигитов сингари ҳокимлар билан фаолият юритдим. Кейин давр талаби билан тадбиркорликка шўнғидим. Зеро, ўша даврларда бу маошга рўзғор тебратиб бўлмасди. Марҳум таниқли журналист Марзия Иман қизи идорамизга келиб, «Қайси соҳада ишламанг, борган жойингизни обод қиласиз», деганларини бот-бот эслайман. У қадар юксак кўрсаткичларни қўлга киритмасам-да, сиёсатда ҳам ўзимни синаб кўришга аҳд қилдим. Шаҳар маслаҳати депутатлига номзодимни қўйдим. Рақибим руҳан кучли бўлса-да, депутатлик менга насиб этди. Пенсиядан аввал қадрдон соҳам – журналистикага қайтдим. «Южанка»да фаолият юритяпман. Нафақага чиқсам ҳам фаолиятимни давом эттиряпман. Тулкибош, Келес туманидаги обуначиларим билан тиғиз алоқадаги фаолиятим, нафақадан кейин ҳам мухбирликни давом эттиришга туртки бўлди. Ўша туманлардаги обуначиларимиз муҳарриримизга қўнғироқ қилиб, мухбирлик фаолиятимни давом эттиришимни сўрашибди, бундан бошим осмонга етди. Журналистга фуқаролар шахсий масалаларда ҳам мурожаат қилиб туришади. Уларнинг муаммоларини ижобий ҳал қилишда, уларга ёрдам беришда вақтимни аямайман. Муштарийлар муаммоларини ҳал қилиб берсанг, ишлашда янада руҳланасан. Уй қурилиши масаласи, кўчаларни ёритиш, сув тошқинидаги масалалар буларнинг барчасида инсон тақдири мужассам. Қишлоқ аҳолиси, обуначиларимиз қўнғироқ қилиб, ижобий ҳал этилган масалалар юзасидан миннатдорчилик изҳор қилиб туришади. Бу қандай бахт! Замонавий журналистика қандай ишлашини у қадар ҳис қилмаслигим мумкин, бироқ ОАВ ходимларини «тўртинчи ҳокимият» деб номлашгани боис ҳам, атрофингдагиларнинг муаммолари билан яшаш муҳимлигини шиорга айлантирганмиз.
Марина Лимаренко, «Южный Казахстан» вилоят ижтимоий сиёсий газетасининг муҳаррири:
– Таҳририятимизда ҳар бир ходимнинг вазифаси аниқ. Ҳар бир ходимнинг ёзган репортажлари, мақолалари ҳамда хабарларининг газетамиз саҳифаларида ўзига хос ва мос ўрни бор. Мақолаларни жойлаштиришда ҳам дид, ҳам мазмун уйғунлигига эътибор қаратамиз. Ҳар бир саҳифага ўқувчининг эътиборини тортиш лозим. Газетани чоп этишда журналистлардан тортиб, уни обуначиларга етказиб беришга қадар иштирок этаётганларнинг хизмати улкан. Журналистларимиз йиллар мобайнида обуначиларни ўйлантирган масалаларни ёритиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб келмоқда. Иқтисодиётимизни юксалтираётган ишбилармонларнинг фаолияти, ҳамюртларимизга янги иш ўринларини яратиб бераётган қозоғистонликлар ҳам кунимизнинг улкан қаҳрамонларидир. Уларнинг бой тажрибасини саҳифаларимизда акс эттириш ёшларга ўзига хос руҳ, қувват ҳамда илҳом бағишлайди. Бир асрлик тўйини нишонлаётган газетамиз журналистика тамойилларидан энг муҳими ҳаққонийликни янги давр муштарийларига хос ҳолда тақдим этиш. Ва мухбирларимиз бу йўлдан оғишмай фаолият юритишмоқда. Муҳими, саҳифаларимизда мамлакатимиз тараққиётига қаратилган муҳим жараёнлар, турли этнос вакилларининг аҳил ва самарали фаолияти изчил ёритиб борилади. Бу эса ўз навбатида нашримизнинг миллатлар дўстлигини мустаҳкамлаш ва юрт тараққиётига хизмат қилаётганини ифода этади.
Салтанат Абдижаппарова, газета мухбири:
– Вилоятимиздаги йирик корхоналарга ташриф буюриб, уларнинг фаолиятини ёритишни хуш кўраман. Айнан ўша корхоналар ҳамюртларимизнинг бандлигини таъминлаб келмоқда. Бошқа ишлаб чиқариш ўринлари ҳам улардан намуна олишга интилишади. Кўп ОАВларда танқидий мақолалар ёритиб борилса, бизнинг газетамизда ижобий руҳдаги амалга оширилаётган ишларга урғу берилади. Таҳририятда меҳнат қилаётганимга 22 йилдан ошди. Олий маълумот олиб, фаолиятимни ушбу масканда бошлаганимдан мамнунман. Ҳар куни тақдири ва фаолияти қизиқарли инсонлар билан танишаман. Хизмат сафарларига чиқиб, туманларда йирик муассасалар, деҳқон хўжаликларининг фаолиятини ёритаман. Касбим туфайли бетакрор тақдир соҳибларини учратаман. Бундай учрашувлар оддий мулоқот эмас, балки ҳақиқий ҳаёт мактабига айланади. Улардан илҳомланаман, янги ғоялар олиб, самимий мулоҳазалардан куч оламан.
Шомурод Файзиев, газета фотомухбири, журналистика соҳаси фахрийси:
– 1993 йили таҳририятга қадам қўйганман. Мамлакатимиз оғир иқтисодий синовларни бошидан кечираётган даврлар эди. Чироқ тез-тез ўчиб, шаҳримизнинг баъзи ҳудудларида газ умуман ўчириб қўйилган, бюджет соҳаси ходимлари ҳам маошларини вақтида олишмасди, пенсия таъминотида ҳам анчагина муаммолар юзага келган давр. Ҳатто кўп қаватли уйлар турғунлари кўчада ўт ёқиб, таом тайёрлашар эди. Ўша пайтда ҳам журналистлар халқ билан бирга эди, уларнинг ҳаётини ёритар, муҳими, уларда келажакка умид уйғотарди. Бироз йиллардан сўнг вилоятимиз иқтисодий жиҳатдан анча ўзини тиклаб олди. Айниқса, Бердибек Сапарбаев вилоятимизга ҳоким этиб тайинлангандан сўнг аҳоли турмуш шароити анча ўнгланиб қолди. Биз ўша даврларни халқимизга кўрсатдик, биргаликда қандай қилиб, бундай синовли даврлардан чиқиш кераклиги борасида мутахассислардан, раҳбарлардан суҳбатлар олдик, муштарийларимиз бундай мақолаларни мутолаа қилиб, миннатдорчилик билдиришарди. Бундай пайтда барча чарчоқлар зумда унутилиб кетарди. 27 йиллик фаолиятим давомида кўпгина вилоят раҳбарлари, Шимкент шаҳар ҳокимлари билан ишлаш менга насиб этди. Бироқ меҳнатсевар, ишнинг кўзини биладиган ҳоким сифатида эътироф этилган марҳум Бердибек Машбекули фаолияти хотирамда муҳрланиб қолган. У халқ билан яқинлиги ва ҳар бир ташаббусида натижага интилиши билан ажралиб турадиган раҳбар эди.
Журналистика соҳаси фахрийси Людмила Орлинская:
– 1997 йили муҳаррир Юрий Кирюхиннинг таклифига биноан таҳририятга ишга кирдим. Тўғриси, «эплай олармиканман» деган шубҳалар билан иш бошладим. Бунга қадар 23-сонли мактабда, кейин эса Педагогика институтида рус тилидан сабоқ берган эдим. Кейин хусусий «48 часов» номли газетасида мухбирлик қилдим. Вилоят газетаси мен учун юксак минбар бўлди. Журналистика соҳасидаги фаолиятим ҳаётимнинг ёрқин йиллари бўлди. «Южанка» – менинг оилам. 10 йил ишлаб, хусусий газетада фаолиятимни давом эттирдим ва пенсияга қадар вилоят газетасида меҳнат қилдим. Ҳар бир журналистнинг иш тажрибасида унутилмас учрашувлар, ҳодисалар бўлиши, табиий. Бундай ҳодиса менга бириктирилган Сариоғоч туманига навбатдаги хизмат сафаримда рўй берган. Жибек жўли қишлоқ округининг ҳокими билан Ўзбекистон чегарасида контрабанда маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишларига қарши кўрилаётган чораларда гувоҳ бўлдик. Ўшанда менинг ҳужжатларимни олиб қўйишган ва автомат тираб, текширувдан ўтказишган. Сумкамдан ўшанда таҳририятнинг топшириғи ҳамда журналистлик гувоҳномасини кўрсатиб, қутулиб қолганман. Ой сайин келиб мақолалар ёзиб кетадиган ҳудудда шундай ҳолат юз бераётганидан ҳаммамиз ҳайрон эдик. Кейин билсам, 1999 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Президенти И. Каримовга суиқасд уюштирилган экан. Сумкамдаги фотоаппаратга тегишмади, раҳбарнинг ёзма топшириғи жонимга оро кирди – чегарачиларга шу етарли бўлди. Уни олиб қўйишганида мақолаларим суратсиз ҳамда жонсиз бўлиб қолиши аниқ эди. Шунга ўхшаш хотирадан ўчмайдиган воқеалар анча бўлган, бироқ бу ҳодиса мен учун тарихий бўлиб қолди. Бу ҳам бўлса, журналистлик касбимнинг менга берган неъмати деб биламан.
Соғинган чеҳралар, ардоқланган устозлар, аллақачон тинган йиллар тўзони ҳақидаги илиқ хотиралар... Тадбирда санъат ихлосмандлари, опера хонандалари иштирокида дилга яқин қўшиқлар ижро этилди. Иштирокчиларга мазкур санага бағишлаб, тайёрланган махсус ширинликлар улашилди. Газетанинг ҳар бир сони замон руҳи, халқ овози, кўп миллатли Қозоғистонга бўлган муҳаббат ифодаси бўлиб қолди. 100 йиллик тарих – фахр. Бизни эса олдиндаги саҳифалар кутмоқда. Улар ҳам меҳнат, илҳом ва ҳақиқат руҳи билан тўлсин!